Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий Бухорий, Ҳанафий — фозил инсон бўлган. Унинг асарларидан “Ал-Фавоид фил фиқҳ” (Фиқҳ ҳақидаги фойдали маслаҳатлар)[1] маълумдир.
Муҳаммад ибн Фазл Бухоронинг Қумор қишлоғида туғилган. У асосий илмни Абдуллоҳ Субазмунийдан олган.
Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Ал-Фавоид ал-баҳиййа фий тарожим ал-ҳанафиййа” китобида Муҳаммад ибн Фазл Бухорийнинг фиқҳ илмини кимдан олганлиги тўғрисида қуйидагича: “У фиқҳ илмини Устоз Абдуллоҳ Субазмунийдан, у Абу Ҳафс Сағирдан, у отаси (Абу Ҳафс Кабир Бухорий)дан, у Муҳаммад (Шайбоний)дан олган” деб келтиради[2].
Унинг фиқҳ соҳасидаги фикр ва қарашлари барча олимлар томонидан қабул қилинган. Ҳатто Ўрта асрларда ёзилган барча фиқҳ китобларида унинг қарашлари ҳужжат сифатида келтирилган.
Агар X-XI асрларда Бухоро ва унинг атрофида ислом ҳуқуқшунослигининг ривожини кузатсак барчаси Муҳаммад ибн Фазл номи билан боғлиқлигининг гувоҳи бўламиз[3].
Бухоро ва унинг атрофидан етишган барча олимлар силсиласида Муҳаммад ибн Фазлнинг исмини кўрамиз. Бу ўша даврда унинг илмий ва ҳуқуқий салоҳиятининг юқори бўлганлигини, унинг барча илм аҳли томонидан эътироф этилганлигини кўрсатади.
Ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳи, тасаввуфга доир араб тилида ёзилган энг дастлабки тартибли асарлардан бирининг муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Калабодий Бухорий Муҳаммад ибн Фазлнинг шогирди бўлган. Манбаларда у ҳақида “Муҳаммад ибн Фазлдан ҳуқуқдан таълим олган…”[4], деб келтирилади.
Самъоний ўз китобида қуйидагича келтиради: “Абу Иcҳоқ Иброҳим ибн Салим Шиконий фақиҳ ва фозил имом эдилар. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан фиқҳ илмидан таълим олганлар. Бухорода Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлнинг имло мажлиси пешволаридан эдилар”[5].
Унинг авлодларидан етишиб чиққан олимлар ҳам “Фазлий” нисбаси билан аталган. Усмон ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Фазл Бухорий Фазлий (1035-1114), Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Усмон ибн Иброҳим Фазлий (1122-1139), Абу Бакр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Фазл Бухорий Фазлий (ваф.1154) каби йирик олимлар унинг авлодларидир. Самъоний ушбу сулола вакиллари ҳақида маълумотлар келтириб ўтган.
“Ал-Ансоб”да Усмон ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Фазл Бухорий Фазлий ҳақида қуйидагича келтирилади: “Абу Амр Усмон ибн Иброҳим Бухорий Фазлий Бухоронинг имоми, солиҳ олим ва чиройли сийратли эдилар. Ҳижрий 426 (милодий 1036) йилнинг рамазон ойида таваллуд топиб, ҳижрий 508 (милодий 1115) йилда Бухорода вафот этганлар”[6].
Машҳур “Кифоят аш-Шаъбий” китобининг муаллифи Абу Жаъфар Уструшаний Муҳаммад ибн Фазл Каморийнинг шогирди бўлган.
Бухоро шаҳридан 6 километр ғарбда Чор Бакр зиёратгоҳи жойлашган. Тўртта буюк авлиё Абу Бакр Саъд (ваф. 970), Абу Бакр Ҳомид (ваф. 937), Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (ваф. 991), Абу Бакр Тархон (ваф. 945) шарофатидан бу мавзе Чор Бакр яъни, тўртта Бакр исмли зот номи билан атала бошланган[7].
Муҳаммад ибн Фазл Бухорий 991 йил она шаҳри Бухорода вафот этган.