Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Мотуридий ҳаёти ва ижоди

Имом Мотуридий ҳаёти ва ижоди

Шайх Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш, Мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. Буюк мутафаккир калом имоми ва фикҳ олими, тахминан 870 йилда ҳозирги Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилиб, 944 йилда вафот этган. У Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Абу Мансур Мотуридий дастлаб хусусий муаллимларда, сўнгра эса Самарқанд мадрасаларида тахсил кўрган. Олим умри давомида Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Мотуридий «Китоб аттавхид», «Китоб ал-мақомат», «Маъхаз аш-шараъи» «Китоб ал-жадал», «Таъвилот аҳл ас-сунна», «Китоб баён ваҳим ал-муътазила» , «Радд ал-улус ал-хамса», «Китоб радд авалъил ал-адила ли-л Каъаби», «Радд китоб ал-Каъаби фи ваъид ал-фуссак», «Китоб радд тахзиб ал-жадал ли-л Каъаби ал-усул», «Китоб ал-имома ли-баъд ар-равафид», «Китоб алусул». «Таъвилот ал -Қуръон» (Қуръон тафсири) каби асарлари ва илмий-назарий асар «Панднома» асарининг муаллифидир. Олимнинг фақат бизгача «Китоб аттавхид» ва «Таъвилот аҳл ас-сунна» асарлари сақланиб қолган нусхалари орқали етиб келган. Мутакаллимниг калом борасидаги энг муҳим асарларидан «Китоб ат-тавҳид» 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан Байрутда нашр этилган. Ҳозирда у Англиядаги қўлёзма фондларининг бирида сақланади. Ягона ҳисобланган бу нусха ҳақида кўпгина тадқиқотлар олиб борилган. Манбаларда ушбу асар илк калом таълимотини ўрганишда муҳим аҳамият касб этиши айтилган. «Китоб ат-тавҳид» ислом маданиятидаги илоҳият таълимотининг энг қадимийларидан ҳисобланади. Буюк олимнинг ислом таълимоти софлигини асрашда хизмати катта. Унинг «Панднома»си Х- аср пандномасининг энг яхши намуналаридан булиб, Китобхонни илм ўрганишга, касб эгаллашга, яхши ҳулқ эгаси, инсонпарвар, xушмуомала, cаховатпеша бўлишга ундайди.

Имом Мотуридийнинг ҳаёти ҳам айнан Самонийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Имом Мотуридий ҳаёти ҳақидаги дастлабки, муҳим маълумотларни Абул-Муъин Насафий беради. У Мотуридия калом мактабининг кўзга кўринган намоёндаларидан бири, буюк олимлар оиласига мансуб йирик фақиҳлардандир. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (ваф. 930 й.) Мотуридийнинг шогирдларидан ҳисобланган. У Самарқанд калом мактабини ўзининг «Табсирот ал-адила» асарида тавсифлаб, Имом Мотуридийга етарли даражада эътибор қаратиб, бир қанча биографик маълумотлар беради. Абул-Юсур Паздавий ҳам ўзининг «Усул ад-дин» асарида Мотуридий ҳақида маълумотлар келтирган. Мотуридий номи ва ҳаётига оид маълумотлар шу каби дастлабки далиллардан, сўнг Усмонийларда ҳанафия табақот жанрида ёзилган асарларда ҳам илк биографик адабиётларда учрайди. Алломанинг машҳур асарларидан бўлмиш «Таъвилот аҳл ас-сунна» (Қуръон таъвили)нинг ҳозирги кунда бир неча нусхалари дунё фондларида сақланмокда. Имом Мотуридий бу асарини ёзишдан мақсади «Аҳл ас-сунна вал-жамоъа» (яъни Мовароуннаҳрдаги ҳанафийлар) таълимотига зид қарашларни рад этишдан иборат бўлиб, асосан, Абу Ҳанифа қарашларига суянади.

Абул-Юсур Паздавий «Усул ад-дин» китобида келтиришича, «Таъвилот» шу соҳада тенги йўқ китоб Бу соҳада илгари асар ёзган муаллифларнинг бирортаси ҳам бунинг даражасига етиша олмагандир. Имом Мотуридий эътиқодда имом Аъзам (яъни Абу Ҳанифа) таълимотига суянган. Бизга маълумки, бу Ҳанифа икки тур мерос қолдирган: 1) Фиқҳга оид ишлар; 2) Ақидавий таълимот. Имом Мотуридий замон талабини ўрганиб, таълимотни тараққий эттирди ва ислом фалсафасини ишлаб чиқди. Калом борасидаги ислоҳатлари у ислом тарихида юзага келган барча мафкуравий қарашлардан фарқ қилади. Мотуридия ақидаси нақадар Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳакикатга яқин эканлигини кўришимиз мумкин. Аллома ўзининг таъвилоти борасидаги кўпгина фикрларни «Китоб ат-тавҳид» асарида баён этган. Мутакаллим ислом илоҳиётида қазо ва қадар (яъни инсон тақдири) борасида ҳам ўзининг мулоҳазаларини баён этиб, «инсонда танлаш эркинлиги бор» деган иборани кўллаган. Яъни инсон қандай ишни лозим топса, ўшани бажаради. Инсон қандай йўлни танлаши ўзининг ихтиёридалигига аллома катта эътибор беради. Ҳозирги кунимизда ҳам бу ибора муҳим аҳамиятга эга.

Имом Мотуридий ўз таълимоти анъаналари ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳий мактабининг ривожига катта улуш қўшди. Мотуридия калом мактабининг давомчиларидан яна бири қонуншунос, тилшунос олим Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийдир. Тафтазоний Мотуридийнинг калом мактабига қўшган ҳиссасини баён этиб, Мовароуннаҳрдаги ҳамма ҳанафийя мазҳабидаги олимларни Тафтазоний Мотуридий номи билан боғлайди. Мотуридия калом мактабининг аъзолари кўп бўлмасада, бу оқим аҳли суннанинг энг эътиборли ва энг кучли калом оқими бўлганини эътироф этади. Мотуридий кўп шогирдлар етиштирди улар орасида ислом оламига машҳур алломалар Абул Ҳасан Рустуғфаний ибн Муҳаммад Самарқандий ва Абдул Карим Паздавий Абу Аҳмад Иёзий каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришгани натижасида Мотуридия таълимоти вужудга келган. Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Мотуридийни улуғлаб « Ҳидоятга бошловчи имом “Имом ал- ҳуда” ва “калом олимларининг имоми” “Имом мутакаллимин» каби номлар билан атаганлар.

Ҳурматли биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 2000 йил алломанинг 1130 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Имом қабри устига янги мақбара қурилди.

Орзу-умид фарзанди бўл. – Хорлик истасанг xиёнатчи бўл. – Доно кўринган нодондан ҳазар қил. – Ҳар кимнинг нонини ема. Аммо ҳаммага нон едир. – Беъманилардан ҳазар қил. – Нодонни тирик санама. – Сабрли бўлиб Муродингга етасан. – Ҳар бир ишда ҳамкор изла.

Шодиева Моҳира
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Ал-Мотуридий ҳаёти ва ижоди. А.Қодирий номидаги ҳалк мероси Т. 2000
  2. Мовароуннаҳр ислом илмлари ривожида ҳанафий таълимоти.“фан ва технология”, 2012.
  3. http://shosh.uz/uz/mutafakkirlar-abu-mansur-moturidiy-870-945/
  4. https://meros.uz/object/imom-moturudiy-yodgorlik-majmui
  5. Шайх Абу Мансур Мотуридий. Панднома

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …