Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳамда юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш вазифалари белгиланган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгандан сўнг, ўтган қисқа давр мобайнида Марказ дунёнинг 15 дан ортиқ етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлари билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолади.
Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Малайзиянинг Ислом илмлари университети, Ислом цивилизацияси институти, Исломни англаш институти билан буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва кенг тадқиқ этиш йўналишида келишувларга эришди.
Давлатимиз Раҳбари жорий йилнинг 15 июнь куни Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити”да сўзлаган нутқида Осиёда ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва ривожлантириш, ўзаро ишонч чораларини ошириш бўйича давлатимизнинг қатор таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Хусусан, Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди ва бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини билдирди.
Айтиш жоизки, Президентнинг мазкур ташаббуси хорижий илмий-тадқиқот марказларининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига бўлган қизиқишини янада оширди ва улар томонидан ҳамкорликка оид қатор таклифлар билдирилмоқда.
Жорий йилнинг 19 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг таваллудига бағишлаб, “Саҳиҳ ал-Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари” кўргазмаси ташкил этилди. Унда муҳаддиснинг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг қадимги нусхаларидан 16 тасини нусхалари кўргазмаси ўтказилди. Шу билан бирга иккинчи кўргазма “Дунё ислом шаҳарлари” номли ислом олами шаҳарларининг фото кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
Шунигдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази негизида қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлашга мўлжалланган қўлёзмалар фонди ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мазкур фондда 2000 дан ортиқ қўлёзма ва тошбосма асарлар мавжуд. Бундан ташқари Марказ қўлёзма фондида дунёнинг турли фондларида сақланаётган юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий меросига оид 1500 га яқин қўлёзма асарларнинг электрон нусхалари ҳам сақланмоқда. Шундан 140 таси Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари нусхаларидан эканлиги ҳақида ҳам тадбир иштирокчиларига маълумотлар берилди.
Дастлаб, тадбир дастурига мувофиқ асосий фойеда Марказ директори ўринбосари тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ш. Умаров “Дунё ислом шаҳарлари” халқаро фотокўргазмасида сўзга чиқиб, тадбирни очиб берди ва барча иштирокчиларини ушбу халқаро фотокўргазмани очилиши билан табриклади. Ушбу халқаро фотокўргазмаси асарлари муаллифи Туркиялик машҳур фотогриф Орҳан Дургут ҳам сўзга чиқиб: “Имом Бухорийнинг муборак номлари билан аталувчи ушбу марказ ўз фаолиятини бошлагани билан марказ жамоасини самимий табриклайман! Бугун менинг меҳнат маҳсулим, ушбу фотокўргазма Самарқандда намойиш этилишидан жуда хурсандман. Бунинг учун ташкилотчиларга ташаккур айтаман. Мени бугунги кунда ислом мамлакатлари, мусулмонларнинг ҳолати жуда ташвишлантиради, хавотирга солади. Бирдамликнинг йўқлиги, фитналарнинг авж олгани, турли нотинчликлар мусулмонларни тараққиётини ортга тортиб келмоқда. Мен бу ачинарли ҳолатни ислоҳ этиш, озгина бўлсада халқ орасида биродарлик ришталарини мустаҳкамлиш учун нима қилаолишим ҳақида ўйладим ва ўз касбим бўлган сураткашлик ишим билан мусулмон минтақаларга сафар қилишни аҳд қилдим. Мақсадим йўлида кўплаб давлатларга ташриф буюрдим ва буюрмоқдаман. У ерлардаги масжиду-мадрасалар, тарихий обидаларни суратга олдим. Жуда катта коллекция тўпладим. Мен ўз фаолиятим давомида кўплаб ислом шаҳарларини зиёрат қилар эканман, ушбу шаҳарларда буюк муҳаддис Имом Бухорий таълим олганликлари, ижод қилганликлари кўз олдимда гавдаланади ва бу менга ғурур бағишлаб туради. Мақсадим барча мусулмонлар ҳаёти бир хил ёки бир-бирига яқинлигини уқтириш, уларга буни ҳис қилишлари учун имконият тақдим этишдир” деб таъкидлади.
Фотогроф ўз асарларда дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжоларини акс эттирган.
Эътиборли жиҳати фотогроф Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзоб шаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданий меросларини ўз ижодида акс эттирган.
Орҳан Дургутнинг фото жамланмасидан Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар хусусан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон ансамбли, Шоҳизинда, Ичан Қала, Ҳаким Ат-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Арк каби машҳур тарихий обидалар ва мақбаралар ҳам ўрин олган.
Кўргазма иштирокчилари бу тадбирда “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг қўлёзма нусхалари билан танишиш билан бирга буюк муҳаддис Имом Бухорий илм сафарида бўлган шаҳарларнинг сурати билан ҳам танишдилар.
Сўнгра анжуман иштирокчилари конференциялар залига таклиф этилди. Тадбир дастурига мувофиқ, дастлаб Ш.Умаров сўзга чиқиб, иштирокчиларни халқаро анжуман билан табриклаб, “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси” мавзусидаги маърузаси билан очиб берди. Самарқанд вилояти бош имом хатиби З. Эшонқулов “Имом Бухорий мажмуаси: кеча ва бугун” номли, СамДУ профессори Д. Салоҳий “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” мавзусида, профессор Б.Тураев “Илм-фан тараққиётида Мовароуннаҳр уламоларининг хизмати” ва Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси З.Бегматов “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” асаридан дастлабки ҳадис шархи”мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этди.
Анжуман давомида соҳани ривожлантириш учун масъул ташкилотлар ва соҳага доир мутасаддилар учун илмий давра суҳбатлари ташкил этилиб, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашув ва келгусида манфаатли илмий алоқаларни ривожлантириш ҳамда бошқа масалалар бўйича келишиб олинди.
Имом Бухорий ва бошқа буюк аждодларимизнинг илмий меросини ўрганишимизда, уларнинг бой илмий мероси, асарларини тадқиқ этишимиз ва кенг жамоатчиликка етказишимиз масалалари ушбу халқаро анжуманда кенг муҳокама қилинди ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар чиқарилди.
Мазкур кўргазма бир ой бўлиб, 2019 йил 19 августга қадар давом этади.
ИБХИТМ матбуот хизмати