Тарихда бизга маълумки бу қўҳна дунёда қанчадан-қанча подшоҳлар ўтган бўлиб, уларнинг орасида Фиравн каби кофир золимлари ва Зулқарнайн каби мўмин подшоҳлар ҳам бўлган.
Мўмин подшоҳлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, улар Зулқарнайн, Толут ва Туббаълардир.
Қуръони каримда ислом подшоҳларнинг номи қуйидаги оятларда зикр қилган:
وَيَسْأَلُونَكَ عَن ذِي الْقَرْنَيْنِ قُلْ سَأَتْلُو عَلَيْكُم مِّنْهُ ذِكْرًا ﴿الكهف: ٨٣﴾
Яъни: Сендан Зулқарнайн ҳақида сўрарлар. сен: “Сизга унинг ҳақидаги зикрни тиловат қилурман”, дегин. (Каҳф, 83-оят)
Баъзи ривоятларда яҳудийлар сўраган, дейилса, бошқаларида яҳудийлар ўргатган, қурайшликлар сўраган, ҳам дейишади. Умуман олганда, одамлар Пайғамбардан соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулқарнайн ҳақида сўрашган. Қуръоннинг хабар бериши шундай. Аллоҳ Пайғамбарига савол ҳақида хабар бериб, унга қандай жавоб беришни ҳам ўзи ўргатмоқда: Ўша зикр-хабарга назар солинса, сўров Зулқарнайннинг шахси, яшаган жойи ёки замони ҳақида эмас, балки бошқа нарсалар, яъни, қилган ишлари ҳақида экани ойдинлашади.
وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ اللَّهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا قَالُوا أَنَّىٰ يَكُونُ لَهُ الْمُلْكُ عَلَيْنَا وَنَحْنُ أَحَقُّ بِالْمُلْكِ مِنْهُ وَلَمْ يُؤْتَ سَعَةً مِّنَ الْمَالِ قَالَ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ وَزَادَهُ بَسْطَةً فِي الْعِلْمِ وَالْجِسْمِ وَاللَّهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَن يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ ﴿البقرة: ٢٤٧﴾
Яъни: Набийлари уларга: “Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади”, деди. Улар: “У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган” дедилар. У: “Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир”, деди. (Бақара, 247-оят)
Бани Исроилнинг талабига биноан, Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато деб эълон қилишди.
Ояти каримага кўра, пайғамбарнинг вазифаси бошқа, подшоҳнинг вазифаси бошқа эканлиги маълум бўлади. Агар подшоҳга хос ишларни ҳам пайғамбар қилиши керак бўлганда эди, ҳарбий ишларни бошқариш учун мазкур воқеада алоҳида подшоҳ юборилиши сўралмаган бўлур эди.
أَهُمْ خَيْرٌ أَمْ قَوْمُ تُبَّعٍ وَالَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ أَهْلَكْنَاهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا مُجْرِمِينَ ﴿الدخان: ٣٧﴾
Яъни: Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию улардан олдин ўтганларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, улар жиноятчи бўлган эдилар. (Духон, 37-оят)
“Туббаъ” Яман подшоҳларининг лақабидир. Араблар ичида уларнинг довруғи кенг тарқалган эди.
“Туббаъ қавми” қадимда Яман диёрида яшаб ўтган Туббаъ исмли бир мўмин подшоҳнинг фуқаролари бўлиб, улар жуда бадавлат ва басавлат бўлишган. Ўз подшоҳларига итоат этмаганларидан кейин Аллоҳ таоло у қавмни ҳалок қилиб юборган. Туббаъ қабридан топилган мактуб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёзилгани ва ўзининг имонли экани маълум бўлган. Макка аҳлининг итоатсизлиги туфайли уларга ҳам шу каби жазо келиб қолиши ҳақида огоҳлантирилмоқда.
Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида тарихда мўминлик билан яшаб ўтган подшоҳларнинг баъзиларини эслаб ўтгандир.