Home / МАҚОЛАЛАР / Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида ҚАДАР ВА ИЙМОН МАСАЛАЛАРИ

Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида ҚАДАР ВА ИЙМОН МАСАЛАЛАРИ

Қазо ва қадар ҳақидаги бўлим

Билгилки, қазо бир нечта маъноларда ишлатилади. Шулардан бири амр қилмоқдир. Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди”[1], деган. Яна бир маъноси хабар бермоқдир. Аллоҳ таоло: “Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик”[2], деган. яъни, хабарини бердик, билдирдик. Яна бир маъноси амални пухта ва мустаҳкам қилмоқдир. Шоирлардан бири Абу Зуайб:

و عليهما مسرودتان قضاهما     داود أو صنع السوابغ تبع

(Яъни, икки қаҳрамоннинг устида мустаҳкамликда гўёки Довуд алайҳис-салом ёки кенг қилиб тайёрланадиган совутлар устаси Ҳимяр шоҳларидан бири Туббаъ пишиқ қилиб ясаган совут бордир), деган.

Қадар эса икки хил маънода ишлатилади. Биринчиси нарсаларни улар қандай бўлса шундай қилиб белгилашдир. Яъни, қандай бўлиши афзал бўлса, шундай қилиб белгилаш. Масалан, иймонни гўзал амал ва савоб учун сабаб қилиб, куфрни эса қабиҳ амал ва жазо учун сабаб қилиб белгилаш.

Иккинчиси нарсани ўз зотига, у мавжуд бўладиган макон ва замонга белгилашдир. Мана шу икки маъно билан мавжудотларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири биландир. Чунки уларни Аллоҳ таоло яратгани учун ҳам улар махлуқдирлар. Амалларнинг махлуқлиги ҳақидаги бўлимда айтиб ўтилганидек, улардаги ҳолатлар, сифатлар ва ўз вақтларида белгиланганлари Аллоҳ таолонинг яратиши ва пайдо қилиши биландир. Хабарда шундай келган. Ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган: “Қадар – унинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ азза ва жалладандир”, деган ҳадисдир[3]. Бу – мутавотирлик даражасига етишига оз қолган машҳур бир ҳадисдир.

Муътазилийлар бу борада бизга хилоф қилдилар ва нақл ва ақлнинг далолатини ушлаб олдилар. Нақлга келсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтган ушбу ҳадисларидир: “Ким Менинг қазоимга рози бўлмаса, мусибатимга сабр қилмаса, Мендан бошқа Робб изласин”[4]. Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлишни вожиб қилди. Агар куфр ҳам Аллоҳнинг қазоси билан бўладиган бўлса, унга рози бўлиш вожиб бўлар эди ва бу иш куфрдир.

Аммо ақлга келсак, Аллоҳ таолонинг қазоси ҳақ ва тўғри бўлиши вожиб. Куфр эса хато ва ботилдир. Бинобарин, у Аллоҳ таолонинг қазосидан бўлмайди. Чунки куфр агар Аллоҳнинг қазоси билан бўладиган бўлса, ундан ташқарига чиқиш учун бандада имкон бўлмасди. Чунки Аллоҳ таолонинг қазосидан қочиш имконсиздир. Демак, у ўз куфрида мажбур ва узрли бўлиб чиқади. Бу эса ботилдир.

Жавоб: Ҳадис устида тўхталадиган бўлсак, ундан мурод касалликлар, оғриқлар, бандаларнинг бошига тушадиган мусибатлардир. Аллоҳ таолонинг “мусибатимга сабр қилмаса”, деган сўзи шунга далолат қилади. Ҳар ҳолда биз Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлиш вожибдир, деймиз. Қазо бошқа, қазо қилинган иш бошқа нарсадир. Зеро, Аллоҳ таолонинг қазоси Унинг зотида мавжуд бўлган сифатидир. Куфр эса Унинг қазоси ила қазо қилинган, Унинг ҳукми ила ҳукм қилинган, Унинг қудрати ила вужудга келган бир ишдир. Бу, мухолиф тарафнинг “Аллоҳ таолонинг қазоси фақат ҳақ ва тўғри бўлади” деган сўзига жавобдир. Чунки биз иш сизлар айтган кабидир. Куфр ва маъсиятлар Аллоҳ таолонинг қазоси ила қазо қилинган ишдир. шундай экан, қазо қилинган ишда хато ва тафовутнинг жорий бўлиши жоиздир.

Мухолиф тарафнинг “Агар куфр Аллоҳ таолонинг қазоси билан бўладиган бўлса, ҳаргиз банданинг ихтиёрига тааллуқли бўлмас эди”, деган гапига биз шундай деймиз:

Аллоҳ таоло ундан куфрнинг вужудга келишини мажбурлик юзасидан қазо қилган эмас. Аксинча, унинг ўз ихтиёри билан вужудга келишини қазо қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам банда куфрда узрли бўлмайди. Қолаверса, бу гап, ирода сифати ҳақидаги бўлимда айтиб ўтилганидек, ботилдир. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Иймон ва Ислом

Иймоннинг моҳияти ва у билан боғлиқ масалалар ҳақидаги бўлим

Одамлар иймоннинг ҳақиқати хусусида кўп ихтилофга борганлар. Биз улардан айримларини зикр қилиб ўтишимиз лозим бўлгани учун шундай деймиз:

Хаворижлар[5]нинг мазҳаби бўйича, ҳар қандай тоат иймон ва ҳар қандай маъсият куфрир. Куфр иймондан кўра кучлироқдир. Бинобарин, мукаллаф бандадан тоат ва маъсият содир бўлса, қилган маъсияти сабаб кофир бўлди, деб сифатланади ва қилган тоати сабаб мўмин бўлди, деб сифатланмайди.

Муътазилийларнинг кўпчилиги: “Иймон нафл бўлсин ёки фарз, тоатлар мажмуасининг исмидир. Сўзлар қабилидан бўладими ё амаллар ёхуд эътиқодлар қабилидан бўладими, фарқи йўқ”, дедилар. Уларнинг айримлари эса: “Иймон – бу, фарз амалларнинг исмидир, нафл амалларнинг эмас”, деган.

Нажжорийлар[6]: “Иймон – бу, қалб билан таниш ва тил билан иқрор бўлишдир”, деганлар.

Карромийлар[7]: “Албатта, иймон бу, (тил билан) иқрор бўлишнинг ўзгинасидир”, дедилар ва Аллоҳ таолонинг таниган шахс иқрор бўлишдан олдин вафот этадиган бўлса, жаннат аҳлидан бўлса-да, мўмин эмасдир, мунофиқ мўминдир ва у дўзахда абадий қолади, дея даъво қилдилар.

Тўғри мазҳаб ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ танлаган ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган йўлдир. У Ашъарийнинг ҳам мазҳабидир: “Иймон – бу, аслида қалб билан тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш эса дунёда унга нисбатан мўминларга тегишли ҳукмлар жорий қилиниши учун бизларга ўша(тасдиқ)ни намоён қилишдир”[8]. Абул Ҳасан Рустуфғаний[9] раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Аъзолар саломат бўлган вақтда тил билан иқрор бўлиш иймоннинг шартидандир”, деган. Бинобарин, у (тил билан иқрор бўлиш) топилмаган вақтда иймон йўқ деб ҳукм қилинади. Чунки, қалбдаги тасдиғи ва иймони тўғри бўлган кишининг уни тил билан иқрор қилишга сабри етмайди. Борди-ю, сабр қиладиган бўлса, унинг қалби иймондан холи экани маълум бўлади. Бу, биз юқорида тил билан иқрор бўлиш тасдиқни одамларга намойиш қилгувчи эканлиги ҳақида зикр қилиб ўтган гапга бориб тақалади.

Юқоридаги гаплар шуни кўрсатадики, иймон биз зикр қилиб ўтган нарсадир. Юқорида ўтган гап-сўзларнинг барчаси уни хослайдиган далолат туфайли йўққа чиқади.

Давоми бор…

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Нашрлар бўлими бошлиғи
[1] Исро сураси, 23-ояти.
[2] Мазкур суранинг 4-ояти.
[3] Саҳиҳи Муслим, “Ал-иймон”, б.1, Сунани Абу Довуд, “АС-сунна”, б.16, Сунани Термизий, “Ал-қадар”, б.10.
[4] Бу ҳадис Али Қорийнинг “Ал-аҳодисул-қудсийя”си(б.6, да 11 рақам) қуйидаги лафз билан келган: “Ким Аллоҳнинг қазосига рози бўлмаса, Аллоҳнинг қадарига иймон келтирмаса, Аллоҳдан бошқа илоҳ изласин”.
[5] Хаворижлар – Сиффийн жангида мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуга қарши бош кўтариб чиққан шахслар бўлиб, Ашъас ибн Қайс Кандий ва Зайд ибн Ҳасийн Тоийлар шулар жумласидандир. Қонуний имом (раҳбар)га қарши чиққан ҳар қандай киши хорижий деб аталади. Бу иш саҳобаларнинг замонида бўладими ёки улардан кейингиларнинг замонидами, барибир. Қар: Бағдодийнинг “Ал-Фарқ байнал-фирақ”, б.49; Шаҳристонийнинг “Ал-милал ван-ниҳал”и, ж.1, б.114-115;
[6] Нажжорийлар – Ҳусайн ибн Муҳаммад Нажжорнинг маслакдошлари бўлиб, бир қанча фирқаларга бўлиниб кетганлар. Барғусийя, заъфаронийя ва мустадракалар шулар жумласидандир. Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиш билан муътазилийларга, амалларнинг махлуқлигида сифатларни бор дегувчиларга ҳамфикр бўлганлар. Қар: Бағдодийнинг “Ал-Фарқ байнал-фирақ”, б.155-156; Шаҳристонийнинг “Ал-милал ван-ниҳал”и, ж.1, б.88-90;
[7] Карромийлар – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карромнинг маслакдошлари бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг сифатлари борлигини тасдиқлаганлар. Аммо Унга жисмлик нисбатини беришган ва Уни яратилмишларга ўхшатишган. Қар: Бағдодийнинг “Ал-Фарқ байнал-фирақ”, б.161-170; Шаҳристонийнинг “Ал-милал ван-ниҳал”и, ж.1, б.108-113;
[8] Мотуридийнинг “Ат-Тавҳид” китоби, б.441-445;
[9] У Абул Ҳасан Али ибн Саийд Рустуғфаний бўлиб, Самарқандда Имом Мотурийдийнинг шогирдлари жумласидан бўлган буюк уламолардан биридир. Рустуғфан Самарқанддаги қишлоқлардан бирининг номи. Рустуғфаний ҳ. 345\м. 956 йилда вафот этган. Қар: Насафийнинг “ Табсиратул-адилла”си, б.358; лакнавийнинг “Ал-фавоидул-баҳийя”си, б.65;

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …