Home / АЛЛОМАЛАР / АЛОУДДИН УСМАНДИЙ САМАРҚАНДИЙНИНГ ЎШЛИК ШОГИРДИ

АЛОУДДИН УСМАНДИЙ САМАРҚАНДИЙНИНГ ЎШЛИК ШОГИРДИ

Тарихда Мовароуннаҳр деб аталган диёрнинг Фарғона ва Ўш воҳасида кўплаб диний олимлар яшаб ижод қилган. Бундай олимларга Умар ибн Мусо ал-Ўший, Имрон ва Масъуд ал-Ўший, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий ибн Холид Абу Абдуллоҳ ал-Ўший каби олимларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу олимлар орасида шубҳасиз, Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Ўшийнинг ўрни катта бўлган [1: 388].

Кўпчилик тарихий манбаларда “ал-Фарғоний ал-Ҳанафий” деб алоҳида эътироф этилган ватандоши­мизнинг исми – Али ибн Усмон, куняси – Абу Муҳаммад [2: 1200] ва Абул Ҳасан [3: 2], лақаби – Сирожиддин [4: 17] (баъзи манбаларда Шамсул Ислом) шаклида келтирилган.

Манбаларда ал-Ўший [5: 17] нисбасига баъзан ал-Фарғоний [6: ] ат-Таймий [7: ] аш-Шаҳийдий [8: ] ал-Ҳанафий [9: ] ал-Мотуридий [10: ] каби нисбалар қўшиб зикр қилинганлини кўришимиз мумкин.

Ўший ўша вақтларда Фарғона ўлкасига қарашли бўлган Ўш шаҳрида ҳижрий беш юзинчи йиллар атрофида туғилган. Туғилган йили ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.

У Ислом маданияти тарихида ўчмас из қолдирган аллома муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим, адиб ва етук шоир сифатида танилган. Ҳаёти тўғрисида маълумот оз бўлса-да, бироқ ёзган асарлари ва уларга битилган шарҳларда қимматли маълумотлар талайгина.

Сирожиддин ал-Ўший Бурҳониддин ал-Марғиноний, Фахруддин Ҳасан ал-Ўзгандий, Абу Ҳафс Умар ан-Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавийлар билан ҳамаср бўлган.

Тарихий манбаларда Ўшийнинг Носириддин Муҳаммад ибн Юсуф ас-Самарқандий [11: 17] (ваф. 556/1161 й.)дан бошқа устозларидан таҳсил олганлиги ҳақида маълумот учрамайди.

Аммо турк тадқиқотчи олими Муҳаммад Саид Тупроқнинг қуйидаги маълумоти Ўшийнинг бошқа устозларини аниқлашга ёрдам беради:

“Ўший ўзининг “Нисабул ахбор” асари муқаддимасида ушбу асарда зикр қилиб ўтган асар муаллфилари ровийларини бирма-бир санаб ўтган. Шояд, энг охирги ровийнинг китобни ривоят қилиш ҳуқуқини олганлиги ёки китобни ўқитган устоз деб қабул қилинса, у ҳолда бу шахсларни Ўшийнинг устозлари деб ҳисобласак бўлади” [12: 148]. Шундан келиб чиқиб, Ўшийнинг устозларини қуйидаги тартибда санаб ўтишимиз мумкин:

  1. Алоуддин Абул Маҳомид Муҳаммад ибн Абдулҳамид ал-Усмандий ас-Самарқандий (ваф. 552/1157 й.) – Али ибн Усмон ал-Ўший Алоуддин ал-Усмандийдан буюк ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ас-Сулламий ат-Термизий (ваф. 279/892 й.)нинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асаридан таҳсил олганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган [13: 1867].
  2. Заҳириддин Абул Маҳосин Ҳасан ибн Али ал-Марғиноний (ваф. 552/1157 й.) – Ўший бу устозидан “Саҳиҳул Бухорий”дан таълим олган [14: 149].
  3. Абул Қосим Маҳмуд ибн Али ан-Насафий (ваф. 555/1160 й.) – Ўший бу устозидан Абул Лайс ас-Самарқандий (вай. 373/983 й. )нинг “Танбеҳул ғофилийн” асарини, Шируя ибн Шаҳридар ад-Дайламий(ваф. 509/1115 й.)нинг “Фирдавсул ахбор би маъшурил хитоб” асарини ҳамда Муҳаммад ибн Бишравайх ал-Балхийнинг “Канзул ахбор” асарини таҳсил олган [15: 2a, 3b, 4a].
  4. Носириддин Муҳаммад ибн Юсуф ас-Самарқандий (ваф. 556/1161 й.) – юқорида зикр қилинганидек, ҳанафий олимлардан бири бўлган бу олим манбаларда Ўшийнинг устози сифатида зикр қилинган ягона устозидир [16: 17]. Ўшийнинг ўзи ҳам ўзининг “ал-Фатово” ва “Нисабул ахбор” асарларида фақат шу устози ҳақида сўз юритади [17: 304].

“Нисабул ахбор” асарида келтирилган маълумотларга кўра, Ўший Носириддин Самарқандийдан Ҳусайн ибн Яҳё ал-Бухорий ал-Зандавиштий(ваф. 400/1010 й.)нинг “Равзатул уламо”сини, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марвазий қаламига мансуб “ал-Иқно”ни ва Абу Убайд Қосим ибн Салом ал-Бағдодийга тегишли “Ғарибу Абу Убайда” асарларини ўқиган [18: 1b, 2b, 3b].

  1. Абу Собит Ҳасан ибн Али ал-Паздавий (ваф. 556/1161 й.) – Ўший бу устозидан Абу Абдуллоҳ Тоҳир ибн Муҳаммад ал-Ҳаддодий ал-Марвазий (ваф. 410/1019 й.) қаламига мансуб “Уюунул мажолис” ва Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл ан-Насафий (ваф. 218/833 й.) нинг “ал-Луълуиёт”идан дарс олган [19: 3a, 4a-4b].
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Ўший – Сирожиддин Ўшийнинг ўзидан “Муснади Анас ибн Молик”ни ривоят этган, Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Али ал-Кулусий қаламига мансуб “Китобут табақот” асаридан таҳсил олган устози [20: 3a, 4a-4b] ва эҳтимол бобоси бўлган бу шахс [21: 230] айни замонда “ал-Ҳидоя” муаллифи Бурҳониддин ал-Марғиноний (ваф. 593/1197 й.) нинг ҳам устозидир [22: 98].
  3. Зуҳриддин Абул Қосим Али бин Ҳусайн ал-Бистомий – Ўшийнинг Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийга тегишли “Шиҳабул ахбор”дан таҳсил олган устози [23: 2b]дир.
  4. Сайфиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Хўжандий – Хўжандда Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳаффоф ас-Сарахсий қаламига мансуб “Китабул йавоқийт” асаридан таҳсил олган устози[24: 5а]дир.

Юқорида зикр этилган аллома устозлари­нинг нисбат берилган шаҳарлар ва улар яшаган жойларга эътибор қиладиган бўлсак, Ўшийнинг Самарқанд, Бухоро, Насаф, Марғинон, Хўжанд ва Бис­том каби Мовароуннаҳрнинг илм марказларида ил­мий сафарларда бўлганлигини кўрамиз.

Ўшийнинг кўпчилик манбаларда юксак лақаб билан номланиб, шайх, имом ёки қози деб ҳам зикр этилганига гувоҳ бўлсак-да, ундан таҳсил олган шогирдлари ҳақида бирон маълумот учратмадик. Фақатгина Заҳабийнинг “ал-Муштабиҳ фи асмоир рижал” асарида Мовароуннаҳрнинг кўзга кўринган олимларидан Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Бухорий ал-Аттобий (ваф. 586/1190 й.)га ижоза берганлиги ҳақида зикр қилинган [25: 17].

Манбаларда буюк муҳаддиснинг 569/1173 йилда Ўшда вафот этганлиги ҳақида келтирилса-да, қачон вафот этгани ҳақида икки хил машҳур қараш мавжуд:

  1. Ҳижрий 569 йилда.
  2. Ҳижрий 575 йилда.

Кўпчилик уламолар Ўший раҳматуллоҳи алайҳни ҳижрий 575 йилда вабо касалига чалиниб вафот этган, дейишган.

Аллома кўп асарлар муаллифидир, жумладан: «ал-Фатовоус Сирожийя», «Нисабул ахбор ли тазкиратил ахйор», «Жавоҳирул аҳком», «Бадъул амолий» каби асарлари бизгача етиб келган.

  1. “ал-Фатовоус Сирожийя” (Чироқли фатволар). Бу асар кўплаб фиқҳий мушкул масалаларнинг ечимига бағишланган ҳанафий мазҳабига оид муҳим китоб ҳисобланади. Абул Ҳасан Сирожиддин Али ибн Усмон ал-Ўший ал-Мотуридий ал-Фарғоний (ваф. 575/1179 й.) қаламига мансуб фатво тўплами. Кичик ҳажмли ушбу асарда бошқа китобларда учрамайдиган масалаларни қамраб олишга ҳаракат қилинган. Мазкур фатво тўплами 53 та китобдан иборат, ҳар бир китоб бир неча боб ва фасллардан таркиб топган. Ҳар бир китоб аввалида унинг боблари мундарижаси билдириб ўтилган. Унда мерос тақсимоти, ҳийлаи шаръийлар ҳақидаги мавзу билан бирга муфтий ва фатво сўровчининг одоби ҳақидаги китоб ҳам киритилган. “Адабул муфтий” китобида илм ва фиқҳнинг фазилати, ҳанафийлик мазҳабидаги машҳур фақиҳлар ҳаётидан олинган лавҳалар, улар айтган дурдона фикрлар ҳам илова қилинган. Асар “Фатовойи Қозихон” билан бирга Калкутта ва Лакнауда нашр этилган. Яна “Ал-Фатовоус Сирожийя” номли асар “Фароизи Сирожийя”нинг муаллифи Абу Тоҳир Сирожиддин ас-Сижовандий (ваф. 596/1200 й.)га ҳамда Қори ал-Ҳидоя лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Али ал-Киноний ал-Ҳусайний ал-Қоҳирий (ваф. 829/1426 й.)га нисбат қилинган.
  2. “Ғурарул ахбор ва дурарул ашъор” (Танланган хабарлар ва дурдона шеърлар). Бу асарда асосан Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш ва раҳматидан умидвор қилиш маъносидаги турли мавзуларга оид мингта ҳадис жамланган. Бу асардаги ҳадислар “Саҳиҳул Бухорий”, “Жомеъут Термизий” ва “Фирдавсул ахбор” каби китоблардан саралаб олинган.

Ўшийнинг бу асарида кундалик ҳаётга тегишли масалаларга доир ҳадислар билан ўгит ва ҳикматга доир шеърлар тузилган.

  1. “Нисабул ахбор ли тазкиротил ахёр фи аҳадиси Набийил мухтор” (“Ихтиёр қилинган Пайғамбарнинг ҳадислари тўғрисида” яхши кишиларга билдириш йўлидаги хабарларнинг асоси). Бу китоб “Ғурарул ахбор ва дурарул ашъор” китобининг мухтасари, яъни, ундан қисқартириб олинган китоб ҳисобланади [26: 1200].
  2. “Савоқибул ахбор” (Ўткир хабарлар).
  3. “Мухталафур ривоя” (Ривоятларнинг турлари). Бу китоб Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума) асари шарҳи бўлиб, ўнта бобга ажратилган. Биринчи бобда Имом Аъзамнинг қавли, иккинчи бобда имом Абу Юсуфнинг қавли, учинчи бобда имом Муҳаммаднинг қавли, тўртинчи бобда имом Аъзам ва имом Абу Юсуфларнинг қавли, бешинчи бобда имом Аъзам ва имом Муҳаммадларнинг қавли, олтинчи бобда имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг қавли, еттинчи бобда барчаларининг қавли, саккизинчи бобда имом Зуфарнинг қавли, тўққизинчи бобда имом Шофиъийнинг қавли ва ўнинчи бобда имом Моликнинг қавли жамланган. Уламолар бу асарнинг байтлари икки минг олти юз олтмиш тўққизта, деганлар.

давоми бор…

Отабек МУҲАММАДИЕВ
СамДУ мустақил тадқиқотчиси,
Бош муҳаррир ўринбосари

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …