Барчамизга маълумки, муқаддас ислом дини бутун башариятни доимо эзгу ишларни қилишга, инсонларни бир-бирлари билан чиройли муомалада бўлишга, гўзал одоб-ахлоқли ҳамда инсонни маънавий комиллик сари етаклашга хизмат қилувчи энг гўзал диндир.
“Ислом” сўзининг луғавий маъноси ҳам тинчлик-осойишталик, инсон ўзини Аллоҳга бўйсундириб, таслим қилиш деган маъноларни ўзида мужассам қилган. Дин инсонларни ҳамжиҳатлик ва иноқликка чорлаб, фирқаларга бўлинишни, миллатчилик ва хунрезликларни қаттиқ қоралайди.
Динимиз биз мусулмонларни доимо кўришганимизда очиқ юз билан, “Ассалому алайкум”, яъни “Сизга тинчлик-омонлик тилайман” дея саломлашишга буюради. Бежизга доно халқимиз: “Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом”, демаган.
Бирор нотаниш киши билан кўришиб қолсангиз, салом беришингиз билан унинг кўнглига илиқлик киради, сизга бўлган ноқулайлиги барҳам топади. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси барокатдир”, деганлар.
Динимиз инсонларни бир-бирлари билан биродар, оға-ини бўлишга буюради. Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар биродардирлар” деган. (Ҳужурот сураси 10-оят). Иймон мусулмонларни бир-бирига шундай яқин қиладики, у яқин туғушганларнинг яқинлигидан кам бўлмайди. Биродарига ёрдамлашган бандага, албатта, Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлади. Ҳадиси шарифда: “Қай бир мусулмон биродари ҳақига дуо қилса, фаришталар унга: “Сенга ҳам шу бўлсин, омин!” деб туришади”, дейилган (Имом Муслим ривояти). Шундай экан инсонлар доимо бошқаларга яхши муомалада бўлиши, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиши айтилмоқда.
Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан яна бири бу тинчлик неъматидир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз…”.
Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўхтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билишимиз керак.
Динимиз инсонларни гўзал хулқли бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мен гўзал хулқларни тамомига етказиш учун юборилдим”, дея Ислом дининг асл моҳияти жамиятда яхшилик уруғини сочиб, инсонлар орасида ўзаро меҳр-оқибатни, гўзал хулқни тадрижий такомиллаштиришдан иборат эканлигини маълум қилдилар.
Динимиз бизларни ўзгаларга озор беришдан қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмонни бошқа бир мусулмонга қўли ва тили билан озор бермасликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир”, дедилар. (Имом Бухорий)
Маълумки, тил ва қўл энг кўп ишлатиладиган аъзолар бўлиб, яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам асосан шулар билан бажарилади. Ён-атрофдагиларга аксар ҳолларда тил билан сўкиб ёки қўл билан туртиб, уриб, озор берилади, зарар етказилади. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки аъзони лафзан зикр қилдилар. Демак, бировларга, у ким бўлишидан қатъий назар, диндошми, ғайридинми – озор беришдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айниқса, тилимиз ва қўлимизга хушёр бўлишимиз керак.
Динимиз бизларни доимо илм олишга буюради. Ҳар бир инсонга илм талаб қилишни фарз қилиш ҳам фақат Исломда бор холос. Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифларда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илмга берилганларни даражаларга кўтарур”. (Мужодала сураси 11-оят).
Ушбу оятда ҳам бандаларнинг олий даражаларга эришишлари учун иймон ва илм шарт қилиб келтирилган. Инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузурида даражаси кўтарилиш омили сифатида олдин иймон, кейин илм зикр этилмоқда. Бунда ҳам инсонга иймон ва илм зарурлигини кўриш мумкин. Инсон илм олиш учун аввало ниятни холис қилиш, нафсини поклаш, илмни одобли ва етук олимлардан ўрганиш лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ислом дини инсонларни ўзгалар билан чиройли муомалада бўлишга, илм олишга, хайрли ишларда бардавом бўлишга чорлайдиган диндир. Ёшларни турли иллатлар таъсиридан асраш барчамиз учун энг асосий масала бўлиб турибди. Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқаяпмиз. Муқаддас ислом динини моҳиятини тўғри англамасдан бошқа кўчаларга кириб кетаётган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Шунинг учун биз доимо фарзандларимиз тарбиясини динимиз кўрсатмалари асосида олиб борсак, уларни илм олишлари учун етарли шароитларни яратиб берсак, юртимиз равнақи учун керак бўладиган салоҳиятли фарзандлар бўлиб улғаяди.