“Насафий алломаларлар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим бўлади. Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига синдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб яшашига жуда катта ижобий тасирини кўрсатади”[1].
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюк ҳидоятини кимга беришлигини ҳамда унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида марҳамат қилади:
فَمَنْ يُرِدِ اللَّهُ أَنْ يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ وَمَنْ يُرِدْ أَنْ يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللَّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ
“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода қилса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай”[2].
Бу борада Ибн Умар (р.а) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва валлам:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال: إِنَّ اللَّهَ لَا يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ
(روى الترميذي)
“Албатта Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[3] деб, айтадилар.
Шунингдек, Муовия (р.а)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида:
عَنْ ُمَعاوية عَنْ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّين (روى البخاري ومسلم)
Яъни, “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[4] деб, айтадилар.
Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси ҳақида Қуръони Каримда марҳамат қилади:
يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ ۚ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ
Яъни, “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[5].
Мазкур оят тафсири ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр ва мулоҳазалар билдириб, “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.
Тарихдан маълумки ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ислом оламида IX-XII асрларни илм-фанинг олтин даври деб эътироф этилган.
Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, кўҳна Насаф заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Абу Ҳафс Насафий ана шундай улуғ сиймолардан биридир.
Абу Ҳафс Насафий номи билан билан машҳур бўлган бобомизнинг тўлиқ исми шарифи Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий бўлган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 461-йилда Насаф шаҳрида туғилган. Фиқҳда ҳанафия мазҳабида бўлгани эътиборидан ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани эътиборидан Насафий нисбалари бўлган. Насаф шаҳри олдинлари Нахшаб деб ҳам аталган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида турли ўлкаларни кезиб чиққан ва кўплаб устозлардан таълим олган. Жумладан Абу Ҳафс Насафий Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий, Али ибн Ҳасан Мотуридий ва Ҳусайн Кошғарий каби улуғ зотлардан дарс олган. Шунингдек, Абул Қосим ибн Баёндан ҳам Бағдодда таълим олган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто, у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номли алоҳида асар ҳам таълиф этган.
Абу Ҳафс Насафийнинг машҳур шогирдлари қуйидагилардир:
– Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий;
– Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган;
– Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий. Ва ҳоказо булардан бошқа кўплаб машҳур шогирдлар етиштирган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади.
Абу Ҳафс Насафий ёзиб қолдирган асарлари:
“Тайсир фит тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш). Бу китоб уч мужаллад бўлган;
“Китобун нажаҳ фи шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби). Бу китоб “Саҳиҳb Бухорий”нинг шарҳидир;
“Ақоидун Насафий” (Насафий ақидалари). Бу асар мотуридия таълимотидаги мўътабар матнлардан бири ҳисобланади.
“Назму жомеис сағир фи фиқҳил ҳанафий” ( Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги – “Жомеус сағир”нинг назмий баёни);
“Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;
“Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума). Бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг қавллари келтирилган.
“Қанд фи зикри уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”), яъни қанддек тотли маълумотлар;
“Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар);
“Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш). Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг исми шарифларини жамлаган;
“Тарихи Бухоро” (Бухоро тарихи);
“Хосаису луғат” (Луғат хусусиятлари).
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф этган асарларининг умумий адади ҳақида Имом Суютий Ибн Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис ва шу каби йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.
Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142 йил 2 декабрда етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига Имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган[6].
Аллоҳ таоло Абу Ҳафс Насафий бобомизни Ўз раҳматига олсин ва жойларини жаннатдан қилсин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аллома Абу Ҳафс Насафийнинг чуқур билими, даҳоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали у ҳаёт пайтидаёқ бутун мусулмон оламида унга катта шуҳрат келтирган.
Машҳур олимлар, шоирлар, адиблар даврасида у доимо пешволардан бири бўлиб, қизғин илмий баҳслар, мунозараларда унинг фикри инобатга олинарди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
-
Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.
-
Исфаҳоний. Салжуқийлар давлати тарихи, 52-бет.
-
Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.
-
Абдусаттор Жуманазар. Насаф. -Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2006. -Б. 167-183.
-
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Сиҳоҳ” асарлари.