Home / МАҚОЛАЛАР / Ўзбекистон дунёга жаҳолатни илм ва маърифат билан енгиш мумкинлигини исботлайди

Ўзбекистон дунёга жаҳолатни илм ва маърифат билан енгиш мумкинлигини исботлайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши бошланди. Дунё жамоатчилиги эътиборида бўлиб турган мазкур марказнинг асл мақсад-вазифалари нималардан иборат экани, амалга ошириладиган ишлар кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ЎзА мухбирига шу ҳақда сўзлаб берди:
 
– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказини қуриш бўйича ташаббуси оламшумул иш бўлди. 2018 йили юртимизда муборак Рамазон ҳайити нишонланаётган улуғ кунларда Президентимиз бу иншоот пойдеворига рамзий тамал тошини қўйди. Бунда ҳам чуқур маъно бор. Ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб келган аждодларимиз, инсоният тамаддуни учун ҳам хизмат қилган, илми ва маърифати билан жаҳолатга қарши курашган. Орадан узоқ йиллар ўтиб, бугун дунёда яна шундай маърифий тўлқинга эҳтиёж кучайди, – деди Н.Абулҳасан. – Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази дунёга илмни, маърифатни тараннум этадиган энг пешқадам масканга айланиши мақсад қилинган. Шу маънода олимларимиз, тадқиқотчиларимиз олдига жуда катта вазифа ҳам қўйилган.
 
Гап марказ фаолияти, унинг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида кетар экан, аввало, аждодларимиз бизга қолдирган ғоят бой илмий мерос ҳақида тўхталиш ўринли. Улардан 100 мингга яқин қўлёзма ва тошбосма асарлар мерос қолган. Бундан ташқари, маърифатпарвар боболаримизнинг қанчадан-қанча китоблари топилиб, тегишли илмий муассасаларга топшириляпти. Биз эса узоқ йиллар ғафлатда бўлдик. Бу меросни ўрганмадик, буюк алломаларимиз бошлаган кашфиётларни такомилига етказмадик.
 
Бу қўлёзмаларда фалакиёт, риёзиёт, наботот, ва умуман, ерости ва ерусти илмлари ўрганилган, олам-у одамнинг яратилиши, ҳақ йўлда яшаш илми тадқиқ қилинган. Буни бир пайтлар дунё халқлари ҳам эътироф этган. Бугун эса ана шу ҳақиқат бироз унутилгандай, илм айвонидан четга сурилгандай, назаримизда. Негаки, биз аждодларимизга муносиб бўлиб, илмий, маърифий меросини ўзимиз ўрганмадик, ҳаётга татбиқ қилмадик.
 
Аждодларимиз нима учун етук олим, маърифатпарвар, буюк бўлган? Чунки улар жаҳолатга берилмаган, кимнидир ғийбат қилиб, олтиндан қиммат вақтини зое қилмаган, ўзининг идрокини, қудратини илмга сарфлаган, билимини бойитган. Табиийки, илм бор жойда маърифат пайдо бўлади, маърифат қанча кучайса, жаҳолат чекинади.
 
Ўша даврларда ҳам турли дин ниқобидан чиққан тоифалар билан боғлиқ муаммолар бўлгани сир эмас. Фақат халқ илмга эргашган, зиёлининг, олимнинг айтганини қилган. Тарқоқлик бўлмаган. Зиёлилар бунга йўл қўймаган. Юртнинг корига яраш, деган яхши ақида ўша замонларда пайдо бўлган.
 
Мисол учун, Амир Темур ҳам ўз даврида илмга, маърифатга асосланган давлат қурган. Асрлар давомида илм ўчоғи бўлсин, деб мадрасалар қурдирган. Бу мадрасаларда диний ва дунёвий илмлар ҳамоҳанг равишда ўрганилган.
 
Тарихий ҳақиқат шуки, бирон бир мамлакатда дунё цивилизациясига ҳисса қўшган Ўзбекистон заминида етишиб чиққанчалик кўп олим бўлмаган. Буни гапиришга, фахрланишга бизнинг маънавий ҳаққимиз бор.
 
Шу ўринда айтиш жоизки, бизнинг аждодларимиз қолдирган илмий меросни бугун Европа мамлакатлари олимлари қизғин ўрганмоқда. Улар мероси асосида кашфиётлар қилишга уринишлар бўляпти. Бу борада Оксфорд, Кембриж университетларида тадқиқотлар бўлаётганидан ҳам хабаримиз бор.
 
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган мазкур маърифат маркази ана шундай улуғвор мақсад – аждодлар меросини ўрганиш ва улардаги оламшумул ғояларни маънавий ҳаётимизга татбиқ этишга хизмат қилади. Бу марказда фаолият кўрсатадиган 200 нафардан зиёд турли соҳадаги мутахассислар ана шу эзгу ташаббусни амалга оширишда бир тан-у бир жон бўлиб меҳнат қилишади.
 
Шу ўринда, мазкур марказ фақат диний билимлар билан шуғулланади, деган фикр бироз нотўғри эканини айтиб ўтмоқчиман. Бу марказ том маънода илм-фан, тарих ва турли жабҳаларда фаолият олиб борадиган серқирра илм ўчоғи бўлади. Бу ерда аждодларимизнинг эълон қилинмаган кашфиётлари, қўлёзмалари, фундаментал билимларга беқиёс ҳисса қўшган олимларнинг тадқиқотлари ўрганилади.
 
Бизда тарихий адабиётлар, илмий рисолалар, ашёлар, топилмалар шунчалик кўпки, уларни марказлаштириш, тизимли тарихимизни гавдалантириш муҳим масала бўлиб турибди. Шунинг учун марказда музей ҳам ташкил қилинади. Музейга кирган ҳар қандай хорижлик сайёҳ Ўзбекистондаги барча зиёратгоҳлар, қадамжоларни кўргандай, зиёрат қилгандай таассуротга эга бўлади.
 
Марказда ҳар куни илмий конференциялар, давра суҳбатлари ўтказилади. Янги топилмалар, кашфиётлар ҳақида мунтазам равишда маълум қилиб борилади. Демак, аждодларимиз қўл урган, ҳали илм-фанда маълум бўлмаган янгидан-янги ютуқлар қайта тилга киради, дунё аҳлини лол қолдиришда давом этади.
 
Албатта, бу каби оламшумул янгиликлар жаҳон аҳли нигоҳини Ўзбекистонга қаратади, бу эса, ўз навбатида, юртимизда туризмнинг ривожига катта ҳисса қўшади. Аслида, бой тарихга эга юртимиздаги нодир асарлар, тарихий топилмалар ва ашёларни бир жойга жамласак, Ўзбекистонга, Ислом цивилизацияси марказига бутун дунё талпинади. Ҳатто, илмга унча қизиқмаган, жоҳилона фикрдаги инсонлар ҳам бу ерга келса, маърифатланиб, маънан бойиб, ижобий томонга ўзгариб чиқиб кетади.
 
Юқорида 100 мингга яқин қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳақида гапирдик. Президентимиз ташаббуси билан кейинги 2-3 йилда яна юзлаб қўлёзмалар юртимизга қайтарилди. Агар бу қўлёзмаларни яхшилаб таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг кўпи илмий асосларга таянган, яъни фундаментал илмлар – чизмалар, риёзиёт машқлари, ҳайвонот олами, анатомияга доир эканини кўрамиз. Уларни ўрганиш учун олимларимизга қандай замонавий шароит керак бўлса Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказида муҳайё қилинади.
 
Шу ўринда, масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Яъни, имкониятларимиз кенг, шароит етарли, олимларимиз бор, деб қўл қовуштириб ўтириш ярамайди. Бугун ишларимиз кўламини кенгайтириш, олимларимиз илмини ёшларга ўргатиш чораларини кўришимиз керак. Тадқиқотчилар устозлардан катта илмий меросни ўрганиши, олиб қолиши зарур. Бу ишни қанча кечиктирсак, шунча ютқазамиз, силсила узилади…
 
Эндиги муҳим вазифамиз марказда яратилган замонавий шароитлар, имкониятлардан фойдаланиб, мана шу асарларни илмий асосланган ҳолда ўрганиб, неча йиллардан буён чанг босиб ётган кашфиётларни дунёга эълон қилишдир.
 
Бугун дунё биздан шуни кутяпти. Чунки улар қонимизда илмий салоҳият борлигини яхши билади. Албатта, мазкур марказ ана шу ишончни оқлаши зарур.
 
Биз бу марказ орқали дунёга нима демоқчимиз. Айтмоқчи бўлганимиз, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олим-у фузалолар, нафақат дин илмида, балки риёзиётда, тиббиётда, коинотда, наботот ва бошқа илмларда устоз, пешқадам бўлишган.
 
Мазкур марказ ана шу аждодларимиз меросини ўрганиш, юртимизнинг бой тарихини кўрсатишда маёқ вазифасини ўтайди, асос бўлиб хизмат қилади. Бу ерда илмий-ижодий жараён шундай қайнайдики, дунё аҳлининг диққат-маркази шу ерга қаратилади.
 
Президентимиз таъбири билан айтганда, биз яқин келажакда илмга, маърифатга хизмат қиладиган диёр сифатида дунёга қайта юз очамиз. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Хоразмий, Маҳмуд Замахшарийдек буюк алломаларимизнинг издошлари Ўзбекистоннинг довруғини яна дунёга тараннум этади. Улар дунёга илмнинг қанчалик даражада аҳамиятли эканини, жаҳолатни фақат ва фақат илм, маърифат билан енгиш мумкинлигини исботлайди.
 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …