Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг “Ат-Тарих ал-Кабийр” асари ва унинг илмий аҳамияти

Имом Бухорийнинг “Ат-Тарих ал-Кабийр” асари ва унинг илмий аҳамияти

Дунёда ҳадис илмига улкан хизмат кўрсатган юртдошимиз, ҳадис илмининг султони Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Исмоил Бухорий ҳазратларининг илмий мерослари ҳали ҳануз дунёда кенг миқёсда ўрганилиши бу кишининг даражалари нақадар улуғ ва қолдирган илмий меросларининг аҳамияти юксак эканлигидан далолат беради. Имом Бухорий Ҳазратлари нафақат муҳаддис олим, балки ровийлар тарихини ўрганиш бўйича ҳам илк қадам қўйган алломадирлар. Имом Бухорий бу борада бир неча асарлар битиб, келажак авлодларга бебаҳо хазинани тақдим қилдилар. Алломанинг “Ат-Тарих ал-кабийр” асари ҳам шулар жумласидан. Бу китобни мазмун моҳиятини, қайси услубда ёзилганлигини илмий таҳлил қилиб, бу борадаги тадқиқотимизни эътиборингизга ҳавола қилдик.

Ровийлар ҳақида маълумот йиғиш жуда катта меҳнатни ва ижтиҳодни талаб қиладиган илм бўлиб, у билан шуғулланиш Имом Бухорийдан олдин бирор алломага насиб қилмаган. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг ўзлари шундай дейдилар: “Агар менинг ана у баъзи устозларим (уни қандай тасниф қилганимни аниқлаштириш учун ер юзига) тарқалсалар ҳам, улар “Китобу-т-тарих” (ат-Тарих ал-кабийр)ни қандай тасниф қилганимни тушуниб ололмайдилар”, “Исҳоқ ибн Роҳивайҳ мен тасниф қилган “Китобу-т-тарих”ни қўлларига олиб Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг ҳузурларига олиб кирдилар ва: “Эй Амир, мен сизга сеҳрни кўрсатайнми?” – деди. Амир Абдуллоҳ китобни кўриб чиқди ва таъажжубланиб: “Ҳеч ақлим етмаяпди, қандай қилиб бундай асарни тасниф қилди экан!” – деди.”[1]

Имом Бухорийнинг “Ат-Тарих ал-кабийр” асарининг асосий мавзуси юқорида айтиб ўтганимиздек, хоҳ ишончли бўлсин хоҳ заиф бўлсин, муаллифдан олдин яшаган барча ҳадис ривоят қилувчиларнинг таржимаи ҳолларидан хабар беришдир. Шунингдек, Имом Бухорийнинг мазкур тарих асарида ҳадис ровийларининг сифатларига оид иллатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган. Аммо, ҳадис илмида ровийлар санади соҳасида бошланғич даражадаги илми толиблар буни тушуниб олишлари жуда ҳам қийиндир.

Ҳадис илмининг султонини бу асари билан танишар экансиз, муаллиф бу асар устида бир неча ўн йиллик умрини бағишлаганини шоҳиди бўласиз. Манбаларга қараганда Имом Бухорий ҳазратлари бу асарини ўн саккиз ёшларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллламнинг муборак равзалари ёнларида, ой нурида ёзиб бошлаган экан. Мазкур асарда келтирилган ҳар бир ровий ҳақидаги тўлиқ маълумотларни Имом Бухорий ёддан билганлигини манбалардан ўқиб ақлимиз шошди. Чунки, мазкур асарда жами бўлиб тахминан 13798 дона ҳадис ровийлари ҳақида маълумот келтирилган. Бу ҳақда муъаллифнинг ўзи: “ Ўн саккиз ёшга етганимда саҳобалар, тобиъийнлар ва уларнинг сўзлари билан қизиқдим. Бу вақтда Убайдуллоҳ ибн Мусо амир эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри ёнида ой нури ёғдусида “Тарих” китобини тасниф қилишга киришдим. “Тарих” (яъни, ат-Тарих ал-кабийр)да мен билмаган ровийларнинг маълумотлари жуда кам, аммо китобни катта бўлиб кетишини ҳохламадим,”[2] – деб ўз асарига киритилган кишилар ҳақидаги тўлиқ маълумотларни билишини, аммо китобни узун бўлиб кетишидан хавотири бўлганлиги сабаб имкон борича қисқа қилишга ҳаракат қилганини айтади. Инсонни ҳайратга соладиган томони, Имом Бухорий ҳар бир ровий ҳақида муфассал маълумотларни мукаммал ҳолда хотирасида жамлаганидир.

Асарнинг аввалида Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Исмоил ва Иброҳим алайҳис-саломларгача бўлган насаби шарифлари келтирилган:

Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманноф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъд ибн Аднон ибн Адад ибн ал-Мақум ибн Ноҳур ибн Ториҳ ибн Яъраб (ибн Яшжаб) ибн ибн Нобит ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Озор.

Муаллиф буюк насабни зикр қилганидан кейин Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаклу шамойилари, сифатлари ва пайғамбарлик ҳолатига оид умумий маълумотларни келтирган:

Имом Бухорий айтади: Бизга Ҳажжож ибн Манҳал ҳадис айтди: Ҳажжож деди: Бизга Ҳаммод ибн Салама Абу Жамрадан, Абу Жамра эса Ибн Аббосдан ҳадис айтди. Ибн Аббос деди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий қилинган ҳолатда Маккада ўн уч йил, Мадинада ўн йил истиқомат қилдилар ва олтмиш уч ёшларида вафот этдилар.”

Менга Муҳаммад ибн Башшор ҳадис айтди: Башшор деди: Менга Муҳаммад ибн Абу Адий Ҳишомдан, Ҳишом эса Икрамадан, Икрама Абдуллоҳ ибн Аббосдан ҳадис айтди: Ибн Аббос деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қирқ ёшларида нозил бўла бошлади. Маккада ўн уч йил, Мадинада ўн йил истиқомат қилилар ва олтмиш уч ёшларида вафот этдилар.” 

Қобилов Н.С.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Шамсиддин Абу Абдулоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Аълому-н-нубало. “Муъассасату-р-рисола”,  1985. 12-жуз. 402-бет.
[2] Аҳмад ибн Али ал-Боғдодий. Тарихи Боғдод. Байрут. 2009. 14-жуз. –Б 7.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …