Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ”да инсон саломатлигини сақлаш ва инсон гигиениясига эътибор масалалари

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ”да инсон саломатлигини сақлаш ва инсон гигиениясига эътибор масалалари

Ислом – поклик дини. Исломда “шариатнинг мақсадлари” деган қоида бор. Шариат мақсадлари бештадир. Ислом шариатида нима таъқиқланган бўлса ёки нимага буюрилган бўлса, ўша беш мақсаддан бирига хизмат қилади. Улар; дин, жон, ақл, насл, мол-мулк муҳофазасидан иборат.

Эътибор қиладиган бўлсак, шу беш нарсадан учтаси инсон соғлиги, саломатлигига тааллуқлидир: нафс-жон муҳофазаси, ақл муҳофазаси ва насл муҳофазаси. Демак, Исломнинг асосий мақсадлари бўлган беш мақсаднинг учтаси инсон саломатлигига хизмат қилади.

Салаф уламоларимиз, жумладан, имом Шофеъ раҳматуллоҳи алайҳ ҳам айтганлар: “Илм иккитадир, динни ўрганиш учун фиқх илми, баданни ўрганиш учун тиб илмидан иборат”.

Динимиз инсон маънавиятига зарар берадиган омиллардан ташқари унинг соғлигига таъсир кўрсатувчи ташқи омиллардан ҳам муҳофаза қилишни йўлга қўйган. Мисол учун, сувни нопок қилмаслик, дарахтларни беҳуда кесмасликка буюрилгани, табиатга зиён келтирадиган нарсаларни таъқиқлангани шулар жумласидандир.

Ислом дини инсон соғлиги масаласига киришар экан, даволашдан ҳам олдин, соғлиқни сақлашга эътиборни кучайтирган. Бу борада биринчи бўлиб покликка чақирган. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда динимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Поклик иймоннинг ярмидир”, деган ҳадислари машҳурдир. Яъни мўмин-мусулмончиликнинг ярми покланишдан иборат.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳафтада бир марта баданни ва бошни ювиб туриш ҳар бир мўминга лозимдир”, – деганлар. Шунингдек, яна бошқа бир ҳадисларида:

  • “Умматимга машаққат қилиб қўйишим мумкин бўлмаганида, ҳар таҳоратда мисвок тутишларини буюрар эдим”, – деганлар. Бу эса тишларни, оғизни доимо покиза тутишга буюрар эдим, деганидир. Бу ҳам инсоннинг соғлигини сақлайдиган муҳим омиллардан биридир. Мисвокнинг тиш ва оғиздан ташқари инсон бошқа аъзолари саломатлигига фойдаси бисёрлигини ҳозирги замон тиббиёти ҳам таъкидлайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўн нарса фитратдандир[1], яъни инсоннинг соф табиатидандир”, – деб тирноқларни олиш, тукларни тозалаб юриш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, мўйлабларни қисқартириб юриш каби амалиётларни айтганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу тўғрида бошқа ҳадисларида шундай дейдилар: “Ҳар бир чақалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирадиган бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса ота-онаси уни ё яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради ёки мажусий қилиб қўяди.[2]” (Олти соҳиҳ муаллифлари ривоят қилишган).

Мазкур ҳадисдан ҳам маълум бўладики, ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келар экан. Фарзанд қалбидаги ана шу софликни сақлаб, уни шакллантириш ва турли хил ғойри инсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт-бегона бўлган турли ғоялардан асраш ота-оналарнинг энг муҳим вазифасидир.

Биз қуйида Имом Бухорий ҳазратларининг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган инсон гигиенасига оид ҳадисларидан намуналарни келтирсак;

54-боб. Сут ичганда оғиз чайқаш лозимми?[3]

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сут ичдилар. Сўнг, “сутда ёғ бор” деб, оғиз чайқадилар”,— деганлар.

Таомдан сўнг оғиз бўшлиғида қоладиган ёғнинг инсон саломатлигига салбий таъсирини ҳозирги вақтда жуда кўпчилик инсонлар яхши билишади. Оғиз бўшлиғида нохуш, ёқимсиз ҳиднинг пайдо бўлиши, тиш эмал қаватини емирилиши, асаб системаси фаолиятини салбий томонга ўзгариши шулар жумласидандир.

77-боб. Мисвок билан тиш тозаламоқ[4]

Ибн Аббос: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида ётиб қолдим. Мисвок билан тиш тозаладилар”,— деди.

Доим покиза, ҳамма шароити муҳайё бўлган уйда яшаган одам учун «поклик имондан эканлиги»ни, «мисвок» улуғ суннат эканлигини, мукаммал диннинг аҳкомлари ила жўнатилган пайғамбарнинг инсониятни бу каби оддий амалларга чақириши аҳамиятсиз, бачканалик, балки кулгили кўринар. Аммо бу «кичкина иш»нинг нақадар муҳим эканлигини тушуниш ва тушунтириш учун ҳар бир инсон аждодларининг яшаш тарзига бир назар солиши керак бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) мисвок билан тиш тозалашни афзал кўрганлар. Мисвокда анчагина хислатлар бўлиб, у милкни мустаҳкам, ошқозонни бақувват ҳамда кўзни равшан қилади.

79-боб. Таҳорат олиб ётмоқнинг фазилати[5]

Барро ибн Озибдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Ўринга ётадиган бўлсанг, номозга таҳорат олганингдек таҳорат олғил. Кейин ўнг ёнинг билан ётғил” – дедилар.

Чунки инсон таҳорат олиш билан ўзида кун давомида йиғилган маънавий ва жисмоний толиқиш ҳамда чарчоқлардан халос бўлиб, тўлиқ қувват билан уйқуга киради. Яхши уйқу инсоннинг яхши дам олиши ҳамда эртанги кун учун тўлиқ қувват йиғиши учун зарур бўлган омилллардан бири ҳисобланади.

Таҳорат қилишнинг инсон саломатлиги учун жуда кўп фойдалари бор. Кўзни қайта-қайта ювиб туриш трахома касаллигидан сақлайди. Оғиз, бурунни чайиб туруш гриппдан ва шунга ўхшаш юқимли касалликлардан сақлайди. Албатта, тез-тез ювиниб турган инсон баданида микроблар кам бўлиш ўз-ўзидан аён. Поклик ислом динининг асоси бўлганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишиларни пок бўлишга уйларини, кийимларини, ошхона, хожатхона, кўча-куйларини тоза тутишга, баданларини айниқса бош, қўл ва тишларини ювиб, тозалаб юришга ундаганлар.

Инсон саломатлиги ва уни сақлаш инсон ҳаётида муҳим нарсалардан бири саналади. Шулардан, куннинг иссиқ вақтларида қуёш тиғида ўтирмаслик ва қуёш тиғида ўтирган кишига сояни таклиф қилиш инсон саломатлигини сақлашнинг омилларидан бири эканлигини қуйидаги ҳадислардан билиб оламиз;

Офтоб тиғида турмаслик ҳақида [6]

  1. Қайснинг отаси Расулуллоҳ (с.а.в.) хутба ўқиётганлирида келиб офтоб тиғида туриб қолди. Ул зот унга салқинга ўтиб олишини буюрдилар.

(давоми бор)

Н.Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
 
[1] Фитрат – инсон табиатини яхши амаллар сари интиладиган ва уларни қабул қиладиган хилқат бўлиб мусаффо ҳолда дунёга келиши. Қалб эса тавҳидга асосланган Аллоҳ таолога бўлган иймон билан фитратланган. Агар тавҳидга буюрилган ишлар бардавом бўлса, қалб бу иймон билан қарор топади.
[2] Ал-Кутубу-с-ситта, “Соҳиҳу Муслим”. “Дорус-салом” нашриёти, Риёз 2000. Б 1141.
[3] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби.
[4] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби.
[5] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби.
[6] Ал-Адаб ал-муфрад. 558-боб.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …