Home / МАҚОЛАЛАР / Бидъат-хурофот ва ирим-сиримлардан сақланайлик

Бидъат-хурофот ва ирим-сиримлардан сақланайлик

“Бидъат” сўзи луғатдаги маъноси “янги пайдо бўлган” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда ислом дини мукаммаллик даражасига етгандан кейин пайдо бўлган нарса “бидъат” дейилади. Аммо шу билан бир қаторда жоҳиллик асорати бўлган бидъат ва хурофотлар ҳам ҳали хануз халқимиз орасида мавжуд.

Ҳалқимиз орасида исломда бўлмаган қуйидаги маросимлар: “Биби сешанба”, “Мушкул кушод” ва бошқа баъзи маросимларда бидъад-хурофотларга ва исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Айниқса, аёллар ўртасида ўтадиган баъзи: Бешик тўйи, чилла гузорон ва бошқа турли маросимларда ҳам бидъат-хурофотлар, қанақадир ақлга сиғмайдиган, динимизда – миллийлигимизда йўқ бўлган ишлар бўлмоқда. Бу мавзуларда телевидиния, радио ва матбуотда уламоларимиз, маънавиятчилар, маҳаллалар, имом-хатиблар ва исломшунос мутахассислар кўп бора тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур “Диний расм-русумларни ҳанафий мазҳаби асосида ўтказиш ва бидъат-хурофотларнинг олдини олиш чоралари” мавзуида қилган маърузаларида аёллар орасида тарқалган бидъат-хурофотларнинг асл моҳияти ҳақида гапириб, жумладан, бундай деди: “Айрим отинойиларнинг аёлларни “Биби Сешанба”, “Мушкулкушод” каби хурофий маросимлар ўтказишга ундаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ваҳоланки, отинойилар ўз номи билан аёл-қизларни маърифатга чорлайдиган муаллималардир. Улар орқали бидъат-хурофот эмас, ҳақиқий илму маърифат тарқалиши керак.”

Бу каби ирим-сиримлар келажагимиз бўлган ёшлар онгида, муқаддас динимизга нисбатан салбий фикрлар шаклланишида омил бўлиб хизмат қилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига юқиб қолиши қатъий қилинмайди, (магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади). Ислом шариатида ирим қилиш йўқ, (чунки у, жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир). Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Бойўғли сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқдир. (Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади).

Шу каби баъзи одамлар чоршанба кунидан, айрим қуш ва ҳайвонлардан ҳам бесабаб қўрқадилар ва ҳавсирайдилар. Мусулмон киши ўз Парвардигорига эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкамлаши лозим.

Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир”( Талоқ сураси 3-оят).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз ичида баъзида бидъат-хурофот ва ирим-сиримларга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлар эди.

 

Қутлимуратов Шермамат
Элликқала тумани “Бибимушкул Кушод” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …