Иқтисодий ҳолат сабабли инсонлар моддий ҳаётида қарз олишга эҳтиёж кучайиб кетди. Бу фурсатни ғанимат билган шайтон мўминлар орасини бузиш учун шу йўл билан улар қалбига низолар сола бошлади. Ҳақиқий мўминлар шайтоннинг бундай васвасаларига алданмайди.
Қарз беришнинг савоби ҳадя берганнинг савобидан кўра кўпроқлиги ҳақида ҳадиси шарифлар бор. Узиш ниятида қарз олган кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам беради, деган маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилинган. Худо сақласину, агар банда еб кетиш ниятида бировдан қарз олса, ундай одам ўз бошига бало юклаб олган бўлади ва ниятига мувофиқ бу қарзидан қутулолмай кетади. Имтиҳон дунёсини тарк этганидан кейин унинг яқинлари қарзини узадими-йўқми, номалум.
Халқимизда “Қизғанчиқдан қарз олма, қарз олсанг ҳам сарфлама” деган мақол бор. Бу мақол нима учун айтилганини билиш қийин эмас. Аввало, қизғанчиқдан қарз олишнинг ўзи қийин иш, иккинчидан, ундай одам қарз беришга рози бўлган тақдирда ҳам, тезликда қайтариб беришинга тўғри келиб қолиши мумкин, шунинг учун уни ишлатмай турганинг маъқул, дейиляпти. Лекин нима бўлганида ҳам, у қарзнинг эгаси, қисташга ҳақли. Шундай экан, қарз олувчи ҳам, берувчи ҳам Аллоҳ таолонинг розилиги ниятида ҳаракат қилиши лозим. Бир томоннинг иши битиб қолсин, иккинчи томоннинг ҳам пули куйиб кетмасин.
Ҳар бир инсон ўз ҳаётида турмуш тақозоси ила доимий равишда молиявий муомалаларга дуч келади ва бевосита уларда иштирок этади. Айни шу муносабатлар инсонлар фаолиятини ўз ичига олади. Чунки ушбу муомалалар жамият аъзоларининг бахт-саодати ила чамбарчас боғлиқдир.
Молиявий муомалалар тартибга солинмаса, уларнинг белгилаб қўйилган қоидалари бўлмаса, кишилар орасида келишмовчиликлар кўпайиши аниқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу ишни Ўз зиммасига олган ва бу борадаги умумий таълимотларни Қуръони каримнинг Бақара сурасида баён қилиб берган:
“Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқасининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир”.
Ҳамма нарсани дунё бойлиги билан ўлчаб, нафсига қул бўлиб, илоҳий кўрсатмаларга амал қила олмаган бандаларга эса дўзах азоби муқаррар эканлигининг хабарини берди. Дунёда ҳаёт кечираётган ҳар бир мўъмин банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ва мўъмин бандаларига ваъда қилган жаннатидан умид қилиб яшайди. Лекин фақат орзу ва умиднинг ўзи билан мақсадга эришиб бўлмайди. Донолар айтадиларки, эзгу амаллар қилмай туриб, жаннат ва мағфират умид қилиш – ерга уруғ экмай туриб ҳосил кутиш билан баробардир.