Home / МАҚОЛАЛАР / Оилада фарзанд тарбияси

Оилада фарзанд тарбияси

Фарзандларимиз онгида элу юртга, Ватанга муҳаббат туйғулари оилада, яшаб турган маҳалласида шаклланади. Мамлакатнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-унаётган болаларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси маҳаллада тарбия яхши йўлга қўйилган экан, ўша оила, ўша маҳаллада тинчлик тотувлик хукм суради. Оила, жамият ва давлат тушунчалари доимо уйғунликда, муштарак ҳолда тилга олинади. Истиқлол шарофати билан умуминсоний кадриятларнинг тикланиш натижасида мамлакатимизда оила институти ижтимоий ҳаётда тобора мустаҳкамроқ ўрин эгаллаб, фундаментал ўзгаришларни бошдан кечириб келмоқда. Оила масалаларини илмий-амалий ўрганишда миллий ва диний қадриятларимизнинг аҳамиятига катта эътибор берилиши эса бу борадаги катта имкониятларни вужудга келтирмоқда. Бу имконият оила аъзолари маънавиятини юксалтиришга, уларнинг ҳуқуқий ва тиббий онгини шакллантиришга, соғлом турмуш тарзини яратишга хизмат қилмоқда.

Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Истиқлол туфайли халқимиз чет-эл юртларини кезиб, янги халқ ва урф-одатларни гувоҳи бўлиб қайтмоқдалар. Шу жумладан Европа давлатларига сайр қилиб келаётган фуқароларимиз бугунги кунда ғарб ўсмирлари орасида бошқа мамлакатлар ёшларига қараганда уюшган жиноятчилик ва зўравонликка берилиш ҳолати юқори. Бунга сабаб болаларга керагидан ортиқ эркинлик берилгани экан. Уларни ҳозирдан айш-ишратга берилиб, турли ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатларга ружу қўйишдан ҳеч ким қайтармаслигини айтиб беришмоқда. Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ (а.с.): “Кишининг ўз фарзандига одоб бермоғи унинг учун бир соъ садақа қилмоғидан яхшидир”, [1] дея марҳамат қилганлар. Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларнинг одобларини гўзал қилинг” [2] деб таъкидланган. Фарзанд тарбияси жараёнида бола ҳуқуқларининг камситилмаслиги талаб этилади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбияга нисбатан болаларнинг руҳий оламига, ҳиссиёти ва туйғуларига чуқур таъсир кўрсатади.

Шарқ алломалари ўз асарларида фарзандларга тарбия ва таълим бериш, уни маърифату маданиятга етаклаш муаммоларига эътибор берганлар. Буюк мутафаккирлар фарзанд тарбияси, гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фазилат эканини таъкидлаганлар. Жумладан, Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарларида фарзандларга юксак инсоний фазилатларни камол топтириш тараннум этилган. Фарзандга билим олиш учун шароит яратиш ҳам ота-онанинг вазифасидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Илм олиш ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарздир”, [3] деб марҳамат қилганларида, ўғил ва қиз фарзандларимизга илм олиш учун баробар шароитни таъминлаш кераклигини назарда тутганлар.

ХХI аср техник юксалишлар асри бўлса-да, болалар билан самимий туйғулар, гўзал нарсалар, ахлоқ меъёрлари ҳақида суҳбатлашиш аҳамиятлидир. Уларга ўзимизнинг иқтисодий муаммоларимиз, ижтимоий мавқейимиз нуқтаи назаридан эмас, энди дунёни англаб, унга нисбатан муайян муносабати шаклланаётган шахс сифатида эътибор бериш керак бўлади. Шунда болаларнинг ҳам алоҳида оламларга ўтиб, ўз қобиғига ўралиб яшашларига ҳожат қолмайди.Ота-она болада эстетик тарбия, гўзал манзаралардан завқ олиш ҳиссини шакллантириш учун уни ўзи билан бирга табиатдаги манзарали жойларга, музейларга олиб бориши ва шу билан бирга унинг қалбида гўзаллик латофатини сингдириши муҳимдир.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мустаҳкам маънавий иммунитетли, ўзининг фикрларини равон айта оладиган, юқори марраларга эришувчан авлодни тарбиялаш учун ота-она, оила муҳити жуда катта аҳамият касб этади.

Ихтиёр Қушшақов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш шўъбаси ходими

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. Таржима ва шарҳлар муаллифи Олимхон Исахон ўғли. – Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази. 2018. – Б. 238.
  2. Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. Таржима ва шарҳлар муаллифи Олимхон Исахон ўғли. – Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази. 2018. – Б.
  3. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ал-Қазвиний. Сунани ибн Можжа. 1- Ж. – Байрут. 1996. – Б. 81.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …