Инсон турмушининг ободлиги омиллари – инсон учун азиз ва мукаррам саналган нарсаларни унинг ҳаётида тўлалигича мавжуд бўлишидир. Булар–бошпана-макон, солиҳ фарзанд, барқарор жамият ва мустақил Ватан. Албатта, озод ва қудратли Ватан ҳамда фаровон турмушда умр гузаронлик қилиш ҳар бир инсоннинг орзуси.
Зоҳиран олганда, яшайдиган масканларимиз, маҳаллаю кўчалар, ҳовли ва уй-жойларимизни, ўқув юртларимиз ва иш жойларимизни пок-озода ҳамда обод ва гўзал қиёфада бўлиши турмушимиз ободлигининг исботидир.
Фаровон турмуш омиллари моддий ва маънавий унсурлардан ташкил топган бўлса-да, улар аслида инсоний фазилатлар билан чамбарчас боғлиқ кишилик жамиятида юзага келади. Ўша омиллардан бири қалб мусаффолигидир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинг! Инсон жасадида бир аъзо бор, агар у дуруст бўлса жасаднинг ҳаммаси дуруст бўлади. Агар у бузилса жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинг! У нарса қалбдир,” –деганлар. Дарҳақиқат, қалб нафақат жасадни ислоҳ қилувчи аъзо, балки бутун бир жамиятнинг ислоҳи ҳам айнан мана шунга боғлиқ. Зеро, турмушнинг фаравонлиги қалбнинг покизалиги билан узвий боғлиқдир. Инсон қалби қанчалик пок ва тоза бўлса, ҳамиша эзгулик, яхшиликка интилади. Бундай фуқаролари кўп бўлган жамият фуқаролари бахтли, саодатли ҳаёт кечирадилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в): “Мўминларни ўзаро раҳмдиллик, дўстлик ва ҳамдардлик қилмоқликда бир аъзоси оғриса, қолган аъзолари биргаликда уни ҳимоя қилиб, дарддан халос бўлмоғига кўмаклашувчи бир тана янглиғ деб билгин”. Ушбу ҳикматли ҳадисда мўминлар жамиятининг муҳим белгилари ўзининг тўлақонли ифодасини топган. Бундай жамиятда яшаётган ҳар бир комил хулқли инсон ўзини ягона бир жисмнинг, барча аъзолари ўзаро ҳамдард ва ҳамкор оиланинг бир қисми сифатида ҳис этиши лозим. Бу хил жамоатнинг ҳар бир аъзоси фақат ўзининг шахсий манфаатини ўйламай, жамиятнинг барча аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиши, унинг ҳар қандай муаммоларини ҳал қилишда иштирок этиши зарур. Ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонлар жамиятига берилган ушбу таърифдан маълум бўладики, турмуш фаравонлиги аввало жамиятдаги ҳар бир инсон қалбининг мусаффолиги ва инсоний фазилатлар мажмуасидан бошланади. Зеро, қалблари даҳрийликка макон бўлган, бир-бирларига оқибат ва меҳр кўрсатмайдиган жамият фуқаролари ҳеч қачон саодат топмагай. Бу ҳақда ҳазрат Мир Алишер Навоий шундай дейдилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Дарҳақиқат, қалблар мусаффолиги кўнгиллар шодлигидир, кўнгилларнинг шодлиги турмушнинг ободлигидир. Бир кўнгилни обод қилмоқ осон иш эмас.
Шарқу ғарбдаги турли дин вакиллари ўзларига роҳнамо деб билишган Жалолиддин Румий ҳазратларидан шундай байт нақл қилинган;
Тавофи Байтил-Халили кори осон аст
Тавофи Байтил-Жалили кори мардон аст.
Яъни:
Халилуллоҳ Иброҳим алайҳис-салом томонидан қурилган уй – Каъбани тавоф қилиш осон ишдир, аммо улуғ Зот Аллоҳ таоло қурган уй – Қалбни эъзоз қилиш мардларнинг ишидир.
Қалб мусаффолиги ва ўзаро меҳр-оқибатнинг бардавомлиги кўнгиллар ободлиги ҳамда турмуш фаровонлиги омилларидан ҳисобланади. Зеро, мусаффо қалб эзгу ишлар булоғидир.