Home / МАҚОЛАЛАР / Мўмин кишининг уч хислати

Мўмин кишининг уч хислати

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапни гапирсин ёки сукут сақласин”, дедилар”[1].

Ҳадисда мўмин кишида бўлиши керак бўлган уч хислат ҳақида гап бормоқда. Бу хислатларнинг биринчиси, Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган, яъни мўмин кишининг қўшнисига зарар-озор бермаслигидир. Бу хислат мўмин кишининг асосий хислатларидан бири ҳисобланади.

Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг афзали қайси кишидир?” деб сўрадилар. У зот саллоллаҳу алайҳи васаллам: “қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир” – деб жавоб бердилар[2].

Қўшни, яшаш жойига нисбатан олиб қараганда инсоннинг энг яқин кишисидир. Баъзан бу яқинлик, насаб яқинлигидан ҳам юқори бўлади. Аллоҳ таолонинг тақдири билан инсоннинг бошига бирор кулфат тушганда, бемор бўлганда ва шу каби бошқа ҳолатлар содир бўлганда, энг аввал ёрдам берадиган киши, энг яқинида бўлган қўшниси бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом қўшнига васийлик қилиш ҳақида шу қадар кўп таъкидладиларки, ҳатто мен қўшни-қўшнидан мерос олармикан, деган хаёлга бордим” – дедилар”[3]. Тўртовлари ривоят қилишган. Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаган эканларки, гап шундай тарзда давом этадиган бўлса, меросингниям қўшнинг олади, деб қолармикан, деб ўйлаган эканлар.

Ойша онамиз ривоят қиладилар: “Ё Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор, уларнинг қайси бирига туҳфалар киргизиб турай?” – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Эшиги эшигингга яқинига”, деб жавоб қилдилар[4].

Бу ҳадисдан шуни билсак бўладики, қўшнининг ҳаққи унинг уйи яқинлигига қараб турли даражада бўлар экан. Энг яқин қўшнининг ҳаққи энг кўп бўлар экан. Агар қўшниларимиздан бирига бирор-бир ҳадя қиладиган бўлсак, бизга энг яқин бўлган қўшнимиздан бошлашимиз яхши бўлар экан. Халқимизда ҳам “ён қўшни – жон қўшни” мақоли ушбу ҳадиси шарифнинг ҳақлигини тасдиқлайди. Демак, қўшнимизга яхшилик қилишда, ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Агар бир қўшнини ташлаб, ундан кейингисига ҳадя берадиган бўлсак, яқинимиздаги қўшнимизнинг кўнглига: “Мени ёмон кўрса керак, бўлмаса, ён қўшни бўлиб туриб, шунақа қиладими?” деган шубҳа тушиши мумкин.

Қўшни бўладиган кишиларнинг, яшайдиган уйимиздан ҳам аҳамиятли бўлгани ота-боболаримизнинг тажрибаларида ҳам кўп бора исботланган. Шу сабабли ота-боболаримиз “Уй олишдан аввал қўшни ол” дейдилар. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”[5] ҳадисидан ҳам қўшнимизга қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини билсак бўлади.

Мўмин кишида бўлиши керак бўладиган иккинчи хислат меҳмон ва мусофирни ҳурмат қилиш керак. Чунки у уйидан, қавму қариндошидан ва ўзининг яқинларидан узоқда бўлади. Шу сабабли, баъзи ишларга мухтож бўлади.

Мўмин кишида бўлиши керак бўладиган учинчи хислат гапирса яхши гапларни гапириш, бўлмаса жим туриш керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар”[6]. Ўзига тегишли бўлган гапларни гапириш, мусулмон кишининг яхши хислатларидан бири ҳисобланади. Чунки, у ўзига тегишли бўлмаган бирор-бир мавзуда гапирадиган бўлса, бошқалар ҳақида ғийбат ёки ёмон гумонда бўлиш хавфига тушиб қолиши мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасизку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”[7]. Шунингдек Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам “Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик – энг ёлғон сўздир (яъни бадгумонлик билан айтилган сўз – энг ёлғон сўздир). Тирноқ остидан кир қидирманглар, гап пойламанглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирларингиздан аразламанглар ва нафратланманглар. Ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар!”[8] ҳадиси билан бундай ёмон ишлардан қайтардилар.

Ҳозирги кунда одамлар шаҳар жойларда кўп қавали уйларда яшамоқда. Бу битта бинода яшаётган ўнларча қўшнилар ҳар куни бир-бирини танимасдан, билмасдан битта эшикдан бир неча бор кириб чиқади. Ҳозирги замонавий тараққиёт бизга тақдим қилган баъзи имкониятлар эвазига қўшниларимизга, яқинларимизга, мусофирларимизга, ўзимизга ва оиламизга ажратадиган вақтимизни қўлимиздан олмоқда. Динимиз ислом дини ўн беш аср аввал мўминларни бир-бирига дўст деб, ака-ука биродар деб эълон қилиб, уларни битта тананинг бир парчалари каби қабул қилган. Бундай ҳолатнинг ёлғизгина чораси, жамият ичида ёнимиздагиларга қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини ўргатган Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилиш ва барча мўмин кишиларни танамизнинг бир парчаси каби қабул қилишимизда бўлади.

Олим Джураев
Нашрлар бўлими илмий ходими
[1] Имом Термизий. Жоме ат-Термизий. Мактаба дорус салам, 2007. 2500-ҳадис.
[2] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. Имон китоби. 4-боб. 10-ҳадис. – Б. 12.
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 2-китоб. Одоб китоби. 28-боб. 6014-ҳадис. – Б. 378.
[4] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 2-китоб. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2008. Одоб китоби. 32-боб. 6020-ҳадис. – Б. 379.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси. Имом ал-Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад китобининг шарҳи. Биринчи жуз. 61-боб. 112-ҳадис. – Б. 251.
[6] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. Мўъминун сураси, 3-оят мазмуни. – Б. 342.
[7] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Ҳужурот сураси, 12-оят мазмуни. – Б. 517.
[8] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 2-китоб. Одоб китоби. 57-боб. 6064-ҳадис. – Б. 385.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …