Ислом – илм динидир. Юксак маданият фақат ислом биландир. Шунинг учун ҳам, Ислом динининг мўътабар манбаларида илмга тарғиб қилинган ва илм соҳиби учун баланд даражалар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” деди[1]. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенгдир” деди. Али розияллоҳу анҳу илм ҳақида: “Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен қўриқлайсан. Илм эса сени қўриқлайди” деганлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва айтган сўзлари ҳам илмга даъват билан тўладир. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим, деган эканлар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган[2].
Илмга тарғиб ва илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан баъзи мисоллар келтирамиз. Бадр деган жойда мушриклар билан урушдан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом ҳар бир асирга озод бўлиши учун 10 та мусулмонга ўқиш, ёзишни ўргатиб қўйишни шарт қилганлар. Ўша ўринда пул, мол ёки хоҳлаган бошқа нарса сўралиши мумкин эди, лекин Исломда илм ҳамма нарсадан устун тургани учун шу сўралган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон киши ва муслима аёлга фарздир” дедилар. Бу ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, ислом дини аёл кишига ҳам илм талаб қилишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланмоқчи бўлганларида Ҳазрати Умар ислом умматига юксак бир фазилатни кўрсатдилар. У ҳам бўлса, оталик масъулиятини ҳис қилган ҳолда қизлари Ҳафсани турмушга бериш олдидан унга ўқиш, ёзиш ва динга доир илмларни бердилар. Ҳаттоки, қизларига ўқиш ва ёзишни таълим беришлик учун Бани Адий қабиласидан бир аёлни ёлладилар. Ҳафса онамиз ҳалиги аёлдан етарлича илм олганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар. Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан ҳалиги Бани Адийлик аёл келиб Ҳафсага қолган илмлардан ҳам дарсни давом эттиришлигини айтдилар. Ҳазрати Умар: “Эй Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳафса илмни мукаммалроқ эгаллашини хоҳлайман” дедилар. Шундан сўнг ҳалиги аёл келиб дарсни давом эттирди[3].
Немис шарқшунос олимаси Зингфрид Хенка “Араб қуёши Ғарбга зиё сочади” номли йирик асарида бу масалани атрофлича ёритган. Хусусан, китобнинг “Мадрасага қатнаётган халқ” деб аталувчи бобида Ғарб аҳолисининг 95 фоизи саводсиз бўлган, буюк Шарл қариган чоғида ўқиш, ёзишни қийналиб ўрганаётган, ҳатто, ибодатхоналарда қалам тутишни биладиганлар нодир бўлган IX-XII асрларда Ислом оламининг шаҳару қишлоқларидаги минглаб мадрасалар миллионлаб ўғил-қизларни кутиб олаётгани, улар Ислом талабига асосан илмни рағбат билан ўргатаётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Бу маълумотлардан Ислом динининг илмга тарғиб қилишини билиб олишимиз мумкин. Ислом дини ҳамиша инсониятни илмга чорлаб келган. Қуръони каримда «илм» сўзи турли ҳолларда 765 марта такрорланган. Бу ҳам Ислом динида илмнинг муҳимлигидандир. Бизлар икки дунёнинг саодатига эришиш учун илм олишимиз ва унга амал қилишимиз лозим бўлади.