Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)

МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)

Муҳаддислар имоми, ҳадис борасида мўъминларнинг амири, ҳофиз, фақиҳ, муаррих ва мутафаккирнинг тўлиқ исми шарифи – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Баззазбеҳ Жуъфий бўлиб, Имом Бухорий номи билан машҳур бўлган.

Имом Бухорий 194/810 йил 21 июлда (шаввол ойининг 13-кунида жума намозидан кейин) Бухорода таваллуд топган.

Имом Бухорийнинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан “имому-л-муҳаддисийн” (“муҳаддисларнинг имоми”, “пешвоси”), баъзан  “амиру-л-муъминийна фи-л-ҳадис” (“ҳадис илмининг амири, султони”) ва насаби Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдир. Сўнгги икки исми ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдан кўриниб турибдики, Бухорийнинг асл насаби ажамларга бориб тақалади. Бу фикр талай адабиётларда қайд қилинган бўлиб, кўпчилик муҳаддисларнинг таъкидлашларича, “Бардазбеҳ” сўзи  арабча “зориъ” – “зироат”, “деҳқончилик билан шуғулланувчи киши” маъносини билдиради.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоилнинг куняси Абулҳасан бўлиб, ўз даврининг етук муҳаддисларидан саналган. Имом Моликнинг шогирд ва асҳобларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган. Шунингдек, унинг Ҳаммод ибн Зайд, Имом Молик, Абу Муовия каби ўз даврининг йирик муҳаддисларидан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг (736-797) суҳбатида бўлиб, ундан таълим олгани ҳақидаги хабарлар манбаларда келтирилади. Унинг шогирдларидан ироқлик бир қанча олимлар Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Имом Бухорий ўзининг “Ат-тариху-л-кабир” (“Катта тарих”) асарида отасининг таржимаи ҳоли ҳақида бир қанча маълумотлар келтиради. Тарихчи Ҳофиз ибн Ҳиббон (ваф. 965 й.) ўзининг “Китобу-с-сиқот” (“Ишончли китоб”) номли асарида: “Исмоил ибн Иброҳим, яъни Имом Бухорийнинг отаси, Ҳаммод ибн Зайд ва Моликдан ҳадислар ривоят қилган, ундан эса ироқлик олимлар ҳадислар нақл қилганлар”, – деб таъкидлайди.

Манбаларда зикр қилинишича, аллома Исмоил ўта тақводор, художўй ва ҳалол инсон бўлган. Бухорийнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва ҳар хил кароматлар соҳибаси, ғоятда оқила, фозила аёл бўлган. Эл орасида Аллоҳ таолога илтижо этиб, доимо дуолар ўқиб юрадиган покиза аёл сифатида танилган.

Имом Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, онаси тарбиясида вояга етган. Ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанлар, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллаган. Ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ровийлардан ҳадисларни эшитган, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборак (736-797) ва Вакиъ ибн Жарроҳ (тав. 746 й.) каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб ёдлаган, устози Шайх Дохилий билан ҳадис ровийлари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган.

Имом Бухорийга ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни ёд олиш илҳоми насиб этиб, ёши улғайган сари бу рағбати тобора кучайиб, зиёда бўлиб борган, нафақат ҳадисларни шунчаки ёд олиш, балки ёшлигидан бошлаб ҳадисларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри-саҳиҳ (хато, нотўғри)ларга ажратиш, уларнинг иллатларини аниқлаш, ҳадис ровийларини ўрганиб таҳқиқ қилиш, улар ривоятининг адолатлилиги, тўғрилиги, ишончли ёки ишончсизлиги, ровийларнинг маиший ҳаётлари, яшаш жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан ўзаро қилган мулоқотлари, турли ровийлар келтирган ҳадисларни бир-бирига солиштириб муқояса қилиш, уларнинг бир-бири билан ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирига боғлиқ бўлмай, узилишлар мавжуд ҳолатлар, ҳадис илмининг хилма-хил ва энг юқори нуқталарига етишиш, бу илмнинг турли масалаларини чуқур таҳқиқ этиш, уларни жамлаш ва Қуръони карим оятлари билан узвий боғлиқликда ўрганиш каби масалаларга қизиққан.

Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани ҳақида манбаларда кўрсатилган.

Имом Бухорийга таълим берган дастлабки устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда, ўша даврда Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (777-839), Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий (738-825), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий (ваф. 843 й.), Абдулҳамид Кеший (ваф. 863 й.) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

825 йили ўн олти яшар Имом Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Макка томон йўл олади. Ҳаж ибодатини адо этгандан кейин онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолади ва бу муқаддас шаҳар олимлари Абулвалид ибн Арзақий (ваф. тахм. 864 й.), Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдийдан (IX аср) ҳадис илмини ўрганади.

Имом Бухорий 827 йилда ўн саккиз ёшида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи мубораклари қўйилган муқаддас шаҳар Мадинаи Мунавварага етиб келади ва у ерда кўзга кўринган машҳур уламолар Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий каби бир қанча етук олимлардан таҳсил олади.

Имом Бухорий бу ерда ўзининг дастлабки асари “Ат-тариху-л-кабир” (“Катта тарих”)ни ёзади. Сўнг Ироқнинг Басра шаҳрига бориб, басралик муҳаддислар Имом Абу Осим Набийл, Сафвон ибн Исо, Бадал ибн Аръара, Сулаймон ибн Ҳарб, Абулвалид Тайолисий, Аърим ва Муҳаммад ибн Синон каби уламолардан сабоқ олади.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати