Экстремизм ва уни келтириб чиқарадиган омиллар нималардан иборат? Экстремизм – лотинча extremus сўзидан олинган бўлиб, “ақл бовар қилмас даражада, “ҳаддан ошиш” деган маъноларни билдиради. Жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ҳарактердаги муаммоларни ҳал этишда ўта кескин чора-тадбирлар, фикр ва қарашларни йўқловчи назария ва амалиёт ҳисобланади.
Экстремизм мазмунига кўра – диний ва дунёвий бўлиши ёки намоён бўлишига кўра – ҳудудий, минтақавий, халқаро шаклларга бўлинади. Экстремистлар қарашлари жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, улар ҳеч қачон чегара билмаган ёки дин, миллат, бирон бир мамлакат ҳудудини тан олмаган. Дунёвий экстремизмнинг сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий кўринишлари мавжуд.
Экстремизмни исломга боғлаш экстемистларни асосий мақсади бўлиб, улар қаерда фаолият кўрсатмасин, уларнинг асосий мақсади ислом динига асосланган «халифалик» давлатини барпо қилишликдир. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Халифалик мендан кейин ўттиз йил, сўнгра подшоҳлик ва амирликлар бўлади” деганлар. (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу мақсадга ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб, қуролли тўқнашувлар орқали яъни қон тўкиш, зўравонлик билан эришишни кўзлайдилар. Бу эса ҳар бир миллатнинг мустақиллигига, жамият тараққиётига катта ғов ҳисобланади.
Экстремизм турли кўринишларда бўлиши мумкин – большевизм, фашизм, диний экстремизм каби турларга бўлинади. Улар ўзларининг бузғунчи ғоялари, ҳаракатлари, ташкилотлари, моддий таъминлаш ва ташкилий тузилмалари фаолиятлари комплекси (йиғиндиси)дан иборат бўлади. Экстремистик тузилмалар қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, унинг асосий мақсади жангарилик йўли билан давлат ҳокимиятни қўлга олишдир. Ёки сиёсий ҳокимиятга эришиш орқали жамиятни тўла ислом шариати қонун-қоидалари асосида қайта ташкил қилиш ва бошқариш лозим деб ҳисоблайдилар.
Экстремистларнинг ақидаларига кўра, гўё барча ҳозирги замон исломга эътиқод қиладиган давлатлардаги мусулмонлар жамоалари исломий тусларини йўқотган бўлиб, жоҳилия яъни (ислом келиб чиқишидан аввалги араблардаги маънавий бузилиш даври) жамиятларига айланиб қолган деб ҳисоблайди. Бундай ёндашув фаолиятдаги ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилишга асос қилиб олинади.
Иккинчидан, улар гўё, «ҳақиқий» мусулмонлар бўлиб, ўзларини ҳокимиятга келишлари учун барпо қиладиган «исломий тартибни» қарор топтиришнинг ягона йўли кескин ва жангарилик йўли билан агрессив ҳаракат қилиш лозим деб ҳисоблайдилар.
Аслида эса экстремизм ғояларининг Марказий Осиёга кириб келишидан кўзланган асосий мақсад – диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш, иқтисодий инқирозни келтириб чиқариш орқали ҳукуматни кучсизлантириб, обруйини тўкишдир.
Бунда улар турли оммавий ахборот воситалари ёрдамида гўё “мамлакатда фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқлари бузилмоқда ва диний эътиқод поймол этилмоқда” каби даъволар билан ҳам конституцион ҳукуматга ишончсизликни келтириб чиқаришдир. Шунингдек, мамлакатимиздаги кам сонли диний ташкилотларга ҳужум уюштириб, диний адоватни кучайтириб, миллатлараро адоватни келтириб чиқариб беқарор вазиятни вужудга келтиришдир.
Хулоса ўрнида ислом динининг маърифий-маънавий моҳияти ва мазмунини халқимиз жуда ҳам яхши билади. Биз ёшларга юзланиб айтамиз: “азиз ёшлар, келажак сизнинг қўлингизда. Шундай экан, ҳар хил ғаразли оқимлар ҳамда манқурт кимсаларга алданманг. Зеро, сиз ва биз юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, диннинг софлигини таъминлашга масъулмиз. Шуни баралла айтмоқ зарур. Биз жаҳолатга қарши маърифат ила, адашганларга соф эътиқод билан курашамиз.”