Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръонда жаҳолатга муносабат

Қуръонда жаҳолатга муносабат

Қуръони карим инсониятни икки дунё саодатига етказиш учун нозил қилинган илоҳий китобдир. Унда ҳақиқий бахтга етиш йўллари, барқарорлик шартлари ёритилган. Қуръоннинг энг олий мақсадларидан бири жаҳолатни йўқотиш ва инсониятни маърифатга даъват этишдан иборат.

Қуръон кишиларни илм олишга чорлайди:

Қуръонда энг биринчи нозил қилинган оят “Ўқи[1]” сўзи билан бошланган. Инсонни ҳақиқий бахтга етказишни мақсад қилувчи илоҳий дастурнинг биринчи мурожаати ушбу ибора билан бошланиши барча яхшиликлар, муваффақиятлар, тараққиёт, муаммоларнинг ечими ўқиш, ўрганиш, илм олиш, билимсизликни кетказиш, жаҳолатни йўқотиш билан бўлишини англатади. “Илм” сўзи турли маъноларда Қуръонда 811 ўринда такрорланиши унинг ўрни қанчалик юқори эканини кўрсатади.

Каломи шарифнинг жуда кўплаб жойларида жоҳиллик ва жаҳолат қораланган ва бунинг акси маърифатга тарғиб этилган.

“Анъом” сурасида жумладан шундай дейилади:

Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамлар эди. Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлма[2]”.

Ушбу оятнинг шарҳларида бундан инсон турли хил қилиб яратилгани, унга ақл берилгани, Пайғамбарлар воситаси билан тўғри йўл кўрсатилгани ва ихтиёрини ҳам инсоннинг қўлига бериб қўйилгани ёритилган. Кимки ўша ихтиёр ҳаққидан тўғри фойдаланса ҳидоят топиши ва оқибатлари хайрли бўлиши, акс ҳолда, оқибат ҳам аксинча бўлиши тушунтирилган.       Шунинг учун ҳам оятнинг охирида нодонларнинг иши – жоҳил бўлиб қолишдан қайтарилмоқда.

Бошқа бир оятда “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир[3]”, дейилган.

Мазкур оятда эътибор қаратиш ва сақланиш лозим бўлган ишлар ёритилмоқда. Даставвал ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўлиш, осон йўлни тутиш, одамларга нисбатан кенг бағирлик бўлишга чорланмоқда. Бу хислат атрофдагилар билан яхши муносабат ўрнатиш ишларини осон кечишини таъминлайди ва ўз ўзидан оятда айтилганидек яхшиликка буюриш ишларини осонлаштиради.

Оятдан яна шуни тушуниш мумкинки, яхшиликлар сари интилишни қасд қилган киши жоҳилликдан юз ўгириши лозим. Жоҳиллик – нодонлик, илмсизликдир. Қуръон кишиларни жоҳил ва нодонлардан, илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, олиму уламоларга юз тутишга чорлайди.

Қуръонда жоҳалатнинг келиб чиқишига асосий боислардан бири сифатида онгсизлик кўрсатилган. Бу ҳақда шундай таъкидланади:

“Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир[4]”.

Оятда онгсизлик, шуурсизлик, қалб билан ҳис этмаслик, кўрган нарсаларини тафаккур қилмаслик,  эшитган нарсаларнинг мағзини чақмаслик кишини чорва ҳайвонлари даражасига тушуриб қўйиши тушунтириляпти. Тафаккур юритмайдиган, илмга қизиқмайдиганларнинг энг адашган тоифа экани, бундайлар ғафлатда қолиб, тараққиётдан четга сурилиб кетишлари таъкидланяпти.

Ҳар бир шахсда ҳис қилиш учун қалб берилган, англаш учун эса ақл берилган. Бу иккисини жамлаш орқали ҳаётнинг моҳияти тушунилади. Ҳиснинг мукаммал бўлиши ва теран англашга кўмакчи бўлиши учун кўзлар ва қулоқлар ато қилинган. Қалблар бўла туриб ҳақиқатни ҳис қила олмаслик, кўзлар бўла туриб, тўғри йўлни кўра олмаслик, қулоқлар бўла туриб, саодатга элтувчи нарсаларни эшита олмаслик бу айни жаҳолатдир.

Жаҳолатнинг муолажаси:

Имом Бухорийнинг шоҳ асари “Саҳиҳул Бухорий”да “Аллоҳ қайси дардни тушурган бўлса, унинг давосини ҳам тушурган”, ҳадиси келтирилган. Жоҳиллик бу маънавий дарддир. Маънавиятнинг моддиятдан устунлигини инобатга олинса, моддий дардлардан кўра маънавий дардларни даволашга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги келиб чиқади.

Қуръон айнан ушбу маънавий касалликларни муолажа қилишни мақсад қилган. “Фуссилат” сурасининг 44 оятида “У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир”, деб таъкидланганига биноан жаҳолатнинг айрим даволарини оятлар ичидан ахтарамиз.

  1. Таълим олиш. Бунга энг ёрқин далолат Қуръоннинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” сўзи билан бошланишидир. Илоҳий дастур айнан илмсизликка қарши курашиш, жамиятнинг илмсиз қатламини маърифатга ўргатишни мақсад қилган. “Жума” сурасида “У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди[5]”, дейилган. Оятда адашиб, залолатда юрган, тўғри нимаю нотўғри нималигини ажратиш қобилиятидан маҳрум бўлганлар “саводсиз” дейилмоқда. Саводсизлик эса жаҳолатдир. Унинг муолажаси эса кишиларга илоҳий дастурни ўқиб берадиган, кишиларни маънан поклайдиган ва Худонинг каломини ва ўзининг суннатларини ўргатадиган Пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) юборилгани билан ифодаланмоқда. Омма пайғамбарлар воситасида илм ўрганган ва жаҳолат кишанларидан халос бўлган.

 Билмадикми билишга интилишимиз, ўрганиш чораларини ахтаришимиз лозим. Бу борада: Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар[6], дейилган бўлиб, киши бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг билимдони – “зикр аҳли”дан ўрганиши лозимги тушунтирилган.  

  1. Билмаган нарсага эргашмаслик. Қуръонда “Ўзинг билмаган нарсага эргашма![7]” дейиш билан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари очиқланяпти. Ёшларнинг экстремистик кучлар таъсирига тушиб қолаётгани ёки “оммавий маданият” сингари ахлоқий таназзулга ружу қўяётганига уларнинг билмаган нарсаларига эргашиб кетиши сабаб бўлмоқда.

Бизни қизиқтирган, ўрганишни хоҳлаган илм ва маълумотларни, у хоҳ диний бўлсин ёки дунёвий бўлсин, дуч келган одамдан ёхуд манбаси номаълум ижтимоий тармоқлардан эмас, балки ишончли манбалардан олмоғимиз зарур.

Эшитган гапига ишониб кетаверган киши, дўсту душманнинг фарқига бормайдиган нодонга айланиб қолади. Буни Хожа Самандар Термизий чиройли тарзда қуйидагича ифодалаган:

Душман сўзларига ишонган киши,

Пушаймон тортишдир оқибат иши!

  1. Борлиқ ҳақида тафаккур юритиш. Тафаккур деганда кўринмайдиган нарса ҳақида ақл билан фикр юритиш тушунилади. Масалан, деворнинг орқасида нима бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрласак бу борада тафаккур юритган бўламиз.

Қуръонда “тафаккур” сўзи ва унинг шаклдошлари 18 марта зикр этилган. Бунинг билан Яратгувчи бандаларини борлиқдаги нарсаларга эътибор кўзи билан қараш ва тафаккур юритишга чорлаб, шундай дейди: У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратадир. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир[8].

Оятда ернинг чўзиқ, кенг қилиб қўйилгани, ундаги барпо қилинган баланд тоғлар, оқизиб қўйилган анҳорлар, меваларнинг жуфт – эркак ва урғочилик хусусияти билан яратилгани эса уларнинг чангланиб, мевага айланишига боис бўлиши, навбат билан кеча кундузни, кундуз кечани ўраб туриши ҳақида тафаккур юритсак шундай улкан ишларни амалга ошириб турувчи буюк Яратувчи бор эканига амин бўламиз. Бу эса буюк ишларга қодир бўлган Зот айнан инсонни ақл билан сийлаб, уни яратган нарсаларининг гултожиси қилгани ҳақида кўплаб фикр юритишга, сийловга жавобан барча неъматлар шукронасини қилиш, ер юзида бузғунчилик, фисқу фасод ишларини қилмай, унинг ободлиги йўлида тер тўкишга чақириб қолади.

Илм олиш, билмаган нарсасига эргашмаслик ва борлиқ ҳақида тафаккур юритиш натижасида кишида маърифат ҳосил бўлади. Маърифатли киши буҳронларга бардош берадиган, ҳавойи нафсга эргашмайдиган комиллик сифатларини ўзида мужассам этган шахс сифатида шаклланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари 
Усмонхон Муҳаммадиев
[1] “Алақ” сураси, 1-оят.
[2] 35-оят.
[3] “Аъроф” сураси, 199-оят
[4] “Аъроф” сураси, 179-оят
[5] “Жума” сураси, 2-оят.
[6] “Наҳл” сураси, 43-оят.
[7] “Исро” сураси, 36-оят.
[8] “Раъд” сураси, 3-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …