Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримда номи келтирилган саҳоба

Қуръони каримда номи келтирилган саҳоба

Ислом динининг илк даврларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида яшаган одамлар саҳобалар ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, ёнларида туриб, иймон келтириб, ислом динини ҳимоя ва тарқалишига ўз ҳиссасини қушган бир қанча саҳобалар бўлган.

Қуръони каримда фақатгина исми баён қилиниб келган саҳобалардан бир киши бўлиб, Зайд ибн Ҳарисдир.

وَإِذْ تَقُولُ لِلَّذِي أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَأَنْعَمْتَ عَلَيْهِ أَمْسِكْ عَلَيْكَ زَوْجَكَ وَاتَّقِ اللَّهَ وَتُخْفِي فِي نَفْسِكَ مَا اللَّهُ مُبْدِيهِ وَتَخْشَى النَّاسَ وَاللَّهُ أَحَقُّ أَن تَخْشَاهُ فَلَمَّا قَضَىٰ زَيْدٌ مِّنْهَا وَطَرًا زَوَّجْنَاكَهَا لِكَيْ لَا يَكُونَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ حَرَجٌ فِي أَزْوَاجِ أَدْعِيَائِهِمْإِذَاقَضَوْامِنْهُنَّوَطَرًاوَكَانَ أَمْرُ اللَّهِ مَفْعُولًا ﴿الأحزاب: ٣٧﴾

Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: “Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил”, дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин, деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир. (Аҳзоб, 37-оят).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам)кўнгилларига Зайд Зайнабни талоқ қилганидан кейин унга уйланиш ниятини солган эди. Аниқ амр бўлмаган эди-ю, аммо кўнгилларига тушган эди. Шунинг учун Зайдга (розияллоҳу анҳу) “Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур”, деб айтаётганларида, хаёлларида бу фикр бўлиб, Аллоҳдан амр келишини кутардилар. У зот одамлар, ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди, деб айтишларидан қўрқар эдилар. Расули Акрам ушбу мулоҳазалар билан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни–Зайд талоқ қилганидан кейин Зайнабга уйланиш ниятини махфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, ҳеч қачон махфий тутмас эдилар. Шундай бўлиши керак эди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳшни розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ. Ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинт Жаҳшни асранди ўғлига, яъни Зайд ибн Ҳориса (р.а)га никоҳлаб беришларидан олдин ўзларида у аёлга нисбатан мойиллик сезмаган эдилар. Никоҳдан кейин кўрганларида дилларида бир туйғу пайдо бўлганди. Шунда беихтиёр: “Субҳаналлоҳи Муқоллибал-қулуб”, – деб тасбеҳ айтиб юборадилар. Буни Зайнаб эшитиб, эри – Зайдга гапириб қўяди. Шундан бошлаб Зайд ундан совий бошлайди ва бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен ундан ажралмоқчиман. Зеро, у ўзини мендан юқори тутмоқда”, – деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундан уни қайтарадилар. Зеро, одамларнинг: “Ўғлининг хотинига уйланибди”, – деган таънасидан қўрқдилар. Лекин Аллоҳнинг иродаси устунлик қилади ва Зайнаб Зайддан ажралиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
А. Рахимов

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …