Home / МАҚОЛАЛАР / Маҳмуд Замахшарийнинг  “Ал-Муфассал” асарининг аҳамияти

Маҳмуд Замахшарийнинг  “Ал-Муфассал” асарининг аҳамияти

Машҳур тарихчи Ибн Қифтий шундай деганлар: “Замахшарий илм ул-адаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида кўплаб буюк олимлар ва фозиллар билан учрашган бўлиб, тафсир, ҳадис, грамматика ва бошқа соҳалар бўйича бир қанча асарлари бордир. У ўз асрида араб тилида ижод қилган ажамлар (араб бўлмаганлар) орасида энг буюгидир”. Арабларда ҳам шундай мақол бор: “Агар Замахшарий бўлмаганида араблар ўз тилларини билмас эдилар[1]”. Бобомизнинг бундай таҳсин-мақтовларга эришишига ва бутун дунёга машҳур тилшунос, грамматик олим бўлиб танилишига араб тили грамматикасига бағишланиб ёзган “Ал-Муфассал” (“Грамматика бўйича кенг баён қилинган китоб”) асари бўлса ажаб эмас. Замахшарий бу асарини Маккада яшаган пайтида, 513/1119 йил Рамазон ойида, Душанба куни ёзиб бошлаб,  515/1121 йил Муҳаррам ойида тугаллади.

 “Ал-Муфассал” араб тили грамматикаси ва морфологиясини  ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқ ҳам, Ғарбда ҳам донғи кетган асарлардан ҳисобланади. Замахшарийнинг илмий, ижодий фаолиятида  у араб тилига, араб халқининг илм-фандаги ютуқларига юқори баҳо бериб, араблар бу ютуқларга Аллоҳ таолонинг каломи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари маърифат ва маданият ривожида ижобий таъсир кўрсатганини алоҳида қайд қилади. У грамматикага бағишланган “Ал-Муфассал” асарини одамларнинг истагини ҳисобга олиб, “араб калималарини билиш учун” яратгани, “Муқаддимат ул-адаб” асарини эса араб бўлмаганлар араб тилини ўрганмоғи учун ёзганини таъкидлайди.

Замахшарий ушбу китобини тўрт қисмга тақсимлаб, биринчи қисм исмлар, иккинчи қисм феъллар, учинчи қисм ҳарфлар, тўртинчи қисм исмлар, феъллар ва ҳарфлар ўртасида муштарок бўлган ҳолатлар баёнини ёритиб берган. Аммо, мавзуларни  ўз ичига олишдаги услубини бир неча фаслларга ажратди:

  1. Грамматик қоидаларни кўрсатишда Қуръон оятларига ва баъзи Қуръон қироатларига суянишлик.
  2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини исботловчи мисол тариқасида келтирди. Замахшарий бу ишни баъзи тилшунос олимларга хилоф равишда амалга оширди.
  3. Шеърий услубда далил келтириб, 441 та байтга мурожаат қилиб, баъзиларини такрор келтириб ўтди.
  4. Далил келтиришда араблар ишлатадиган мисоллар ва сўзлардан фойдаланди, лекин бу услубдаги далиллари Қуръон ва шерий услубдаги далиллардан озчиликни ташкил қилади[2].

Бу китоб Сибавайҳ ва у кишининг фикрларига таянган Басралик тилшуносларнинг мисолларини ўз ичига олади. Шул сабабдан у кишига эргашганлар, “Таназиъ (иккита феъл маъмулга талашган) бобида омил иккинчи феъл бўлишига биноан, هل زيد قام؟ жумласида Зайд хазф қилинган феъл учун фоил (иш бажарувчи) дир, уни зикр қилинган феъл тафсир қилиб келади. Куфа тилшуносларига кўра Зайд мубтодадир (гапни бошловчидир).

“Муфассал”китобининг услубига кўра, Замахшарий қоидаларни халал бермаган ҳолда қисқартириб, малол бермаган ҳолда қисқача баён қилган. “Муфассал” китоби уламолар наздида аҳамиятли бўлгани сабабли, унга мақтовлар, шарҳлар, назмлар ва мухтасар қилиб шарҳлар кўп ёзилган. “Ал-Муфассал”нинг бир қўлёзмаси Тошкентда, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади. Асарнинг немис тилига таржимаси 1873 йилда нашр қилинган. Катта илмий қийматга эга бўлган “Ал-Муфассал” га тилшунос олимлар томонидан кўплаб шарҳлар ёзилган. Немис Шарқшуноси К.Броккельманнинг фикрича, “Ал-Муфассал” га ёзилган шарҳларнинг сони ўттизга яқин экан. Асарнинг биринчи нашри 1859 йилда Кристянада Ж.Р.Брош томонидан чоп этилган. “Ал-Муфассал” нинг кўп сонли шарҳларидан энг машҳури ўрта асрларда яшаган суриялик грамматик олим Муваффақдин Абул-Бақо Йаъийш ибн Али томонидан ёзилган шарҳ ҳисобланади. Мазкур шарҳ 1882 йилда Лейпцигда икки жилдда босилган[3].

“Ал-Муфассал” га ёзилган бошқа шарҳлар ичида имом Фахриддин Муҳаммад ибн Умар Розий, Муҳаммад ибн Саъд Марвазий, Аҳмад ибн Абу Бакр Ҳалвоний,  Абул Форис Бадриддин, ибн Ҳожиб Усман ибн Умар, Ҳусайн ибн Али Сағноқий, Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Саховий, Абдулвоҳид ибн Абдулкарим Ансорий, Муҳаммад ибн Саад Марвазий, Ибн Нажжор Бағдодийларнинг шарҳи муҳимдир, шунингдек, Абу Муҳаммад Мажиддин Қосим ибн Ҳусайн Хоразмий “Ал-муфассал” га учта шарҳ ёзган бўлиб, улардан бири “Ат-Тахмийр” деб аталади[4]. Унинг қўлёзма нусхалари Британия музейида ва Дамашқда сақланади. Фахриддин Хоразмийнинг “Ал-Муфассал” га ёзган шарҳидан бир қўлёзма нусхаси Дамашқда, “Аз-Зоҳирия” кутубхонасида сақланмоқда. Замахшарийнинг бу машҳур асари араб мамлакатларида, жумладан, Мисрда бир неча марта нашр қилинганлигини ҳам қайд этиш лозим.

“Муфассал” асарида жумла термини кенг қўлланилиб, гап тушунчасига яқинлаштирилган. Чунончи, Замахшарий илк бор исмий, феълий, шартий ва ҳолий жумлаларнинг комплекс таснифини берган араб тилидаги ҳарф, яъни ёрдамчи сўзлар (юклама, боғловчи, олд кўмакчилар) таснифи Замахшарийнинг “Муфассал” асарида алоҳида бобда, 23та фаслда ажратиб баён қилинган.

Ўша даврнинг ўзидаёқ бу асар барча халқлар, ҳатто, араблар орасида ҳам катта эътибор қозонади ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида омма орасида кенг тарқалади. Ҳатто, Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо, кимда-ким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга пул ва сарпо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар Замахшарийнинг бу асарини ёд олиб, мукофотга ҳам сазовор бўлганлиги манбаларда келтирилган. Бу мисол Замахшарий асарининг ўша даврда ҳам қанчалик юқори баҳоланганлигини кўрсатади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
Баҳриев Отабек

 

 

[1]О . Жўраев. “Маҳмуд Замахшарий”.  “Имом Бухорий халқаро маркази” нашриёти 2011.
[2]Муваффақдин Яъиш ибн Али. “Шарҳул муфассоли лил-Замахшариййи”. – Байрут. Дарул кутубул илмийя, 2001. – Б.43-44.
[3]У. Уватоов.  “Маҳмуд Замахшарий”.  “А. Қодирий номидаги халқ мероси”, Т. 1995 й.
[4]Муваффақдин Яъиш ибн Али. “Шарҳул муфассоли лил-Замахшариййи”. – Байрут. Дарул кутубул илмийя, 2001. – Б.47-48.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …