Ушбу “Аҳадис қудсия” қўлёзма асарида Каъбул Аҳбор томонидан ривоят қилинган ҳадислар ҳамда Каъбул Аҳборнинг фикрлари келтирилган.
Каъбул Аҳборнинг тўлиқ исми Абу Исҳоқ Каъб ибн Мотеъ Ҳумайрий Яманий бўлиб олтинчи асрда Яманда таваллуд топган. Замонасининг энг донишманди, оқил кишиларидан ҳисобланиб, у тафсир, ақида ва ҳадис илмини яхши билган. Унинг асли келиб чиқиши яҳудий миллатига мансуб бўлиб, Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин исломни қабул қилган ва Умар розияллоҳу анҳунинг халифалигида Ямандан Мадинага кўчиб келади. Каъбул Аҳбор саҳобаларнинг давра суҳбатларидан баҳраманд бўлган тобиъийнларнинг улуғларидан саналади. У тарихни яхши биладиган шахслардан бири бўлиб, саҳобаларга Бани Исроил ҳақидаги воқеъаларни гапириб берар эди.
Умрининг охирида Шомда яшаб Ҳимсда тахминан 660 йилда вафот этган. Баъзи дин душманлари Каъбул Аҳборнинг номидан турли бўлмағур гапларни тарқатиб юборганлари ва бу ёлғонлар баъзи китобларга кириб қолганини уламолар афсус ила таъкидлайдилар.
Каъбул Аҳбор диёнатли, тақводор мусулмон ва заковатли уламолардан бўлиб пайғамбар алайҳиссаломнинг суннат ва ҳадисларини саҳобаи киромлардан ўрганган. Шунингдек, Умар, Суҳайб ва бошқалардан ҳадислар ривоят қилган. Ундан ҳам ўз навбатида Абу Ҳурайра, Муовия, Ибн Аббос каби саҳобалар ҳадислар ривоят қилган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Каъбул Аҳбор тарихни, жумладан, Тавротни ва яҳудийларнинг бошқа китобларини, айниқса, Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишлари башорат қилинган маълумотларни жуда яхши билар эди. Улардаги маълумотларнинг тўғри ёки нотўғрилигини ҳам ажратар эди. Унинг ривоятлари Абу Довуд, Термизий ва Насаийнинг китобларида ҳам зикр қилинган. Шунингдек, ундан ривоят қилинган ҳадислар мусулмонлар орасида катта эътибор билан қаралиб, унинг ривоятлари алоҳида бир тўплам кўринишида ҳам китоб қилинган.
Шулардан “Каъбул Аҳбор ва асаруҳу фит-тафсир” асари ҳамда “Аҳадису қудсия” номи билан машҳур бўлган Каъбул Аҳборнинг ўзидан ривоят қилинган ҳадислар тўплами бизгача етиб келган. Каъбул Аҳборнинг “Аҳадису қудсия” ҳадис тўпламининг қўлёзмаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида №MR 71/VIII – рақами остида сақланмоқда.
“Аҳадис қудсия” асарида тобиъийнлардан саналган Каъбул Ахбор томонидан ривоят қилинган Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадиси қудсийлар ва набавий ҳадислар ҳамда Каъбул Аҳборнинг ўз фикрлари ушбу қўлёзма асарида келтирилган.
Ушбу қўлёзма асар 1285/1868 йилда настаълиқ хатида ёзилган; 12 варақдан иборат; пойгирланган; сиёҳи қора; шарқ қоғози; варақлар шарқона рақамланмаган.
Асарда 40 та ҳадиси қудсий ривоят қилинган бўлиб, уларда одамзотнинг яратилишининг моҳияти, дунёнинг ўткинчи эканлиги, одам боласининг ризқи ўлчовлилиги, одоб-ахлоқ, илм ва амал, кенгчилик ва қийинчиликда ҳам Яратганни унутмаслик, сахийлик, ростгўйлик, дунёга ҳирс қўймаслик каби хислатлар тарғиб этилади ҳамда инсонийликка хос бўлмаган ёлғончилик, очкўзлик, бахиллик, худбинлик каби разил сифатлардан узоқ бўлишга буюрилади.
Ҳар бир ҳадиси қудусий “Эй одам фарзанди” ибораси билан бошланган бўлиб, қуйида улардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
«يا بن آدم ما أطالبك لعمل غد فلا تطالبنى برزق غد».
“Эй одам боласи, мен сендан эртанги куннинг амалини талаб қилмас эканман, сен ҳам мендан эртанги куннинг ризқини сўрама”.
«يا بن آدم لا تمنع المحتاج مما فى يدك حتى لأمنع مما فى يدىّ».
“Эй одам боласи, муҳтожларга қўлингда бор нарсалардан беришга бахиллик қилма, акс ҳолда, мен ҳам қўлимдаги нарсаларни беришда бахиллик қиламан”.
«يا بن آدم بقدر ما تنفق أخلق عليك».
“Эй одам боласи, хайр-эҳсон қилган миқдорингча мен сенга ризқ бераман”.
Бу қўлёзма асар шу кунга қадар яхши сақланган бўлиб, тўлиқ ҳолда бизга етиб келган. Асар Басмала билан бошланади.
Асар боши:
بسم الله الرحمن الرحيم
قال كعب الاخبار رضى الله تعالى عنه يقول
الله تعالى فى بعض كتب المنزلة على الأنبياء
لا تخف سلطانا غيرى ما دام
سلطانى باقيا و سلطانى عليك باق لا يضام …
Асарнинг сўнгги варағи:
يا ابن آدم خلقتك لعبادتى
فلا يلعب تكفلة برزقك فلا تنعب
إن وجدتنى وجدت كل شىء و إن فت
عنك فت عنك كل شىء (تمت الكتاب)
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари марказ манбалар хазинасида сақланаётган ушбу қўлёзма асарни қиёсий таҳлиллар асосида тадқиқ ва таржима қилиб кенг афкор оммасига етказишни олдига мақсад қилиб қўйган.