Home / АЛЛОМАЛАР / Жадид мутаффаккирлари фаолияти тарихидан Сўфизода (1880-1937)

Жадид мутаффаккирлари фаолияти тарихидан Сўфизода (1880-1937)

Муҳаммадшариф Сўфизода 1880-йилда Чуст шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилди. Унинг отаси масжидда сўфилик қилган ва пичоқчи-ҳунарманд бўлган. Онаси Зайнаб хола ўғлининг илм-маърифатли бўлишига қаттиқ ҳаракат қилади ва уни дастлаб маҳалладаги анча ўқимишли ҳисобланган Манзура отинга топширади, кейин Муҳаммадшариф ўқишни маҳалла мактабида давом эттиради. Муҳаммадшариф 1890-йилларнинг ўрталаридан Қўқон мадрасаларининг бирида ўқий бошлайди.

ХХ аср бошларида у «Сўфизода», «Ваҳший» тахаллуслари билан шоир сифатида элга танила бошлади. Сўфизоданинг шеърлари мавжуд тузум кирдикорларини фош этгани, айниқса ҳажвиялари ижтимоий-сиёсий тузум тарафдорларини, мустамлакачи маъмурларни ташвишга сола бошлаган эди. Улар шоирни «бадасл», «беадаб» деб, даҳрийликда айблайдилар. У бу таъқиб ва тазйиқлардан қутулиш учун 1900 — 1913-йилларда Ватанини ташлаб кетишга, ўзга юртларда дарбадар ҳаёт кечиришга мажбур бўлади.

Узоқ давом этган қувғиндан сўнг 1913-йилда ўз ватани Чустга қайтиб келади ва янги мактаб очади. Унинг бу мактаби «усули қадим» мактабларидан тубдан фарқ қилар эди. Унинг педагогик фаолияти ҳам «усули қадим» тарафдорлари, шариат-дин пешволари билан муросасиз курашларда кечди. У ўз мактабида жуғрофия, ҳандаса, ҳисоб каби замонавий фанларни она тилида ўқитади. У мактабида жадид мутафаккирлари Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Абдулла Авлоний, Исъҳоқхон Ибратлар томонидан нашр этилган дарслик ва қўлланмаларни ўқитишни жорий қилди, камбағал болаларни дарсликлар билан таъминлаш мақсадида кичик бир мактаб кутубхонасини ташкил қилди ҳамда китоб дўкони очди.

У мутаассиблар ва мавжуд тузум таъқибидан қочиб 1915 йил Ҳиндистонда яшайди, у ерда ҳам муаллимлик қилади, инглиз мустамлакачилари таъқибидан қочиб, Афғонистонга кетади. Шу вақт Афғонистоннинг «Сирож ул-ахборе афғония» («Афғон хабарлари чироғи») номли эътиборли газетасида унинг маориф ва мактаб, илм-маърифат ҳақида бир неча шеърлари босилади ва улар Афғонистон амири Ҳибибуллохоннинг эътиборига тушади. Амир шоирни чақиртириб, унинг илтимосига биноан мактаб очиб, ўқитувчилик қилишига рухсат беради. Сўфизоданинг янги очган мактаби амирнинг ўғли Омонуллохонда ҳам яхши таассурот қолдиради. Афғонистон тахтига Омонуллохон ўтиргач, Сўфизодани маориф вазирлигига масъул ишга оладилар. 1919-йилда Афғонистондан ўз юртига қайтган Сўфизода биринчи кунлариданоқ маориф соҳасида фаолият кўрсатади. Дастлаб у Наманган вилоятининг Шаҳанд қишлоғига келиб, яна мактаб очади ва ўқитувчилик қилади. Шунингдек, у она шаҳри Чустда маориф ширкати тузди. Аммо, унинг шўро ҳукумати билан боғлаган орзу-умидлари сароб бўлиб чиқди.

Ўз фаолияти давомида Сўфизода бошқа жадид педагоглари каби «усули жадид» мактаблари учун дарслик ёки қўлланма-мажмуалар яратган эмас, у фаолиятининг илк босқичидан бошлаб янги мактаблар очди, ўқитувчилик қилди, мутаассиблардан, «усули қадим» тарафдорларидан бундай мактабларни мардонавор ҳимоя қилди. У педагогик фаолият билан баравар бадиий ижод билан умрининг охиригача шуғулланди.

У ўз ҳаётини Ватан, миллат истиқболига бағишлаган жадид мутафаккирлари қаторида таъқиб ва тазйиққа учради. 1937 йил Сўфизода авжи ижодий кучга тўлган бир пайтда қатағон қурбони бўлди. Ватанимиз мустақилликка эришгач, Муҳаммадшариф Сўфизоданинг «Танланган асарлар» «Истиқлол қаҳрамонлари» рукни остида «Маънавият» нашриёти томонидан 1999 йилда босмадан чиқарилди. Ҳозирда Наманган вилоят, Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғидаги 1919-йилда Сўфизода томонидан очилган 33-ўрта мактаб унинг мўътабар номи билан аталади.

Диний-маърифий тадбирлар бўлими
Илмий ходими Ж.Жумаев

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …