Қуръони каримда ўтган пайғамбарлар, ўтмишдаги ҳодисалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида рўй берган воқеаларга тааллуқли қиссалар келтирилган. Уларнинг дин йўлида ваъз насиҳатлар олиш ва иймонни сайқалашда муҳим ўрни бор. Бу ҳақда Қуръони каримда:
“Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир”[1], дейилган.
“Қисса” арабча сўз бўлиб, “изидан эргашмоқ”, “ортга қайтиш” каби маъноларни англатади. Қиссалар бир-бирининг ортидан келтирилган хабарлардир. Қуръон қиссалари уч навга бўлинади.
- Анбиёлар қиссаси. Бундай қиссаларда пайғамбарларнинг қавмларини ҳақ йўлга даъват қилишлари, даъват босқичлари ва диннинг ривожланиши, Аллоҳнинг ёрдами ила кўрсатган мўжизалари, мўмин ва кофирларнинг оқибатлари баён қилинади. Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссаломлар қиссаси шундай қиссалардандир.
- Олдин бўлиб ўтган воқеалар, пайғамбарлиги собит бўлмаган шахслар ҳақидаги қиссалар. Масалан, Асҳоби фил, “Ғор” соҳиблари, Қорун, Толут, Жолут қиссалари.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида рўй берган воқеаларга тааллуқли қиссалар. Масалан, Исро ва Меърож кечаси, Бадр, Уҳуд, Ҳунайн, Табук ғазотлари кабилар[2].
Қуръон қиссаларидан бир нечта мақсадлар келиб чиқади.
Биринчидан, қиссалар Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг набий ва расулликларини исботлайди. У зотнинг Иброҳим, Юсуф, Мусо, Исо ва улардан бошқа ўтган анбиё алайҳимуссаломлар қиссаси ҳақида жуда аниқ ва равшан ҳолатда хабар беришлари Қуръоннинг Аллоҳнинг ҳузуридан эканлигига ёрқин далилдир. Чунки ўқиш ва ёзишни билмайдиган, ўтган анбиёлар ҳақида билимга эга бўлган аҳли китоблардан холи бўлган жойда (Макка шаҳри) туғилиб ўсган бир кишининг бундай хабарларни бериши у кишининг пайғамбарлигини исботлайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
“Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам”[3].
Яъни, Қуръон деб номланган илоҳий китобимизни ваҳий ила нозил этиш жараёнида энг гўзал қиссани ҳам сенга айтиб берамиз. Сен қавминг ичида ўқиш-ёзишни ўрганмаган, бунақа қиссалардан хабарсиз кишилардан бири эдинг. Энди эса, Аллоҳнинг инояти ила булардан хабардор бўласан ва уларни халққа етказасан[4], дейилмоқда.
Иккинчидан, қиссалар имонга, улуғ хулқларга чорлайди, тақводорларнинг гўзал хотимасини баён қилади ва бузғунчи, фитна чиқарувчи, дин душманларининг ёмон оқибатлари ҳақида огоҳлантиради.
“Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир.
Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг. Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг”[5].
Ушбу оятларда Шуайб алайҳиссаломнинг ўз қавмига қилган даъватлари ҳақида хабар бериляпти. Уларни Аллоҳга ибодат қилишга чорлаб, ёмонликлардан, гуноҳ, бузғунчилик, зулм ишлардан қайтарганлари баён қилинмоқда.
Одатдагидек, Пайғамбар келганда ҳар бир қавм икки қарама-қарши гуруҳга бўлинади. Бир гуруҳ иймонга келиб, иккинчи гуруҳ куфр келтиради. Худди шундай ҳолат вужудга келганда, Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини, мўминларга зулм қилмасдан, уруш-жанжал чиқармасдан, энг адолатли йўлни тутишга, уларга Аллоҳнинг ҳукми етиб келгунча сабр қилиб кутиб туришга чақирганлар[6].
Учинчидан, қиссалар олдинги пайғамбарларнинг Аллоҳнинг йўлига даъват қилишдаги азиятларга қилган сабрларини баён қилиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қийинчилик пайтида тасалли бериш, мўминларнинг қалбини динга собит қилиш учун нозил қилинган.
“Биз Қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди”[7].
Аллоҳ таоло бу оят билан пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қиссалардан хабардор бўлганларидан кейин динга даъват қилишда қалбиларига субут тўлиши, олдин ўтган пайғамбарлар ҳам қийинчиликларга дучор бўлганларини, аммо собит турганлари учун оқибатда нажот топганларини билиб, ҳимматларига ҳиммат, ғайратларига ғайрат қўшилишини, мўминлар учун эса, қиссалар мавъиза ҳамда эслатма эканини баён қилмоқда[8].
Қуръони каримда келтирилган қиссалар ҳақида фикр юритадиган бўлсак, аввола Қуръоннинг ҳақиқий мўжиза экани ҳақидаги тасдиғимиз сайқаллашади, ўтган умматлардан нажот топганлари қандай амаллар қилганлари, аксинча, азобга дучор бўлганларга қайси ишлари сабаб бўлгани ҳақида мушоҳада юритиб ибрат ва ваъз-насиҳат оламиз, қийинчиликларга сабр қилишнинг самарасига гувоҳ бўламиз. Бу эса имонимизнинг зиёда бўлишига олиб келади. Зеро, Қуръон “тақводорларга ҳидоятдир”.