Home / МАҚОЛАЛАР / Самарқанд фиқҳ мактаби ва Имом Мотуридий

Самарқанд фиқҳ мактаби ва Имом Мотуридий

Ироқда ташкил топган Ҳанафий мазҳаби Мовароуннаҳрга икки йўл орқали кириб келган. Биринчи йўл бевосита, Ироқда яшаган мазҳаб асосчиларидан уларнинг Балхда яшаган шогирдлари орқали, хусусан, Абу Бакр Жузжоний орқали Самарқандга кириб келган. Иккинчи йўл эса бевосита, мазҳаб асосчиларидан тўғридан-тўғри Мовароуннаҳр диёрига, яъни Абу Ҳафс Кабир Бухорий орқали Бухорога олиб келинади.

Мовароуннаҳрда IX асрда шаклланиб борган маҳаллий фиқҳ мактаби минтақадаги Самарқанд, Бухоро каби йирик илм марказларидан ташқари Кеш, Насаф, Марғилон, Ўзган каби шаҳарлардан етишиб чиққан алломалар томонидан ҳам ривожлантириб борилган.

Самонийлар ҳукмронлиги даврида (819-1005) фиқҳ марказлари бўлган Балх ва Бағдод билан алоқалар ривожланган эди.

Шу даврда балхлик ва самарқандлик ҳанафий алломаларнинг биргаликдаги фаолиятлари натижасида Самарқандда калом мактаби шаклланди. Ушбу таълимот унинг шаклланишига катта ҳисса қўшган буюк аллома Абу Мансур Мотуридий номи билан Мотуридия таьлимоти деб аталди.

Калом илми имоми, мотуридия ақоиди таълимоти асосчиси, фақиҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий юқорида айтиб ўтилган балхлик машҳур аллома, фақиҳ Абу Бакр Аҳмад Жузжонийнинг шогирдидир. Айнан Самарқанд фиқҳ мактабининг шаклланишида ушбу алломанинг тутган ўрни каттадир.

X-XII асрларда Самарқанддаги йирик илмий марказ “Жузжония” деб номланган. Айнан, унинг “Жузжония” деб номланиши Самарқандга биринчи бўлиб ҳанафийлик мазҳабини олиб кирган Абу Бакр Сулаймон Жузжоний (ваф. IX аср) номи билан боғлиқ. Кўплаб ҳанафий табақотларида Самарқанд уламоларининг силсиласи Абу Бакр Сулаймон Жузжонийга бориб тақалади[1].

Имом Мотуридий Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл каби олимларни ҳам ўзининг устози деб билган.

Абу Бакр Аҳмад Жузжонийнинг кўзга кўринган шогирди Абу Мансур Мотуридий калом илми билан бирга фиқҳнинг ривожига ҳам катта ҳисса қўшгандир. У ўз навбатида қатор фақиҳларга устозлик қилган. Улар орасида қози Исҳоқ ибн Муҳаммад Самарқандий (ваф. 341/953), Али ибн Саид Рустуғфоний (ваф. 349/961), Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий ва бошқа таниқли алломалар номлари бор. Ушбу фақиҳ алломалар маҳаллий фиқҳ мактабининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшганлар.

Мотуридий илмий мероси анча бой. Каломга оид “Китоб ат-тавҳид” (Тавҳид китоби), “Рад усул ал-хамса” (Беш усулга раддия), “Радд ал-Амамийя ли-баъд ар-равафид” (Имомийларнинг баъзи рофидийларга раддияси), “Рад ала-л-Қарамита” (Қарматийларга раддия), шунингдек, фиқҳга оид “Маъхаз аш-шараъи фи-л-фиқҳ” (Фиқҳ илмида шаръий манбалар) ва “Ал-жад фий усул ал-фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар) каби асарлари маълум ва улардан баъзилари бизгача етиб келган[2].

Тарихий манбаларда Мотуридийнинг кўплаб асарлари ҳақида маълумотлар етиб келган. Уларда таъкидланишича Мотуридий уч йўналиш: калом, тафсир ва фиқҳ бўйича асарлар ёзган.

Унинг фақиҳ сифатида китоблар таълиф этганлигини Абул Муин Насафий ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида келтириб, қуйидаги асарларни санаб ўтган: “Китоб ал-жадал фи усул ал-фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар), “Маъхаз аш-шариъа фи-л-фиқҳ” (Фиқҳ илмида шаръий манбалар).

I­Х асрларнинг мураккаб шароитида Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ўзига хос калом мактабига асос солиб, ҳанафий мазҳабининг ғоявий пойдеворини мустаҳкамлаб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодини қатъийлик билан ҳимоя қилди.

Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди[3].

Самарқанд фиқҳ мактабининг ривожига катта ҳисса қўшган алломалардан бири, “Ал-фақиҳ”, “Абу Лайс” куняси билан машҳур бўлган Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тусий Балхийдир. Баъзилар Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад (ёки Муҳаммад) ибн Иброҳим Самарқандий дейишган[4].

Олим фиқҳга оид “Хизонат ал-фиқҳ” (Фиқҳ хазинаси), “Муқаддима фис-солат” (Намоз муқаддимаси), “Ан-навозил фил фатово”, “Таъсис ан-назоир ал-фиқҳийя”, “Ал-мабсут фи фуруъил фиқҳ ал-ҳанафий”, “Ан-наводирул муқаййида” (Фиқҳнинг нозик масалалари ҳақида), “Шарҳ ал-жомеъул кабир” ва “Шарҳ ал-жомеъус сағир” (яъни Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг китобларига шарҳ ёзганлар), “Фатово Абу Лайс” каби асарлар ёзган.

X-XII асрлар давомида Фахрулислом Баздавий (ваф. 482/1089 й.), Алоуддин Самарқандий (ваф. 1144 й.), унинг куёви Алоуддин Косоний (ваф. 1191 й.) ва Фотима бинти Алоуддин Самарқандийлар ўз фаолиятлари давомида фиқҳ илмининг ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар.

Шу даврда “Дорул Жузжония”да мударрислик ва фиқҳдан дарс берган Абулфатҳ Солиҳ Розий Насафий (ваф. 532/1138 й.), машҳур фақиҳ Ҳамза ибн Али Ҳайломий (ваф. 523/1128-29 й.) каби олимлар Самарқандда фиқҳ мактабининг ривожига катта ҳисса қўшганлар.

Хулоса тариқасида шуни айтиш мумкинки, Самарқанд фиқҳ мактабининг шаклланиши ўзаро балхлик фақиҳларнинг фаолиятларига боғлиқ бўлган. Улардан таълим олган фақиҳлар ўз фаолиятлари орқали маҳаллий фиқҳ мактабининг шаклланиши ва ривожланишига сабаб бўлганлар.

Р. Элмуродов
ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
[1]Асророва Л. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи. ‒Т.: Тошкент ислом университети, 2014. ‒Б.100.
[2] Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. ‒Т.: Фан, 2009. ‒Б.25.
[3] Аъзамхўжаев С. 100 Марказий Осиё мутафаккирлари. ‒Т.: YANGI NASHR, 2011. ‒Б.22.
[4] Абдулқодир Қураший. Ал-жаваҳир ал-музийя фи тобақот ал-ҳанафийя. Ж.3. ‒Ҳиндистон: Даирот ал-маориф ан-низомия. ‒Б.544.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …