Home / АЛЛОМАЛАР / Жадид мутаффаккирлари фаолиятидан. Абдурауф Фитрат (1886 – 1938)

Жадид мутаффаккирлари фаолиятидан. Абдурауф Фитрат (1886 – 1938)

Абдурауф Фитрат 1886-йилда Бухоройи шарифда туғилди. Унинг отаси Абдураҳимбой анча зиёли савдогар бойлардан бўлиб, умри узоқ сафарларда ўтган. Фарзандлар тарбияси билан асосан маърифатли онаси Мустафбиби шуғулланган. Абдурауф дастлаб эски усулдаги маҳалла мактабида, кейин машҳур «Мир Араб» мадрасасида ўқийди. У мадрасада араб ва форс тилларини, шарқ фалсафасини чуқур ўрганиш билан бирга, таъсири Бухоро амирлиги фуқароларига ҳам тарқала бошлаган, ёшларда амирлик тузумига, мустамлакачилик сиёсатига қарши нафрат уйғота бошлаган Исмоилбек Гаспиралининг «Таржимон» газетасини, Меҳмет Акиф муҳаррирлигидаги «Сиротул-мустақим» Ризоиддин Фахриддиннинг «Шўро» журналларини мунтазам кузатиб борди. Абдурауф мана шу даврдан бошлаб ўзига «Фитрат» («фитрат» сўзи яратмоқ, яратилиш, туғма маъноларини англатади) тахаллусини белгилади ва умрининг охиригача асарларини фақат шу тахаллусда эълон қилди ва шу ном билан жаҳоний шуҳрат қозонди.

Абдурауф Фитратнинг талабалик йилларида Бухоро тараққийпарвар зиёлилари томонидан илк усули жадид мактаблари ташкил қилинган, улар бошчилигида 1909-йилдан яширин «Ширкати Бухоройи шариф», «Тарбияи атфол» («Болалар тарбияси») хайрия жамияти иш бошлаган эди. Жамиятнинг биринчи мақсади Истанбулга ўқувчилар юбориш ишларини йўлга қўйиш эди. Жамиятнинг саъй-ҳаракати билан Абдурауф Фитрат билан бирга яна бир қанча талаба Истанбулга юборилди.

Истанбулдаги тўрт йиллик таҳсил уни бутунлай янги сиёсат ва ижод оламига олиб кирди. Бир йил ўтар-ўтмас, унинг «Бухоро вазири Насруллоҳбей Парвоначи афанди ҳазратларина очиқ мактуб»и матбуотда эълон қилинди. Фитрат Истанбул дорилфунунидаги таҳсили давомида ватандошлари бўлган талабаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Бухоро таълими маориф жамияти» ни тузади. 1909—1913-йиллар давомида Фитрат Истанбулда «Мунозара», «Баёноти сайёҳ ҳинди» («Ҳинд сайёҳи баёноти») насрий асарларини, «Сайҳа» («Наъра») шеърий тўпламини нашр эттирди. Унинг «Сайҳа» шеърий тўплами бутун Туркистон ўлкасида, Бухоро амирлигида катта акс-садо берди. Бу тўпламдаги шеърларни ўқиш нафақат Бухоро ҳукумати томонидан, балки, Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурияти томонидан ҳам таъқиқлаб қўйилди. Чунки, бу шеърлар ҳукмдорларни қўрқитар, ундаги шеърлар Ватан ҳақида, унинг жароҳатларига малҳам бўлишга даъват этар эди. Шу билан бирга, Абдурауф Фитрат Туркистон Мухториятини чексиз меҳр билан кутиб олди, Мухторият эълон қилинган 27-ноябр тунини «миллий лайлатулқадримиз» деб атади.

1920-йил 3-сентябрда М. Фрунзе бошчилигида Бухорони «озод қилиш» ниқоби остида тўнтариш уюштирилди ва амирлик тугатилди. Абдурауф Фитрат Файзулла Хўжаевнинг таклифи билан Бухорога келади. 1921-йилдан Халқ маорифи вазири ва бошқа бир қанча масъул лавозимларда ишлади. Унинг раҳбарлигида Бухоро халқ дорилфунунини очиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди. 1923—1924-йилларда эса Фитрат Москва ва Ленинградда яшади, олий ўқув юртларида ишлади. Шу билан бирга бадиий ижод билан шуғулланди. Ўзбек адабиётида биринчи тарихий фожиа —«Абулфайзхон» драмасини, «Бедил», «Қиёмат», «Шайтоннинг Тангрига исёни» асарларини Москвада яратди.

1930-йиллар Абдурауф Фитрат учун илмий-бадиий ижодда ҳам, мураббийликда ҳам камолот даври бўлди. Аммо совет ҳукумати ўз мавқеини мустаҳкамлаб борган сари эркин фикрлаш торайиб, жадид зиёлиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқ кучайиб борди. Авжи кучга, камолга етган бир вақтида — 1937-йил 24-апрелда қамоққа олиниб, «халқ душмани», «ватан хоини» каби айбловлар билан 1938-йилнинг 4-октябрида отиб ўлдирилди.

Ж. Жумаев
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …