Муҳтарам юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мамлакатимизда халқимизнинг маънавий-маърифий юксалишида юксак аҳамият касб этиши билан бирга муқаддас манбаларни ўрганиш, улар устида мунтазам илмий тадқиқот ишларини олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Марказга кейинги кунларда маҳаллий саёҳатчилар билан бирга хорижий меҳмонлар ташрифи ҳам тобора кўпаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2018 йил 27 июлда тасдиқланган “Туркия университетлари ва тадқикот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларнни янада ривожлантириш мақсадида ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” нинг 14- бандида Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, илмий меросларни кенг ўрганиш, муқаддас динимизни ҳимоя қилиш йўналишларида халқаро анжуман, илмий-амалий семинарларни Туркия ва Ўзбекистоннинг қадимий ва машҳур шаҳарларида ўтказиш белгиланган. Шу муносабат билан жорий йилнинг 15-16 апрел кунлари Туркиянинг “Мармара”, “Ҳитит” ва Қозоғистоннинг Хожа Аҳмад Яссавий Қозоқ-Турк халқаро унивеситетлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўтмишдан ҳозиргача Туркистон: Тарих, маданият ва цивилизация” номли халқаро илмий-амалий конференцияда Марказнинг беш нафар илмий ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этиб қайтишди. Мазкур халқаро конференцияда иштирок этган Туркиянинг “Сулаймон Демерел”, “Ҳитит”, “Анқара”, “Ҳожи Байрам Вали”, “Мармара”, “Улуғдоғ”, “Ота Турк” ва “ Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк” халқаро университетларининг профессор олимлари 18 апрел куни Марказга ташриф буюришди.
Меҳмонларни Марказ директори Ш.Зиёдов, директор ўринбосари Ш. Умаров, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаев ва Ф.Мадиевлар кутиб олишди.
Меҳмонларга Марказ биносининг шарқона ва замонавий меъморчилик услубда бунёд этилганлиги ҳамда кириш қисми пештоқи ва асосий фойе гумбазида битилган Қуръон оятлари таништирилиб, марказнинг ташкил этилиши тарихи, унинг фаолияти ва вазифалари ҳамда илмий ходимларнинг буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиши учун яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб берилди. Шундан сўнг халқаро алоқалар бўлими ходими Ф. Мадиев меҳмонларга музей фондидан жой олган Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига доир нодир асарлари, ноёб экспонатлар ҳамда буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи қўлёзма ва тошбосма манбалар тўғрисида маълумотлар берди. Меҳмонлар музейдаги буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг илмий сафарлари тасвирланган харита ва деворий суратларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Ташриф давомида Туркиялик олимлар билан Марказ илмий ходимлари ўртасида давра суҳбати ташкил этилди. Марказ директори Ш.Зиёдов меҳмонларга бу ерда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, истиқболдаги режалар ва Туркиянинг нуфузли олийгоҳ ва илмий-тадқиқот марказлари билан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорликлар ҳақида маълумот берди.
Меҳмонлардан Хожа Аҳмад Яссавий Қозоқ-Турк халқаро унивеситети профессори Сулаймон Гезер сўз олиб, Марказ жамоаси билан илмий жараёнда кечган суҳбатдан жуда мамнун эканликлари ҳамда Марказ ходимлари томонилдан тайёрлаб нашр этилган “Қўлёзмалар каталоги” номли китобни келгусида Туркия олимлари билан биргаликда ўзбек-турк тилларида ҳам нашр эттириш истагини билдирди. Меҳмонлар ўзларига қулай фурсатда Марказга алоҳида келиб, илмий-амалий алоқаларни изчил давом эттиришга ўз ҳиссаларини қўшишларини билдиришди.