Home / МАҚОЛАЛАР / АРОСАТДАГИ ФАРОСАТ

АРОСАТДАГИ ФАРОСАТ

Ҳар тилнинг таржима қилиб бўлмайдиган сўз ва иборалари бўлади. Бу ҳақда гап қўзғалганда кўпчилик «андиша» сўзини ёдга олади. «Мушугинг дастурхонни бенамоз қилди» қабилидаги иборалар ҳам бор. Бу сўз ва жумлалар мўлжалга шунчалик аниқ тегадики, на бирор нарса қўшиб, на бирор нарса олиб ташлаб бўлади. Лекин таржимон қийналади.

Бугун таржима қилиб бўлмайдиган яна бир сўзимиз ҳақида сўз юритсак. Бу фаросатдир.

«Андиша» сўзи ўрнига қараб турли маъно ва мақсадларни кўзлаганидек, «фаросат» калимаси ҳам баъзан «одоб», гоҳо «ақл», баъзан «фаҳм» (англамоқ), гоҳо «иймон», бир қарасангиз «тарбия», айрим ҳолларда ҳатто «мантиқ» маъноларига яқинлашади. Лекин таржимонга қийинлиги шундаки, ўзбеклар турдош-маънодошларнинг бирортасини ҳам ишлатмай, айнан «фаросат»нинг ўзидан фойдаланади. Ўшанда мутаржим қайси маънодош орқали ўгиришни билолмай, кўп боши қотади.

Аслида «фаросат» арабча сўз. Лекин халқимиз бу калимани ўзлаштирганда, луғатга мувофиқ равишда «фаҳмлаш», «ўткир ақл» маънолари билан чекланиб қолмаган ва уни асрлар мобайнида жуда кенг тушунчага айлантирган. Ҳатто ота-боболаримиз «фаросат ярим каромат» деган нақл ҳам қолдирган. Чунки муқаддас динимизда  фаросатга ҳақ билан ботилни ажратиш қобилияти сифатида қаралади. Ҳар қандай ноёб қобилият, масалан, авлиёнинг каромати Парвардигорнинг иззат-икроми, инъомидир. Яъни, валий инсоннинг каромати ғайриоддий амалларни бажариши эмас, балки ато этилган қобилиятининг намоён бўлишидир.

Бир ҳадисда айтилганидек, «Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чун­ки у Аллоҳнинг нури билан назар солади». Бундан англашиладики, қалбига илоҳий нур тушган инсон воқеа-ҳодисалар замиридаги ҳақиқатни аниқ кўради. Уни ҳеч нарса чалғита олмайди, хуфиёна амал, ҳеч бир ниқоб ё парда унинг назарини асл моҳиятдан тўса олмайди.

Шундан келиб чиқиб, фаросатни қалб кўзи дейиш мумкиндир. Шунда бефаросат одамни «қалби сўқир» десак, таржимонга ярим мисқол бўлса-да ёрдам берган бўлиб чиқардик.

Энди мавзуга нима учун узоқдан келишимизнинг сабабига тўхталадиган бўлсак, оммавий ахборот воситаларида айтилавериб, сийқаси чиққан гапларни такрорламаслик, ўқувчини мақоланинг бошидаёқ бездириб  қўймаслик мақсад қилинди.

Сабр қилмаган одам йўлни кесиб, нариги томонга эмас, нариги дунёга ўтиб кетиши ҳеч гапмас.

Тўғри, бугун беодоб, бетарбия, беҳаё одамлар сафи бефаросат кимсалар ҳисобига яна ҳам кенгайиб бораяпти. Уларнинг қилмишлари ҳар қандай инсоннинг ғазабини қўзғайди, жуда бўлмаганда энсасини қотиради.

Мана, кундалик ҳаётдан оддий бир мисол. Эрталаб уйдан чиқдингиз, чорраҳадан ўтишингиз керак. У кичкина чорраҳа, йўлчироғи йўқ, машина ҳам. Чапга бир қараб олиб, йўлнинг ярмидан ўтдингиз, кейин ўнг томонга қарасангиз, машина келаяпти. Уни ўтказиб юбориб, кейин юришга қарор қиласиз (негаки, сабр қилмаган одам йўлни кесиб, нариги томонга эмас, нариги дунёга ўтиб кетиши ҳеч гапмас). У сизнинг кутаётганингизни кўраяпти. Лекин чорраҳага келганда сиз томон юрмай ўнгга (ё чапга) бурилиб кетди. Ваҳоланки, сиз уни ўтказиб юбориш учун тўхтаб турдингиз, кутдингиз, вақт йўқотдингиз. Шуни кўриб келаётган ҳайдовчи бурилиш сигналини ёққанида эди, сиз уни кутмасдан, йўлнинг қолган қисмидан бамайлихотир ўтиб кетардингиз. Беихтиёр тилингиздан «ҳе, бефаросат, чироғингни ёқсанг қўлинг синармиди?» деган сўзлар чиқади.

Биз бундай мисолларни қалаштирмасдан, фаросат (ё фаросатсизлик) мавзусига бошқа томондан ёндашмоқчимиз. Аниқроқ айтганда, «нима учун шундай?» деган саволга жавоб излаб кўргимиз келди.

Боя, йўлда дуч келганимиз бефаросатлик аввало эгоизм бўлса керак. «Кутса кутипти-да, мен унга ҳисобот беришим шартми?».

Иккинчи томондан бу одобсизликка ўхшаб кетади. Одобсизлик эса тарбиясизликдан келиб чиқади. Ҳайдовчига «Сени ўйлаб, ҳурматингни қилиб, йўл бермоқчи бўлган одамга сен ҳам ҳурмат кўрсатиб, «биродар, кутиб, бекорга вақт кетказманг, мен бурилмоқчиман, ўтаверинг» деган маънода бурилиш чироғини ёқсанг бўлмасмиди, сенда одоб-ахлоқ борми? Сени ким тарбия қилган ўзи!» дегингиз келади.

Яна бир жиҳатдан қараганда, бу бефаҳмликка тортаётгандек бўлади. Бунинг негизида лоқайдлик, эътиборсизлик, бурнининг учидан нарисини кўрмаслик (фақат рулда эмас, умуман, одамларнинг назаридан, ҳаракатидан уларнинг ниятини илғаб ололмаслик) каби иллатлар бор. Йўлдан ўтаётган пиёдани, унинг айнан шу машина ўтиб кетишини кутиб турганини пайқамаслик бир-бирини умуман танимайдиган икки инсон ўртасида бир-бирига етиб бормайдиган сассиз, жавобсиз диалог пайдо қилаяпти. «Бефаросат!».

Кўриб турганимиздек, фаросатсизлик одобда, ақлда, фаҳмда, иймонда, тарбияда, мантиқда ноқисликнинг оқибати экан.

Бунинг иймонга нима алоқаси бор десангиз, эътиборингизни мана бу ҳадисга қаратамиз.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«“Эй Аллоҳнинг расули, исломдаги қайси (амал) афзал?” дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган киши(нинг амали)” дедилар».[1]

Ҳайдовчининг хаёлидан нима гап ўтганидан қатъи назар, қўли яхши иш қилмади ахир. У қўл ёнчироқни ёқиб қўйишга узатилмади, оқибатда ўзгага озор етди. Жисмоний эмас, албатта. Пиёданинг дили хира бўлди.

Мантиққа ҳам алоқадорлик жойи бор. «Анови пиёда тўхтаб турипти, ҳойнаҳой, мени ўтказиб юбормоқчи, бурилишимни билмайди» деган мантиқ бўлганда эди, ёнчироқ ёқиларди ва йўлнинг ярмида турган одам тўхтаб турмасди.

Бу майда гапдек туюлиши мумкин. Руслар «дьявол кроется в деталях» деб бежиз айтмайди. Эрталаб уйидан хуш кайфият билан чиққан киши дастлаб йўлда бир майда «детал»га учрайди, кейин яна нималаргадир дуч келади. Эҳтимолдан холи эмас-да. Мана, дейлик, йўлдан ўтиб олдингиз, жамоат транспортига чиқаяпсиз. Тушмаса ҳам эшикнинг олдини тўсиб турган йигирма яшар барзангига қараб, «четроқ турсанг бўлмайдими!» дегингиз келади. «Бу бефаросат билан ўчакишиб, шунинг даражасига тушаманми?» дейсиз-да, бир амаллаб ичкарироққа тисариласиз. Шунда кимдир оёғингизни босади. Узр ўрнига «Нимага оёқ остида ўралашасан?» дегандай ўқраяди. Яна индамайсиз. Нарироқ ўтасиз. Телефонининг овозини баландлатиб, ўзи кулгили ҳисоблайдиган лавҳаларни кўраётган талаба ўтирган бўлади. Унинг наздида бу шанғиллаган овозлар, бу бемаза клиплар ўзига ёқса, демак, бошқаларга ҳам ёқаяпти, шу боис у кишим буни бутун салонга «илинаяпти». Ҳолбуки, ёнидаги қарияга жой бериш хаёлига ҳам келмайди. Хуллас, ўз бекатингизга етиб келасиз, тушаётиб бояги, ҳалиям ғўддайиб турган барзангини бир туртгингиз келади-ю, жим ўтиб кетасиз. Ишхонага кириш учун яна йўлдан ўтиш керак. Чапга қарайсиз, бир машина келаяпти, сизни кўриб секинлашади. Ўтказиб юбормоқчи шекилли. Йўқ! Олдингизда тўхтаб, яъни, йўлингизни тўсиб, «такси керакмасми?» дейди.

Келинг, яна кундалик ҳаётдаги воқеа-ҳодисалар билан давом этайлик. Сиз ишхонага дилингиз хира бўлиб келдингиз. Ҳолбуки, иш куни энди бошланаяпти. Айрим ишхоналарда бўлганидек, сизнинг ҳамкасбларингиз орасида ҳам ўз эгаллаб турган жойига номуносиб ходимлар бор деб фараз қилайлик (аслида фараз ортиқча бўлса ҳам). Айтайлик, бир шифокор бошқа бир касбдошининг беморга бош оғриғини қолдирадиган дори ўрнига юракка малҳам ёзаётганини кўрса, тутақиб кетиши турган гап. Шунақа валакисаланг ҳамхонангиз «бир кўриб берасизми?» деб чала-чулпа ишни келтириб беради. Уни деярли бошқатдан қилиш керак. Сабр билан ёрдамлашасиз. У раҳмат ўрнига «ҳа-я, мана бу ери шунақа бўлиши керак деб ўйлагандим ўзи, мана буни ҳам тўғри қилгансиз, ўзим аслида шуни мўлжал қилиб тургандим» қабилидаги хаспўши гаплар билан нари кетади.

Яна «ҳамма жойда шундай» демайлик-да, сизнинг ишхонангизда номуносиб раҳбар ўтирипти деб фараз қилайлик. Олдига ишингизни олиб кирасиз. «Жиддийроқ қараш керак!», «Масъулият билан ёндашинг!», «Ким бунақа қилиб ишлайди, мана буни сал бойитинг!», «Фалончиевдан (бояги валакисалангни назарда тутади) ўрнак олмайсизми!» деган гапларни эшитасиз. Ишингиздан кўнглингиз тўқ, шунчаки, у раҳбар бўлгани учун койиши керак. Дипломини олиб берган, ишга жойлаб қўйган отаси шундай ўргатган. Сиз, масалан, математика соҳасида ишлайсиз. Унга айтасиз: «Сирожиддинов шундай қилган-ку». Бошлиқ пинагини ҳам бузмайди. Академик Сирожиддиновни у қаердан ҳам билсин, аллақачон орамизда эмаслигидан қандай бохабар бўлсин. Ўз наздида сизни гўё чақиб олади: «Ўша Сираджидинов шунақа ақлли бўлса, менинг ўрнимга келиб ўтира қолмаптида!».

Яхши кетаяпмизми?!

Эгоизм, масъулиятсизлик, бепарволик, лоқайдлик, ғирромлик, беҳаёлик, беписандлик ва яна қанчадан-қанча иллатлар фаросатга, аниқроғи, унинг йўқлигига бориб тақалаяпти.

Пулни яширмасдан қулида олиб юришининг ўзи – кўрмаганлик аломати.

Худди шу одам бошлиғининг олдида аравачидан баттар таҳқирланса ҳам кулиб турса керак.

Мана, маош олган куни ишхонадан чиқиб, бозорга кирдингиз. Қўлига бир даста пул қистириб олган қўпол бир одам чорасизликдан арава сураётган болага қандай муносабат қилаётганига кўзингиз тушади. Пулни яширмасдан қўлида олиб юришининг ўзи кўрмаганлик аломати. Ўзидан қуйи табақа деб ҳисоблагани учун аравачи болани одам ўрнида кўрмайди. Тасаввур қиласиз, худди шу одам бошлиғининг олдида аравачидан баттар таҳқирланса ҳам кулиб турса керак. «Қани эди, ўша пайти мана бу бола ёнингда бўлиб қолса-ю изза бўлаётганингни мириқиб томоша қилса!» деган ўй ўтади хаёлингиздан.

Тан олиш керак, пул кўп нарсани ҳал қилади. Лекин унга муккасидан кетиб меҳр қўйишни ҳеч бир таълимот оқламаган. Масалан, айтганларидайким, инсон пулга чиройли кийим сотиб олиши мумкин, лекин ҳаловат ва саодатга пул билан эриша олмайди. Таом сотиб олиши мумкин, лекин иштаҳани эмас. Ўта шинам ётоқ сотиб олиши мумкин, лекин баҳузур уйқуни эмас. Кучли-кучли дориларни сотиб олиши мумкин, лекин саломатликни эмас. Хизматкор ёллаши мумкин, дўст сотиб ололмайди. Пул тўлаб кўнгилхушлик қилиши мумкин, лекин ҳақиқий қувончни сотиб ололмайди. Кучли ўқитувчи ёллаши мумкин, лекин ақл-заковат ва етук онгни сотиб ололмайди.

Бир шинаванда ҳамкасбимиз фаросатсизлик ҳолатларига дуч келганда «Ал-фаросату лил муттақийн!» деб қўяди. Охири бир куни бунинг маъносини сўрашга тўғри келди. «Фаросат тақво эгалариникидир» экан. «Бу оятми ё ҳадис?» саволига бундай жавоб бўлди: «Бу оят ҳам, ҳадис ҳам эмас, бу аканг қарағай!». Ўзини шундай чалғитар экан-да.

Ҳозир машиналар торайиб кетди эгасидан бошқасини сиғдира олмайди, бунинг устига масжид уйидан бир километр нарида бўлса ҳам пиёда боргилари келмайди, савлат тўкиб, машинада боришлари керак.

Масжидни ҳам эслатиб ўтиш керакдир-а? Жума кунлари нима учун масжидлар олдига яқинлашиб бўлмайди. Чунки илгари бир машинага тўрт-беш киши минарди. Ҳозир машиналар торайиб кетди эгаси­дан бошқасини сиғдира олмайди, бунинг устига масжид уйидан бир километр нарида бўлса ҳам пиёда боргилари келмай­ди, савлат тўкиб, машинада боришлари керак. Тағин машинасини нарироққа қўйишни ўзи учун ҳақорат ё паст кетиш деб билади, шунинг учун масжид деворига тақаб қўйишга ҳаракат қилади. Бу ердан ногиронлар араваси, болалар аравачаси, умуман, одамлар ўтиши мумкинлигини ўйлаб кўриш учун эса… Баракалла! Фаросат керак. Лекин у кишим намозга келаяпти-да. Ҳамма унинг кўнглига қараши керак. Унинг бошқаларни овора қилиши гуноҳ бўлса, бу гуноҳ жума намозидан оладиган савобининг олдида ҳеч нарса эмас.

Масжид ҳақида гап очилган экан, янги пайдо бўлган бир қусурга салгина тўхталиб ўтиш керак (бу сийқаси чиққан гап эмас). Шукрки, ҳозир ҳаётимиз фаровон, шароитимиз йил сайин яхшиланиб бораяпти. Жумладан, илгари фантастик воқеа сифатида кўрилган умра сафари анча енгиллашди. Жўн айтганда, чўнтаги кўтарганлар бемалол бориб келишаяпти. Бу жуда яхши. Лекин танганинг орқа томони бор: айримлар хорижнинг фойдали эмас, хунук одатларини ўзлаштиришга, бу билан ўзини ўта замонавий инсон, ўта илғор тафаккур соҳиби қилиб кўрсатишга қизиқади. Хуллас, масжидларимизда ухлаш расм бўлаяпти. Бу нарса йўлда имконсиз қолган ғариб мусофирга мумкиндир, лекин масжид атрофида уйи бўла туриб бундай қилиш ғалати. Барака топкур, араблар шундай қилса, сен тақлид қилишинг шартми?! Масжид «сажда» сўзидан олинган, у ўз номи би­лан ибодат маскани. Овқатланиш маскани ҳисобланадиган ресторанда узала тушиб ухламайсан-ку ёки тўшагингда идиш-товоқ, чойнак-пиёлани чангитиб таом емайсан-ку! Ҳар бир масканнинг ўз функцияси бор. Нима учун энди ибодатхонада ухлашинг керак? Илғор фикрли эканингни том маънодаги илғорлик билан илм-фанда, юқори технологияларда, ислоҳотларда, таълим ё тиббиётда пешқадамлик, новаторлик, ташаббускорлик билан намоён қил, ҳамма «отангга раҳмат» дейди.

Фаросатсизлик нималарга олиб боришини оддий мисолларда кўрдик. Лекин бефаросатликка нима олиб келади? Шунисини ҳам ўйлаб кўриш керак. Ҳа, аввало тарбиядаги нуқсон. Мана бу латифанамо гапга эътибор қаратайлик.

Ота ўғилга фақат қачон олти бўлишини кўрсатди. Вақтни аниқлашни ўргатмади.

Ота ўғлига соат олиб берди. Кейин тушунтирди:

–    Ўғлим, бу соат. Мана, масалан, қара, буниси олтида, буниси ўн иккида турган бўлса, демак, соат олти бўлган бўлади.

Эртасига бўлаётган диалог:

Соат неччи бўлди, ўғлим?

Ҳозирча билмайман, ота.

Негаки, ота ўғилга фақат қачон олти бўлишини кўрсатди. Вақтни аниқлашни ўргатмади. У «одамга балиқ бер бир марта қорни тўяди, балиқ овлашни ўргат доим тўқ бўлади» деган гапнинг мағзини чақмаган. Бу латифанамо гап «нодон» ўғилнинг устидан кулиш учун айтилмаган, балки отанинг фаросатсизлиги болани қандай ноқулай аҳволга солиши мумкинлигини кўрсатиш учун баён қилинган. Қолаверса, бола ҳам отага мос.

Оқни оқ, қорани қора дейиш билан иш битмайди. Бола табиатан ҳамма нарсага қизиқади, шунинг учун айниқса гўдак ёшидагилар жуда кўп савол беради. Лекин биз «келиб чиқиши» худди ўша болалик бўлган катталар иштиёқ уйғотиш, қизиқтириш билан ёқимсиз буйруқ, бездирадиган топшириқ ўртасидаги тафовутни кўрмай қоламиз. Тўғридан-тўғри буйруқ ё тақиқ кишини бездиради, баъзан бунинг аксини қилиш майлини кучайтиради. Аслида «бундай қил» ё «ундай қилма» ўрнига «бундай қилсанг, фалон яхши нарсага эришасан» ё «ундай қилмасанг, фалон балодан қутуласан» деганда, амр ҳам, тақиқ ҳам онгга маҳкамроқ ўрнашади.

Бу борада Ойбек домланинг хотираларида маҳалланинг чироғи ҳақида ёзилган гап яхши ўгит бўлади. Болалар чироқни синдираверади, «бундай қилманглар» деган гапни тушунмайди. Кунлардан бир кун ёши улуғ бир одам қоронғу тушганда чироқ остига йиғилган болаларнинг олдига келади-да, «Фалон бобо қиш чилласи тунда уйига қайтаётиб, эшагининг оёғи тойиб, мана бу ариққа тушиб кетиб ўлган эди. Чироқ бутун турганида шу фожеа юз бермаган бўларди» дей­ди. Ўшандан кейин маҳалланинг чироғи сира ҳам синдирилмаган экан. Тўғридан-тўғри «қилма» буйруғи билан «қилмасанг, бошингга (бошимизга) фалон ташвиш тушмайди» деган «яширин» тавсия кўринишидаги амрнинг фарқи мана шунда билинади.

Лекин фаросат фақат тарбия билан шаклланиб қолмас экан. Йўл ҳақида кўп гапирилган бўлса-да, асосан катта кўчаларни тилга олдик. Қарангки, кичикларининг ҳам аҳамияти кам эмас экан. Бу ўринда мавзуга алоқадор икки ҳадисни келтирмоқчимиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бир киши кўчада кетаётиб, йўл устида тиканли шохни кўриб қолиб четга олиб қўйди. Бунинг учун Аллоҳ ундан рози бўлиб, гуноҳларини кечирди” дедилар»[2].

Йўл одоби тўғрисидаги бу ҳадисда фаросатга тааллуқли жиҳат ҳам бор. У саховатли одам кимнингдир тарбияси туфайли ё маслаҳати билан шохни олиб ташламади, балки фаросатининг амрига қулоқ тутди. «Менга ноқулайлик туғдириб, озор бераяптими, менга ёқмаяптими, демак, бошқага ҳам ёқмайди, кел, шуни четга олиб ташлай қолай». Ана фаросат!

Иккинчи ҳадис ҳам йўл одоби ҳақида, унинг ҳам бир чеккаси фаросатга тааллуқли.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ри­воят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Йўлларда ўтиришдан сақланинг” дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, бошқа иложимиз йўқ, чунки шу ерда гаплашиб ўтирамиз” дейишди. У зот “(Йўл четида) ўтиришдан бошқасига кўнмайдиган бўлсангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини беринг” дедилар. “Йўлнинг ҳаққи нима, эй Аллоҳнинг расули?” дейиш­ди. У зот “Кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтариш” дедилар»[3].

Ҳозир торроқ кўчаларда қуйидаги манзаралардан бирига ё барчасига кўп дуч келамиз: битта енгил автомобил зўрға сиғадиган йўлда машина ювиш; машинани чеккасидан одам ё арава ўтиши мумкин бўлган жойга қўйиб, ўша очиқ қолган жойда давра қуриб, суҳбатлашиш; худди шундай жойда маши­на эшикларини очиб қўйиб, бошқаларнинг ўтиб-қайтишига халал бериш, баланд овозда мусиқа тинглаш ва ҳоказо.

Умуман, ҳайдовчилик маданияти баъзан шу даражада тубанлашиб кетган бўладики, ҳатто дафн маросимида ҳам кимўзарликка кўзимиз тушади. Тобут ортилган машинадан олдиндаги чорраҳаларга бориб олиб, чап ва ўнгдан келадиган йўлларни тўсишдан (аслида жанозани кўрган бошқа ҳайдовчилар ва инспекторлар шусиз ҳам йўл очиб беради) маййитга ҳеч қандай наф йўқ.

У дунёдан ўтиб бўлди, энди унинг сал тезроқ дафн этилишдан муҳимроқ ташвишлари бор. Буни англаш учун фаросат керак.

Тўй-маъракаларимиз тўғрисида сўз юритганда, хунук манзаралар янада кўпаяди. Бизда ёши улуғлар ҳурмати учун ўриндан туриш, уларга тўрдан жой бериш, шуларнинг маънавий изни бўлмиш «қани-қани» билан таомга қўл узатиш, турганда аввал уларга йўл бериш жуда қадимдан келаётган одатлар. Лекин бугун шеригига ҳаққини бериб қўймаслик учун ҳеч кимга қарамасдан, қошиқ билан лалини тарақ-туруқ қилиб, қирқ йиллик қаҳатдан кейин энди палов кўраётгандек таомланиш ҳолатларига дуч келаяпмиз. Гўё бу ўт ўчирувчи-ю, у ёқда бир нима ёниб кетаётгандек. Ўта зарур ишли одам фотиҳани кутмасдан туриб кетиши ҳам шу мисол сирасида. Энди ёши улуғларга, аёлларга йўл беришни гапирмаса ҳам бўлади. Ўзини йўлнинг хоқони санаб, четлашсангиз, ўша томонга ўтиб олиб, тикка устингизга бостириб келадиганлар йўқ эмас. Тўғри, буларни одобсизлик дейиш ҳам мумкин. Лекин кўпчилик бунақа «хоқонлар»ни барибир бефаросат дейди.

Айтайлик, Манчестер қаердаги шаҳар эканини билмайди, лекин астойдил ишқибозлик қилади. Ёнида қарши жамоанинг ишқибози турган бўлса, муштлашишдан ҳам тоймайди.

Миллионлар ўйини бўлган футболга тегишли бир гап. Нима учундир айрим ҳамюртларимиз узоқ-узоқ ўлкалардаги футбол жамоаларига кўнгил қўйиб, куйиб-пишиб ишқибозлик қилади. Ўша ўйнаган куни уйқудан қолишга ҳам рози. Ҳисобни эртасига янгиликлар дастуридан билиб олса бўлади, кошки бунга кўнса. Тўқсон дақиқалик бутун жараённи жонли кўрмаса, кўнгли жойига тушмайди. Ўзи, айтайлик, Манчестер қаердаги шаҳар эканини билмайди, лекин астойдил ишқибозлик қилади. Ёнида қарши жамоанинг ишқибози турган бўлса, муштлашишдан ҳам тоймайди. Албатта, қайсидир хорижий жамоага қизиқиш, ишқибозлик қилиш хобби. Бунинг ёмон жойи йўқ. Лекин буни телбалик даражасига чиқариш бефаросатликдир. Ўша Манчестердаги одамлар бу ишқибознинг бор-йўқлигиниям, ҳаяжонининг табақасиниям, мағлубият пайти ичидан зил кетиб, сиқилиб юриши-ю ғалаба онларида боши кўкка етишиниям билмайди. Аслида «мен нима жин уриб бу беш-бегона жамоа учун бунчалар куйиб-пишишим керак, биронта манчестерлик одам бизнинг “Насаф” ё “Навбаҳор”га ишқибозлик қиптимики?» деган оддий савол ҳаммасига чек қўйиши мумкин. Лекин бунинг учун ҳам фаросат керак.

Сийқаси чиқмаган яна бир гап.

Баъзан нонушта, тушлик ё кечки таом пайти оила аъзоларига қўшилиб, (сабр билан) миллий киномиз ижодкорларининг «доҳиёна асар»ларини томоша қилишга тўғри келади. Шулардан бирида ўлим тўшагида ётган севгилисининг олдидан кўнгли қаттиқ бузилиб чиққан йигит ёмғир уриб турган осмонга қараб «Эй худо, Фалонча яшаши керак! У яшаши керак!» деб, ўз наздида тўғридан-тўғри Парвардигори оламга дағдаға қилиб қолса бўладими?!

Бошқа бир «ноёб намуна»да анчадан буён тирноққа зор бўлиб юрган келинчак баногоҳ шифокордан ўзининг ҳомиладорлиги ҳақидаги тиббий хулосани эшитгач, шукрона келтириш ўрнига, гўё бир танишига айтаётгандай: «Эй худо! Раҳмат, раҳмат!» деб қолди денг.

Фаросатсизликнинг ажиб юксалиш даврига етиб келдик шекилли. Биз бан­да буйруқ оҳангида гапирмайди, балки илтижо билан дуо қилади, шукр айтади ва раҳматдан умидвор бўлади деб билардик. Экранда эса бир банда Раббига дағдаға қилса, бошқаси унга «раҳмати»ни ёғдираяпти. Дағдаға ва раҳматнинг объекти ва субъекти тўғрисидаги хулосани, мазкур икки эпизоддаги гапларнинг баҳосини дин пешволари берсин. Биз кимларнидир ширк, куфр ё шаккокликда эмас, шунчаки бефаросатликда айблаб қўя қоламиз ва шу билан чекланамиз. Ҳарҳолда, егулик йўқ пайти туғилган иштаҳадан таом бор вақтдаги иштаҳасизлик яхшироқ. Фаросатсизлик туфайли пайдо бўлган маънавий изтиробни индамай ичга ютамиз, таомни ҳам.

…Эътибор берсангиз, фаросатнинг энг яқин қофиядоши аросат экан…

Хуллас, айтаверса, гап кўп. Шу важдан бир ожиз қаламкаш сифатида бефаросат­лик туфайли она тилимиз қандай азият чекаётгани ҳақида яна озгина сўз юритиб, кейин мулоҳазага нуқта қўйсак. «Моҳир» таржимонларимиз тўғридан-тўғри ўгириши оқибатида чет эл сериалларида қаҳрамонлар «ҳозирча» (русча “пока”нинг тўғридан-тўғри таржимаси) деб хайрлашишига кўникиб ҳам қолдик. Бунга «тонг орттирса», «бўйин тобласа» деган янги «кашфиётлар» қўшилаяпти. Ақли соғлом одам атайлаб ҳаракат қилганда ҳам бунақа хатоларга юз йилдаям қўл урмаса керак. Тонгнинг нимасини орттириш мумкин экан, бўйинни нима билан тоблаш мумкин экан, ажабо! Буларни «техник хато» дерсиз. Мумкин. Унда хушмуомалалик белгисига айланган «яхши ишланг!» тилагига нима дейсиз?! Бу оғзаки нутқда кенг тарқалиб улгурган ибора. Унда тех­ник хато йўқ, саводсизлик ҳам йўқ. Яхшики, бу гап шинам офисларда, «костюм-шимлик» масканлар ҳисобланувчи «маданиятли» жойларда айтилади. Ўша оқ ёқалилар лой қораётган одамга «яхши ғишт қуйинг» деб кўрсин-чи!

Бинобарин, фаросат жуда кенг тушунча бўлиб, бефаросатлик кўп иллатларнинг белгиси экан. Айни пайтда кўплаб иллатлар бефаросатликнинг омили бўлиб ҳам чиқаяпти. Шунинг учун ҳамюртларимизни фарзандлар тарбиясига имкон қадар кўп эътибор беришга, доимо илм-фан, тафаккур, зиё сари интилишга, барча олий фазилатларни эгаллашга, яхши қобилиятларни орттиришга (оттиришга эмас-а!) даъват этиб қоламиз. Зеро, жамиятда, теварагимизда бўлаётган ҳар қандай воқеа-ҳодиса бизнинг фаолиятимиз ё фаолиятсизлигимиз (лоқайдлигимиз) ҳосиласидир.

Фаросатсизлик бизни аросатга йўллаб қўймасин!

[1] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 1­жуз. – Тошкент: Hilol­nashr, 2013. ­132­б.
[2] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 1­жуз. – Тошкент: Hilol­nashr, 2013. – 518­б.
[3] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 7­жуз. – Тошкент: Hilol­nashr, 2018. – 543­б
Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: “МАЪНАВИЙ ҲАЁТ”  журнали №1/2025

Check Also

Ўзбекистонда Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда

Аллоҳга ҳамд, пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад алайҳиссалом ва зотнинг оила аъзолари ҳамда сафдошларига саловату саломлар бўлсин. Дарҳақиқат, …