Home / ЯНГИЛИКЛАР / ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ: ҲУҚУҚ ВА ИМКОНИЯТЛАР

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ: ҲУҚУҚ ВА ИМКОНИЯТЛАР

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. 2174 та исломий ва 198 та ноисломий диний ташкилот фаолият кўрсатяпти. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та — 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.

Жорий йил 25 февраль куни қабул қилинган қонун асосида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.

Мазкур ҳужжат виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва Ўзбекистон дунёвий дав­лат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принцип ва устувор йўналишларини белгилаб берди.

Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.

2017 йилга қадар мамлакатимизда 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 6 таси олий ўқув юртидир.

Мазкур соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони нафақат диний-маърифий соҳа, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди.

Ҳужжатда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари — жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш, илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик каби умуминсоний ва олижаноб ғояларга асосланган диний-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш белгиланган.

Шунингдек, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Фармонда диний-маърифий соҳанинг институционал асосларини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита ва Рақамли технологиялар вазирлиги “Ҳаж ва умра ягона портали”ни ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқиши белгиланган.

Ҳужжатдаги яна бир янгилик Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти сифатида қайта ташкил этилгани бўлди.

Бу институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари, шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш йўналишларида диний соҳада мутахассислар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга масъул ҳисобланади. Шу билан бирга, барча таълим ташкилотларининг исломшунослик ва диншунослик фанлари ўқитувчилари малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш ҳам шу инсти­тут зиммасида.

Диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Фармон билан республикада истиқомат қилувчи турли дин вакилларининг янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириш, жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўмитанинг Конфессиялар ишлари бўйича кенгаши фаолияти такомиллаштирилди.

Хусусан, кенгаш таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассисларни кузатувчи сифатида киритиш, кенгашга диний конфессияларнинг муаммолари бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларга сўров, мурожаат ва тавсиялар юбориш ҳуқуқини бериш, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳудудий кенгашлар ташкил этиш ҳамда кенгаш томонидан турли конфессияларга оид диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш каби вазифалар белгиланди. Шунингдек, кенгашнинг янгиланган таркиби ҳам тасдиқланди.

Ҳужжатга асосан, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бундан мақсад Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишдир.

Шунингдек, нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш кабилар ҳам марказнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Бундан ташқари, фармонга асосан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Марказ исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.

Марказ Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганади, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга етказади, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этади. Мамлакатимиз ҳудудида рўй берган Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиб, янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворини яратишда иштирок этади.

Шу билан бирга, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганади ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказади. Диний таълим муассасаларига илмий тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимлар малакасини оширишда амалий ёрдам кўрсатади. Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқади.

Мазкур фармонда белгиланган яна бир муҳим жиҳат шуки, диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ҳамда унинг таркиби тасдиқланди.

Ушбу кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари этиб “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғояси асосида буюк аждодларимиз илмий меросида улуғланган ватанпарварлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, диний-маърифий соҳадаги муассасалар фаолиятини чуқур ўрганиб бориш, ўқув-тарбия жараёнига илғор ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ҳамда илмий ва услубий фаолиятини мувофиқлаштириш белгиланган.

Шунингдек, соҳа ташкилотларида тўпланган илмий-услубий ишланма ва тажрибаларни таҳлил этиш асосида улардаги таълим мазмунини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқишда узвийлик тамойилларини таъминлаш, диний мавзуда республиканинг барча таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида бажариладиган тадқиқотлар мавзу ва йўналишларининг аҳамияти, долзарблиги юзасидан тегишли тавсияларни бериш ҳам кенгаш вазифаси ҳисобланади.

Фармонга биноан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номланди.

Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассислар, ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси бўлади. Унинг асосий вазифалари этиб исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш белгиланди.

Шу билан бирга, таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқлари ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш, қолаверса, виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда ди­ний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳам академиянинг вазифасидир.

Ўз навбатида, диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётлар тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, ин­тернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш, талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳам академиянинг асосий вазифалари сирасидан.

Фармон асосида академияга ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнк-турасидан келиб чиқиб белгилаш, етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юбориш, ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш каби ҳуқуқлар ҳам берилди.

Ҳужжатда белгиланган вазифалардан англаш мумкинки, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар диний-маърифий соҳада ҳам тизимли равишда кечмоқда.

Бу эса юртимиздаги турли дин ва миллат вакилларининг ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр-оқибатда яшашига, пировардида мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг янада мустаҳкамлашига асосдир.

Мазкур фармон юртимиз фуқароларининг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида ўз вақтида қабул қилинган муҳим ва зарурий ҳужжат бўлди.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2025 йил 25 апрель, 84-сон

Check Also

Илмий экспедиция Бухорода:  53 та лойиҳа, туркий тилдаги 110 қўлёзма асар ва 100 дан ортиқ артефакт

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспонатларини шакллантириш ва бойитиш, шунингдек, ҳудудлар кесимида илмий-инновацион лойиҳаларни амалга …