19-юзйилликнинг биринчи ўн йиллигида Қўқон хонлиги ўз чегараларини Дашти Қипчоқ ҳудудларига кенгайтириши унинг ташқи сиёсатида ҳам туб бурилишга сабаб бўлган эди. Хонликни шимолий ҳудудлари қозоқ даштларидан ташқари Хива хонлиги билан ҳам чегарадош, қўшнига айланиши Минглар ва Қўнғиротлар сулолалари ўртасидаги муносабатларни ривожланишига олиб келди. Қўқон хонлиги ёки Хива хонлиги тарихига доир манбаларда 19-юзйилликнинг бошларига қадар элчилик муносабатлари олиб борилганлиги тўғрисида ҳозирча маълумотлар маълум эмас. Бу эса ҳар икки сулола бир-бири билан чегарадош қўшни бўлганидан кейингина дипломатик муносабатларни ўрнатишга кириша бошлади, деб хулоса қилиш ҳам тўғри эмас. 1750 йиллардаги қалмиқларга қарши Туркистон хонликлари ўртасида ҳарбий иттифоқ тузиш масаласидаги ҳаракатларда Хоразм четда қолмаганлиги аниқ, албатта. Бу жараёнда Қўқон хони Эрдонахон, қозоқ хонлари билан Аҳмадшоҳ Дурронийга мактуб юбориб, ҳарбий иттифоқ тузиш таклифларини илгари сурганлиги ҳақида юқорида тўхталиб ўтилган эди. Фикримизча, бу жараёнларда Хоразм четда қолмаган бўлиши керак.
Қўқон-Хива муносабатлари ҳам Умархоннинг ташаббуси билан бошланган эди. 1815 йилда Умархоннинг Хоразмга юборган дастлабки элчилигига Саййид Муҳаммад Хожа раҳбар этиб белгиланади. Қўқоннинг Хоразм билан қўшни бўлиши эса ҳар икки сулола етакчиларига янги имкониятлар учун бир омил вазифасини бажарган эди. 1815 йилда Умархоннинг Хоразмга элчи юборишдан асосий мақсади Дашти Қипчоқ ҳудудининг хонлик таркибига киритилганлиги ҳақидаги хабарни етказиш бўлган. Ўз навбатида бу хабарни хонлик ҳудудларини кенгайганлигининг расмий эълон қилишга қаратилган сиёсати сифатида баҳолаш ҳам керак.
Хива хонлигининг ташқи алоқалари бўйича мутахассис Н.Аллаева Умархоннинг мамлакат ҳудудларини кенгайтириш бўйича олиб борган сиёсатидаги натижалари Хива хони Муҳаммад Раҳимхон (1806-1825) минглар етакчиси билан ҳамкорлик қилишни “фойда-дан холи эмаслигини тушунган” деб қарашида ҳам асос бор, албатта [1:184].
Шундан сўнг, қўнғиротлар етакчиси Муҳаммад Раҳимхон I (1806-1825) Умархонни “Туркистон ва Дашти Қипчоқ” бўйича муваффақиятли ҳаракатлари натижаси билан қутлаб, мактуб ва ҳадялар билан Қўқонга ўз элчисини юборади [8:218]. “Анжум ат-таворих” асарида қайд этилишича, Муҳаммад Раҳимхоннинг мактубида “иттифоқ ва иттиҳод” таклиф қилинган. Бу мактуб эса кейинчалик Қўқон ва Хива хонликлари ўртасидаги ҳарбий иттифоқ учун келишувга замин бўлганлигини англатади.
Умархон Хоразм элчисини ўрнатилган тартиб-қоидага кўра қабул қилиб, меҳмондўстлигини кўрсатади. Минглар етакчиси Абдуҳолиқ қоровулбеги исмли мулозимини Хоразм элчисига қўшиб, элчилик қоидаларига кўра, ўз мактуби ҳамда муносиб ҳадялар билан жавоб қайтаради [1:185].
19-юзйилликнинг бошларида Бухоро ҳукмдори амир Ҳайдарнинг (1800-1825) минтақадаги Қўқон ва Хоразмга нисбатан тутган сиёсати минглар ва қўнғиротлар учун умумий душман сифатида баҳоланган эди. Бу борада тадқиқотчи Ф. Отахонов Мирзо Қаландар Мушрифнинг “Шоҳномаи нусратпаём” асарига таяниб, Қўқон-Хива ҳарбий иттифоқчилиги тўғрисида муҳим фикрларни илгари сурган [6:26]. Жумладан, “Шоҳномаи нусратпаём” асарида Муҳаммад Раҳимхон томонидан юборилган мактуб матнининг мазмунига хос жиҳатлар ҳамда ўзаро келишувлар натижасида бир вақтда Бухоро амирлигининг маъмурий ҳудудларига уюштирилган ҳарбий ҳаракатлар Қўқон-Хива муносабатларида “иттифоқчилик” масаласи бежиз юзага келмаганлигини ҳам англатади.
Қўқон-Хива ўртасидаги ҳарбий иттифоқчилик масаласи фақатгина Қўқон ёки Хоразм тарихига доир манбалардагина акс этиб қолмаган. Бу икки сулола ўртасидаги муносабатлар, яъни, яхши қўшничилик ҳамда дўстона ҳамкорлик масалалари Ҳиндистон миллий архиви жамғармасидаги ҳужжатларда ҳам акс этади. Хусусан, улардан бирида, “Урганч билан Қўқон ўртасида мустаҳкам, азалий дўстлик бор”, деб қайд этилиши бежиз эмас. Аслида, архив ҳужжатидаги ушбу маълумот 1854 йилги Қўқондан Ҳиндистонга юборилган элчилик муносабатларига доир ахборотларда қайд этилса-да, унда Умархон ва Муҳаммад Раҳимхон I ўртасидаги муносабатларга урғу берилган эди [10:15].
Қўқоннинг шимолий сарҳадлари Хоразм билан чегарадош бўлгандан сўнг Усмонийлар давлати билан ўрнатган дипломатик алоқаларида Хива хонлиги ҳам алоҳида ўрин эгаллай бошлайди. Бу жараёнда Қўқондан Хива хонлиги ҳудудидан ўтган карвон йўли орқали Истанбулга юборилган дастлабки элчиликка Хива билан ҳам мулоқот олиб бориш вазифаси ҳам юклатилди. 1820 йилда Истанбулга юборилган Хожа Мир Қурбон бошчилигидаги дастлабки бу элчиликнинг Истанбулдан яна Хоразм орқали қайтишида қўнғиротлар етакчиси Муҳаммад Раҳимхон икки нафар ўз элчисини ҳамроҳ сифатида Қўқонга юборади [4:302 a]. Бошқа ҳолларда ҳам, усмонли архиви ҳужжатларига кўра, Истанбулга Қўқон ва Хива элчилари бирга борганлар. Бу маълумотлар Қўқон-Хива муносабатларининг жуда яқин бўлганлигини ифода қилади [12].
1842 йилдаги Қўқон-Бухоро муносабатлари уларни янада заифлашишига олиб келган эди. Юзага келган вазиятда Қўқон хонлигининг Хива билан муносабатлари фаоллаша борган. 1842 йилда Амир Насрулло Қўқонга юришини бошлаган вақтда Хива хони Оллоқулихон (1825-1842) Муҳаммад Алихонга ёрдам бериш мақсадида ҳарбий қўшин юборганлиги “Мунтахаб ут-таворих” асарида қайд этилади [4:207]. Оллоқулихон юборган қўшин Бухоро ҳарбийлари томонидан йўқ қилинади [4:207]. Амир Насруллонинг Қўқонни эгаллаб, Иброҳим додҳох исмли ноибини қолдириши ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада заифлаштирган эди. Бу вақтда Таласда яшаб турган Олимхоннинг жияни, Хожибекнинг ўғли Шералихон Қўқон тахтини эгаллаш учун ҳаракатни бошлайди. Бухоро ноиби, Шералихон етакчилигидаги ҳарбий ҳаракатга дош беролмасдан Бухорога қочиб кетади. Амир Насрулло бу хабардан сўнг яна Қўқонга юришни бошлайди. Амир Насруллонинг Бухородан чиққани ҳақидаги хабарни эшитган Оллоқулихон Муҳаммад Алихонга ёрдам учун юборган қўшинининг қириб юборилганининг қасосини олиш, қолаверса, Қўқонга яна ёрдам бериш мақсадида Бухорога ҳужум бошлайди [4:207]. “Мунтахаб ут-таворих”да қайд этилишича, Оллоқулихон Амударёдан ўтиб, Бухоро ҳудудларидан қирқ минг хонадонни ва 500 минг қўйни қўлга киритиб, олиб кетади [4:207]. Бундан хабар топган Амир Насрулло Қўқонни қайта қўлга киритиш учун бошлаган ҳаракатини амалга оширолмасдан, орқага қайтишга мажбур бўлади.
Хива хонлигининг Бухоро сарҳадларига бостириб кириши ҳам аслида тасодиф эмас эди. Н.Аллаева “Бухоро амири Қўқон хони билан кураш олиб борар экан, ҳамиша учинчи томон, яъни Хива хонлигининг аралашувидан хавотирда бўлган”, деб тўғри баҳо берган эди [1:197]. Қолаверса, Хива хонлигининг қийин вазиятда Қўқонга ёрдам беришга интилиши, 1821 йилдаёқ ўрнатилган муносабатлар, яъни, олдиндан мавжуд бўлган Қўқон-Хива иттифоқчилигининг мустаҳкам бўлганлигини ҳам кўрсатади, аслида. Шу жиҳатдан ҳам Хива хонлиги билан Бухоро ўртасидаги муносабатларининг ёмонлашуви Хива-Қўқон алоқаларининг янада мустаҳкамланишига туртки берган [1:203].
Қўқон-Хива муносабатларига доир маълумотлар Хоразмда яратилган манбаларда, хусусан Огаҳий асарларидан ўрин олган бўлса-да, элчиликларнинг аниқ мақсадлари кўрсатилмасдан, улар томонидан олиб келинган мактублар “муҳаббатнома”, “истимолатнома”, “маволифатнома” (موالفت نامه ) каби номлар билан қайд этилади. Н.Аллаева ушбу мактубларни номланишига кўра таҳлил этар экан, Қўқон-Хива ёзишмаларида сиёсий воқеалар ҳамда иттифоқчилик масалалари ўрин олганлигини қайд этади [1:208]. Жумладан, Қўқондан юборилган элчиларга жавобан Хоразм элчиларининг олиб келган мактубида Бухоронинг Қўқонга босқинига нисбатан тажовузкорона ҳаракати юзасидан Мингларга тасалли бериш билан бир қаторда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ғояси ҳам илгари сурилган эди.
Шералихон Хоразм ҳукмдорлигига келган Раҳимқулихон (1842-1846) билан муносабатларни давом эттиргани Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг “Зубдат ат-таворих” асарида ҳам қайд этилади [3]. Бу давр орасида Шералихон томонидан Хива хонлигига 5 марта элчи юборилган бўлиб, бу элчиликларнинг барчасига Қорабош додхоҳ деган мулозим масъул қилиб белгиланган эди [3:137-151].
Қўқон-Хива муносабатлари Шералихондан сўнг тахтга ўтирган Худоёрхон давридан Хива билан муносабатлар янада фаоллашишига туртки берадиган омиллар юзага кела бошлади. Хива хонлиги тарихига доир асарларда қайд этилган маълумотларга кўра ҳам Муҳаммад Аминхон (1846-1855) тахтга ўтиргандан сўнг, 1846 йилдан бошлаб Қўқон-Хива муносабатлари янада фаоллаша бошлаганини кузатиш мумкин.
1830 йилларидан сўнг Россия империясининг Қозоқ хонлигига таҳдиди кучайиб бориши оқибатида Кенесари султон (1841-1847) миллий озодлик учун фаол қаршилик ҳаракатини олиб боришга ҳаракат қилган эди. Бу жараёнда Дашти Қипчоқ ҳудудларида нотинчлик қўшни Туркистон хонликларига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмаган. 1847 йилда Кенесари султонинг ўлими унинг 20 минг кишилик тарафдорларининг катта қисмини Қўқонга, қолганини эса Хива хонлигининг чегараларига қочишга мажбур қилган. Улар вақти-вақти билан Россия тажовузига қарши ҳаракатлар ҳам олиб боришган. Қозоқларнинг бу ҳаракатлари Россиянинг Қўқон ва Хива чегараларига таҳдидини ҳам юзага келтирган эди. Россия имперясининг Дашти Қипчоқдаги бу ҳаракатлари Қўқон-Хива муносабатларини янада фаол ҳамкорлигига туртки берган эди.
1848 йилнинг 24 апрел куни Хива хонлигидан Қутбиддин хўжа шайхулислом ва Шукруллоҳ оға Истанбулга элчи этиб юборилади [9:112]. Усмонли архивидаги ҳужжатларга кўра, Шукруллоҳ оға Истанбул орқали ҳаж ибодатини бажариш учун Маккага бориб, Хивага қайтишдан олдин яна Истанбулга келиб, бир муддат бу ерда қолган [11].
Юқорида қайд қилинганидек, Қўқондан Усмонийлар давлатига юборилган элчилар асосан Хива орқали ўтган йўл орқали ҳаракатланган. Шунингдек, бу ҳаракат давомида Қўқон элчиларига қўшилиб, Хива элчилари ҳам Усмонийлар давлатига борганини юқорида кўрсатиб ўтган эдик. Бу ҳолатдан келиб чиқиб, шу ўринда Худоёрхоннинг элчиси Хива ҳукмдори Муҳаммад Аминхоннинг элчилари билан Истанбулга бирга борган бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Усмонли архивидаги ҳужжатлардан маълум бўлишича, Қўқон хонлигидан Истанбулга борган элчилар Хива элчилари Қутбиддин хўжа шайхулислом ва Шукруллоҳ оғалар билан бир вақтда Усмонийлар давлати пойтахтида бўлган. Шу даврга оид ҳужжатга кўра, Худоёрхон томонидан Усмонийлар султонига мактуб билан бирга Қуръони карим ҳадя қилинган [2:169-170]. Қўқон-Хива ўртасидаги элчиликларнинг жуда ҳам фаоллашиши, элчилар борди-келдисининг тезлашиши ортида Россия империяси тажовузи билан боғлиқ сиёсий масала туриши билан бир қаторда, бу жараёнда бу икки ҳамкор ушбу масаланинг жиддий ечим топишни кўзлаган ҳолда учинчи давлат – Усмонийлар давлатининг аралашувига умид қилган.
1847 йил охирида Қўқонга юборилган элчи Юсуфбек 1848 йилнинг 3 майида Худоёрхоннинг элчиси Холмуродбий билан бирга Хивага етиб келиб, Муҳаммад Аминхон ҳузурида бўлишади. 1848 йилнинг 15 августида Холмуродбий Қўқонга қайтар экан, Муҳаммад Аминхон унга Нурмуҳаммад Қоракўзни ҳамроҳ ва элчи тариқасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамжиҳатлик муносабатлари битилган мактубида (якжиҳатлик изҳори учун топшурғон муҳаббатномасин) “маволийфатнома”сини (موالفت نامه ) баён қилиб, Қўқонга юборади [9:112]. Нурмуҳаммад Қоракўз 1848 йилнинг 1 декабр куни Қўқондан Хивага етиб келиб, Муҳаммад Аминхон ҳузурида бўлади [9:128]. Албатта Қўқон-Хива элчилик анъаналарига кўра, Нурмуҳаммад Қоракўз билан Худоёрхонинг элчиси ҳам бирга келган эди. 1849 йилнинг 24 февралида Қўқон элчиси Хивадан қайтар экан унга Муҳаммад Аминхоннинг мулозим амалдорларидан Юсуфбек элчи сифатида қўшиб юборилади [9:132].
1849 йил октябр ойининг бошларида Юсуфбек Қўқондан Баҳодир додҳох исмли мулозим билан қайтади. Баҳодир додҳох 4 ойча Хивада қолиб, 1850 йилнинг 25 январида Хива мулозимларидан бўлган Отаниёз бек билан бирга Қўқонга Муҳаммад Аминхоннинг “Муҳаббатнома” мактуби билан йўл олади. Огаҳийнинг қайд этишича, Отаниёз бек 1851 йил августида ва 1852 йил февралида ҳам Қўқонга элчи бўлиб келади [9:151]. Отаниёз бек билан бирга Худоёрхоннинг элчиси ҳам Қўқонга қайтган, албатта.
1853 йилга қадар Худоёрхон қайнотаси Мусулмонқулининг таъсирида бўлганлиги боис мустақил сиёсат юрита олмаганлиги маълум. 1853 йилда “Қипчоқлар масаласи”да Қўқон ҳукмрон доирасида сиёсий ҳаракатлар пухта ўйланган ҳолда режали олиб борилди. Оқибатда, Қўқон ҳукмрон доирасидаги қипчоқ етакчиларининг марказий бошқарувдаги роли ва мавқега қарши жиддий кураш олиб борилди. Шу билан бирга, бу жараённинг асосий сабабчиси бўлган Мусулмонқули ҳибсга олиниб, қатл этилди. Бу воқеалар Худоёрхонга хонликни мустақил бошқариш учун янги имкониятларга йўл очиб берган эди. Худоёрхон бу хурсандчилигини қўнғиротлар етакчиси Муҳаммад Аминхон билан ҳам баҳам кўриш мақсадида ўз элчисини Хивага юборади. Худоёрхон элчиси 1853 йил 23 феврал куни Хивага етиб келиб, Муҳаммад Аминхонга “эътиқоднома” ва туҳфаларни топширади. 19 март куни Қўқон элчиси қайтар экан, унга ҳамроҳ сифатида Шукруллоҳ оға элчи бўлиб Хивадан бирга йўлга чиқишади. Хива элчиси Шукруллоҳ оға 1854 йилнинг январига қадар Қўқонда қолиб кетишга мажбур бўлади. Бунга асосий сабаб, Россия империясининг Қўқон хонлигининг шимолий чегарасидаги Оқмасжид қалъасини босиб олиши билан боғлиқ эди. Қўқоннинг шимолий ҳудудидаги русларнинг босқини ва улар билан ҳарбий ҳаракатлар туфайли Худоёрхон Шукруллоҳ оғанинг хавфсизлигини ўйлаб, уни Хоразмга қайтишига рухсат бермайди [9:180].
1854 йилнинг январ ойида Худоёрхон ҳарбий мулозимларидан Муҳаммад Карим баҳодирбошини Шукруллоҳ оғага ҳам ҳамроҳ сифатида ҳам элчи сифатида қўшиб Хивага юборади [9:180]. Худоёрхоннинг ҳарбий амалдорни элчи тариқасида юборишдан мақсади ҳам олдиндан йўлга қўйилган ҳарбий иттифоқчилик масаласидаги келишувларга кўра жиддий ҳаракатларга киришишни кўзлаган бўлиши табиий.
1854 йилнинг 8 июнида Муҳаммад Карим баҳодирбоши Хива элчиси билан бирга Хоразмдан Қўқонга йўл олади. Бироқ, қандай келишувлар режалаштирилгани дипломатик қоидаларнинг сири сифатида маълум бўлмаса-да, кун тартибида Россия империясининг ҳарбий ҳаракатлари бўлгани аниқ.
Худоёрхон ва Муҳаммад Аминхон ўртасидаги дўстона муносабатлар фақатгина сулолалар ўртасидаги сиёсий масалалар билан боғланмасдан, оилавий маросимларга ҳам таклиф этиш билан боғланган. 1854 йилда Худоёрхон фарзандларининг тўйига Муҳаммад Аминхонни таклиф қилиш учун Хидирбий деган мулозимини элчи қилиб юборади. Бу вақтда Хива ҳукмдори Муҳаммад Аминхон ҳам тўй тараддудида бўлганини, тўйга таклиф қилишини маълум қилиш мақсадида Рахматиллабой деган кишини Хидирбийга қўшиб Қўқонга юборади. Бу эса иттифоқчи бўлган сулола етакчиларининг бир-бири билан ҳамкорликнинг бу тарздаги дўстона кўринишларини ҳам амалга оширганини кўрсатади.
Хивада Муҳаммад Аминхоннинг вафотидан сўнг тахтга ўтирган Сайид Абдуллахон (1855 йил 20 март – 27 август) ҳокимиятга келганидан чамаси бир ой ўтиб, аниқроғи 1855 йил 24 апрелда Хива тахтидаги ўзгаришлар хабарини етказиш мақсадида Отаниёз бекни элчи этиб Қўқонга юборади [9:205].
Муҳаммад Аминхоннинг 10 йиллик ҳукмронлиги даврида Худоёрхон билан 20 га яқин элчилар алмашинуви кузатилиши бежиз эмас, албатта. Бу элчиликларнинг борди келдиси, икки давлат ҳукмдорларининг бир-бирига ҳадя улашишдан иборат эмас эди. Қўқон-Хива дипломатик муносабатларини фаоллашиши Россия империясининг икки давлатнинг шимолий чегараларидаги ҳаракатлари билан боғлиқ эди. Худоёрхон ва Муҳаммад Аминхон бу мураккаб сиёсий вазиятларни муҳокама қилиш билан бирга, душманга қарши курашиш чораларини муҳокама қилиб боришга ҳаракат қилган эдилар. Муҳаммад Аминхон вафот этгандан кейин ҳам Қўқон-Хива муносабатлари тўхтаб қолмади. Худоёрхон Муҳаммад Аминхондан кейин Хива тахтига ўтирган Сайид Абдуллахон, Қутлуғ Муродхон (1855, 4 ой), Сайид Муҳаммадхонлар (1856-1864) билан дўстона муносабатларини давом эттирди.
Ҳиндистон Миллий архиви жамғармасида Қўқон хонлигига доир маълумотларда ҳам Қўқон-Хива муносабатларига доир қимматли маълумотлар учрайди. Архив ҳужжатида кобуллик Назир Ҳайрулло исмли мирзонинг (кобуллик ҳарбий котиб) ахборот ва маълумотлари ўрин олган. Назир Ҳайруллонинг Кобулдаги Британиянинг бош комиссарига маълум қилишича, у ҳеч қачон Қўқонда бўлмаган бўлса ҳам, бу мамлакатдаги (яъни Қўқондаги) ахборотчилари (корреспондентлари) билан мулоқот қилиши орқали яхши маълумотларга эга бўлиб турган. У Қўқоннинг Бухородан кўра Хива билан жуда яқин дўстона ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганлигини қайд этар экан, “хивалик зодагон Қосим ҳозирги армия мингбошиси. 30 йилдан буён Қўқонда яшаб келади”, деб қайд этади [10:225]. Ушбу ҳужжат 1854 йилга оидлигига эътиборга олинса, бу даврда Қўқонда Қосим исмли лавозим эгасини аниқлашни тақозо қилади. Бу ўринда Мирзо Олим Мушрифнинг “Ансоб ус-салотин ва таворих ул-ҳавоқин” номли асарида 1853 йилдан буён Худоёрхоннинг бош вазири лавозимида хизмат қилган Муҳаммад Қосим мингбоши бўлганлиги ҳақидаги маълумоти эътиборни тортмасдан қолмайди. Қўқон тарихига доир бошқа манбаларда, жумладан, “Тарихи Шоҳрухий”, “Хуллас ут-таворих”, “Тарихи Туркистон” каби асарларда ҳам Қосим мингбошининг Худоёрхоннинг биринчи ҳукмронлигида юқори мавқега эга ҳарбий амалдор бўлганлиги қайд этилади. Бироқ, Қосим мингбошининг айнан хоразмлик эканлиги бирорта манбада урғуланмайди. Қўқон ҳарбий тизимида хоразмлик ҳарбийларнинг фаолият кўрсатиши Қўқон-Хива ўртасидаги муносабатларнинг ҳақиқатда фаол бўлганлигини кўрсатади.
1860-1865 йилларга келиб Россия империяси Қўқон хонлигининг шимолий ҳудудларига жиддий таҳдид қила бошлади. Айниқса, 1864 йилга келганда Олма Ота, Авлиё Ота, Чимкент, Туркистон каби маъмурий бирликларига ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Россиянинг бу ҳарбий ҳаракатларига қарши Қўқон хонлиги ҳукумати қўшни мамлакатлар ҳамда мусулмон давлатлари билан дипломатик муносабатларини янада фаоллаштиришга интилди, элчиларни юборишга эътибор қаратди. Худди шундай вазиятда Қўқон хони Султон Саййидхон ва амирлашкар Алиқули томонидан бошқа мусулмон мамлакатлар билан бир қаторда иттифоқчи бўлган Хива хонлигига ҳам элчилар юборилди. Усмонийлар давлатига юборилган Ёқубхон тўра Хоразм орқали йўл олган ва Хива хонига Султон Саййидхоннинг мактубини топшириб, кейин сафарини давом эттирган [1:232]. Султон Саййидхоннинг мактубида Россия империясининг Авлиё ота, Туркистон, Чимкент ҳудудларига бостириб келганлигидан Усмонийлар давлатини хабардор қилиш мақсадида Ёқубхон тўранинг элчи бўлиб борётгани ва уни Хива хонлиги ҳудудларидан ўтказиб юборишлик сўралган [7]. Хива хони учун йўлланган мактубга Султон Саййидхоннинг муҳри босилган. Бироқ Усмонийлар султони ҳамда садри аъзами номига ёзилган мактубларга Алиқули амирлашкарнинг муҳри босилган. Гарчи давлат бошқаруви Алиқули амирлашкар қўлида бўлса-да, Хива хони учун ёзилган мактубда Усмонийлар давлатига юборилган мактублардан фарқли равишда Қўқон хонининг муҳри босилишига алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки, Туркистон хонликларидаги ўзаро ёзишмалар ҳукмдорлар ўртасида бўлиб, бу уларнинг легитимацияси – олий тахтга эгалигининг ҳуқуқий асосларга эгалигига алоҳида эътибор қаратилганини кўрсатади.
Қўқон хонлигининг шимолий ҳудудлари бўлган Дашти Қипчоқ ва Тошкент Россия империяси томонидан босиб олингандан кейин Хива хонлиги билан муносабатлар ҳам узила бошлаган. Чунки Қўқондан Бухоро ва Хоразмга борадиган йўллар деярли Туркистон генерал-губернаторлигининг тасарруфига ўтган эди.
Минг сулоласи етакчилари Қўнғиротлар сулоласи (Хоразм) билан жуда фаол ҳамкорликларни олиб борганлар. Ўзаро келишувлар натижасида умумий душманга қарши ҳарбий иттифоқчилик тузилмасини тузишга эришилган. Айниқса, Россия империясининг Туркистонга тажовузи арафасида дипломатик муносабатлар, элчилар борди-келдиси жуда ҳам кўпайганлиги босқинга қарши чоралар кўришга ҳаракат қилинганини кўрсатади.
-
Аллаева Н. Хива хонлигининг дипломатияси ва савдо алоқалари. Тошкент: Академнашр, 2019.
-
История Центральной Азии в Османских документах. Том I. Политические и дипломатические отношения. Самарканд: МИЦАИ, 2011.
-
Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий. Зубда-т-ут-таворих / Нашрга тайёрловчи, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи Нурбой Жабборов. Тошкент: Ўзбекистон, 2009.
-
Муҳаммад Ҳакимхон тўра. Мунтахаб ут таворих. ЎзР ФА ШИ қўлёзма, инв. №594.
-
Муҳаммадҳакимхон Тўра. Мунтахаб ат-таворих. Форс-тожик тилидан таржимон, муқаддима, изоҳлар муаллифи Шодмон Воҳидов. Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2010.
-
Отахонов Ф. Қўқон ва Хива хонликлари ўртасида 1821 йилда тузилган ҳарбий иттифоқ ва унинг оқибатлари (“ Шоҳномайи нусратпоём” маълумотлари таҳлили) // O‘zbekiston tarixi. №2, 2012. – Б. 24-34.
-
ЎзМА, ф. И-125, 2-р, 240-й.ж.
-
Худоёрхонзода. Анжум ат-таворих (Тарих юлдузлари). Тошкент: 2014.
-
Muhammad Rıżā Mīrāb Āgahī. Jāmı‘ al-vāqı‘āt-ı sulṭānī / Edited in the original Central Asian turki with an introduction and notes by Nouryaghdi Tashev. – Samarkand-Tashkent: 2012.
-
NAI. Foreign Foreign political. C. 24th November 1854. №.1-22 Account of the Khanate of Kokand. – Р. 15.
-
ТССDABOA, HR. nr., 4/8.
-
ТССDABOA. HR.SYS. nr., 4/3. 1849/4172. Dersaadet’te bulunan Harzem elcisi ve Hokand hanzadelerinden Sadık Bey’in Tersane-i Amire’yi ziyaretleri