Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШдан олимлар иштирок этди.
Семинарда Ориентал университети профессори, тарих фанлари доктори Шамсиддин Камолиддин “Марказий Осиё минтақасининг тарихий номлари” мавзусида маъруза қилди.
Олим ўз илмий таҳлилида Марказий Осиёдаги тарихий номлар — хусусан, Турон, Туркистон, Туркистон, Мовароуннаҳр каби макротопонимларнинг пайдо бўлиши, қачон ва қандай шароитда ишлата бошлангани, уларнинг сиёсий ва этнотарихий маъносини атрофлича ёритди. Минтақада турли даврларда ҳукмронлик қилган муайян кучлар бу ҳудудга ўз номини беришга интилганини таъкидлаб ўтди.
Маърузачи таъкидлаган яна бир муҳим жиҳат – минтақанинг айрим топонимлари фақат географик эмас, балки этносиёсий моҳиятга ҳам эга бўлгани. Айниқса, Турон номи айрим манбаларда эфталитлар ёки кушонлар давлатига, кейинроқ эса Турк хоқонлигига нисбатан қўллангани таъриф этилди. Туркий, арабий ва форсий манбаларда бу номлар ҳар хил битилиб, Марказий Осиёнинг турли қисмларини ифодалаган.
“Мовароуннаҳр” номининг пайдо бўлиши ва араблар даврида кенг тарқалгани ҳақида тўхталиб, олим бу атама сиёсий эмас, фақат географик тушунча экани таъкидлади. Бундан фарқли ўлароқ, «Туркистон» ва «Турон» тушунчаларини халқнинг этник ўзлиги ва маданиятини ифода қилувчи тарихий-сиёсий атамалар сифатида талқин қилди.
Семинар қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблар билан давом этди.