Буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг 14 март куни Президентимиз “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу қарор мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойил-ларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Калом илмига оид улкан илмий мерос қолдирган Абу Мансур Мотуридий ўз давридаёқ замондошлари томонидан “Имом ал-ҳуда” (“Тўғри йўлга йўлловчи имом”), “Қудвату аҳл ас-сунна” (“Аҳли суннанинг андозаси”), “Фитна ва бидъат тўдаларини ағдарувчи”, “Имом ал-мутакаллимин” (“Мутакаллимларнинг пешвоси”), “Рофе аълом аш-шариъа” (“Шариат байроқдори”), “Мусаҳҳиҳ ақоид ал-муслимин” (“Мусулмонларнинг ақидаларини тузатувчи”) каби шарафли номларга сазовор бўлган.
Мотуридийнинг илмда юксак мартабаларга кўтарилиши, олимлар орасида қадр-қиммат топишида у шаклланган илмий муҳитнинг ўрни катта. Хусусан, IX-X асрларда Мовароуннаҳр ва мусулмон дунёси мамлакатларида яшаган Абу Наср Аҳмад Иёзий ҳамда Абу Бакр Жузжоний сингари йирик уламолар Имом Мотуридийнинг етук олим бўлиб шаклланишига ижобий таъсир кўрсатган.
Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, олимнинг фаолиятига беқиёс хизмати сингган устозлар мавзуси, бизнингча, чуқур тадқиқ қилиниши лозим. Негаки, бу борада ўрта аср манбаларининг камлиги маълумотлар тақчиллигини юзага келтиради. Айрим манбаларда Нусайр Балхий билан Муҳаммад Розий олимнинг устозлари сифатида зикр этилган қайдлар мавжуд. Лекин Абу Муин Насафий уларни самарқандлик олимлар қаторига қўшмайди. Мотуридийшунос олим Ульрих Рудольф таъкидича, Имом Мотуридий билан боғлиқ бирор асарда уларнинг номи учрамайди. Бу эса мазкур шахсиятлар биографиясига оид маълумотларни янада аниқлаштиришга қаратилган тадқиқотларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатади.
Манбаларда Абу Бакр Жузжоний Имом Мотуридийнинг илк устозларидан эканига урғу берилади. Жузжоний Мовароуннаҳр, хусусан, Самарқанддаги ҳанафий мазҳаби фиқҳий мактаби тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Абу Муин Насафий “Табсират ал-адилла” асарида келтиришича, Абу Бакр Жузжоний машҳур олим Абу Сулаймон Жузжонийдан таълим олади, сўнг Самарқандга келиб, илм ва таълимотни ёйиш билан машғул бўлади. Кейинчалик Самарқандда Абу Муқотил Самарқандий, Абу Бакр Самарқандий каби йирик илоҳиётчи олимлар кенг қамровли фаолият олиб боришади. Жумладан, Абу Муқотил Самарқандий бу ерда машҳур “Китоб ал-олим вал-мутааллим” (“Олим ва шогирд китоби”)ни ёзади.
Олмон олими Ульрих Рудольф “Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти” китобида таъкидлашича, Абу Мансур Мотуридий ҳанафий мазҳаби таълимотини айнан Абу Бакр Жузжонийдан ўрганган. Шу нуқтаи назардан ҳам у Имом Мотуридий атрофидаги илмий муҳитнинг шаклланишига сезиларли ҳисса қўшган деб қаралади.
Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишида Абу Наср Иёзий (вафоти 277/890 й.)нинг ҳам хизмати катта. Мовароуннаҳрнинг кўпгина йирик олимлари Абу Наср Иёзий фаолиятини юқори баҳолашиб, унинг қомусий билимларига алоҳида урғу беришган. Абул Муте Насафий олимни тавсифлаб, “илм соҳасида тубсиз уммонга монанд эди”, деб ёзади. У йигирма ёшида тенгдошларидан билим борасида анчагина илгарилаб кетган бўлиб, ақлу заковати ўткирлиги, сабр-тоқати, ўта синчковлиги билан мунозарага кирувчи ҳар қандай одамни асосли жавоби, Қуръони Каримдан келтирган далиллари билан танг қолдирар эди.
Мотуридий таълимотининг шаклланиши, илмий жиҳатдан бойиши ва кейинги авлодлар томонидан энг ҳаётий низом сифатида қабул қилинишида аллома тарбиялаган олим-шогирдларнинг хизмати беқиёсдир. Абу Мансур Мотуридий ўз илмий муҳитининг ривожи ва унинг бошқа ҳудудларга тарқалишига асарлари орқали ижобий таъсир кўрсатди.
Унинг дастлабки шогирдларидан бири мутакаллим Абу Наср Иёзийнинг фарзанди Абу Аҳмад Наср ибн Аҳмад Иёзий ҳисобланади. Абу Аҳмад илоҳиёт илмларини аввал отасидан, сўнг Абу Мансур Мотуридийдан чуқур ўрганган. Калом илмидаги юксак салоҳияти билан танилиб, олимлар орасида катта шуҳрат қозонган. Абу Ҳафс Бухорийнинг маълумотларига кўра, у ҳақиқатпарварлиги сабабли ҳанафий мазҳабига ёт фикр ва хулосаларнинг кириб келишига йўл қўймаган. Шу тариқа мазҳаб софлигини сақлашга чин дилдан хизмат қилган. Ҳаким Самарқандий олимни таърифлаб, “Хуросон ҳамда Мовароуннаҳрдаги энг етук олимлардан эди”, деб ёзади. Абу Аҳмад мўътазилийлар билан кескин баҳслар олиб борган ва унинг бу борадаги фикрлари устози Абу Мансур Мотуридий қарашлари билан ҳамоҳанг эди. Абу Аҳмаднинг ҳаёти, илмий мероси ҳақида Абу Муин Насафийнинг “Табсират ал-адилла” китобида муҳим маълумотлар келтирилади.
Абу Аҳмад Абу Мансур Мотуридий таълимотининг кейинги асрлардаги ривожига улкан ҳисса қўшган. Айниқса, Абу Аҳмаднинг шогирди Абу Салом Муҳаммад ибн Муҳаммад Самарқандийнинг мазкур таълимот ривожланиши ва тарқалишида катта улуши бор. Тахминан Х асрда яшаб ижод этган бу олимнинг “Жумал усул ад-дин” (“Дин асослари мажмуи”) асари мотуридийлик анъаналари давом эттирилган, давримизга қадар етиб келган энг дастлабки илмий манбалардан бири ҳисобланади. Мазкур асар қўлёзмаси Истанбулдаги Сулаймония қўлёзмалар хазинасида сақланади. Қўлёзма матни 1989 йили Истанбулда нашр этилган. Ульрих Рудольфнинг ёзишича, асар Имом Мотуридийдан сўнг Самарқандда битилган анъанавий илоҳиётга оид асарлар услубидан фарқ қилса-да, Мотуридий ғояларига тўлиқ мос келади.
Мотуридийлик илмий муҳитининг ривожига Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний (вафоти 350/961 й.) ҳам катта ҳисса қўшди. Олим Мотуридийнинг шогирдларидан бири бўлиб, у Самарқанд яқинидаги машҳур Рустуфағн қишлоғида дунёга келган. У Имом Мотуридийнинг энг кўзга кўринган, илмий баҳсларда мустақил, эркин фикрлари билан фаол иштирок этадиган шогирдларидан бири эди. Олимнинг нисбаси турли манбаларда Рустуфғоний, Рустуғфоний кўринишида ҳам учрайди. Ибн Абул Вафонинг “Ал-Жавоҳир ал-музийя” асарида қайд этилишича, Абул Ҳасан “фиқҳ бўйича ҳам билимдон олимлардан” бўлган. Манбалар фиқҳ, илоҳиёт илмларини мукаммал эгаллаган Абул Ҳасан Рустуфағнийнинг тўрт асар ёзгани ҳақида хабар беради. Биринчиси, олимнинг фатволар йиғиндиси ҳисобланган “Фатовои Рустуфағний” асари. Олимнинг турли қомусий луғатларда номи келтирилган иккинчи асари “Китоб ал-хилоф” (“Мунозаралар китоби”) эса ҳозирга қадар топилмаган. Калом илмига бағишланган энг асосий ҳамда муҳим асари “Китоб иршод ал-муҳтадий” (“Тўғри йўлдан юрувчига йўлланма”) деб номланади. Ушбу асар Ибн Қутлубуғонинг “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Абдулҳайнинг “Ал-Фавойид ал-баҳийя” асарларида юксак эътироф этилади. Абул Ҳасан ўрта аср олимларига эргашган ҳолда уларнинг ижодига хос қомусий асар ёзиш йўлидан бориб, илмлар таснифига бағишланган “Китоб аз-завойид вал-фавойид” (“Қўшимчалар ва фойдалар китоби”) асарини битади. Ушбу силсилага Абу Зайд Балхийнинг “Ақсом ал-улум” (“Илмларнинг қисмлари”), Ибн Фаруғнинг “Жавоме ал-улум” (“Илмларнинг жамловчилари”), Хоразмийнинг “Мафотиҳ ал-улум” (“Илмларнинг калитлари”) асарларини ҳам киритиш мумкин.
Бундай асарнинг ҳанафий мазҳабидаги олим, Имом Мотуридий шогирди томонидан ёзилиши унинг ҳар томонлама етуклигидан далолат беради. Бу эса Х асрда Имом Мотуридий таълимотининг кенг ёйилиши, шунингдек, ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрдаги ривожига улкан ҳисса қўшади.
Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти шаклланишига ҳисса қўшган устоз ва шогирдлар ҳақидаги манбаларни излаш, уларни таржима қилиб, илмий муомалага киритиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Президентимизнинг мазкур йўналишда қабул қилган қарори эса бу жараённи тизимли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.