Бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимиздан етишиб чиққан ҳамда дунё илм-маърифати ривожига бебаҳо ҳисса қўшган кўплаб уламоларнинг илмий меросини кенг тадқиқ қилиш имконияти пайдо бўлди.
Хусусан, Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга ихтисослашган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши натижасида буюк аждодимизнинг мавжуд асарлари ўзбек тилига таржима қилинмоқда, Имом Мотуридийнинг мутаассиб оқимларга берган ғоявий раддиялари асосида тадқиқотлар олиб борилмоқда, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш ҳамда уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш борасида илмий хулосалар шакллантирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 14 мартда “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши ҳам маънавий ҳаётимизнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Сабаби, мазкур ҳужжат буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни янада рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш, аҳоли орасида мўътадил ислом ғояларини тарғиб қилишга қаратилган илмий изланишларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ислом тарихида илм ва маърифат ривожига ҳисса қўшган буюк сиймолар жуда кўп, лекин улар орасида ислом оламининг улуғ мутафаккир олими, калом илмининг султони сифатида танилган Абу Мансур Мотуридий алоҳида ўрин тутади. Имом Мотуридий ислом ақидасининг мустаҳкам асосларини кўрсатган ҳолда ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг асосий қисми амал қиладиган мотуридийлик таълимотини тизимлаштирган.
Аллома Самарқанднинг “Мотурид” қишлоғида туғилгани учун “Мотуридий” нисбасини олган ва бу унинг энг машҳур нисбасидир. Бу қишлоқ Самарқандга қарашли бўлгани учун Имомга “Самарқандий” нисбаси ҳам берилган. Имом Мотуридий ўз ҳаётини илмни тараққий эттиришга бағишлади. У калом, тафсир ва фиқҳ соҳаларида бебаҳо қийматга эга бўлган “Китоб ат-Тавҳид”, “Таъвилот ал-Қуръон”, “ал-Мақолот”, “Маохиз аш-шарое” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “ал-Жадал” (Илмий баҳслар) каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади.Шу билан бирга, Имом Мотуридий ўз даврининг адашган тоифаларига раддия асарлари билан машҳур.
Швецариялик профессор Ульрих Рудолф ўзининг “Ал-Мотуридий ва Самарқандда калом илмининг ривожланиши” номли тадқиқотида буюк олим ҳақида шундай деган: “Имом Мотуридий калом илмининг энг машҳур намояндаларидан бири бўлиб, унинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш ёки эслаб ўтишга ҳожат йўқ. Унинг новатор мутакаллим сифатидаги обрўси шубҳасиз бўлиб, кейинги авлодларга улкан таъсир кўрсатган ва натижада мустақил мотуридийлик мактаби шаклланган. Ушбу илмий мерос уни исломий ақиданинг етакчи устози мақомига олиб чиққан ва у бугунги кунга қадар ислом ҳақидаги деярли ҳар бир қўлланма ва тадқиқотда шундай аталади”.
Имом Мотуридий ақлий тафаккурни дин билан уйғунлаштирган ва ақидада адолат, илм ва мантиққа асосланган ҳукмлар чиқариш кераклигини таъкидлаган. Бу билан аллома ўз замонаси ва келажакда мутаассиб оқимлар ёки фирқалар томонидан дунё мусулмонлари онгига салбий таъсир қилиш имкониятини йўқотишни мақсад қилган эди. Унинг таълимоти Туркия, Марказий Осиё ва бутун ислом оламида кенг тарқалган.
Буюк олимнинг фикрлари бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб, исломий фикр тараққиёт ва маърифат парвариши йўлида муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Нидерландиянинг Лейден университети илмий ходими доктор Арнолд Ясин Мол қуйидаги фикрларни айтган:
“Мотуридийлик таълимоти ўзига хос маърифат назарияси (эпистемология), метафизика ва ахлоқ фалсафаси билан нафақат ислом интеллектуал тарихини қайта шакллантиришга ҳисса қўшади, балки ҳозирги дунё учун ҳам муҳим фикрий асосларни таклиф қилади”.
Имом Мотуридийнинг мероси – ҳақиқат, илм ва ақлга таянган дунёқарашнинг ёрқин тимсолидир. Имом Мотуридий каби буюк сиймоларга эътибор қаратиш орқалигина ўзликни англаш ва ёш авлодни тўғри йўлга йўналтириш, радикализм ва экстремизмга қарши маърифий курашиш, ислом оламида мавжуд бўлган турли ғоявий қарама-қаршиликларга ечим топиш имконияти пайдо бўлади.
Имом Мотуридий сингари буюк сиймоларга эътибор бу нафақат диний, балки илмий, ижтимоий ва маданий тараққиётга ҳам хизмат қилади. Унинг илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш орқали мусулмон жамиятларида маърифатпарварлик, фикрий бойлик ва маданий уйғунликка эришиш мумкин.