Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 15 апрель куни “Имом Бухорийнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур анжуман, режага кўра, 16 апрель куни Oriental университетининг Самарқанд кампусида давом этди.
Муҳим ва илм-фан шайдолари учун жуда қизиқарли йўналишлар бўйича ташкил этилган тўртта шўъбада ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тил ва адабиёт, фалсафа, ижтимоий фанлар ва замонавий тафсир методологияси мавзулари муҳокама қилинди.
Қатор маърузаларда Имом Бухорий асарларидаги билимлар фақат тарихий манба сифатида эмас, балки замонавий ижтимоий масалалар – оила ҳуқуқи, ахлоқий қадриятлар, фарзанд тарбияси ва диний таҳлиллардаги илмий ёндашувларда ҳам муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Жумладан, “Саҳиҳул Бухорий”даги назмий оҳанг, услубий гўзаллик, мантиқий хулосалар ва аниқ тил қоидалари илмий таҳлил қилинди. Янги тадқиқотлар, библиографик таҳлиллар, замонавий ижтимоий илмлар билан боғлиқ ёндашувлар, шунингдек, ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларга таъсири тилга олинди.
Ҳам онлайн, ҳам офлайн тарзда давом этган анжуманда Туркия, Ўзбекистон, Малайзия ва бошқа мамлакатлардан қатнашган олимлар Имом Бухорий меросини ҳар томонлама ёритишга ҳисса қўшадиган маърузаларни ўқиб эшиттирди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Шўъба йиғилишлари якунида муҳокамалар, фикр ва таклифлар учун алоҳида вақт ажратилди. Қатнашчилар Имом Бухорийнинг илмий мероси нафақат ислом илмлари, балки замонавий тафаккур ва билимлар тизимида ҳам ўта долзарб эканини қайд этди.
Куннинг иккинчи ярмида амалий тадбир сифатида қатнашчилар учун Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Иштирокчилар Регистон мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамда Имом Мотуридий зиёратгоҳида бўлиб, аллома аждодларимиз яшаб ижод қилган муҳитни ҳис қилиш билан бирга, ислом цивилизациясининг Самарқандда мужассамлашган ёрқин намуналари билан ҳам яқиндан танишди.
Мазкур амалий қисм анжуман таассуротларини янада бойитиб, юртимизнинг тарихий мероси нафақат илмий, балки маданий-маънавий мерос билан уйғун эканини яна бир бор намоён этди.
Илмий муҳокамалар, маърифий саёҳат ва фикр алмашувларга бой бўлган ушбу нуфузли анжуман якунида иштирокчилар тадбирнинг ташкилий савияси, мазмунан бойлиги ва амалий аҳамиятидан катта мамнуният изҳор этди. Самарқандда ўтказилган анжуман нафақат тарихий меросга эҳтиром рамзи, балки дунё илм-фан жамоатчилигини яна бир карра бирлаштирган ва жипслаштирган муҳим илмий мулоқот майдони бўлди.