Home / АЛЛОМАЛАР / Мовароуннаҳрда калом илми ривожи ва макҳулий алломалар ҳақида

Мовароуннаҳрда калом илми ривожи ва макҳулий алломалар ҳақида

Ватанимизнинг ҳар бир гўшасидан юзлаб, минглаб алломалар етишиб чиққан. Уларнинг қолдирган бой илмий-амалий мероси нафақат юртимиз, балки жаҳон илм аҳллари учун дастуруламал бўлгани маълум. Юртимиз алломалари илмий-маънавий меросида диний ва дунёвий билимлар қатори калом – ақида илмига бағишланган асарлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинаси ҳисобланган мазкур асарларни илмий таҳлил ва тадқиқ этган ҳолда таржима қилиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларни хабардор қилиш ҳозирги давр учун энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Ўз даврида хилма-хил бидъат ишларга берилган кўпдан кўп гуруҳ ва фирқаларнинг пайдо бўлганини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Бундай фирқаларга, асли мушаббиҳийлардан бўлган Муҳаммад ибн Карром Сейистоний (ваф. 869 й.)га нисбат берилган карромийлар гуруҳини кўрсатиш мумкин. У «Китобу-с-сирр» («Сир-синоатлар китоби») ва «Азобу-л-қабр» («Қабр азоби») каби асарлар ёзган ҳамда 815 йилдан бошлаб асосан антропоморфизм ғояларига йўғрилган карромийларнинг раҳнамоси бўлган.

Шунингдек, бу даврда «Қармат» номи билан танилган Ҳамдон ибн Ашъас (ваф. 899 йилдан кейин) қарматийлар ҳам пайдо бўлди. Ҳамдон ибн Ашъас тарафдорлари ҳатто Бағдод, Хуросон, Шом, Миср, Яман ва Ҳижоз ҳудудларда кенг тарқалди. Улар, кейинчалик, ботинийлар номи билан юритила бошланди. Чунки, улар ўз таълимотларини «илму-л-ботин» («яширин илм») деб атар эдилар.

Айни вазиятда бу каби ботил қарашларга раддиялар берган аҳли сунна олимлари ҳам етишиб чиқдилар. Улар орасида «ал-имому-л-фозил жомеу-л-усул (усул илмини эгаллаган фозил имом), «ал-имому-з-зоҳид» (тақводор имом), «ал-фақиҳу-л-ҳанафий» (ҳанафий фақиҳ), «сайфу-л-ҳаққ» (ҳақиқат қиличи) каби унвонлар соҳиби Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мўътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул Насафий (1027–1114)ни алоҳида зикр этиш мумкин. Макҳулийлар сулоласи бошида Абу Муиннинг учинчи бобоси Муҳаммад ибн Макҳул туриши таъкидланган.

Аксар олимлар ушбу сулола вакилларига турли илмлар бўйича, айниқса, ҳанафий фиқҳи бўйича таянар эдилар. Чунки, уларнинг энг катта бобоси Макҳул Насафий (ваф. 930)дан бошлаб барча Насафийлар ҳанафийлик фиқҳига тўла амал қилиб, уни авлоддан авлодга нақл қилганлар.

Макҳул Насафийнинг фиқҳ илмини бевосита ишончли занжир орқали Абу Ҳанифадан олгани, шунингдек, Абу Сулаймон Мусо Жузжоний (ваф. 816), Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (750-805) каби ўз замонасининг буюк олимлари билан замондош сафдошларидан бўлгани аҳамиятга молик. Бу унинг мазкур алломалардан таъсирлангани, илмий мунозараларда бевосита иштирок этгани, ўзи ҳам уларга таъсир кўрсатганини англатади. Улар Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрига нисбат берилиб, Насафий деб юритилади. Насафда асосан Кеш, Субах, Пазда, Касби каби туман ва шаҳарлардан илм аҳллари жамланган, ўрганган, ўргатган.

Макҳул Абу Фазл Насафий фиқҳ илмида машҳур олим бўлган. Манбаларга кўра, у фиқҳни бевосита Абу Ҳанифадан ривоят қилар эди. Бу эса Макҳул Насафийнинг Абу Ҳанифа ёки унинг шогирдлари билан тўғридан-тўғри илмий алоқада бўлганини кўрсатади. Зеро, барча замонларда унинг далиллари ўта ишончлилиги билан алоҳида ажралиб турган.

Макҳул ибн Фазлнинг ўғли Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Абу Муин Макҳулий бўлиб, унинг ҳам илм-фанда кўзга кўринган икки ўғли бор эди: Абу Бадиъ Аҳмад ибн Муҳаммад Макҳул ва Абу Маолий Мўътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул. Уларнинг ҳар иккиси ўз отасидан ривоят қилар эди. Хусусан, Абу Бадиъ ҳақида ёзишларича, у фиқҳ илмида жуда машҳур бўлиб, 942 йилда туғилган. Умрининг охирларини Бухоро шаҳрида ўтказиб, шу шаҳарда вафот топган ва унинг жасади 989 йилда Насафга келтирилиб, дафн этилган.

Бундан кўринадики, Абу Бадиъ Насаф олимларидан бор илмларни ўрганиб, Бухорода унга сайқал берган, асарлар яратган. Чунки, у пайтларда Бухоро ҳажм жиҳатдан ҳам, машҳурлик жиҳатдан ҳам Насафдан юқори турар эди. Аммо, олим юртига муҳаббати туфайли жасадини ўз ватани Насафда дафн этилишини сўраган. Бундан ташқари, Насаф ўз даврининг саккизта энг йирик илм марказларидан бири ҳисобланган.

Абу Маолий (969–1038) ҳадис илми бўйича отасидан ташқари Абу Саҳл Исфаройинийдан ҳам сабоқ олган ва ундан “Макка хабарлари” (“Ахбору Макка”) номли китобни ривоят қилган.

Макҳулийлар сулоласи ва мотуридийлар ўртасида муайян даражада илмий алоқа мавжуд бўлиб, Абу Маолий ўзининг отаси Абу Муин Муҳаммад ибн Макҳулдан, у эса, ўз навбатида, отаси Макҳул Насафийдан ривоят қилган. Макҳул Насафий Абу Сулаймон Жузжоний (ваф. 816)дан таҳсил олган. Жузжоний Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирдидир. У Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитдан тўғридан тўғри таълим олган.

Абу Мансур Мотуридий имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Иёзий Самарқандий (ваф. 889)дан ривоят қилган. Иёзий Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний (ваф. 864)дан, у Абу Сулаймон Жузжонийдан, у эса Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан таҳсил олган. Ҳасан Шайбоний Абу Ҳанифа ибн Нўъмон ибн Собитнинг шогирдидир.

Ушбу силсила бу икки сулола ўртасида азалдан илмий алоқалар мавжуд бўлганига далолат қилади. Бундан ташқари, Ш.Зиёдовнинг фикрича, Имом Мотуридий Абу Муин Насафийнинг бобосига устозлик қилган.

Бу фикрлардан икки хулоса келиб чиқади.

Биринчидан, макҳулийлар ва мотуридийларнинг ҳар иккиси ҳам айни бир муҳитдан етишиб чиққан. Ушбу сулолаларга мансуб олимлар айни бир саҳоба ва устозлардан таълим олган. Бу икки сулола ақидаси асосини Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий (699-767) қарашлари ташкил этади. Унинг шогирди Шайбонийдан таълим олган Жузжонийдан бошлаб бу илмий сулола икки хонадонга ажралади: Абу Муин Насафий етишиб чиққан макҳулийлар ва Абу Бакр Жузжоний бошлаб берган мотуридийлар сулоласи.

Иккинчидан, манбалардан маълумки, Абу Мансур Мотуридий 944 йилда вафот этган. Макҳул Насафийнинг таваллуд санаси аниқ бўлмаса-да, унинг ўғилларидан бири Абу Бадиънинг 942 йили таваллуд топгани маълум. Бундан Макҳул Насафийнинг ушбу санадан анча олдин яшагани ҳамда Имом Мотуридий билан замондош бўлгани аён бўлади. 

Шу нуқтаи назардан қараганда, бу икки сулола вакиллари илмий мулоқотда бўлгани ва ҳатто учрашган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Фикр алмашиш эса, табиийки, илмий камолотни, муштарак тафаккурни таъминлайди.

Абу Муин Насафий “Табсирату-л-адилла” ва “ат-Тамҳид ли-қавоиди-т-тавҳид” номли асарларининг кириш сўзида ўз нуқтаи назарини Имом Мотуридийнинг тавҳид хусусидаги қарашларига асосланиб ёзганини қайд этган. Бу каби омиллар “макҳулийлар мотуридийлар ва уларнинг издошлари билан бевосита учрашганлар, ягона “мадрасату-л-мотуридия” номи остида бўлганлар”, дейишга етарли асос бўла олади.

Манбаларда Абу Муин Насафийнинг иккинчи бобоси Муътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул Абу Маолийнинг 936–1039 йилларда яшагани ҳам маълум. Агар, Абу Муин Насафийнинг 1027 йил таваллуд топгани эътиборга олинса, алломанинг ўз отаси ёки бобосидан таълим олганига ишониш мумкин бўлади.

Ҳар ҳолда мотуридийлик таълимоти олимлари ва макҳулийлар издошлари ўртасида илмий алоқанинг мавжуд бўлгани уларнинг бир-бирига замондош бўлгани учун ҳам, бир ҳанафийлик мазҳабига эътиқод қилганидан ҳам сезилади.

Демак, макҳулий насафийлар ўз илмини X асрнинг охири – XI асрнинг бошларида “мотуридийлик мадрасаси” номи билан танилган йирик ҳанафийлик мадрасасидан олган. Бу жараён, шубҳасиз, Имом Мотуридий ҳаётлиги давридан бошланган. Бу эса барча Насафий олимлар фиқҳда ҳанафийлик, ақидада мотуридийлик таълимотига содиқ бўлганига ёрқин далилдир.

X–XI асрларда кўплаб адашган оқимларга раддия асарлар ёзилди. Ушбу йўналишдаги муҳим асарлардан бири Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафийнинг “Китобу-р-радд ала аҳли-л-бидаи ва-л-аҳвои-з-золлати-л-музилла” (“Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”) ҳисобланади. Унинг “Китоб фи-т-тасаввуф” (“Тасаввуф ҳақида китоб”), ўз йўналиши бўйича илк китоблардан ҳисобланган “Китабу луълуиёт фил-мавоиз” (“Ваъзлар бўйича жавоҳирлар”) ва “аш-Шуо” (“Ёғду”) каби асарлари ҳам бўлса-да, “Китобу-р-радд” ҳадисда келган 72 адашган фирқага раддия сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур асарнинг ягона қўлёзма нусхаси ҳозирда Оксфорддаги Бодлиян кутубхонасида №271 рақами остида сақланмоқда. 145 варақдан иборат бу нусха 1143 йил кўчирилган. Юртимизга ушбу нодир асарнинг бир нусхаси таниқли олим тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов саъйи ҳаракатлари билан келтирилган. Олим мазкур асар ҳақида шундай ёзади: «Француз олимаси Мари Бернан уни нашр қилишга муваффақ бўлди. Бу қимматли нашр 1980 йилда Қоҳирада чоп этиладиган «ал-Ҳавлийяту-л-исломалужийя» номли журналнинг 16-жилдида эълон қилинган. Француз олимаси асарни танқидий нашрга тайёрлаш билан бирга унга ўн икки бетдан иборат кириш сўзи ҳам битган».

Асар содда, тушунарли, халқчил иборалар билан ёзилган бўлиб, осон тушунилади. Муаллиф асарни қадарийлик, жаҳмийлик, рофизийлик, ҳарурийлик, жабарийлик ва муржиийликдан иборат олти қисмга бўлган. Ҳар бир қисмда, ўз навбатида, 12 фирқа ҳақида маълумотлар келтирилган.

«Китобу-р-радд» келтирилган далилларининг нақлий экани, энг муҳими, ҳанафийлик асосида шаклланган мотуридийлик қарашларига тўла мос келиши билан диққатга сазовор. Унда, иложи борича, аксар тадқиқотчилар осон англайдиган ва амалиётда кўп қўлланадиган машҳур оятлар, энг халқчил ҳадислардан фойдаланилгани асарнинг қимматини янада оширган.

Асарнинг ҳозирги давр учун аҳамиятини қуйидаги омиллар билан белгилаш мумкин:

1. Макҳул Насафий ўз асарида ўрта асрларда шаклланган барча ботил фирқалар қарашларини жамлаб, уларга соф ислом қарашларига мувофиқ нақлий далиллар асосида раддиялар берган.

2. Асарда ҳар бир фирқа илгари сурган ғоянинг келиб чиқиш тарихи, манбавий асоси, келтирган далиллари аниқ кўрсатилган. Оқибатлари, жамият, инсонларнинг ижтимоий, маънавий, маърифий, маданий, диний ҳаётига таъсири илмий асосланган.

3. Оқимлар келиб чиқиши сабаблари ва уларни бирлаштирувчи умумий хусусиятларига кўра гуруҳларга ажратилган. Бу улар ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш, шунингдек, фирқаларнинг умумийлик жиҳатларини тўғри белгилаш имконини беради. Аллома томонидан фирқаларнинг гуруҳланиши ҳадисда хабари келган 72 адашган фирқа доирасида амалга оширилгани алоҳида эътиборга молик ҳисобланади.

4. Асар унда келтирилган айрим оқимлар ҳозирда йўқ бўлиб кетгани, баъзиларининг эса кейинги асрларда ёзилган манбаларда учрамагани сабаб манбашунослик жиҳатидан ўта муҳим қимматга эга. Бу, аслида, бугунги кун учун бир сабоқдир.

5. Ҳозирда фаолияти кузатилаётган диний экстремистик оқимлар қарашларидаги айрим жиҳатлар ўрта асрларга хос фирқалар илгари сурган жиҳод, «халифалик» ва шаҳидлик каби вайронкор ғояларда учрагани боис, асар бу қарашларга раддия беришда манбавий асос вазифасини ўтайди.

Макҳул Насафийнинг мазкур нодир асари тадқиқотчи Ҳалим Муҳиддиновнинг ўзбек тилига таржимаси ва изоҳлари билан 2012 йил нашр қилинди. Профессор У.Уватов кириш сўзида асарнинг ёзилиш тарихи, нусхалари ва муҳим жиҳатлари ҳақида фикр билдирган. Мазкур таржима юртимиз алломаларининг ибратли ҳаёт йўллари ва илмий, маънавий ҳамда диний меросига бўлган давлат даражасидаги эътиборнинг бир кўриниши сифатида эътирофга лойиқ. 

Президентимизнинг жорий йилда «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар мотуридийлик таълимоти алломалари, жумладан, Макҳул Насафий ва Абу Муин Насафий каби дунё эътирофидаги олимлар асарларини илмий асосда тадқиқ қилган ҳолда ўзбек тилига таржима қилиш олимларимиз зиммасига улкан масъулият юклайди.

Иргаш Даминов, 
тарих фанлари бўйича  фалсафа доктори, доцент
Манба: ЎзА

Check Also

МОТУРИДИЙЛИК ҲАҚИҚАТИ: Яратувчи қадимдир

OBIDJON XURSANDOV – Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi ilmiy xodimi Tas-ix: