Home / МОТУРИДИЙЛИК / Муалло ва Бақиъдан кейин турувчи қадамжо

Муалло ва Бақиъдан кейин турувчи қадамжо

14 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида “Чокардиза қабристони: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро онлайн илмий семинар бўлиб ўтди. Унда марказлар илмий ходимлари, юртимиз ва Туркиядаги илмий муассасаларининг етук олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишлаб ташкил этилган семинарда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов мавзу юзасидан маъруза қилди.

Олим Чокардиза қабристонининг тарихий аҳамияти, унинг Имом Мотуридий мероси билан чамбарчас боғлиқ жиҳатлари ҳақида батафсил сўзлади. Таъкидланганидек, Самарқанддаги Чокардиза қабристони Имом Абу Мансур Мотуридий дафн этилган муқаддас маскан бўлиб, асрлар давомида мусулмон олами уламолари эъзоз билан зиёрат қилиб келган табаррук қадамжолардан бири саналади.

А.Бердимуродов ушбу қабристоннинг тарихи IX-X асрларга бориб тақалиши, илк бор васиятига кўра Имом Абу Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Самосий Мутаваий ўз боғига дафн этилганидан сўнг, бу ерга илм эгалари, азиз авлиёлар, шайху уламолар қўйила бошлаганини таъкидлади. Имом Мотуридий ҳам шу ерда дафн этилган. Бу эса, қадамжонинг мақомига яна бир ишорадир.

Чокардиза қабристони нафақат Самарқанд, балки бутун ислом дунёси илм аҳли учун қадрли маскан бўлиб, “аҳли илмнинг охират маскани” сифатида ном қозонган. Манбаларда айтилишича, бу ерда Бухорий, Найсобурий, Насафий, Ҳўқандий каби нисбаларга эга машҳур уламолар дафн этилган. Бу ҳам қадамжода абадий қўним топган зотларнинг юксак нуфузидан далолат беради. Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафийнинг “Қандия” асарида келтирилганидек, Маккаи мукаррамадаги Муалло ва Мадинаи мунавварадаги Бақиъ қабристонларини айтмаганда, Чокардизадан бузургроқ қабристон йўқдир.

Семинарда 2000-йилларда Самарқанд шаҳрида олиб борилган археологик тадқиқотлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ғиждувон кўчасидаги ҳовлилар ўрнида Имом Мотуридий қабри аниқланиб, мақбара барпо қилингани қайд этилди. Ушбу тадбирлар натижасида Чокардиза қабристонининг обод манзил сифатида қайта тикланишига замин яратилган.

Семинарда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори алоҳида тилга олинди. Ҳужжатда Имом Абу Мансур Мотуридий илмий меросини чуқур ўрганиш, Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонида археологик тадқиқотларни давом эттириш ва бу зиёратгоҳни тўлиқ ободонлаштириш вазифалари ҳам белгиланган. Бу эса нафақат ўтмишга эътибор, балки келажак авлодга улуғ маънавий мерос қолдиришда муҳим қадамдир.

Семинар якунида Чокардиза қабристонини янада чуқур ўрганиш, унинг тарихий-илмий аҳамиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича қатор илмий ва амалий таклифлар билдирилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказий Осиё маънавий меросининг глобал аҳамияти

Навоий Давлат университетида “Ренессанс контекстида Марказий Осиёнинг илмий-маънавий мероси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. …