Самарқанд алломалар юрти. Нажмиддин Насафийнинг “Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд” номли асарининг бугунгача етиб келган ягона жилдида мингдан зиёд олим ҳақида маълумот берилган. Унинг йигирма жилддан иборат бўлганини эътиборга олсак, минтақада яшаб ўтган олимлар сони ҳақида етарли тасаввур ҳосил бўлади.[1]
Самарқанднинг буюк фақиҳларидан бири Абу Шужоъ Самарқандийдир. Насаби Аббос ибн Али орқали ҳазрати Али ибн Абу Толибга (каррамаллоҳу важҳаҳу) боғланади. Аббос ибн Али Ҳазрати Алининг Уммул Банин Фотима бинти Ҳизом номли аёлидан дунёга келган.[2]
Алломанинг тўлиқ исми – Абу Шужоъ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Аббос ибн Али ибн Абу Толиб Алавий. Номига алавий нисбасининг қўшилгани мазкур насаб билан боғлиқдир. Илм аҳли орасида Саййид Абу Шужоъ куняси билан танилган. Тахминан 1033-1130 йиллар орасида яшаган.
Манбаларда Абу Шужоъ Самарқандийнинг устози сифатида дўсти, маслакдоши Қози Али Суғдийнинг номи зикр этилган. Шогирдлари қаторида эса “Китобут тамҳид ли қавоидит тавҳид” муаллифи Абуссаноий Маҳмуд ибн Зайд Ҳанафий Ломиший Мотуридий (ваф. 1144)[3], Қози Садид Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Соиғий Марвазий (1067-1135)[4], Зоҳируддин Али ибн Абдулазиз ибн Абдураззоқ Марғиноний (ваф. 1112)[5] каби бир қанча номларни келтириш мумкин. Алломанинг ўғли Абул Ваззоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ҳам отаси қўлида катта фақиҳ бўлиб етишган ва ундан ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, Мотуридийлик таълимотининг йирик намояндаларидан бири, машҳур олим Алоуддин Усмандий Самарқандийнинг илм силсиласи Абу Шужоъ Самарқандийга боғланади. Усмандий фиқҳ илмини Ашраф ибн Муҳаммад Алавийдан, у отаси Абул Ваззоҳ Муҳаммад Алавийдан олган.
Аллома етук фақиҳлар Қози Али Суғдий ва Қози Ҳасан Мотуридий билан замондош бўлган. Бу уч фақиҳ яқин дўст, ҳамфикр эдилар. Улар Самарқанд музофотида нафақат оддий халқ, балки уламоларга ҳам раҳнамолик қилган. Иттифоқлари мўътабар ҳисобланган. Бир масала устида иттифоқ қилса, ҳамма шуни қабул қилган, токи уларнинг тасдиғидан ўтмас экан ҳар қандай фатво эътиборсиз қолдирилган.[6]
Манбаларга таяниб айтишимиз мумкинки, аллома илмий мероси ҳақида етарли маълумот сақланиб қолмаган. Юксак мақомдаги олимнинг асарлар ёзган бўлиши табиий, чунки дўсти Қози Али Суғдий “Ан-Нутаф фил фатово”, “Шарҳу сиярул кабир”, “Шарҳу адабил қозий”, “Фавоид” сингари асарлари мавжуд. Шунга кўра Абу Шужоъ Самарқандийнинг ҳам қимматли асарлари бўлган деб тахмин қилиш мумкин.
Бугунги кунда тадқиқотчилар олдида турган муҳим ишлардан бири тарожим ва табақот китобларини чуқур ўрганишдир. Бу бизга янги номларни аниқлашга, номаълум асарларнинг кашф бўлишига ёрдам беради. Маънавий меросимизнинг ҳануз ўрганилмаган қисми билан танишиш илм майдонимиз саҳни янада кенгайишига олиб келиши шубҳасиздир.