Навоий Давлат университетида “Ренессанс контекстида Марказий Осиёнинг илмий-маънавий мероси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Навоий Давлат университети, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва қатор хорижий олий таълим муассасалари ҳамкорлигида онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган нуфузли анжуманда АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистондан етакчи олим ва мутахассислар билан бирга Марказ директори Шовосил Зиёдов ва Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг малайзиялик совриндорлари иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади Марказий Осиёда шаклланган илмий ва маънавий меросни чуқур тадқиқ этиш, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрнини инобатга олган ҳолда, бу хазинани замонавий авлод тарбиясида фаол қўллаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Анжуманда сўфизм, ислом теологияси, инсонпарварлик ғоялари ва маданий мулоқот каби мавзулар кенг қамраб олинди.
Шунингдек, Марказий Осиёнинг илмий-маданий меросини ўрганишда янгича илмий методологик ёндашувлар, тасаввуфнинг маънавий ва интеллектуал моҳияти, минтақадаги Уйғониш даври илмий меросининг замонавий фан ривожи ва ёшлар тарбиясида тутган ўрни борасида қизғин мунозаралар олиб борилди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов амалга оширилаётган илмий фаолият ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, “Жаҳолатга қарши – маърифат билан курашиш” шиори остида нашр этилган китоблар туркуми ҳақида тўхталиб, мазкур нашрлар орқали аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, турли бидъат ва хурофотларга қарши курашга билим асосида ёндашувни шакллантириш мақсад қилинганини таъкидлади.
Конференция давомида иштирокчилар Марказий Осиёнинг илмий-маънавий меросини замонавий илм-фан ва маданият билан интеграциялаштириш имкониятлари ҳақида сўз юритиб, минтақадаги илмий тадқиқотларнинг келажаги ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди. Бу хусусда тадқиқотлар ва амалиётга татбиқ этилаётган инновациялар, таълим ва тадқиқот соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Анжуман доирасида муҳокама қилинган мавзулар турли минтақалардаги фан, таълим ва маънавият ҳамиша ўзаро боғлиқлиги, ҳар бир миллий илмий мерос глобал миқёсда ҳам ўзига хос ўрин тутишини яна бир бор намоён этди. Унинг якунида Марказий Осиёдаги илмий меросни чуқур ўрганиш ва унинг аҳамиятини янада кенг тарғиб қилиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
Матбуот хизмати