Аҳли сунна вал жамоа ақидаси баён қилинган диний адабиётларнинг аксариятида имон масаласига қисқача ёки батафсил тўхталиб ўтилганига гувоҳ бўламиз. Чунки имон масаласи – бу инсоннинг жони, моли, ор-номуси, қўйингки, дунё ва охирати билан боғлиқ ҳассос масаладир. Буюк аждодимиз, аҳли сунна вал жамоанинг икки қутбидан бири саналмиш Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг “Таъвилотул Қуръон” ва “Китабут тавҳид” асарида имон масаласига батафсил тўхталиб ўтган. Унинг таъкидлашича, имон – бу қалб билан тасдиқлашдир. Уни тил билан ифодалаш эса дунё ҳаётида шариат аҳкомларини жорий қилиш учун шарт қилиб қўйилган. Чунки “имон”нинг луғавий маъноси тасдиқлашдир. Чунончи, Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг оғалари тилидан хабар бериб:
﴿وَمَا أَنْتَ بِمُؤْمِنٍ لَنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ﴾
– “Рост гапирсак ҳам, сиз (барибир) бизга ишонувчи эмассиз” (Юсуф сураси, 17-оят), деган. Бироқ тасдиқлаш ботиний иш бўлгани учун шаръий ҳукмларни жорий қилишда унга суянишнинг имкони йўқдир. Бинобарин, шариат қалбдаги тасдиқни тил билан ифодалашни унинг аломати сифатида вожиб, дунёда шаръий ҳукмларни жорий қилиш учун шарт қилиб белгилаган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Одамлар “ла илаҳа иллаллоҳу” деб айтгунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Улар шуни айтадиган бўлсалар, қонлари ва молларини мендан ҳимоя қилган бўладилар. Фақат исломнинг ҳаққи бундан мустаснодир. Ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳавола” (Имом Бухорий ривояти), деган сўзлари бунинг тасдиғидир.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу мушриклар билан кечган жанг асносида улардан бирини шаҳодат калимасини айтганига қарамай ўлдиради. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етганида: “У: “Ла илаҳа иллаллоҳу”, деганидан кейин ҳам уни ўлдирдингми?!” деб, уни қаттиқ койийдилар. Усома розияллоҳу анҳу: “У бу калимани жонини сақлаб қолиш учун айтди, холос”, деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбини ёриб кўрмадингми?!” дедилар. Кейин эса: “Мен одамларнинг ичини ёриб, қалбини тафтиш қилишга буюрилмаганман!” деб қўшимча қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тил билан ифодалаш қалбдаги тасдиқдан хабар бериш маъносидадир. Шундай экан, қалбида тасдиғи йўқ бўла туриб, мен имон келтирдим, деган кишининг хабари ёлғондир. Шунга қарамай у бизнинг наздимизда мўмин, Аллоҳнинг наздида кофирдир. Қалби билан тасдиқлаган, аммо тили билан иқрор бўлмаган киши Аллоҳнинг наздида мўмин, шариат ҳукмига кўра кофир ҳисобланади.
Амалларга келсак, улар имоннинг моҳиятига дахлдор эмас, чунки Аллоҳ таоло солиҳ амалларни имонга боғлаб: “Албатта, имон келтирган ва солиҳ (амал)лар қилган зотлар” (Бақара сураси, 277-оят), деган. Араб тили қоидасига кўра, “ва” боғловчи ҳарфидан олдинги ва кейинги зикр қилинган нарсалар бошқа-бошқа нарса ҳисобланади. Шунингдек, имон амаллар мақбул ва дуруст бўлиши учун шартдир. Чунончи, Аллоҳ таоло: “Кимки мўмин бўлган ҳолда эзгу ишларни қилса…” (Тоҳо сураси, 112-оят), деган. Шарт шарт қилинган нарсадан бошқадир. Амаллар имоннинг моҳиятига кирмаслигининг яна бир ҳужжати Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар” (Иброҳим сураси, 31-оят). Аллоҳ таоло бу оятда бандаларини улар ҳали намозни қоим қилишларидан олдин мўмин деб атаган. Имон билан намозни алоҳида тилга олган.
Шунингдек, Каҳф эгалари ва Фиръавннинг сеҳргарлари гарчи бирон бир амал қилмаган бўлсалар-да, мўмин бўлганлигига бутун уммат ижмо қилган. Бу ҳам амал имоннинг моҳиятига кирмаслигининг бир исботидир. Аллоҳ таоло имоннинг ўрни қалбда эканига ишора қилиб бундай деган: “Лекин кимнинг қалби имон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир” (Наҳл сураси, 106-оят), “(Чунки ҳануз) дилларингизга имон кирган эмасдир” (Ҳужурот сураси, 14-оят), “Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйган” (Мужодала сураси, 22-оят). Маълумки, қалб – бу эътиқоднинг ўрнидир, амалнинг эмас.
Юқорида келтирилган далиллардан аён бўладики, имон қалбга тааллуқли, амаллар ундан бошқа нарсадир. Демак, Имом Мотуридий ва мотуридийларнинг имон масаласидаги қарашлари ҳам нақлан, ҳам ақлан энг тўғри ва кучли қарашдир. Яъни имон қалбдаги тасдиқ, уни тил билан эътироф этиш – ифодалаш эса ўша тасдиқнинг хабарини бериш ҳисобланади. Амаллар имоннинг моҳиятига кирмайди, бироқ унинг такомиллашиши ва нури зиёдалашишига хизмат қиладиган сабаблардир.