Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИДА ТУТГАН ЎРНИ

ИМОМ МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИДА ТУТГАН ЎРНИ

Алломанинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. Баъзи тарихчилар Имом Мотуридийнинг насабини саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга боғлайди. Шу сабабли унга “Ансорий” нисбатини ҳам беради.

Имом Мотуридий Самарқанднинг Мотрид қишлоғида дунёга келган. Тарихий манбаларда туғилган йили ҳақида қатъий маълумот йўқ, тақрибий ёки тахминий саналар берилган, холос. “Ислом” қомусида туғилган йили 870 милодий йил деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йилда аллома таваллудининг 1130 йиллиги нишонланди.

  Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси муаррихлар Хатиб Бағдодий, Самъоний, Ибн Қутлубуғо, Муҳитдин Қураший, Кафавий, Абул Муъин Насафий, Ҳожи Халийфа асарларида келтирилган. Кафавий ва бошқаларнинг ёзишларича Имом Мотуридий ўз замонасидаёқ “Имомул ҳуда” (“Ҳидоятга бошловчи имом”), “Рофиъ аълом аҳлис сунна вал жамоа” (“Аҳли сунна вал жамоанинг байроғини баланд кўтарувчиси”), “Имомул мутакаллимин” (“Барча мутакаллимларнинг имоми”), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимин” (“Барча мусулмонлар ақидаларининг тузатувчиси”), “Шайх” ва “Имом” каби юксак номларга сазовор бўлган аллома сифатида тан олинган.

Имом Мотуридий дастлабки таълимни отаси Муҳаммад ибн Маҳмуддан олгани, сўнгра Самарқанддаги Работи Ғозиён масжиди қошидаги мадрасада ўқигани ҳақида маълумотлар бор.

  Аллома Абу Наср Иёзий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва Муҳаммад ибн Фазл каби устозлардан таълим олган. Илмда юксалишида Самарқанд ҳанафий мактабининг асосчиларидан бири Абу Бакр Жузжонийнинг ўрни катта.

  Манбаларда у ҳақда: “X-XII асрларда Самарқанддаги йирик илмий марказ “Жузжония” деб номланган. Айнан унинг “Жузжония” деб номланиши Самарқандга биринчи бўлиб ҳанафийлик мазҳабини олиб кирган Абу Бакр Сулаймон Жузжоний (ваф. IX аср) номи билан боғлиқ. Кўплаб ҳанафий табақотларида Самарқанд уламоларининг силсиласи Абу Бакр Сулаймон Жузжонийга бориб тақалади”[1], деб келтирилган.

  Мотуридий “Жузжония” (кейинчалик “Иёзия” деб номланган) мадрасасини бошқарган вақтда минглаб талабаларга дарс берган, ўша даврдаги кўплаб олимлар ундан таълим олган.

  Мотуридий таълимотини батафсил ўрганган ва унинг моҳиятини чуқур билган Абул Юср Паздавий (ваф. 1099 й.), Абул Муин Насафий (ваф. 1114 й.), Саффор Бухорий (ваф. 1134 й.), Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142 й.), Али ибн Усмон Ўший (ваф. 1173 й.), Нуриддин Собуний (ваф. 1184 й.) ва Умар Ҳанафий (ваф. 1200 й.) каби олимлар Мотуридия мактабини давом эттирди[2].

  Имом Мотуридий қаламига мансуб асарларнинг сони ўн бештага етиб қолади. Тарихий манбаларда таъкидланишича Мотуридий уч йўналиш: калом, тафсир ва фиқҳ бўйича асарлар ёзган.

  Алломанинг тафсирга оид “Таъвилоту аҳлис сунна”, каломга оид “Китобут тавҳид” (“Тавҳид китоби”), “Радду усулил хамса” (“Беш усулга раддия”), “Раддул имамийя ли-баъд ар-равафид” (“Имомийларнинг баъзи рофизийларга раддияси”), “Радду алал Қарамита” (“Қарматийларга раддия”), шунингдек, фиқҳга оид “Маъхаз аш-шариъа фил фиқҳ” (“Фиқҳ илмида шаръий манбалар”) ва “Ал-жад фий усулил фиқҳ” (“Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар”) каби асарлари маълум ва улардан баъзилари бизгача етиб келган[3]. Яъни унинг бой илмий меросидан фақат уч дона асари бизгача етиб келган. Булар “Таъвилоту аҳлис сунна”, “Китобут тавҳид” ва “Китобул мақулати” асарларидир.

  Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид” асари ислом оламида алоҳида аҳамиятга эга. Аллома ушбу асарида Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда сунний ақидадаги (таъвилда) зид қарашларни рад этишга ҳаракат қилади. Мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамияти жуда катта бўлиб, у аҳли сунна уламолари томонидан Қуръони каримни шарҳлаш (таъвил) бўйича қилинган дастлабки жиддий уриниш ҳисобланади. Бу шарҳ ақл ва нақл нуқтаи назаридан амалга оширилганлиги билан ажралиб туради. Бошқача айтганда, Қуръони карим Мотуридия таълимоти нуқтаи назаридан туриб тафсир қилинган. Бу асар Абу Райҳон Беруний номидаги ШҚМ фондида сақланади. Асарнинг биринчи жузъи Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим ва Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган.

Ислом илм-фанида Абу Мансур Мотуридий илмий фаолиятининг аҳамияти каттадир. Абу Муътий Муҳаммад Баюмийнинг таъкидлашича, у қуйидагилардан иборат:

  Биринчидан, у аббосий халифалар Мутаваккил ва Маъмун даврида фаолият олиб борди. Айниқса, халифа Маъмун даврида ижтимоий-сиёсий жиҳатдан катта кучга эга бўлган мўътазилийларнинг ботил ғояларига қарши курашди. Уларнинг “Қуръон ‒ яратилгандир” деган даъволарининг нотўғри эканини илмий асослаб берди.

  Иккинчидан, Мотуридий мазҳаблар орасида ўртача йўл тутган эди. У ҳам нақлий далиллардан, ҳам ақлий далиллардан унумли фойдаланган. У маърифат ҳосил қилишда ҳис ёки сезги аъзолари, нақл ва ривоят, ақл ва идрок асосий восита эканини таъкидлайди.

Имом Мотуридий ҳанафийлик таълимотига суянган ҳолда давр талабидан келиб чиқиб, уни ривожлантирди ва ислом дини эътиқодий асосларини қайта ишлаб чиқди. Шу билан у Мовароуннаҳр ислом илоҳиёт мактабининг ривожланишига катта ҳисса қўшди.

Имом Мотуридий фикрича, инсонларнинг яхши ва ёмон ишлари Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ҳолда банданинг амалига қараб Парвардигорнинг розилиги ёки норозилиги билан амалга ошади. Аллоҳ таоло инсонларни яратиб, ихтиёр берган. Яъни қиладиган ишлари Аллоҳнинг илми билан азалдан тақдирга ёзиб қўйилган бўлса-да, унга танлаш их­тиёри берилган. Имом Мотуридий буни “афъоли ихтиёрий” (инсонда ирода эркинлиги мавжуд), деб атайди.

Имом Моту­ридий илгари сурган ақида нақл ва ақл асосига қурилган бўлиб, ислом таълимотида илк бор “билиш назарияси”ни илмий асослаб берди. Мотуридийлик таълимотида асосан нақлга таянилади, ақл эса улардаги баъзи масалаларни англашда ёрдамчи восита ҳисобланади. Масалан, Имом Мотуридий “Аллоҳ таолони таниш ақл билан вожиб бўлади”, дейди. Яъни Қуръони каримда баён қилинганидек, буюк Яратувчи ва қудратининг чексизлигига далолат қиладиган осмонлару ерда қуёш, ой, юлдузлар, тоғу тошлар, дарахтлар ва булардан бошқа қанчадан-қанча аломатлар бор. Инсон ақл ёрдамида ҳам ўша нарсаларни яратган Аллоҳ борлигини англаши лозим, дейди. Шу сабабли инсон ақли Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улуғ неъматдир.

  Имом Мотуридий ҳаёти ислом оламида турли ўзгаришлар авж олган, айниқса, турли фирқалар томонидан ақидавий бузилишлар юзага келган даврга тўғри келди. Шундай шароитда у Аҳли сунна ва жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб чиқди. Бу йўлда у хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа ва бошқа ботил ақидаларнинг даъволарига раддиялар берди.

Алломанинг ашоъира, муътазила ва бошқа оқимлар билан ақида борасида мунозара олиб бориш учун Басрага 22 марта сафар қилгани айтилган[4]. Аммо бу маълумот ишончли манбаларда келмагани сабабли қанчалик ҳақиқат экани номаълум. Лекин ундан Имом Мотуридийнинг исломни турли нотўғри даъволар ва ғоялардан тозалаш йўлида баъзи жойларга бориб, баҳс-мунозара қилганини тахмин қилиш мумкин.

Мотуридий биринчи марта Арасту ва Форобийнинг мантиқ илмини ислом фалсафасига татбиқ этган алломадир. У ислом илм-фанида илк бор “билиш назарияси”ни илмий асослаб берган.

Шу тариқа, аллома илмий фаолиятининг илоҳиёт ва ислом фалсафаси ривожига қўшган ҳиссаси ислом илм-фанида катта аҳамият касб этди.

Абу Мансур Мотуридий ўзининг юксак илмий фаолияти билан бутун Ислом дунёсида алоҳида эътиборга сазовордир. Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан кўпи у асос солган Мотуридия ақидавий мазҳабига эътиқод қилади.

  “Мифтаҳус саодат ва мисбаҳус сиёдат” китобининг муаллифи Тошкўпризода у ҳақда бундай дейди: “Аҳли сунна вал жамоанинг раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси ‒ Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ‒ имомул ҳуда”[5].

Алломанинг беназир салоҳиятини эътироф этган буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзининг “Насойимул муҳаббат” асарида: “Шайх Абу Мансур Мотуридий ўз замонининг аълам (буюк) уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султонул муиззин” (иззат-икромда султон) дер эрмишлар. 3оҳир ва ботин улумлари била ораста эрмишлар”, деб таъкидлаган.

  Имом Мотуридий вафоти тўғрисида: “У Абул Ҳасан Ашъарий вафотидан тўққиз йил ўтиб, 333/944 йилда вафот этган” (Хамис, 2020), деб келтирилади. Ҳақиқатан ҳам Имом Мотуридий 944 йил Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.

[1] Асророва Л. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи. ‒ Т.: Тошкент ислом университети, 2014. – Б.100.
[2] Dr. Shovosil Ziyodov. Mâtürîdiyye doktrininin özbekistan’da araştirilmasi: problemler ve çözümler. İstanbul-2012. – Б.466
[3] Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. ‒ Т.: Фан, 2009. – Б.25
[4] Абу Мансур Мотуридий. Китобут тавҳид. Бакр Тўпол ўғли тадқиқи. – Байрут: “Дору содир”, 16-бет.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. ‒ Т.: SHARQ, 2011. – Б.68
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОМ МОТУРИДИЙ – ИНСОН МОҲИЯТИНИНГ МАНТИҚИЙ АСОСЛАРИ ҲИМОЯЧИСИ

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Президент қарори …