Home / МАҚОЛАЛАР / Соҳибқироннинг Улуғтоғдаги битиги

Соҳибқироннинг Улуғтоғдаги битиги

Темур қад-қомати келишган, баланд бўйли, пешонаси кенг, боши гавдасига мос, ёноқлари қирмизи, юзи оқ, овози кучли эди. Куч-қуввати жасоратидан кам эмасди. Елкалари кенг, бармоқлари қалин, болдирлари кучли, мушаклари бақувват эди. Узун соқол қўйганди. Ўнг қўли ва ўнг оёғи шикаста эди. Ўлимнинг юзига тик боқарди. Умрининг сўнгида, етмишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам, фикри тиниқ, жисму тани ўта тетик, бардоши кучли эди. Ёлғонни душман деб билар, ҳазилни ёқтирмасди. Қанчалар оғир бўлмасин, фақат ҳақиқатни эшитишни истарди. Зафарлар унинг руҳиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмасди. Жасур жангчиларнинг дўсти, ўз қалби ва тани ҳам жасоратга тўла бўлиб, ҳурмат қозониш ва эргаштиришга қодир ва моҳир эди”. Ибн Арабшоҳ

Тарихда Амир Темур ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Бугунги кунда ҳам тарихчилар, ҳарбийлар, қадимшунослар ва бошқа касб эгалари бўлган тадқиқотчиларнинг изланишлари тинимсиз давом этмоқда. Муаррихларни ўтмишда кечган жараёнлар, илми ҳарб аҳлини Соҳибқироннинг жанг олиб бориш услублари ва маҳорати қизиқтиради. Санъат ва меъморлик шайдолари Амир Темур ва темурийлар даврида яратилган бебаҳо маданий ёдгорликларни ўрганади.

Бир сўз билан айтганда, Соҳибқирон ва авлодларининг ҳаёт йўллари шу қадар ранг-баранг ва мафтункорки, уларга қизиқиш тарихда қанчалар кучли бўлган эса, бугун ҳам сира кам эмас ва комил ишонч билан айтиш мумкинки, келажакда ҳам шундай бўлади.

Амир Темур таваллуди нишонланаётган ушбу айёмда босма оммавий ахборот воситалари ва телерадиода, ижтимоий тармоқларда Соҳибқирон номи янада кўпроқ тилга олинади. Шу боис бу сафар буюк давлат арбоби ва мағлубият нелигини билмаган моҳир саркарда ҳақида нисбатан камроқ гапирилган мавзуга тўхталишга қарор қилдик.

1935 йили Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Улутау (Улуғтоғ) тепаликларини ўрганиб юрган геолог олим Қаниш Сатпаев “Алтыншокы” (Олтин чўққи) деб аталадиган жойда ғалати ҳарсангтошни топиб олган эди. Ажабланарли томони шундаки, топилма бевосита Амир Темур ҳақида, унинг энг катта муҳорабаларидан бири бўлган Тўхтамишхон билан жанги тўғрисида сўзлайдиган ноёб манба бўлиб чиққанди.

Тўхтамишхонга қарши юриш бошлаган Соҳибқироннинг 200 минглик қўшини 1391 йил 28 апрель куни мана шу тоғ этагига келганида, Амир Темур ёғий салтанатининг чегарасига етганини англайди. Олтин чўққига кўтарилади ва бепоён кенгликларни кузатади. Кейин ҳар бир аскар бу ерга биттадан тош келтиришини буюради. Тўпланган ҳарсанглардан катта қўлбола пирамида, ўзига хос маёқ вужудга келади. Шунда Соҳибқирон бир тошга қуйидагиларни ёздиришни амр қилади:

(арабча 3 сатр)

بسم الله الرحمن الرحيم
مالك الملك القدوس الحق المؤمن المهيمن الجبار
القادر الحكيم المميت الحي

 

 

 

 

 

(чиғатой ёзувидаги саккиз сатр)

(1. Етти юз қоранинг Тўқмоқ элида қўй

  1. йилида ёз(баҳор)нинг ўрта ойида Туроннинг Султони
  2. Темурбек икки юз минг шерик (аскар) билан ўз исми учун ва Тўхтамишхон қони учун юриш қилди.
  3. Бу ерга етиб келганда, белги бўлсин деб,
  4. бу қўрғонни қурди.
  5. Тангри нисфат (нусрат) бергай, иншоаллоҳ!
  6. Тангри ул кишига раҳм қилғай – (қайсики) бизни дуо билан
  7. ёд қилғай.)

1936 йили Ленинграддаги (Санкт-Петербург) Эрмитаж музейига олиб кетилган бу ҳарсанг ҳозир ҳам ўша жойда сақланади. Улуғтоғдаги Қарсақбой конига яқин жойда топилгани учун “Қарсақбой битиги” деб аталади.

Юқорида келтирилганлардан кўриниб турибдики, матн икки хил ёзувда битилган. Дастлабки уч сатр арабча басмала ва Аллоҳ таолонинг бир неча гўзал исмидан иборат. Кейинги саккиз сатр араб ҳарфлари билан қадимги чиғатой тилида ёзилган.

Битикни илк бор 1940 йили Николас Поппе тадқиқ қилган. Кейинчалик уни Нофил Фозилхон, Ҳасан Эрен, Ольга Фролова, Аркадий Григорьев, Николай Телицин, Александр Пономарёв ва Аҳмет-Закий Волидий каби олимлар ўрганиб чиққан.

Битик лавҳининг ўлчами – 80х40 сантиметр. Ўймалар чуқурлиги – 1,5-2 миллиметр. Сатрлар орасидаги интервал – 18 сантиметр. Амфиболит плитага ёзилган.

Яна бир эътиборли жиҳат бор. Баъзан ҳарсангдаги бу битик сохталиги ҳақида ҳам гап-сўзлар чиқиб туради. Айримларни нима учун бошқа мусулмон ўлкаларида бундай ёдгорлик мавжуд эмаслиги, ёзувнинг ўзи текисланмаган, силлиқланмаган, яхшилаб ишлов берилмаган тошга битилгани ўйлантиради. Чунки донгдор ёзувлар одатда устунларга, пештоқларга, аркаларга ёзилади. Улар гавжум жойларга ўрнатилган бўлади. Шунингдек, мусулмон оламида битик қолдириш яхши анъана бўлса-да, одатан мақбараларга, зиёратгоҳларга ёзилади, дунёвий ишларга, жумладан, тарихий воқеаларга бағишланмайди.

Бу хусусда аввало шуни айтиш керакки, олимлар қадимда Улуғтоғ Олтин Ўрда хонлари – Жўжихон ва унинг авлодлари учун муқаддас маскан ҳисобланганини таъкидлайди (мўғуллар тоғларга сиғиниши Чингизхон давридаёқ маълум эди). Жўжийлар сулоласи Улуғтоғни ўз наслининг маъбуд тоғи ҳисоблаган ва ҳатто исломга кирганидан кейин ҳам хуфя равишда уни тавоф қилиб турган. Шу боис Амир Темур у ерда ўз изини қолдиришга қарор қилган бўлиши мумкин.

Энг муҳими, сана, қўшин сони, юришнинг жуғрофияси ва бошқа маълумотлар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий каби тарихчиларнинг маълумотларга мос келади.

Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарномаси”да эса, Олтин чўққидаги воқеа яна ҳам аниқ баён қилинган. Унда ёзилишича, Соҳибқирон тоғнинг энг юқори нуқтаси эмас, балки Олтин чўққига чиққан. Атрофдаги яшил майсаларга бурканган кенгликларни анча вақт томоша қилган. Кейин сарой шоирига бундай деб мурожаат этган:

– Ҳой Кармана, оёғим остига чўкишга мушарраф бўлган бу чўққини нима билан мукофотлайсан? Бу ер энди менга тегишли бўлди!

Шоир енгил табассум билан жавоб берган:

– Бундай улуғ шарафга фақат ушбу чўққи эмас, балки булутлар тутунига ўралган маҳобатли Улуғтоғ ҳам эришди. Лекин Сиз, олампаноҳ, унинг устига кўтарилмадингиз, шу боис (чўққисини забт этиш оғирлиги учун) энди тоғни жазоламоқчисиз, шундайми?!

– Сен адашдинг, эй оқин, – деган Соҳибқирон. – Одам оёғи, от туёғи етмайдиган жойга кўтарилиб нетаман? Пиёда ҳам, отлиқ ҳам бемалол бора оладиган мана шу чўққининг ўзи менга кифоя.

– Дониш гап айтдингиз, ҳукмдор, – деган Кармана. – Бу ўлкада фақат тошларга омонлик борга ўхшайди. Улардан бирига исмингизни ёздиринг. Устида турганингиз замин фақат шундай мукофотга лойиқ.

Шундай қилиб, шоирнинг маслаҳатидан мамнун бўлган Амир Темур тошга битик ёздирган.

Хуллас, ким битикнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилса, бу унинг ўз нуқтаи назари бўлиб қолмоқда. “Қарсақбой битиги” кимнинг иши бўлишидан қатъи назар, шуниси аниқки, ўша йили Амир Темур Тўхтамишхон билан жанг қилган ва уни енгган. Бир маҳаллар буюк империя бўлган Олтин Ўрданинг парчаланиши ва емирилиши бевосита Соҳибқирон номи билан боғлиқдир.

Ана буни инкор этиб бўлмайди.

Анвар БОБОЕВ,
Абдулбосит МАМАДАЛИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

МУҲАММАД ВАФО КАРМИНАГИЙНИНГ «ТУҲФАТ АЛ-ХОНИЙ» АСАРИ МУҲАММАД РАҲИМХОН ФАОЛИЯТИГА ДОИР МУҲИМ МАНБА СИФАТИДА

Ўзбек давлатчилигида 164 йил ҳукмронлик қилган сўнгги сулолалардан саналмиш манғитлар тарихининг Муҳаммад Раҳимхон подшоҳлик даврини …