Кишилар оқ-қорани таниб, тирикчилик қила бошлабдики, теварак атрофдаги ерларни, дарё ва кўлларни, тоғлару қир адирларни маълум бир ном билан атаб келган. Дастлабки топонимлар содда номлар билан ифодаланган. Улар атрофдаги табиий муҳитни тасаввур қилиш имкониятини кенгайтирган. Одамлар жойларни ўзига қулай ном билан атаб келган. Ҳали ёзув пайдо бўлмагани сабабли, ибтидоий замондаги географик номлар бизгача етиб келмаган. Ўзбекистоннинг хоразмий, суғдий, қадимги туркий ёзувларда етиб келган топонимлари кўп эмас. Юнон манбаларида тилга олинган географик номларимиз ҳам саноқли. IX-XV асрларга тегишли ёзма манбаларда бизнинг ҳудудимизга тегишли топонимлар кўп қайд этилган. Биламизки, бу даврлар турли давлат ва сулолалар даври бўлган. Шунинг учун ҳар бир даврда бизнинг ҳудуд номлари турлича талқин этилган. Бизгача етиб келган манбалардан фойдаланиб, бу номларга ойдинлик киритамиз. Ҳар қандай географик номлар манбаларда қайд этилган пайтдан бошлаб мавжуддир. Эҳтимол, минглаб йиллар олдин, у оғзаки нутқда фойдаланилган. Бундан ташқари, ёзма манбаларда барча топонимлар қайд этилмаган [17:130]. Дастлаб археологик топилмалардан, араблар босқини чоғида ва ундан кейин ёзилган манбалардан маълумот оламиз.
Туркистон сўзининг илк бор ишлатилиб бошланган даври – илк ўрта асрлар давридир. Бу ном бир қанча тарихий-географик манбаларда учрайди. Юртимиз қадимги туркий, паҳлавий, хитой, ҳинд, араб, яҳудий, арман, юнон, лотин, славян ва бошқа ёзма манбаларда шу ном билан аталган. Мақолада Турк хоқонлиги (552-744), қорахонийлар (942-1212), темурийлар (1365-1506), шайбонийлар (1501-1601) ва ўзбек хонликлари даврида мазкур атама қандай ишлатилгани ва бу ҳақда ёзма манбаларда келтирилган маълумотларга тўхталамиз. Албатта, ҳар бир давр учун алоҳида манбалар мавжуд. Масалан, ал-Муқаддасийнинг (947-990) «Аҳсан ат-тақосим фи маърифат ал-ақоми» («Иқлимни ўрганиш учун энг яхши қўлланма») [21:51-61], Ибн Хурдодбеҳнинг (820-912) «Йўллар ва ўлкалар китоби», номаълум муаллифга тегишли «Ҳудуд ал-олам», Фирдавсийнинг (XI аср) «Шоҳнома», Асад Тусийнинг (XI аср), «Луғати фурс», Маҳмуд Қошғарийнинг (XI аср) «Девону луғотит турк», Юсуф Хос Ҳожибнинг (XI аср) «Қутадғу билиг», Берунийнинг (X аср), «Қонуни Масъудий», «Ҳиндистон», «Сайдана», Наршахийнинг «Тарихи Бухоро» (X-XI аср), Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» каби асарларида Турон ва Туркистон атамасини учратишимиз мумкин [3:98].
Мақолада шунингдек, Й.Ғуломов, М.Дяканов, Э.Кузмина, А.Ўринбоев, А.Асқаров, А.Аҳмедов, М.Исъҳоқов, Б.Маннонов, Ш.Камолиддин, Қ.Маҳмудов ва Ғ.Бобоёров томонидан амалга оширилган тадқиқотлар таҳлил қилинади [20:85].
Туркистон атамаси узоқ вақтдан бери Марказий Осиё минтақасининг катта қисми учун қўллаб келинади. Аниқроғи, Туркистон – ғарбда Каспий денгизига қадар, шарқда Хитойгача, шимолда Сибир ва Мўғулистон, жанубда Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Тибетгача чўзилган кенг ҳудуднинг умумий географик номи сифатида қўлланилиб келинади. Ҳатто, Ўрта асрларга оид баъзи манбаларда, Доғистон ва Озарбайжон ҳудудларини ўз ичига олган жой тушунилади [4:3-4]. Туркистон атамасининг бошқа атамалар билан синоним тарзда қўлланиши ҳам кузатилган. Бу атамани қўллашда турли қарашлар мавжуд:
Араблар босқинидан аввал, Сирдарёнинг шарқий қисмидан туркий қабилалар яшайдиган ўлкаларгача бўлган жойлар араб ва форслар томонидан Туркистон деб аталган.
- Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудлар учун VI-VIII асрларда Туркистон атамасини ишлатиш тўғри эмас. Бу атама VIII-IX асрларда Сирдарёнинг шимоли ва шарқидаги ўлкалар, кўпроқ Еттисув учун қўлланган. Икки дарё оралиғи эса Туркистон деб аталмаган, балки Мовароуннаҳр деб аталган.
Мовароуннаҳр Туркистонга кирмаган. Туркистон деганда, Сирдарёнинг қуйи оқимлари, кўпинча бугунги Туркистон шаҳри атрофлари тушунилган. Фақат XIX асрнинг 2-ярмида руслар Ўрта Осиёни босиб олгач, Туркистон номи улар учун Сирдарё ва Амударё оралиғини ҳам англата бошлаган.
«Туркистон» атамасига оид турли қараш ва талқинлардан кейин дастлаб қайси манбаларда, қандай номлар билан келишига тўхталамиз.
Туркистон атамасининг дастлабки қўлланиши М.Исъҳоқов томонидан таржима қилинган VII аср, аниқроғи, 639 йилга тегишли Шарқий Туркистондан (Турфон) топилган суғд тилида битилган ҳужжатда учрайди. Ушбу ҳужжатда, асли туркистонлик ёки самарқандлик кишиларга мансуб Хачча номли аёлни рўзғор ишларида фойдаланиш учун чўри тарзида сотилиши баён қилинади [13:151]. Уни чаврақ уруғига мансуб Туркистонда туғилган чўри Упачаҳ деб ҳам ёзишган (ҳужжатда аёлнинг исми икки хил бўлиб келган). Ҳужжат тузилишида гувоҳлик қилган суғдий этнос вакиллари – самарқандлик, кушониялик шахслар номлари билан бирга учрайди. Ҳужжат самарқандлик савдогар Вахшубирт Тўбак ўғлининг хитойлик роҳиб Ён Сиён Ўта ўғлига Упачаҳ исмли чўрини сотиши тўғрисида. Унда Упачаҳнинг туркий ва суғдий юрти – Турк ҳоқонлиги тасарруфидаги ҳудуд – Туркистондан экани алоҳида таъкидланган [10:5]. Бу маълумот орқали қадимги давр ҳужжатида ўлкамиз учун Туркистон атамасининг қўлланилганини, ўша вақтда Ғарбий Турк хоқонлиги тасарруфидаги ҳудуд «Туркистон» деб аталганини кўриб турибмиз.
Н.Й.Бичурин Хитой манбалари оид асарида, хитойликларнинг Туркистон ҳақидаги фикрларини қуйидагича ифодалайди: «Ҳазар [8] денгизидан Куҳиноргача бўлган ерларда кўчманчи бир қавм яшайди. Бу қавм туркча гаплашади ва Муҳаммад қонунларига (ислом дини) ишонади. Бу одамлар ўзини турк деб тавсиф этади ва яшаётган ерини Туркистон дейди» [6:39].
Турон номи Эрон ва Арман адабиётида VI асрдан бери қўлланилган. Масалан, сосонийлар сулоласига мансуб бўлган Эрон шаҳаншоҳларининг III асрдаги битикларида географик номлар сифатида «Турон» билан бир қаторда «Туристон» номи «Турон» билан бир хил маънода – «турлар мамлакати» маъносида зикр этилган. Кейинчалик, эфталийлар (V аср) ва туркийлар (VI-VIII асрлар) даврида у «Туркистон» деб ўзгартирилган бўлиб, бу «турклар мамлакати» деган маънони англатади [11:68]. Бу икки «тур» ва «турк» этнонимларнинг ва «Турон» ва «Туркистон» топонимларининг интеграция жараёни ислом дини пайдо бўлишидан олдинги ва ислом дини давридаги форсий ҳамда араб манбаларида ёритилган. Бу манбаларда турк ва Турондаги қўшимча «к» ва «он» қўшимчалари кўплик маъносида келган [11:68].
VII асрда яшаган арман тарихчиси Себеос ўз асарида иккита алоҳида маълумотни тилга олади:
1) Деҳистон ёҳуд унинг атрофлари Туркистондир.
2) Кушон шоҳи (Эфталит ҳукмдори) Шимол ҳукмдори улуғ Хоқон (Турк хоқонлиги ҳукмдори)дан ёрдам сўради ва у ёрдамга 30 буюр миқдордаги қўшин билан келди. Улар (турклар) Туркистондан бошланувчи Веҳрот (Амударё) дарёсидан кечиб ўтишди [19:61].
Бу маълумотдан шимолий-шарқий Эрон (ҳозирги Туркманистоннинг жанубий-ғарбий қисми)даги тарихий Деҳистон вилояти Туркистон ҳудудига киргани, Амударёнинг Туркистондан бошлангани аён бўлади. Маълумки, Амударёнинг бошланиши Вахш ва Панж дарёлари атрофига тўғри келади. Демак, Себеоснинг маълумотларидан маълум бўладики, бу ҳудуд, яъни юқори Амударё ҳавзалари – Вахш Панж Туркистон ўлкасига кирган [19:3-4].
Яна бир арман тарихчиси, VII асрда яшаган Анания Ширакасиянинг «Ашхарасуйи» («Мамлакатлар тасвири») асарида: «Суғдийлар – Ария (шимолий-шарқий Эрон) ва Туркистон оралиғида яшайди» шаклидаги маълумотлар берилган [19:51-61]. Муаллиф бу маълумотларни Птолемейнинг (90-168) «География» асаридан олган. Асар орқали Туркистоннинг ўрнини аниқ белгилаш мушкул бўлсада, муаллиф Туркистон деганда Амударё ва Сирдарё оралиғини назарда тутганини пайқаш мумкин.
Бу қарашларни исботлаш учун манбаларга эътибор берсак, аксарият маълумот Ўрта асрлар ёзма манбаларида учрайди.
Аҳамонийлар битикларида Парадарая, сосонийлар даври манбаларида Фароруд, Вароруд, Варозруд – дарёларнинг нариги томони, шунингдек, «Буюк Хуросон», араблар даврида эса Мовароуннаҳр ва Хуросон деб номланган [22:77-78]. VII аср арман манбаларида Амударёнинг юқори оқими Туркистон деб тушунилган бўлса, паҳлавий-форс манбаларида эса Шимолий Афғонистон ва Амударё ҳавзалари Туркистонга киритилган. Бошқа манбаларда, масалан, суғдий ҳужжатларида ҳам икки дарё оралиғи «Туркистон» деб кўрсатилган. Албатта, бу маълумотлар кенг қамровли бўлмай, уларда «Туркистон» ибораси бирор воқеа тавсифлари ҳикоя қилинаётганда қайд қилинган. Аммо бир «Туркистон» ҳудудининг ўзи икки ҳудуд қилиб кўрсатила-ётганини кўришимиз мумкин.
Араб сайёҳи Ёқубий ўзининг «Китоб ал-булдон» асарида (891) Туркистон номи остида Идил (бугунги Волга) дарёсидан Тангри тоғлари шарқигача бўлган ерларни тушунган. Яқин йилларда Шарқий Туркистондан аниқланган, VIII асрга тегишли суғд тилидаги ҳужжатнинг 13-15-қаторларида «Туркистон» атамаси «тwркйстн» кўринишида ёзилган. Ушбу ҳужжат юзасидан изланишлар олиб борган Симс Уиллямс ҳужжатдаги «Туркистон» сўзини Турон юртидаги тарихий ўлкалардан бирининг номи деб ҳисоблайди. Унга кўра, бу атама шимоли-шарқдаги ерлар, айниқса, Сирдарёдан Мўғулистонгача чўзилган ўлкалар учун қўлланилган [18:262-266]. Демак, «Туркистон» географик атамаси Илк ўрта асрлардаёқ, ҳозирги Марказий Осиё минтақасининг катта қисми учун этно-сиёсий ва этно-географик ном сифатида ишлатилган. Арман манбаларида ҳам, паҳлавий матнларида ҳам мамлакатимизнинг жанубий қисмлари, Жанубий Туркманистон, Жанубий Тожикистон ва Шимолий Афғонистон ҳудудлари Туркистоннинг чекка жанубий ҳудудлари бўлгани ёзилган.
Биламизки, Амударё ва Сирдарё оралиғига нисбатан «Мовароуннаҳр» атамасини қўллаш араблар истилосидан сўнг, VIII асрда пайдо бўлган. Ўрта аср араб, форс ва туркий манбаларида эса «Туркистон» атамаси кўпроқ Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудлар, шунингдек, ушбу дарёнинг шимоли-шарқий, Еттисув, Фарғона водийси ва Шарқий Туркистонга нисбатан қўлланилган. Бироқ Амударё ва Сирдарё оралиғи унинг таркибида кўрсатилган ҳолатлар ҳам мавжуд. VIII аср бошларида араблар «Туркистон» ўрнига «Билод ал-Турк» атамасини ҳам қўллаган. Бу ҳам «Турклар юрти», «Туркистон» деган маънони билдирган [12:463]. Маҳмуд Қошғарий ўзининг «Девону луғотит турк» асарида «Билод ал-Турк»нинг ҳудудларини Чиндан Ҳазар денгизига қадар деб кўрсатган [12:463].
«Ҳудуд ул-олам»да Мовароуннаҳр ва Туркистон ҳудудлари алоҳида алоҳида тасвирланади. Асарда ҳозирги Жанубий Қозоғистон, Қирғизистондан Қошғаргача бўлган жойлар «Туркистон» номи билан аталган. Мовароуннаҳр ҳудуди эса шарқда Тибет, жанубда Хуросон, ғарбда Сирдарёнинг қуйи оқими, Фарғона ва Олой тизмалари билан чегарадош [23:11] деб келтирилган.
Наршахийнинг «Бухоро тарихи» китобида Бухоронинг кўп аср ботқоқликдан иборат бўлгани, ботқоқлик қурий бошлагач, бу ерга аҳоли кўчиб кела бошлаганини ёзади. Жумладан, «Аҳоли асосан Туркистон томонлардан кўчиб келар эди», дейди. [16:6]. Демак, Наршахий замонида «Туркистон» деган жой номи таркибига Бухоро кирмаган. Асарда келтирилган яна бир маълумотда Амир Исмоил Ибн Лайсни халифа олдига юборгандан кейин халифа Исмоилни Хуросон амири қилиб фармон юборди. Хулвон довонидан бошлаб Хуросон вилояти, Мовароуннаҳр, Туркистон, Синд, Ҳинд ва Гургон ҳаммаси уники бўлади. У ҳар бир шаҳарга биттадан амир тайинлади, адолат ва яхши ахлоқ билан иш тутди, деган маълумот келтирилган [16:6]. Бу ерда кўришимиз мумкинки, Мовароуннаҳр ва Туркистон икки алоҳида ҳудуд бўлган.
Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» асарининг кириш қисмида Туркистон номини эслаб ўтган [24:15]. Бу давр қорахонийлар салтанатининг энг юксакка кўтарилган даври эди. Бу давлатнинг вужудга келиши билан «Туркистон» топонимининг маъноси яна аввалги чегараларига деярли тикланади, жанубий чегаралари эса Амударёга қайтади [12:164]. Мовароуннаҳр номига келсак, энди унга Туркистоннинг бир қисми сифатида қарала бошланди.
Яна бир маълумотда, Чингизхон Мовароуннаҳрга қайтиб, бироз вақт Самарқандда турганидан кейин, ўзининг ватанига жўнаб кетди, дейилган. Демак, Самарқанд XII асрда Мовароуннаҳр ҳудудига кирган. Чингизхон ўғилларига ҳудудларни тақсимлаб бераётганда Чиғатойга – уйғур ерларидан Хоразмгача бўлган жойлар, Туркистон ва Мовароуннаҳр ҳам унга берилди. Бу маълумотга эътибор берсак, Туркистон, Мовароуннаҳр ва Хоразм бошқа ҳудудлар деб аталган [21:18]. Ўша давр учун бу ҳудуднинг алоҳида жой сифатида ифодаланишига босқинчилик урушлари сабаб бўлган.
Амир Темур шарафига «Қарсоқпой қоясида» 1391 йилда ёзилган бир обидада «Султони Турон», деб унга таъриф берилган.
Аммо Туркистон ўрнига ҳар доим «Турон» сўзини ишлатиш одатга айланган эмас [11:1-8]. Туркистон ҳудудининг жойлашуви ҳақида XV асрда ёзилган Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асарида, Элхон давлати замонида унинг иккинчи ўғли шоҳ Тур ибн Фаридун Жайҳундан ўтиб, Мовароуннаҳрга етди ва у ерда узоқ турмай, Туркистон диёрига отланди, деган маълумот келтирилган. [15:36] Бу асарда ҳам Мовароуннаҳр ва Туркистон икки алоҳида ҳудуд сифатида тасвирланган.
Яна «Ёфас алайҳиссалом»нинг Туронзамин ва Туркистонни ўзига асраб қўйгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд [15:36]. Туркистон ўлкаси қадим замонлардан «Тур ибн Ёфас» авлодларининг уйи ва яшаш жойи бўлган. Бу мамлакат халқи ҳар бир даврда алоҳида ном ва тахаллусга эга бўлган. Шундай қилиб, Тур ибн Ёфас давридан то мўғуллар давригача, бу мамлакат аҳолиси туркий деб аталган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Турк сизга тегмагунча унга ҳужум қилманглар» деганлар. Бу халқ ўзининг жаҳлдорлиги, чаққонлиги, мардлиги ва жасорати билан машҳур, дейилган [14:151]. Чингизхон ҳокимият тепасига келгач, бу ўлкада яшаган барча қабилаларга «мўғул» номи берилган. Ўзбекхон давлат байроғини кўтарганидан кейин, шу кунгача, бу мамлакат аҳолисини «ўзбеклар» деб аташади. Аммо олис ўлкалар ва ҳудудларда, аввалгидек, Туроннинг барча аҳолиси туркий деб юритилади.
Шунингдек, XV асрда Самарқанддан Истанбулга борган олимлар Абдураззоқ бахши ва Мансур бахшиларнинг асарларида Туркистондан келганликлари таъкидланган [14:151]. Бу ўлканинг буюклиги, Туркистон номи билан ҳам танилганидан далолат беради.
Бобур «Бобурнома» асарида отаси Умаршайхнинг қайнотаси, яъни Юнусхонни кўп бор Тошкентга олиб келиб, унга қулай шароитлар яратиб бергани, лекин, шунга қарамай, у яна Туркистон тарафларга кетиб қолаверишини ёзади. Демак, XVI асрда Тошкент ҳам Туркистон ҳудудига кирмаган, Мовароуннаҳр ҳудудига кирган.
Маҳмуд ибн Валининг «Баҳр ул-асрор» («Сирлар денгизи») асарида Қошғар, Йоркент, Хўтан каби жойлар ҳам Тур ибн Фаридунга ишора қилиб, Турон деб аталган [13:30]. Бу асарда биз Турон атамасининг қўлланилишига гувоҳ бўламиз. Аммо Туркистон ҳам кенг ёқимли жой деб тасвирланган.
Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» асарида Туркистон ўша даврда улуғ давлатларнинг орасида сиёсий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан қамал ҳолатида эди, деб ёзилган. Шимолда Россия империяси, шарқда Хитой империяси ҳар томонлама хавф солиб турар эди. Чингизхон Эрон ва Туронга келганда, бу юртларнинг подшоҳи Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ эди, деб айтиб ўтгани келтирилган. Асарда Турон номи ва Мовароуннаҳр ҳақидаги кўплаб маълумотлар мавжуд. Хусусан, Ўғузхоннинг Турон ва Ҳиндистонга юриши ҳақида ёзилиб, унда Ўғузхон Талас ва Сайрамга келгани, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро подшоҳлари унга қарши уруш қилгани ёзилган. Ўғузхон Сайрам ва Тошкентни ўзи қамал қилиб, Туркистон ва Андижонга ўғилларини юборади. Улар 6 ойда Туркистон ва Андижонни олиб, отаси хизматига қайтиб келади [1:8]. Бу ерда Туркистон вилоят шаклида кўрсатилган. Умуман олганда, «Туркистон» ҳудуди кўплаб босқинчилар томонидан эгалланган бўлса ҳам, ўзгармай ўз номини сақлаб келган.
Туркистон атамаси, туркийлар яшаган ҳудуд деган маънони билдиргани сабабли, ўз чегарасида барча халқларни қамраб олган умумий ном сифатида ишлатилган. Ўрта аср манбаларида Туркистоннинг тор ёки кенг маънода ишлатилганини кўришимиз мумкин. Буни ўша даврдаги сиёсий-географик тушунчалар деформацияси билан изоҳлаш мумкин. Арман манбаларида Амударёнинг юқори оқими ва Туркманистон атрофлари Туркистон деб тушунилган бўлса, паҳлавий-форс манбаларида эса Шимолий Афғонистон ва Амударё ҳавзалари Туркистонга киритилган. Шу даврнинг ўзида Туркистон икки дарё оралиғи қилиб ҳам кўрсатилган. Кейинроқ эса Сирдарёнинг шимоли ва шарқидаги ўлкалар, кўпроқ Еттисув учун қўлланилган. Икки дарё оралиғи эса Туркистон деб аталмаган, балки Мовароуннаҳр деб аталган. Бу каби турли қарашлар Туркистон атамаси ҳудудлардан фарқ қилса ҳам, аммо Туркистон номининг йўқ бўлиб кетмай қўлланилганини кўришимиз мумкин.
Мақолада «Туркистон» номини қуйидаги хусусиятлари ҳақида хулосага келдик.
- Туркистон атамаси 2000 йилдан ортиқ вақтдан бери қўлланилмоқда.
- XX аср бошида ташкил этилган Туркистон газета ва журналлари ҳам «Туркистон» номидадир.
- Туркистонда «Туркистон» атамаси ҳозир ҳам яшамоқда. Масалан, Туркистон метроси, Туркистон шаҳри, Туркистон темир йўли.
Туркистонда қадим замонлардан тортиб то ҳозирга қадар турклар, уларнинг қавмлари яшамоқда. Юқорида билдирилган қисқа фикрларимиз билан «Туркистон нимадир» саволига «Туркистонимиз шудир» деб жавоб берсак бўлади.
-
Abulgʻoziy Bahodirxon. Shajarai turk. Nashrga tayyorlovchilar: Munirov Q., Mahmudov Q. – T.: Choʻlpon, 1992.
-
Al-Muqaddasi. The Best Divisions for knowledge of the regions. Translated by prof. Basil Collins, 1897.
-
Babayarov Gʻ. Kutadgu Biligte Geçen Türkistan ve Turan terimleri üzerine. JOTS, 2/2, 2018: 26-49. – T., 2004.
-
Boboyorov Gʻ. Ilk Oʻrta asr manbalarida Turkiston atamasi. – T., 2004.
-
Boymirza H. “Turkiston” atamasi ustida. https://etarix.uz/maqolalar/370-turkiston-atamasi.html.
-
Бичурин Я.Н. Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. – Москва – Ленинград, 1950.
-
Gʻaybullah Babayarov. Kutadgu Biligte Geçen Türkistan ve Turan terimleri Üzerine. JOTS, 2/2, 2018: 26-49. – T., 2004.
-
Hazar dengizi – Kaspiy dengizi.
-
Ibn Xordazbid. Yollar ve Ulkeler Kitabi. Turkchaga Murat Agari tarjimasi. – Istanbul, 2008.
-
Isʼhoqov M. Nomi azal Turkiston. Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati gazetasi, № 45-46. – T., 1993.
-
Камолиддин Ш. K вопросу об употреблении географических названий “Мавераннахр” и “Туркестан”. Ўзбекистон тарихи, 2002 йил, 4-сон.
-
Qashgʻariy M. Devoni lugʻati turk. – T.: Fan, 1963.
-
Махмуд ибн Вали. Море Тайн относительно доблестей благородных (география). Б.А.Аҳмедов таржимаси. – Т., 1977.
-
Mahmudov Q. Qadimgi Turkiston. – T.: Mumtoz soʻz, 2011.
-
Mirzo Ulugʻbek. Toʻrt ulus tarixi. – T.: Choʻlpon, 1994.
-
Buxoro tarixi. 1939.
-
Qorayev S. Movarounnahr va Turkiston tarixi. – T., 1991.
-
Sims Williams A. A Dictionary of christian sogdian, syriac and english.
-
Тер-Мкртички Л.Х. Армянские источники о Средней Азии V-VII вв. – Москва, 1979.
-
Oʻrinboyev A. Abdurazzoq Samarqandiyning Hindiston safarnomasi. –T.: Mumtoz soʻz, 1960.
-
Vamberi X. Buxoro yoxud Movarounnahr tarixi. – T.: Gʻafur Gʻulom nomidagi Adabiyot va sanʼat nashriyoti, 1990.
-
Xoʻjamberdiyev E. Turonning qadimgi va ilk oʻrta asrlar tarixining Eronda oʻrganilishiga oid. Oʻzbekiston tarixi jurnali. – T., 2024. 2-son.
-
Hudud ul-olam (Mоvаrоunnаhr tavsifi). Fors tilidan tarjimasi: O.Boʻriyev. – T.: Oʻzbekiston, 2008.
-
Kutadgu Bilig Incelemesi. – Ankara, 1995.