Home / МАҚОЛАЛАР / МУҲАММАД ВАФО КАРМИНАГИЙНИНГ «ТУҲФАТ АЛ-ХОНИЙ» АСАРИ МУҲАММАД РАҲИМХОН ФАОЛИЯТИГА ДОИР МУҲИМ МАНБА СИФАТИДА

МУҲАММАД ВАФО КАРМИНАГИЙНИНГ «ТУҲФАТ АЛ-ХОНИЙ» АСАРИ МУҲАММАД РАҲИМХОН ФАОЛИЯТИГА ДОИР МУҲИМ МАНБА СИФАТИДА

Ўзбек давлатчилигида 164 йил ҳукмронлик қилган сўнгги сулолалардан саналмиш манғитлар тарихининг Муҳаммад Раҳимхон подшоҳлик даврини ўрганишда Муҳаммад Вафо Карминагийнинг «Туҳфат ал-хоний» асари алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу асар манғитларнинг дастлабки ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон топшириғига кўра ёзилган бўлиб, унинг ҳаёти ва сиёсий фаолиятига бағишланган. Шу жиҳатдан мазкур асар Муҳаммад Раҳимхоннинг Бухоро хонлигидаги сиёсий фаолиятини ўрганишда қимматли манба ўлароқ муҳим аҳамиятга эгадир.

Муҳаммад Раҳимхон ҳукмронлиги даври марказлашган давлат тузишга уриниш билан характерланади. Хусусан, аштархоний Абулфайзхон (1747) ўлимидан сўнг, Муҳаммад Раҳимхон хонлик ҳокимиятини қатъий равишда мустаҳкамлай бошлайди. «Туҳфат ал-хоний»да берилган маълумотларга кўра, Муҳаммад Раҳимхон ҳокимиятни марказлаштириш сиёсатини аввало уруғдошлари бўлган манғитлар ва фидоий хизматкорларига таяниб амалга оширган. Бундан ташқари, хонликдаги амир, бекларни тинч музокаралар ҳамда инъом ва ҳадялар билан ўз тарафига оғдирган [9:295]. Мирзо Абдулазим Сомий шу муносабат билан қуйидагиларни таъкидлайди: «У ўзининг хушмуомалалиги, донолиги ва раҳм-шафқати билан барча амир ва қабила оқсоқолларини ўзига бўйсундириб, хон ҳокимиятини мустаҳкамлади ва яккаҳукмдорлик байроғини баланд кўтарди» [8:45].

Муҳаммад Вафо Карминагийнинг ёзишича, Муҳаммад Раҳимхонни дастлаб амакиси Дониёлбий оталиқ, Имомқулибий, Ҳисор ҳокими Муҳаммадаминбий юз, шаҳрисабзлик Олимбий кенагас, Чоржўйдан Муҳаммадамин Хожа, Миёнқолдан Ғайбуллоҳбий баҳрин, Қўбодиёндан Ёқуббек, Ҳузордан Жаҳонгирбий сарой каби таниқли вилоят ҳукмдорлари ва амирлар қўллаб-қувватлаб, бўйсунган [9:127]. Хусусан, улар Беҳбудхон бошлиқ Эрон қўшинининг Муҳаммад Раҳимхонга қарши қаратилган ҳарбий юришларида манғитлар вакили билан якдил ҳаракат қилиб, Бухорони душман қўшинидан озод қилган ҳам эди. Бироқ ташқи душман бартараф этилганидан сўнг бек ва амирларнинг шахсий манфаатлари, бир-бирига бўлган адовати устун келиб, хонлик яна қарама-қаршилик ва ички зиддият гирдобида қолади.

Натижада, Муҳаммад Раҳимхон алоҳида қабилалар, ҳатто дастлаб ўзи тарафида бўлган амир ва беклар, хусусан, Шаҳрисабз, Самарқанд, Миёнқол, Ҳузор, Ҳисор, Ўратепа ҳокимлари томонидан жиддий қаршиликка дуч келиб, бу ҳолат то ҳукмронлигининг охирига қадар давом этади.

«Туҳфат ал-хоний»га кўра, Муҳаммад Раҳимхонга биринчи бўлиб Нурота вилоятидан бўлган Тоғаймурод бурқут қарши чиқиб, катта исён бошлайди. Бунга сабаб сифатида Муҳаммад Вафо Карминагий бурқутлар сардорининг Муҳаммад Раҳимхон кўрсатмасига биноан Эрон шоҳи ҳузурида сиёсий асир сифатида қолдирилганини келтиради [9:129]. Нодиршоҳ ўлимидан сўнг тутқунликдан қутулиб Бухорога қайтган Тоғаймурод бурқут ўзининг шахсий адоватига кўра Ғайбуллоҳбий баҳрин, Миёнқолдаги етти уруғ жамоаси ҳамда Дашти Қипчоқ қозоқларини бирлаштириб, Муҳаммад Раҳимхонга қарши исён кўтаради [9:128-165]. Асосий жанглар 1748 йилда дастлаб Ғайбуллоҳбий баҳрин уруғига қарши Хатирчи ҳамда Миёнқолдаги Панжшанбе, Дабусшоҳ қалъаларида бўлиб, бу жангларда Муҳаммад Раҳимхоннинг ишончли саркардаларидан бўлган Жумақул мингбоши бошчилигидаги қўшинлар катта муваффақиятга эришади [9:133-135]. Муҳаммад Вафо Карминагийнинг таъкидлашича, Миёнқол ва Хатирчи атрофларида Жумақул мингбошининг эришган ғалабалари айрим уруғ вакилларининг Муҳаммад Раҳимхон ҳокимиятини тан олиб, бирин-кетин бўйсунишига олиб келган. Хусусан, Хатирчи жанубида жойлашган Бўғирдоқ қалъаси сардори ўз уруғи билан келиб, Жумақули мингбошига бўйсунган. Миёнқол атрофидаги уруғ ва қабилаларнинг бу тадбирлари натижасида ноилож қолган Ғайбуллоҳбий баҳрин ҳам Муҳаммад Раҳимхонга ўз итоаткорлигини билдиради. Муҳаммад Раҳимхон мазкур ўлкани тартибга келтириб, Хатирчи қалъасига Қулмуҳаммад Додхоҳ, Панжшанбе қалъасига эса Шахсовор тўқсабо каби ўз яқинларини ҳоким этиб тайинлайди. Бу ердаги етти уруғ жамоасининг бир қисмини пойтахт Бухорога, қолганларини Миёнқол атрофидаги турли қалъаларга жойлаштириб, Миёнқолни ўз измига бўйсундиради. Сўнгра Муҳаммад Раҳимхон катта қўшин билан Тоғаймуродбий бурқут ҳамда Ҳисор ҳукмдори Муҳаммадаминбий юзга қарши Дониёлбий, Имомқулибий, Хўжамёрбий ва Жумақул Баҳодир бошчилигида юриш бошлайди [9:136-139].

Бунга сабаб сифатида Муҳаммад Вафо Карминагий 1749-1750 йилларда Ҳисор ҳукмдори Муҳаммадаминбий юз, Шаҳрисабз ҳокими Субхонқули ва унинг ўғли Муҳаммадаминбек кенагас, Ўратепа ҳокими Фозилбий юз, Нур вилоятидан Тағаймурод бурқут, киштутлик Асадбий қўнғирот ҳамда ургутлик Мусо ва Ҳайдарлар ўзаро иттифоқ тузиб, Муҳаммад Раҳимхонни тахтдан ағдариш ҳамда Бухорода ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида Насаф(Қарши)га қўшин тортганини келтиради. Бундан хабар топган Раҳимхон юқорида келган Дониёлбий, Имомқулибий, Хўжамёрбий ва Жумақул мингбоши бошчилигида катта ҳарбий қўшинни қўзғолончиларга қарши сафарбар этиб, мазкур исённи бостиради [9:161]. Натижада, қўзғолончилар қўшини енгилиб, ўз ҳудудлари томон чекинади. Нур вилояти ҳукмдори Тағаймурод бурқут  Раҳимхонга бўйсуниб, ўз итоаткорлигини билдиради. Шу тариқа Бухоро ҳукмдори Қаршида ўз ҳокимиятини тиклашга муваффақ бўлади. Мирзо Абдулазим Сомий таъкидлаганидек: «Сўнгра у (Раҳимхон) Ҳисор Шодмонни эгаллаганидан сўнг амакиси Дониёл оталиқни у ерга ҳоким қилиб, Ҳисор Шодмоннинг барча тоғли ҳудудларни унга ишониб топширди… Самарқанд ва Ўратепа вилоятларини ўз мулкига киритди ҳамда бу ердаги қўзғолончиларни қаттиқ жазолаб, ўзининг ғуломи (қули) Қутлибойни Ўратепага ҳоким қилиб тайинлади» [8:46].

Очиғи, буларнинг барчаси Муҳаммад Раҳимхоннинг вақтинчалик ғалабалари бўлиб, у тайинлаган ҳукмдор Ўратепани бор йўғи бир йил бошқаради холос. Абдуазим Сомий бу ҳақда шундай хабар беради: «Бир йил ўтиб, Ўратепа ва Ҳисор каби узоқ ҳудудлардаги баъзи исёнчи ва фитначилар итоат йўлини тарк этиб, ғалаён бошини кўтарди» [8:49].

Шундай вазиятда Муҳаммад Раҳимхон ўз ҳокимияти қонунийлигини асослаш мақсадида ўз қизини Абдулмўминхонга никоҳлаб бериш йўли билан бек ва амирлар қаршилигини синдиришга ҳаракат қилади. Бироқ мазкур тадбир акс таъсир қилиб, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Ҳисорнинг бек ва амирлари Муҳаммад Раҳимхон ҳокимиятига қарши исён бошлайди. Бундан ташқари, Муҳаммад Вафо Карминагийнинг хабар беришича, Муҳаммад Раҳимхонга қарши бўлган кучлар уни жисмонан йўқ қилиш мақсадида суиқасд ҳам қилади. Чунончи, 1748 йилда Рамазон ойининг 17-куни анъанавий зиёфат чоғида, тунги мушакбозликлар уюштирилаётганда, душманлар Раҳимхонни жисмонан йўқ қилиш мақсадида унга қарши суиқасд амалга оширади. Суиқасд ташкилотчиси марҳум хон ғуломларидан бўлган Хожа Туйғун сарой бўлиб, мазкур ҳужум самарасиз тугайди [9:143].

Шундай вазиятда Шаҳрисабз навбатдаги қаршилик марказига айланади. Бу ҳақда Муҳаммад Вафо Карминагий «Туҳфат ал-хоний»да батафсил маълумот берган. Унга кўра, Кенагас қабиласининг бошлиқлари Олимбий ва Субхонқули Бухорога бўйсунишдан бош тортади. Натижада, Шаҳрисабз кенагасларига қарши кураш икки йилдан ортиқ давом этиб (1750-1752), Муҳаммад Раҳимхон Шаҳрисабз томон 4 маротаба катта ҳарбий юриш амалга оширишга мажбур бўлади. Биринчи ва иккинчи юришларда Муҳаммад Раҳимхон қалъага келадиган сув йўлини тўсиш билан кенагасларни ўзига бўйсундиради. Хусусан, Муҳаммад Раҳимхон Авлош қалъаси яқинидаги сув йўлини тўсиш билан у ердаги Сангфуруш қалъасини қўлга киритган бўлса[9:171], Ҳузорни қўлга киритишда қалъа яқинида оқиб ўтган дарё сувини шарқий томонидан буриб юбориш мақсадида 20 кун давомида 2400 газ масофадаги канал қаздириб ҳузорликларни таслим этган [9:179-181]. Натижада, мазкур юришлар давомида Авлош, Ҳузор, Сангфуруш, Яккабоғ қалъалари Муҳаммад Раҳимхон измига бўйсундирилади. Бироқ шундай бўлсада, Кенагас уруғи сардорлари – Олимбий ва Субхонқулибийлар ҳар галги ҳарбий юришдан сўнг Муҳаммад Раҳимхон пойтахт Бухорога қайтиши билан унга итоатсизлик қилиб, исён бошлаган.

Мазкур юришлар Муҳаммад Раҳимхон учун муросасиз кечгани сабабли, манғитлар вакили Шаҳрисабз кенагасларини айёрлик йўли билан ўзига бўйсундиргани тўғрисида «Туҳфат ал-хоний»да маълумот келган. Хусусан, Муҳаммад Вафо Карминагийнинг қайд этишича, Муҳаммад Раҳимхон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида Шаҳрисабз, Ҳузор ва бошқа вилоят ҳукмдорларини алдов йўли билан Бухорога таклиф этиб, уларни ўлдиради [9:193]. Бу борада Ҳакимхонтўранинг «Мунтаҳаб ат-таворих» асарида қуйидагилар маълум қилинади: «Олимбий ва Субхонқулибийни бошқа кенагас амирлари билан бирга неча бир ҳийлаю тадбир воситасида ва ёлғон аҳду паймонларни ўртага қўйган Шаҳрисабз қалъасидан ташқарида ўз олдига чорлади. Ва бу соддадил амирлар душман сўзига ишониб, оёқлари ила қассобхона сари келди» [10:22]. Таъкидлаш жоизки, мазкур юришларда Бухоро қўшинлари исёнчи уруғларни ўзига бўйсундиришда шафқатсизларча кураш олиб борган. Бу ҳақда Б.Ахмедов минглаб бегуноҳ одамлар қириб ташланиб, боғ ва экин майдонлари оёқ ости қилингани, қудуқ ва ариқлар, шаҳар ва қишлоқлар эса вайрона ҳолига келганини таъкидлайди [9:116].

«Туҳфат ал-хоний»даги маълумотларга кўра, Шаҳрисабз бўйсундирилганидан сўнг Муҳаммад Раҳимхонга ашаддий мухолиф сифатида Ҳисор ва Ўратепа юзлари қарши турган. Шу боисдан Муҳаммад Раҳимхон 1753-1754 йилларда Жиззах ва Ўратепани ўз тасарруфига тўлиқ киритиш мақсадида бу ерларга юриш қилади. Бу юришларда Муҳаммад Раҳимхонни Қўқон хони Эрдонабий қўллаб-қувватлайди [8:283]. Шу боисдан ҳам Ҳакимхонтўра ўз асарида уларни «тутинган ота-бола» деб қайд этиб, уларнинг Жиззах ва Ўратепа атрофларида Фозилбий ва Муҳаммад Аминга қарши биргаликдаги курашини келтириб ўтади [9:22]. Муҳаммад Раҳимхоннинг Ўратепага қилинган юришда Ҳисор ҳокими Муҳаммад Амин Ўратепа ҳокими Фозилбийни қўллаб-қувватлаган ва бу юриш манғитлар ҳукмдори учун анча оғир кечган. «Мунтаҳаб ат-таворих»да Ҳакимхонтўра Ҳисор ҳокими Муҳаммад Аминни Фозилбий билан иттифоқ тузишига Муҳаммад Раҳимнинг Эрдонабий билан бирга Ўратепага бошлаган юриши сабаб бўлганини келтиради [9:23]. Бироқ мазкур юришлар Муҳаммад Раҳимхон кутганидек муваффақиятли кечмайди.

Бу борада Ҳисор ҳокими Муҳаммад Амин қўллаган усул қўл келган. Бу ҳақда хабар берган Муҳаммад Вафо Карминагий Ҳисор ҳокими Муҳаммад Раҳимхон ва Эрдонабийни бир-бирига қарши қайраб, улар ўртасига нифоқ солганини, натижада, мазкур юриш охирига етмай якун топганини келтиради. «Мунтаҳаб ат-таворих» асарида Ҳакимхонтўра Ҳисор ҳокимини «Муҳаммад Амин шайтон» лақаби билан тилга олиб, юқорида келган қилмишларини қуйидагича баён қилган: «Муҳаммадамини шайтон… Раҳимхоннинг ёлғондакам муҳри билан Эрдонабий номига ва яна бир хатни Эрдонабий номидан Раҳимхон номига битиб, ҳар иккала соҳиби давлатнинг ўрдусига юборди. Бу икки қалбаки хат ул олий мартабали зотлар қўлига етгач… ҳар иккаласи қалбида бир-бирига нисбатан шубҳа ва ҳадику гумон пайдо бўлди. Дарҳол ўринларидан қўзғалиб, ҳар қайси ўз лашкари билан билан ҳар томонга кетди» [9:23]. Натижада, мазкур юриш Муҳаммад Раҳимхон кутганидек бўлмай, самарсиз тугайди. Бу омадсиз жангдан кейин манғитлар вакили кичикроқ ҳудудларга юриш қилиб ўз мулкини кенгайтириб боради.

Бундан ташқари, Анке фон Кюгелгеннинг қайд этишича, Муҳаммад Раҳимхон Абулфайзхоннинг қизига уйланиш йўли билан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга ҳам ҳаракат қилади [10:266-269]. Бу борада Мирзо Шамс Бухорий руҳонийлар ташаббуси билан Муҳаммад Раҳимхон 1756 йилда Абулфайзхоннинг қизи Юлдуз бегимга уйланиб, хон унвонини олганини келтиради [4:3]. «Туҳфат ал-хоний»да келтирилган маълумотларга кўра, мазкур тадбир шайхулислом Исъҳоқхўжа ва қозикалон Низомиддин розилиги билан амалга оширилган бўлиб, Муҳаммад Раҳимхон ҳокимиятининг расман тан олинишига олиб келади. Муҳаммад Раҳимхоннинг Абулфайзхон қизига уйланиб, хонлик тахтини эгаллашига изоҳ берган Муҳаммад Вафо Карминагий асарда Муҳаммад Раҳимхонни «Чингизийлар хонадонининг сўниб бораётган нурини қайтадан ёритувчи нажоткор» сифатида баҳолайди [9:238]. Мазкур никоҳ тадбиридан сўнг Муҳаммад Раҳимхон оқ кигизда кўтарилиб, хонлик тахтига ўтқазилган. П.Иванов хон кўтариш маросимида нуфузли ўзбек қабилаларининг вакилларидан ташқари, руҳонийларнинг ҳам қатнашиши Муҳаммад Раҳимхон ҳокимиятининг ҳам диний, ҳам дунёвий жиҳатдан ўрнатилишида катта аҳамият касб этгани ва шу сабабли манғитлар вакили уларга таяниб иш кўрганини келтиради [5:103-104].

Муҳаммад Раҳимхонни оқ кигизда кўтариш маросимини Муҳаммад Вафо Карминагий «Туҳфат ал-хоний» асарида батафсил тасвирланган. Аввало, Муҳаммад Вафо Карминагий Муҳаммад Раҳимхонни аштархонийлар бошқариб келаётган Бухоро хонлиги тахтига муносиб эканини руҳонийлар томонидан шариат асосида чиқарилган фатво билан изоҳлаган. Унга кўра, Муҳаммад Вафо Карминагий «Туҳфат ал-хоний»да Муҳаммад Раҳимхонни ҳукмдорлик учун яратган томонидан танланган банда сифатида талқин қилиб, унинг Бухоро хонлигида ҳокимиятни ўз қўлига олишини қуйидагича асослайди: «Имоми Аъзамнинг мазҳабига кўра, муфтийнинг саҳиҳ ривояти шуки, мамлакатга эгалик қилишга муносиб ва подшоҳлигу салтанатга лойиқ киши бўлса, жаҳондорлик хутбаси ислом минбарида унинг номи билан зийнатланиши ҳамда дирҳаму-динорлар устида унинг подшоҳлиги акс эттирилиши лозим» [9:239]. Бундан кўринадики, Муҳаммад Вафо Карминагий Муҳаммад Раҳимхон муваффақиятлари ва мавқеининг ортиб бориши ҳам худонинг иродаси ва марҳаматидан эканини уқтириш мақсадида юқоридагиларни келтирган. Шу боисдан Анке фон Кюгелген ўз тадқиқотида бундай ўзгаришлар натижасида ҳокимиятга келган Туркистон хонлари «Тангрининг ердаги сояси» сифатида талқин қилиниб, мамлакатни бошқариб келганини тилга олади [10:56]. «Гулшанул мулук»га таяниб иш кўрган хорижлик тадқиқотчи Муҳаммад Ҳаким Порсо эса, Муҳаммад Раҳимхонни бу каби ҳокимиятга келиши Нодиршоҳнинг йўли ва услуби асосида бўлганини қайд этади [6:13].

Муҳаммад Раҳимхоннинг тахтга ўтириши шу даврга оид айрим манбалар хусусан, Муҳаммад Шарифнинг «Тож ат-таворих», Муиннинг «Зикри теъдоди подишоҳони ўзбак», Муҳаммад Ёқуб Бухорийнинг «Гулшанул мулук» асарларида ҳам қисқача баён этилган. Хусусан, Муин ўзининг «Зикри теъдоди подишоҳони ўзбак» асарида тахтни эгаллаган манғит ҳукмдорларининг биринчиси сифатида Муҳаммад Раҳимхонни тилга олади. Бундан ташқари, Муин асарда «манғит султонларининг мумтози ва улуғи» сифатида Муҳаммад Раҳимхонни тилга олар экан, буни у Ҳисор ва Шаҳрисабзнинг бўйсундирилгани билан изоҳлаган [7:143].

Раҳимхон ҳокимиятга келганидан сўнг хон ҳокимиятини мустаҳкамлаш борасида қатъий чора кўриб, Бухоро хонлигига қарашли бўлган айрим ҳудудларга катта юришларни амалга оширди. «Туҳфат ал-хоний»да келтирилган маълумотларга кўра, Раҳимхоннинг ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг амалга оширган дастлабки юриши 1756-1757 йилларда ашаддий ва азалий рақиб – Ҳисор ҳокими Муҳаммад Аминбий юзга қарши бўлган. Бу ҳақда Муҳаммад Вафо Карминагий ўз асарида батафсил хабар беради. Бу маълумотларга кўра, Ҳисор аҳолиси асосан юз қабиласининг ўзбеклари ҳамда муаллиф баъзан «Ғалча» деб атайдиган тожиклардан иборат бўлган. Ҳисор амалда Бухоронинг мулки бўлсада, лекин ички низолардан фойдаланган Муҳаммад Аминбий юз Абулфайзхон давридан бошлаб, Бухорога қарши душманлик ҳаракатларини амалга ошириб келган. Мазкур жараён Муҳаммад Раҳимхон даврида ҳам давом этиб, натижада, Ҳисор Бухоро хонлигининг энг нотинч ўлкаларидан бири бўлиб келган. Хусусан, «Туҳфат ал-хоний»да ёзилишича, 1754 йилда Бухоро ва Ўратепа ўртасидаги уруш вақтида ҳам Ҳисор ҳукмдори иккинчи томонни қўллаб-қувватлаб, Муҳаммад Раҳимхонга мухолиф бўлган [9:218-224]. Ҳисор ҳокимининг бу ҳаракатлари тўғрисида Ҳакимхонтўра ўзининг «Мунтаҳаб ат-таворих» асарида юз ва манғит уруғи сардорлари Нодиршоҳ томонидан оқ уйлик сифатида Машҳадга жўнатилиб, у ерда бир қанча муддат бирга фаолият олиб борган бўлсада, Муҳаммад Амин ўзини доимо манғитлар вакили бўлган Муҳаммад Раҳимхондан устун қўйиб, унга ҳеч бўйин эгмаганини келтиради [9:24-25].

Оқибатда, Муҳаммад Раҳимхон Ҳисор ҳокими Муҳаммад Аминга қарши 1756 ва 1757 йилларда икки маротаба катта ҳарбий юриш амалга оширишга мажбур бўлади. Дастлабки юришда Муҳаммад Раҳимхон бошлиқ Бухоро қўшинлари Бойсунни, кейин Денов қалъасини эгаллаб, Ҳисорни қўлга киритади. Муҳаммад Амин эса Балхга қочиб қутулади. Босқинчилик жараёнида Раҳимхон ўзбек қабилаларининг бир қисмини Бухоро ва бошқа марказий шаҳарларга кўчиртириш орқали ўлкани Бухорога бўйсундиради [5:102]. «Туҳфат ал-хоний»да келтирилишича, иккинчи юриш Муҳаммад Раҳимхон томонидан шафқатсизларча амалга оширилган бўлиб, бу айниқса, деновликлар учун оғир кечади. Бунга сабаб сифатида Муҳаммад Вафо Карминагий деновликлар ўз сардори бўлган Исмоилхўжа бошчилигида Муҳаммад Амин билан бирга ҳаракат қилиб, уни қўллаб-қувватлаганини келтиради [9:283]. Натижада, Муҳаммад Раҳимхон Муҳаммад Амин қўлга олинганидан сўнг, унинг издошлари ҳамда деновлик исёнчилардан 120 тасини бошини танасидан жудо қилади.

Бундан ташқари, Муҳаммад Вафо Карминагийнинг қайд этишича, Ҳисорни тўлиқ бўйсундириш давомида қўлга олинган исёнчиларнинг барчаси Муҳаммад Раҳимхон томонидан қатл қилиниб, боши танасидан жудо қилинган. Бу эса, у ерда кўплаб бош суяклари уюмининг вужудга келишига олиб келган [9:283]. Бу ҳақда П.П.Иванов Ҳисор қўлга киритилгандан сўнг Муҳаммад Раҳимхон томонидан Денов ва ҳисорлик исёнчиларнинг боши танасидан жудо қилиниши натижасида «Минори калла» (бошлар минораси) вужудга келганини қайд этади [5:103]. Уруш якунига кўра, Ҳисор аҳолисига амир қўшинлари учун 4 минг аскар, 3 минг от, 500 туя билан бирга, 20 минг олтин товон тўлаш мажбурияти юклатилган. Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад, эҳтимол, марказдан қочувчи бошқа кучларни ҳам қўрқитишга қаратилган бўлиб, Муҳаммад Раҳимхоннинг қаттиққўл сиёсатини амалда кўрсатди. Шу боисдан ҳам, Муин ўзининг «Зикри теъдоди подишоҳони ўзбак» асарида «Унинг [Муҳаммад Раҳимхон] манғит султонларининг мумтози ва улуғи эканини шу билан изоҳлаш мумкинки, у Ҳисор вилоятини бошидан охиригача ўз тасарруфига киритди» [7:143], деб қайд этади. Шу тариқа Муҳаммад Раҳимхон даврига келиб, Самарқанд ва Шаҳрисабз кенагаслари ҳамда Ҳисор ва Ўратепа юзларининг Бухоро хонлигига тўлиқ бўйсундирилиши мамлакатда нисбатан сиёсий осойишталик муҳити таъминланишига олиб келди.

Хулоса қилиб айтганда, Муҳаммад Раҳимхон даврига келиб, Бухоро хонлигида марказий ҳокимият нисбатан мустаҳкамланди. Бунда манғитлар вакили бўлган Муҳаммад Раҳимхоннинг хизмати катта бўлган. Умуман олганда, Муҳаммад Раҳимхоннинг сиёсий муваффақиятларида унинг Нодиршоҳ саройидаги хизмати катта роль ўйнаган. У ерда илғор ҳарбий техника, қўшин ва ҳукуматни ташкил этиш ишлари билан ҳам яхши танишган эди. Натижада, Муҳаммад Раҳимхон барча ўзбек қабилаларини ўзига бўйсундириб, ўзбек давлатчилиги тарихида манғитлар сулоласига асос солди. Шунингдек, ҳукмрон сулола ҳокимиятини марказлаштириш йўлида муҳим қадам қўйиб, қисқа вақт ичида Туркистонда улкан ҳудудни бирлаштирган давлат тузишга муваффақ бўлди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Ахмедов Б.А. Историко-географическая литература Средней Азии ХВИ – ХВИИИ вв. – Т., 1985.
  2. Ахмедов Б.А. Материалы по истории Средней и Центральной Азии Х-ХИХ вв. – Т.: Фан, 1988.
  3. Анке фон Кюгелген. Легитимация Среднеазиатской династии мангитов в произведениях их историков (ХВИИИ – ХИХ вв.). – Алматы: Дайк-Пресс, 2004.
  4. Григорьев В.В. О некоторых событиях в Бухаре, Коканде и Кашгаре. Записки Мирзы-Шемса Бухари. – Казань, 1861.
  5. Иванов П.П. Очерки истории по Средней Азии (ХВИ — середина ХИХ в.). – Москва: Изд-во Восточной лит., 1958.
  6. Моҳаммад Амир Ҳакими Парса. Тҳе империал легаcй оф Надер ин Трансохиана (Туран) ас рефлеcтед ин эарлй Мангҳит чрониcлес. // Жоурнал оф тҳе Бритиш институте оф перциан студиэс. 2023.
  7. Муин. Зикри теʼдоди подишоҳони оʼзбак. Ўзбекистон тарихи. Хрестоматия. В жилд ХВИ – ХИХ асрлар. (Ўзбекистон тарихи ва манбалари). – Т.: Ўзбекистон, 2023.
  8. Мирза Абдалазим Сами. Тарихи салатини мангития. Издание текста, предисловие, перевод и примечания. Епифановой Л.М. – Москва, 1962.
  9. Муҳаммад Вафои Карминагиӣ. Тӯҳфат ул-хонӣ. Муқаддима, таҳияи матн, нусхабадал, таълиқот ва фехристҳои Жамшед Чўразода ва Нурулло Ғиёсов. – Хўчанд, 2017.

Муҳаммад Ҳакимхонтўра. Мунтаҳаб ат-таворих. Форс-тожик тилидан таржимон, муқаддима, изоҳлар муаллифи Шодмон Воҳидов. – Т.: Янги аср авлоди, 2010.

Аъзамжон МАМАДЖАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти

Check Also

САМАРҚАНДЛИК ЖАДИД АЛЛОМАЛАР ФАОЛИЯТИ ТАРИХИДАН

Юртимиздан етишиб чиққан жадид алломалар халқимизни маърифатли қилиш бўйича катта ишларни амалга оширди. Уларнинг асосий …