Қорахонийлар давлати ғарбда Қорақум чўлидан шарқда Лобнор кўлигача, шимолда Балхаш кўлидан жанубда Амударёгача бўлган улкан ҳудудни ўз ичига олган. Аҳолининг этник таркиби ҳам мураккаб бўлиб, уларнинг бир қисми туркий, яна бир қисми форс ва араб тилларида сўзлашган. Бундан ташқари, уларнинг ижтимоий ҳаёти бир хил бўлмаган. Улар яшаган жойларнинг географик шароити, иқтисодий асослари, қонун-қоидалари турлича бўлган.
Қорахонийлар ҳукмронлиги даврида Туркистонда миграцион жараёнлар ниҳоятда кучайган. Илгари чорвачилик билан шуғулланган ва уйғур деб номланган қабилалар иттифоқи таркибига кирган кўпгина туркий қабилалар Еттисув, Тангритоғ ва Олтой тоғлари этакларидаги ва уларнинг атрофидаги яйлов жойлардан Туркистон шаҳарларига ва деҳқончилик ҳудудларига кўчиб келган. Шу сабабли уларда чорвачиликдан деҳқончиликка ўтиш жараёни кузатилган. Натижада ушбу қабилаларнинг ижтимоий турмушига янги мулкчилик шакли кириб келган.
Бу ўзгариш уларнинг деҳқончиликка мос ҳудудларга эга бўлиш билангина эмас, балки ижтимоий турмуш даражасининг яхшиланиши билан бевосита боғлиқ эди. Еттисувда истиқомат қилган пайтларда жануб томондаги деҳқончиликка асосланган ишлаб чиқариш муносабатлари ва турмуш шакли ушбу қабилалар ижтимоий ҳаётининг ҳар бир соҳасига кириб борган. Помир ғарбида яшаётган туркий қабилаларни, энг аввало, деҳқончиликка хос афзалликлар ўзига жалб қилган. Жумладан, кўчиб келганларни муҳим деҳқончилик маҳсулотлари, ўтроқ ва ҳашаматли турмуш тарзи, қулай атроф-муҳит қизиқтирган. Бу жиҳатлар туркий қабилалар тафаккури, руҳияти ва урф-одатларига таъсир кўрсатган [4:77-78].
Қорахонийларнинг кўчманчи туркий қабиладан келиб чиқиши, кўплаб шаҳарларни эгаллаши ҳамда Хитой ва бошқа ислом дунёси ўртасидаги савдо-сотиқдаги муҳим мавқеи минтақанинг тоғ тизмаларида бир қанча шаҳарларнинг барпо этилишига олиб келди. Бу баланд тоғли шаҳарлар Қорахонийлар исломлашуви ва географик кенгайиш даврининг дастлабки ўн йилликларида пасттекислик деҳқончилик зоналаридан баландда гуллаб яшнаган. 2011 йилда Ўзбекистоннинг шарқий қисмидаги Молгузар тоғларидаги Тошбулоқ шаҳрининг археологик қолдиқлари қазилган. У Х аср охирларида ташкил этилган, XI аср бошларида Қорахонийлар даврида гуллаб яшнаган.
Мусулмон қабрларининг мавжудлиги шаҳарга Қорахонийлар ислом динини қабул қилгандан кейин асос солинганини кўрсатади. Шаҳар аҳолиси қўй ва чорвачилик билан шуғулланган. Бу шаҳар кўчманчилар томонидан қурилган баланд тоғли шаҳар марказининг илгари номаълум намунаси бўлган. У кўчманчи аҳолининг империянинг сиёсий тузилмалари ва иқтисодий ҳаётига интеграциялашувига хизмат қилган. 2015 йилда ўтказилган дастлабки дала ишлари натижасида Тошбулоқдан атиги 3 км узоқликда, Турғунбулоқда яна бир йирик девор билан ўралган баланд тоғли Қорахонийлар шаҳри аниқланди. Бу ерда Тошбулоқдан топилганларга ўхшаш сопол буюмларнинг ер усти топилмалари ҳамда йирик истеҳком миноралари қолдиқлари топилди. Тошбулоқ каби шаҳарларнинг мавжудлиги Қорахонийларнинг сиёсий ва ишлаб чиқариш асослари ҳам пасттекисликдаги шаҳар маъмурий марказларида, ҳам тоғли чорвадор жамоалардан келиб чиққанини кўрсатади. Ҳудуд бўйлаб шаҳарсозликда сезиларли кенгайиш рўй берди. Мазкур ҳолат Х аср охири ва XI аср бошларида бу ерларнинг исломлашуви ва Қорахонийлар назорати остидаги ҳудуднинг кенгайишига мос келган. Бу жараён сомонийларнинг йирик шаҳар марказларидан анча узоққа чўзилган ва минтақадаги кўп сонли кўчманчи халқнинг ярим ўтроқлашув жараёнининг бир қисми бўлган [10:284].
Шаҳарлар аҳолисининг бир қисми чорвачилик билан шуғулланган. Бошқа қисми эса металлургия, жумладан, темир, пўлат, мис, бронза ва кумуш буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Х аср охиридан XI асргача савдогарлар ва ҳунармандлар Уструшонадан (Тожикистон, Ўзбекистон) Орол денгизи ва Бухорогача бўлган ҳудудни қамраб олган Ипак йўли бўйлаб савдо билан шуғулланган. Қорахонийлар бошқарган шаҳарларда олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида нумизматик далиллар, экзотик мевалар ва ёнғоқларнинг кенг ассортименти топилган. Бу, ўз навбатида, тоғли ва тоғолди шаҳарларининг бир-бирига ўзаро иқтисодий таъсиридан гувоҳлик беради. Бу даврдаги кўчманчи халқлар учун баланд тоғ шаҳарсозлиги унчалик маълум бўлмаса-да, қорахонийлар исломни қабул қилгандан сўнг тоғли ҳудудларда марказий шаҳарларни ташкил этган. Улардан эса савдо, темир ва бошқа металлар ишлаб чиқаришни назорат қилиш учун фойдаланган. Қорахонийлар даврида кўчманчи аҳолининг кенгроқ иқтисодий тармоқ ва трансконтинентал савдо тармоғига интеграциялашуви, шубҳасиз, минтақа бўйлаб уларнинг иқтисодий ва маданий ривожланишининг кучайишига ёрдам берди [9:303].
Ўрта асрларда ижтимоий-маданий нуқтаи назардан қараганда, ҳунармандчиликнинг жамият, ижтимоий муносабатлар, ижтимоий институтлар, омманинг маданий салоҳияти ва жамоат онгига таъсири ниҳоятда кенг бўлган. Қорахонийлар даврида Туркистонда аҳоли пунктлари деярли ҳар доим тоғ, дашт ва чўллар билан ўралган воҳа-шаҳарларда жойлашган. Шаҳар ҳунармандлари меҳнат қилган жой ўтроқ аҳолининг ҳам, кўчманчиларнинг ҳам маҳсулотлари сотилувчи асосий савдо маркази бўлган. Қорахонийлар ҳокимиятининг кучайиши билан Шарқий Туркистондан Хоразмгача бўлган улкан ҳудудларнинг бирлаштирилиши натижасида ички ва халқаро савдо йўллари хавфсизлиги таъминланди ва умумий иқтисодий муҳит шаклланди. Туркий халқларнинг шаҳарларга оммавий жойлашиши билан дашт маданияти тасвирларининг шаҳар санъати ва ҳунармандчилигига интеграциялашуви кузатилди. Кўчманчилар қадимий “дашт” санъат анъаналарига (“ҳайвон услуби” нақшлари ва техникаси, ҳақиқий ҳайвон тасвирлари, кулолчилик, заргарлик буюмларидаги тотем элементлари ва бошқалар) содиқ қолди. Этномаданий хусусиятлар ҳунармандчиликда маълум из қолдирганига қарамай, шаҳар ҳунармандлари ижодида аввалги бадиий идеаллар, дид ва меъёрлар у қадар катта ўзгаришга учрамаган. Ўтроқ ҳаёт ва дашт ҳунармандчилиги маданияти параллел шаклда давом этган.
Қорахонийлар давридаги кулолчилик маҳсулотлари туркий халқларнинг бағрикенглиги ва янги ғояларга очиқлигини акс эттиради. Улар Туркистондаги ўтроқ халқларнинг касбий маҳорати ва диний мотивларини ўзлаштирган. Бронза, мис ва сопол буюмлар безаклари ва шакллари универсал бўлса-да, айрим намуналарда маҳаллий, этник-маданий хусусиятлар намоён бўлган. Кўчманчи халқлар ислом ва ўтроқ маданиятни қабул қилишига қарамай, туркий-дашт анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Улар ҳатто “туркий омил” ва “туркий унсур”ни ҳунармандчилик ва санъатда ҳам биринчи ўринга олиб чиқди. Бу Туркистон шаҳарларида бронза даври идишларига ўхшаб “кулранг кулолчилик” деб номланувчи сирланмаган сопол идишларнинг кенг қўлланилишида яққол кўринади. Зооморф тасвирлар ва тутқичлар билан безатилган идишлар қадимги туркий анъаналар билан боғлиқдир. Шундай қилиб, кўчманчи “дашт” нақшлари ҳунармандлар услубига кирган. Гарчи этник-маданий хусусиятлар ҳунармандчилик асарларида из қолдирган бўлса-да, шаҳар усталари олдинги бадиий идеал, дид ва меъёрлардан сезиларли ўзгаришларсиз фойдаланишда давом этди [11:88].
Aфросиёб манзилгоҳида олиб борилган археологик қазишмалар жараёнида XI-XII асрларга оид турар-жойлар аниқланган. Бу эса, жамиятнинг турли ижтимоий қатламлари, яъни ҳунармандлар, майда савдогарларга тегишли бўлган шаҳарлик сўғдийлар ва қуйи табақадаги мансабдор шахслар уйларининг хусусиятларини аниқлаш имконини беради. Манзилгоҳларни этнографик хусусиятларга кўра тасвирлаганда, “дарвозахона” кириш дарвозаси ёки дарвозадаги иншоот вазифасини бажарган, деб тахмин қилиш мумкин. Тадқиқотчилар фикрича, “аҳоли анъаналарини ҳурмат қилиш ва оилани безовта қилмаслик учун яқин вақтгача уйга кираверишда бегоналарни, айниқса бегона эркакларни қабул қилиш учун алоҳида хона қуриш анъанаси давом этган. Бу хонадан эса, уйнинг ёзги ошхонаси жойлашган ҳовлига кириш мумкин бўлган. Ҳовлининг шимолий-шарқий томонида суфа ўрнида “пешайвон” – ёпилган айвон жойлашган. Бу турдаги уйлар XI-XII асрларда Aфросиёбнинг рельефи ва ижтимоий тузилишининг айрим хусусиятларини аниқлаш имконини беради. Бу манзилгоҳларнинг шимолий-шарқий қисмига VIII асрдан кейин узоқ вақт давомида қаровсиз қолгандан сўнг XII асрнинг 2-ярмида яна аҳоли келиб жойлашган. Уйлар майдонининг кичиклиги ушбу даврда уй қуриш учун ернинг юқори нархда бўлганини кўрсатади. Ҳар қандай ишлаб чиқариш фаолиятининг излари йўқлиги сабабли, бу турдаги уйлар оддий шаҳарлик, кичик савдогар ёки паст лавозимли амалдорга тегишли бўлганини таъкидлаш мумкин [4:75].
Қорахонийлар даври ижтимоий ҳаёти ҳақида маълумот берувчи манбалар сони жуда оз бўлиб, бу эса, ўша давр аҳоли ижтимоий қатламлари ҳақида тўлиқ маълумот олишни қийинлаштиради. Шу боис Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари биз суянишимиз мумкин бўлган оз сонли манбалар қаторига киради. Муаллиф ушбу асарда ўз даврида мавжуд бўлган ижтимоий қатламлар қуйидагича келтиради:
- Қора авом халқ. Қора авом халқ ахлоқ қоидаларидан узоқ, содда ва тўғрисўз бўлади. Бошқа тоифадаги одамлар билан муносабатларда тартиб қоидани билмаслиги ва одобга риоя қилмаслигига қарамай, улар ҳам жамиятда ўз ўрнига эга ва керакли қатламдир. Юсуф Хос Ҳожиб бу қатлам иқтисодий жиҳатдан ночор қатлам бўлгани боис, ҳаётининг асосий қисмини қорнини тўйдириш ғамида юришини таъкидлайди [5:647].
- Пайғамбар авлодлари (алавийлар). Қорахонийлар даврига келиб бу қатлам ҳукмдорлар орасида алоҳида эҳтиромга сазовор бўлгани аён бўлмоқда. Юсуф Хос Ҳожиб ҳукмдорлар бу қатлам билан чиройли ва хушмуомала муносабатда бўлиши кераклигини, пайғамбар авлодлари бўлганлари учун алоҳида ҳурмат ва иззат кўрсатилиши кераклигини уқтиради.
- Олимлар. Олимлар тўғри ва нотўғри нарсаларни бир-биридан айириб, тўғри йўл тутадиган кишилар ҳисобланади. Бу тоифа ўз илми билан оддий халққа машъал бўладиган қатламдир. Шу боис, уларга ҳам пайғамбар авлодлари сингари ҳурмат ва иззат кўрсатиш талаб этилади [6:356-357].
Қорахонийлар даврида шарқий ҳудудларда яшаб фаолият юритувчи олимларнинг оммавий равишда ғарб томон силжиганларини кўришимиз мумкин. 1040 йилда Иброҳим Тамғачхон томонидан ўз пойтахтининг Самарқандга кўчирилиши муҳим воқеа бўлди. Шу вақтдан бошлаб, қорахонийлар сиёсатининг маҳаллий олимларга нисбатан сиёсатининг асосий қирралари намоён бўлади. Унинг хусусиятларидан бири қорахонийлар давлати таркибида Туркистондан узоқроқ бўлган шарқий ҳудудлар илоҳиётшуносларини расмий лавозимларга жалб этиш бўлган. Бу олимлар қорахонийлар билан келишган ҳолда ҳаракат қилган. Масалан, 1122 йилда Бағдоддаги элчилик таркибида келган Aбу Aли ал-Ҳусайн ибн Aли ибн Aбул Қосим ал-Ламишийга (ваф.1128 й., Самарқанд; асли Фарғонанинг Ламиш қишлоғидан) ҳаж қилиш таклиф қилинганида, хоннинг топшириғини айтиб, уни бажаришдан бош тортган. Қўшин маҳаллий аҳолидан узоқ тутилган. Ҳарбийлар учун алоҳида ҳарбий судьялар – қози аскарлар тайинланган. Самарқандда Aбу Ҳафс Умар ибн Шуайб ибн Aбул Қосим ас-Саррам ад-Дизакий (ваф.1131) исмли бир қозиаскар фаолият олиб борган [3:490].
Бу олимлар гуруҳи фаолиятида маҳаллий самарқандлик олимларга нисбатан эҳтиёткорона муносабат сезилади. Масалан, Қози Aҳмад ибн Мансур Исфижобий вафотидан кейин (ваф.1088) Самарқанд муфтийлари хатоларини кўрсатган ва уларга тўғри ечим таклиф қилинган фатволари сақланган бутун бир сандиқ топилган. Бироқ марҳум тириклигида уларни оммага ошкор қилишга журъат эта олмаган [2:201].
Бир масалани муҳокама қилиш кўпинча бир неча кун давом этган ва баъзан ҳатто кенг жамоатчилик резонансига сабаб бўлган. Самарқандда Aбул Юср Паздавий даврида спиртли ичимликлар масаласини муҳокама қилиш унинг ечимидан манфаатдор бўлган нуфузли шахслар туфайли сиёсий тус олди. Фақиҳ ҳукмдорнинг шахсан ўзи қўллаб-қувватлаганига қарамай, шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди [1:119а, 151а].
Ас-Саййид Носириддин Aбул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳусайний Самарқандий жамият ҳаётида фаол роль ўйнаган. Қорахитойлар қўл остидаги мусулмон ва олимларга катта ҳуқуқлар беришни талаб қилгани учун 1161 йилда Самарқандда қатл этилган [2:203].
- Шифокорлар. Ҳар қандай тирик одам ўз ҳаётида албатта қандайдир бир касалликка мубтало бўлиши муқаррарлиги шифокорларни жамият ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга қатлам даражасига чиқаради. Жамият барқарорлигини таъминлаш турли дардлар, руҳий касалликларни даволаш орқали амалга ошишини ҳисобга олсак, бундан ташқари, Қорахоний ҳукмдор Иброҳим Тамғачхон томонидан Самарқанд шаҳрида қурилган шифохонада шифокорнинг энг кўп ҳақ олувчи киши бўлгани Қорахонийлар даврида шифокорлар алоҳида ҳурматга муносиб қатлам ҳисобланишининг сабаби аён бўлади.
- Афсунгарлар. Оккульт илми эгалари Қорахонийлар даврида алоҳида қатламни ташкил этган. Улардан бири афсунгарлар бўлиб, Юсуф Хос Ҳожибга кўра, улар инсу жинсдан бўлган касалликларни даволаш билан шуғулланган. Бироқ афсунгарлик бурҳоний илм бўлмагани учун шифокорлар уларнинг турли дуоларига ишонмаган. Худди шундай афсунгарлар ҳам шифокорларни тан олмаган [7:375].
- Туш таъбир қилувчилар. Яна бир алоҳида ижтимоий қатламни ташкил этган бошқа бир оккульт илм эгалари туш таъбир қилувчилар бўлиб, уларнинг обрўси ва аҳамияти ҳар бир инсоннинг ухлаганда туш кўриши ва бу туш тўғри таъбир қилинган тақдирда рўёбга чиқиши билан боғлиқдир.
- Юлдузчилар (астроном ва астрологлар). Йил, ой ва кун ҳисоб-китоби жамият ҳаётида катта ўринга эга бўлиши астрономларни ҳам алоҳида қатлам сифатида ажралиб туришини таъминлаган. Эътиборга молик жиҳати шуки, Юсуф Хос Ҳожиб астрологларни ҳам умумий “юлдузчи” номи остида мазкур қатламга киритган. Юлдузларнинг ҳаракати фақатгина тақвим ҳисоб-китоблари билан чекланмай, инсон ҳаётига ҳам ижобий ёки салбий таъсир кучига эга эканига ишонилгани боис, астрологлар ҳам катта мавқега эга қатлам сифатида эътироф этилган.
- Шоирлар. Шоирлар Қорахонийлар даврида халқ орасида катта обрў-эътибор ва таъсир кучига эга бўлган. Улар мақтаган кишиларнинг мақтови халқ орасида ёйилган, ёмонлаган кишиларнинг эса обрўсига путур етган. Халқ орасида бундай катта таъсир кучига эга бўлиш уларни алоҳида ижтимоий қатламга айлантирган.
- Деҳқонлар. Ўрта асрларда ҳар қандай давлатдаги моддий фаровонлик ва тўкин-сочинликнинг таъминланиши, шубҳасиз, биринчи навбатда деҳқонлар фаолияти билан боғлиқ бўлган. Барча даврларда ва барча давлатларда бўлгани сингари, қорахонийлар даврида ҳам деҳқонлар алоҳида ижтимоий қатлам ҳисобланган [8:330-331].
- Савдогарлар. Савдогарлар фақат турли мамлакатлар билан савдо алоқаларини юритадиган инсонларгина бўлиб қолмай, шу билан бирга, дунёда бўлаётган турли янгиликларни ҳам тарқатадиган тоифа ҳисобланган.
- Чорвадорлар. Қорахонийлар асосан чорвачилик билан шуғулланувчи кўчманчи қарлуқлар қабиласидан келиб чиққан. Чорвачилик кейинги даврларда ҳам кўчманчи қабилалар ҳаётида муҳим ўрин тутган. Шу боис, чорвадорлар ҳам алоҳида ижтимоий қатлам ҳисобланган [5:663-666].
- Ҳунармандлар. Юқорида номи санаб ўтилган 11 та қатламнинг барчасининг фаолияти, шубҳасиз, ҳунармандлар билан боғлиқдир. Айнан ҳунармандлар мазкур қатламлар вакилларининг меҳнат қуролларини ишлаб чиқарадиган тоифа саналган.
- Камбағаллар. Камбағал қатламнинг қора авом халқ тоифасидан фарқи, катта эҳтимол билан, уларнинг қора халқдан фарқли равишда нисбатан маданиятли ва фақат қорин дарди билан яшамайдиган қатлам эканидир [6:367].
Юқоридаги фикрлардан маълум бўладики, вазир жамиятга нисбатан, ҳозирги ифода билан айтганда, Радклифф-Браун типидаги структуравий-функционал қарашга эга. Унга кўра, жамиятнинг ижтимоий тузилиши турли гуруҳлар ёки синфлардан ташкил топган, уларнинг мазкур жамиятдаги ўрни, асосан, муайян касбий роллар билан белгиланади. Ҳар бир синф ёки таркибий компонентнинг вазифаси – унинг умумий ижтимоий тизимнинг уйғунлиги ва сақланишига қўшадиган ҳиссасидир. Барча қатламлар, ҳатто қора авом халқ ҳам, ижтимоий тузум учун зарур унсур ҳисобланади. Ижтимоий интеграция ҳар бирининг ўзига хос, аммо бир-бирини тўлдирувчи хусусияти ва функциясига асосланади. Бу даврда ҳукмдор саройи ижтимоий тузумнинг энг устун институти саналган. Турли ижтимоий қатламлар озиқ-овқат, кийим-кечак, интеллектуал маърифат, маънавий қулайлик ва ҳоказоларни таъминласа, ҳукмдор саройи бутун жамият функцияларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, уни ташқи тажовуздан ҳимоя қилиш орқали ички ва ташқи хавфсизликни таъминлаган.
Ҳар бир қатлам жамият фаровонлиги учун муайян функцияларни бажариш билан бир қаторда, ҳукмрон институт тан олиши керак бўлган маълум ҳуқуқ ва талаблар тўпламидан фойдаланади. Ҳукмдор саройининг асосий вазифаларидан бири – ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва бу талабларни амалга оширишдир. Улар орасида адолатли ва ҳалол муомала қилиш ҳуқуқи, бажарилган иш учун яхши ва тез ҳақ олиш ҳуқуқи, инсоний муносабатда бўлиш ҳуқуқи, ўз қатламига мос келадиган муносабатда бўлиш ҳуқуқи ва энг муҳими, моддий жиҳатдан ночор аҳволга тушмаслик ва ҳаётнинг барча асосий эҳтиёжларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқидир. Aйнан шу охирги ҳуқуқ давлат ичидаги тинчлик ва хавфсизлик учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳукмдор бу ҳуқуқларни эътироф этиш ва таъминлаш орқали халқ ҳурматини қозонади. Муваффақиятли бошқарув кўплаб мураккаб ижтимоий муносабатлар тўпламини ўрнатиш ва сақлашни талаб қилади. Бу муомала қилинадиган одамларнинг табиатини яхши тушунишни талаб қилади. Бундай тушуниш фақат билим билан амалга ошади [12:232-238].
- Кафавий. Маҳмуд ибн Сулаймон Катаиб аълам ал-ахйор мин фуқаҳо ан-Нўъмон ал-мухтор. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти фонди. Қўлёзма. № 2929.
- Муминов А.К. Ханафитский мазхаб в Центральной Азии / Редактор: С.М.Прозоров. Алматы: Қазақ энциклопедиясы. 2015.
- Насафий Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд / Нашрга тайёрловчи: Юсуф ал-Ҳодий. – Теҳрон: Ойинаи мерос. 1420/1999.
- Саидов М.М. Жилища Самарканда в эпоху Караханидов // Наука и мир. Международный научный журнал, № 12. Вып. 52. 2017.
- Ходжаев А., Д.Турдиева Д. Қорахонийлар хоқонлиги тарихи Хитой Халқ Республикаси олимлари тадқиқотларида. – Т.: Фан зиёси. 2021.
- Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг (Саодатга йўлловчи билим) / Нашрга тайёрловчи: Қаюм Каримов. – Т.: Фан. 1971.
- Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг (Саодатга элтувчи билим). – Т.: Академнашр, 2015.
- Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг (Билим саодати) / Табдил: Абдуҳамид Пардаев. Масъул муҳаррир: Манзар Абдулхайр. – Т.: Янги аср авлоди, 2020.
- Yusuf Has Hacib. Kutadgu Bilig / Çev.: Ayşegül Çakan. – İstanbul: Türkiye İş Bankası Kültür Yayınları, 2018.
- Maksudov F.,Bullion E. et al. Nomadic Urbanism at Tashbulak: A New Highland Town of the Karakhanids // Urban Cultures of Central Asia from the Bronze Age to the Karakhanids: Learnings and Conclusions from New Archaeological Investigations and Discoveries. Proceedings of the First International Congress on Central Asian Archaeology held at the University of Bern, 4–6 February 2016 / Edited by Ch. Baumer, M. Novak. Harrasowitz Verlag. 2019.
- McClary, Richard. Medieval Monuments of Central Asia. Qarakhanid Architecture of the 11th and 12th Centuries. – Edinburgh: Edinburgh University Press, 2020.
- Toshova Sh. Features of the Karakhanid Craftsmanship // Turkic Studies Journal. Vol. 1. 2024.