Билол ибн Рабоҳ Ҳабаший розияллоҳу анҳу (ваф. 20/640)
Саҳоба наслининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири асли ҳабашистонлик[1] Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ҳижратдан тахминан 40 йил сана олдин 580 йиллар атрофида Маккада Бани Жумаҳ қабиласига хизмат қилувчи қул оиласида дунёга келган. Отаси Рабоҳ ва онаси Ҳамомалар ҳам асли ҳабаш бўлган қуллардан эди[2]. Абу Абдулкарим, Абу Амр, Абу Абдуллоҳ ва Абу Абдурраҳмон каби кунялар билан танилган Билол розияллоҳу анҳу манбаларда Билол ибн Ҳамома шаклида ҳам келтирилган[3].
Исломнинг илк йилларида чамаси 30 ёшларда бўлган Билол розияллоҳу анҳунинг олдинги ҳаёти ҳақида маълумот учрамайди. Ислом динига даъватнинг илк кунларида (610) биринчилардан бўлиб имон келтирди. Қуллар орасидан илк мусулмон бўлиш шарафига ноил бўлган шахсдир[4]. Мусулмон бўлгани учун қийноққа учраган кишилар сафининг бошида зикр этилади. Динида собит эканини кўрган Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни соҳиби Умайя ибн Ҳалаф билан келишган ҳолда сотиб олган. Шу тариқа Билол розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлига ўтди.
Мадинага ҳижрат қилингач (622) Пайғамбар алайҳиссалом уни Абу Убайда ибн Жарроҳ[5] (ваф. 18/639) ёки Убайда ибн Ҳорис[6] (ваф. 2/624) ёхуд Абу Рувайҳа Ҳасъамий[7] розияллоҳу анҳумлардан бири билан қардош деб эълон қилганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муаззини бўлган Билол розияллоҳу анҳу Бадр (2/624), Ухуд (3/625), Хандақ (5/627) ва бошқа барча жангларда иштирок этган. Турли вақтлар ва жойларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий қўриқчиси сифатида фаолият олиб борди[8]. Бир муддат Байтул молда ҳам масъул лавозимда ишлади[9].
Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан сўнг (11/632) исломга хизмат қилиш мақсадида Мадинадан Шомга кўчиб ўтди[10]. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (ваф. 23/643) халифалиги даврида Шомда ёки Дамашқда, бошқа ривоятда Ҳалабда (20/640) йилда[11], бошқа ривоятга кўра (21/641) йилда[12], бошқасида эса (28/648) санада вафот этган[13].
Ҳаётлик чоғида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан жаннат башорати билан муждаланган Билол розияллоҳу анҳунинг аёли Ҳинд Ҳулонийя[14] эди. Улардан фарзанд қолмаган[15]. Холид исмли укаси ва Ғуфайра исмли синглиси бўлгани келтирилади.
Кўп миқдорда фатво берган саҳобалардан бири[16] бўлиш баробарида Билол розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилган киши сифатида ҳам машҳур бўлган. Ҳадис адабиётида жами 44 та ҳадиси борлиги маълум[17].
«Кутуби Ситта» муаллифларининг барчасининг асарларида Билол розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадислар ўрин олган[18]. Муснад соҳибларидан Тайолисий (ваф. 204/819) унинг 3 та[19], Ҳумайдий (ваф. 219/834) 2 та[20], Халифа ибн Хайёт (ваф. 240/854) битта[21], Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855) 40 та[22] ҳадисини асарларига киритган. Бухорий (ваф. 256/870) ва Муслим (ваф. 261/874) Билол Ҳабашийнинг 4 та ҳадисини иттифоқ билан тахриж қилганлар. Шунингдек, Бухорий муснад бўлмаган икки, Муслим эса битта ҳадисини алоҳида ривоят қилган[23]. Ҳадисларини бевосита Пайғамбар алайҳиссаломдан олган Билолнинг асосий ровийлари, Абу Бакр, Умар, Каъб ибн Ужра (ваф. 52/672)[24], Усома ибн Зайд (ваф. 54/673)[25], Ибн Умар (ваф. 74/693)[26] розияллоҳу анҳум каби саҳобалар ва Абу Идрис Хулоний (ваф. 80/699)[27], Саид ибн Мусаййаб (ваф. 93/711)[28] ва Абу Усмон Наҳдий (ваф. 100/718)[29] розияллоҳу анҳум каби тобеинлардир.
Жуъал Ҳабаший розияллоҳу анҳу
Асли ҳабаш саҳобалардан. Таваллуд жойи ва санаси, Арабистонга келиши ҳақида маълумотлар учрамайди.
Бир жанг олдидан пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келган Жуъал қора танли ва ёқимсиз ҳидга эга бўлишига қарамай Аллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритиши ёки киритмаслиги ҳақида сўрагани, ижобий жавоб олгач катта завқ билан жангда қатнашиб, шаҳид бўлгани ривоят қилинади.
Мазкур ривоятдан унинг Мадина даврида яшагани тушунилади. Чунки Макка даврида ҳеч қандай жанг бўлмаган. Шунингдек, Ибн Ҳажарнинг Ибн Шаҳин[30] (ваф. 385/995)дан нақл қилиб келтиришича, Жуъал жуда ҳам камтар ва тавозели киши бўлган[31]. Бу ҳолат унинг қул бўлганини англатса-да, унинг хожаси сифатида ҳеч кимнинг исми тилга олинмайди.
У иштирок этган жанг номи ҳам манбаларда аниқ зикр этилмагани боис, қачон ва қаерда вафот этганига доир маълумот йўқ.
Дурайд Роҳиб Ҳабаший розияллоҳу анҳу
Асли ҳабаш саҳоба. Ҳабашистонда туғилиб, у ерда роҳиб бўлиб вояга етган. Ёшлик йиллари ҳақида маълумот йўқ. Нажоший Асҳаманинг саройида ва унга яқин муҳитда яшаган.
Дурайд Маккадаги тазйиқдан Ҳабашистонга қочган мусулмонлар ҳижрати натижасида Ислом динини қабул қилиш шарафига эга бўлган. Ривоятга кўра, мусулмонлардан Ислом ҳақида маълумот олган Нажоший, дарҳол Исломни қабул қилган ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бир гуруҳ[32] роҳибларни юборган[33]. Дурайд ҳам шу гуруҳнинг ичида бўлиб, улар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, Қуръони каримни тинглагач кўрган ҳақиқатлари сабабли кўз ёшларини тутолмай, йиғлаганлар. Бу сирада Аллоҳ таоло Моида сурасининг 82 ва 83-оятлари нозил қилди[34]. Бу ҳайъатнинг Мадинага келган санаси манбаларда кўрсатилмаган.
Пайғамбар алайҳиссалом билан учрашганидан кейинги ҳаёти ҳақида маълумот йўқ. Катта эҳтимол билан Дурайд Ҳабашистонга қайтиб, ўша ерда вафот этган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими