Home / АЛЛОМАЛАР / САМАРҚАНДНИНГ УЧ ГАВҲАРИ

САМАРҚАНДНИНГ УЧ ГАВҲАРИ

Самарқанд алломалар юртидир. Унинг заминида неча-неча уламою фузалолар яшаб ижод қилган. Улар ўртасидаги биродарлик, ҳамфикрлик руҳи минтақада жуда катта илмий мерос ҳосил бўлишига хизмат қилган. Олимларнинг аҳиллиги жамият барқарорлигини, фиқҳий ва ақидавий бирдамликни таъминлаган.

Самарқанд уламолари орасида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ номлар кўп учрайди. Бир замонда яшаган олимлар мустаҳкам ўзаро алоқа ўрнатган. Шулар орасида Қози Али Суғдий, Имом Абу Шужоъ Самарқандий ва Қози Ҳасан Мотуридийнинг алоҳида ўрни бор.

XI асрда яшаган бу уч имом ўз даврининг илм дарғалари эди. Самарқанд музофотида катта нуфузга эга, диний масалаларда пешво бўлган бу уламолар нафақат оддий халқ, балки аҳли илмга ҳам раҳнамолик қилган. Минтақада мазҳаб раёсати уларнинг қўлига ўтган, иттифоқи мўътабар ҳисобланган. Учови бирор масала бўйича иттифоқ қилса, ҳамма шуни қабул қилган, аксинча, уларнинг тасдиғидан ўтмас экан, ҳар қандай фатвони эътиборсиз қолдирган. Лекин илм оламида катта шуҳрат қозонганига қарамай, афсуски, бу уламоларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида жуда оз маълумот сақланиб қолган.

Қози Али Суғдий. Самарқандда туғилиб вояга етган аллома кейинчалик Бухорога кўчади ва у ернинг бош қозиси этиб тайинланади. Умрининг охиригача Бухорода яшаб қолади. Фиқҳ илмини Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад Кафинийдан ўрганади. Ундан Шамсулаимма Сарахсий “Сиярул кабир”ни ривоят қилган. Бу билан Сарахсий Қози Алининг шогирди бўлганини англаш мумкин. Бошқа шогирлари Усмон ибн Иброҳим Фазлий Бухорий ва Абу Шужоъ Самарқандийдир. Қози Али “Ан-Нутаф фил фатово”, “Шарҳу сиярул кабир”, “Шарҳу адабил қозий”, “Фавоид” сингари асарлар ёзган.

1068 йили Бухорода оламдан ўтган.

Абу Шужоъ Самарқандий Самарқанднинг буюк фақиҳларидан биридир. Насаби Аббос ибн Али орқали ҳазрати Али ибн Абу Толибга (каррамаллоҳу важҳаҳу) боғланади. Аббос ибн Али Ҳазрати Алининг Уммул Банин Фотима бинти Ҳизом номли аёлидан дунёга келган[1].

Тўлиқ исми – Абу Шужоъ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Аббос ибн Али ибн Абу Толиб Алавий. Номига алавий нисбасининг қўшилгани мазкур насаб билан боғлиқдир. Илм аҳли орасида Саййид Абу Шужоъ куняси билан танилган.

Тахминан 1033-1130 йиллар орасида яшаган.

Манбаларда Абу Шужоъ Самарқандийнинг устози сифатида мақоламиз қаҳрамонларидан бири, дўсти, маслакдоши Қози Али Суғдийнинг номи зикр этилади. Шогирдлари қаторида эса, “Китобут тамҳид ли қавоидит тавҳид” муаллифи Абуссаноий Маҳмуд ибн Зайд Ҳанафий Ломиший Мотуридий (ваф. 1144)[2], Қози Садид Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Соиғий Марвазий (1067-1135)[3], Зоҳируддин Али ибн Абдулазиз ибн Абдураззоқ Марғиноний (ваф. 1112)[4] каби бир қанча номларни келтириш мумкин. Алломанинг ўғли Абул Ваззоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ҳам отаси қўлида катта фақиҳ бўлиб етишган ва ундан ҳадис ривоят қилган.

Шунингдек, Мотуридийлик таълимотининг йирик намояндаларидан бири, машҳур олим Алоуддин Усмандий Самарқандийнинг илм силсиласи Абу Шужоъ Самарқандийга боғланади. Усмандий фиқҳ илмини Ашраф ибн Муҳаммад Алавийдан, у отаси Абул Ваззоҳ Муҳаммад Алавийдан олган. Абул Ваззоҳ эса, таъкидланганидек, Абу Шужоъ Самарқандийнинг ўғли ва шогирдидир.

Қози Ҳасан Мотуридий. Ҳижрий бешинчи асрда Самарқандда яшаган буюк ҳанафий олимлардан бири. Имом Мотуридий оиласига мансуб бу олим V/XI асрнинг иккинчи ярмида вафот этган. Айрим манбаларда 1059 йил кўрсатилган[5].

Тўлиқ исми – Ҳасан ибн Али ибн Муҳаммад ибн Аффон ибн Али ибн Фазл ибн Закариё ибн Усмон ибн Аффон ибн Холид ибн Зайд ибн Кулайб Мотуридий. Холид ибн Зайд машҳур саҳоба Абу Айюб Ансорийнинг исмидир. Қози Ҳасаннинг насаби унга бориб етади[6].

Қози Ҳасан Имом Мотуридийга она томондан боғланган. Алломанинг отаси Али ибн Муҳаммад Мотуридийнинг набираси, яъни қизининг қизи билан оила қурган ва бу жуфтликдан Қози Ҳасан дунёга келган. Равшан Элмуродов бўладики, Қози Ҳасан Имом Мотуридийга эварадир. Тадқиқотчилар Имом Мотуридийга Ансорий нисбаси қўшилишини шу маълумот билан боғлайди. Имом Мотуридий Абу Айюб Ансорийнинг наслидан деган қарашлар мавжуд бўлса-да, бунинг асоси етарли эмас. Сабаби шуки, ушбу маълумот “Китобут тавҳид”нинг ягона нусхаси ҳошиясида номаълум муаллиф томонидан ёзиб қолдирилган қайдга таянган бўлиб, ўз тасдиғини топмаган. Шу боис Қози Ҳасаннинг насаб силсиласи чалкаштирилиб, Имом Мотуридийга нисбат берилгани эҳтимоли ҳам юқори[7].

Қози Ҳасаннинг ўғли Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан Мотуридий (ваф. 1117) ҳам Самарқанднинг буюк олимларидан бўлган. Баъзи манбаларда олим отаси билан адаштириб юборилган ва ҳатто Имом Мотуридийнинг набираси экани айтилган[8]. Бу янглиш қарашдир. Чунки аллома Абул Ҳасан ҳижрий олтинчи асрнинг бошида, 1117 йилда вафот этган. Имом Мотуридий эса ҳижрий тўртинчи асрнинг биринчи ярмида, яъни 945 йилда оламдан ўтган. Орадаги муддат салкам икки юз йилни ташкил қилмоқда ва эвара бўлиш учун ҳам кўплик қилади. Тадқиқотларда қайд этилишича, Абул Ҳасан Қози Ҳасаннинг ўғли, Имом Мотуридийнинг эса чеварасидир.

Қози Ҳасан Мотуридий ва унинг ўғли аллома Абул Ҳасан Самарқандда вафот этган ва Имом Мотуридий абадий қўним топган Чокардиза қабристонида, бобосининг ёнига дафн этилган[9].

Мақолада ўз аксини топганидек, бу уч олим орасида Қози Али Суғдийдан нисбатан кенгроқ илмий мерос етиб келган. Унинг ҳанафий фиқҳига оид “Ан-Нутаф фил фатово” асари 1984 йили Байрутда чоп этилган. Бироқ Қози Ҳасан Мотуридий ва Абу Шужоъ Самарқандийнинг илмий мероси сақланиб қолмаган. Айрим манбалардаги иқтибосларни ҳисобга олмаганда, уларга тегишли бирор асар мавжудлиги маълум эмас. Самарқандлик яна бир фақиҳ Носируддин Самарқандийнинг (ваф. 1161) “Ал-Мултақот фи фатовол ҳанафия” номли асарида бу икки аллома фатволаридан баъзи иқтибослар[10] келтирилган, холос.

Келажакдаги тадқиқотлар, ҳануз ўрганилмаган қўлёзма асарлар мақолада номлари зикр этилган алломалар илмий мероси ҳақида кенгроқ маълумот беради, деган умиддамиз.

[1] Абу Абдуллоҳ Мусъаб ибн Абдуллоҳ Мусъаб Забирий. Насабу Қурайш. – Қоҳира: Дорул маориф, 1951. –Б. 43.
[2] Ш.Шовкатов. Eurasian journal of social sciences. Volume 3 Issue 4, Part 2 April 2023. –Б.: 113/109-115.
[3] Лакнавий. Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. – Байрут: Дарул арқам, 1998. – Б. 296
[4] Лакнавий. Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. – Байрут: Дарул арқам, 1998. – Б. 204
[5] Оқилов С. Абу Мансур Мотуридий. – Т.: Ҳилол Нашр. – Б. 55.
[6] Самъоний. Ансоб. – Ҳайдаробод: Доиратул маориф, 1981. – Ж. 12. – Б. 3.
[7] Шукру Ўзан. Мотуридий. Туркия диёнат вақфи энциклопедияси.– Анқара: ТДВ, 2003. – Ж. 28. – Б. 146.
[8] Самъоний. Ансоб. – Ҳайдаробод: Доиратул маориф, 1981. – Ж. 12. – Б. 3.
[9] Шукру Ўзан. Мотуридий. Туркия диёнат вақфи энциклопедияси.– Анқара: ТДВ, 2003. – Ж. 28. – Б. 146.
[10] Қаранг: Носируддин Самарқандий. Ал-Мултақот фил фатовол ҳанафия. Байрут: Дорул кутубил илмийя, 2000. – Б. 66, 135, 142, 143, 226.
Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҚОЗИ ҲАСАН МОТУРИДИЙ (V/XI АСР)

Қози Ҳасан Мотуридий ҳижрий бешинчи асрда Самарқандда яшаган буюк ҳанафий олимлардан биридир. Имом Мотуридий оиласига …