“Барча инсонлар ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг фарзандларидирлар. Одам эса тупроқдан яратилган”[1] жумласидан шундай хулосага келсак бўладики, ислом динининг инсонларга муносабати ва уларни баҳолашда ирқнинг ва ирқчиликнинг аҳамияти йўқ.
Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”[2].
Яъни, устунлик ва юксаклик бошқа нарсада эмас, тақводадир. Киши тақвоси ўлчовига кўра қадр-қимматга эга бўлади ёки қадрини йўқотади.
Дини, тили, ранги, мамлакати ва миллатидан қатъи назар барча халқлар ва инсонлар яратилишлари жиҳатидан бир тароқнинг тишлари каби тенг эканини Пайғамбар алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар[3].
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисга кўра, исломнинг энг афзал ва қадрли насли – саҳобалар наслидир[4].
Қуйида турли шаклларда тасниф этилиши мумкин бўлган бу қадрли наслдан фақат миллат жиҳатдан араб бўлмаганларини кўриб чиқамиз ва уларни таништиришга ҳаракат қиламиз.
Араб бўлмаган саҳобаларнинг сони
Саҳобаларнинг умумий сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бу масалада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар давридан келган, аниқ рақамларни кўрсатувчи ҳеч қандай ривоят мавжуд эмас. Аслида, бунинг имкони ҳам йўқ, чунки саҳобалар бугунгидек чегаралари маълум бўлган ва турли даврларда аҳоли сони ҳисобланган бир мамлакатда яшамаганлар, балки турли шаҳар ва қишлоқларга тарқалган[5], бир қисми доимий яшайдиган, бир қисми эса кўчиб юрадиган жамоалардан иборат бўлган.
Аммо турли вақтларда турли сабабларга кўра бир жойга жамланган баъзи саҳоба гуруҳларидан баъзи рақамлар ҳадис китобларига киритилган. Мадина даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари билан аҳоли сонини ҳисоблаш амалга оширилганлиги маълум[6]. Бу ҳисоблаш (рўйхатга олиш)нинг қачон амалга оширилгани аниқ бўлмагани[7] каби, ҳисоблаш натижасида олинган рақамлар ҳам турли хил кўринишда ривоят қилинган: 500[8], 600-700 атрофида[9] ва 1500[10] каби турли рақамлар келтирилган[11]. Ҳижратнинг 8-йили (630)да амалга оширилган Макка юришларида 10.000 саҳоба қатнашгани ҳақида ривоятлар мавжуд[12]. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 204/819) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у кишидан ривоят қилган саҳобаларнинг сони 60.000 бўлганини келтирган[13].
Абу Зуръа Розий (ваф. 264/877) Пайғамбар алайҳиссалом билан Табук жангида (9/630) 70.000 киши қатнашгани[14], Видо ҳажида эса 114.000 киши иштирок этганини келтирган[15]. Абу Мусо Мадиний (ваф. 581/1185) эса, Пайғамбар алайҳиссалом вафотлари сирасида у зотни кўрган ва у кишидан ҳадис ривоят қилган саҳобаларнинг сони 100.000 дан ортиқ бўлганини айтади[16].
Кўриниб турганидек, умумий саҳобалар сони ҳақида аниқ рақамлар мавжуд эмас. Энг тўғри ва асосли рақам шубҳасиз, саҳобалар таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган асарлар[17]да келтирилган рақамлар бўлади. Уларнинг энг муҳимларидан бири Ибн Ҳажар Асқалонийнинг (ваф. 852/1148) “Ал-Исоба фи тамйизис саҳоба” асари бўлиб, унда 11027[18] исм ва куня соҳибларининг биографияси қайд этилган. Аммо улар орасида такрорлари, муҳазрамлар ва саҳобалар сирасига нотўғри киритилганлар ҳам борлигини инобатга олсак, бу рақам янада камаяди. Шунга кўра, ҳаёт йўли (таржимаи ҳоли) маълум бўлган умумий саҳобаларнинг сони 10.000 дан ошмаслиги аниқ.
Умуман олганда, саҳобалар сони ҳақида сўз юритиб бўлгандан кейин, энди араб бўлмаган саҳобаларнинг улар орасидаги ҳолати ҳақида кўриб чиқамиз. Туғилган кунидан эътиборан ҳабаший бир энага аёлнинг қўлида вояга етказилган[19], вафот этганидан кейин ҳам ҳабаший бир саҳоба томонидан қабрга қўйилган[20] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида араб бўлмаган унсурлар муҳим роль ўйнаган бўлиши шубҳасиз. Аммо уларнинг қайси миллатдан бўлгани ва миқдори ҳақида маълумот берувчи классик манбалар ёки замонавий тадқиқотлар мавжуд эмас.
Қуллик тизими кенг ривожланган исломдан олдинги даврда Арабистон ярим оролида кўплаб миқдорда четдан келтирилган қуллар ҳам мавжуд бўлган. Уларнинг аниқ миқдори ҳақида ҳам манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди. Ислом динига даъватнинг бошланганидан кейин эса кўчиб юришда ҳеч қандай чеклов бўлмагани боис ташқаридан келган ва Пайғамбар алайҳиссалом билан кўришган кишиларнинг сони аниқланмаган, шунинг учун уларнинг сонини аниқлаш ёки тахмин қилиш мумкин эмас.
Бироқ, ҳадис китобларида турли сабабларга кўра бир жойга жамланган араб бўлмаган унсурлар билан боғлиқ турли рақамлар келтирилган. Макка давридаёқ тахминан 20 киши атрофидаги ҳабашийлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, Қуръонни тинглаган ва исломни қабул қилишган[21]. Мадина даврида эса, ҳижратнинг 3-йили (624)да Бадр жангида араб бўлмаган 6 киши қатнашгани ривоят қилинади[22]. Мусулмонларнинг Ҳабашистонга қилган ҳижратидан кейин (615), уларнинг ислом динига даъвати натижасида катта миқдордаги ҳабашийларнинг мусулмон бўлганликлари кузатилади. Исломни қабул қилган ҳабашийлар жамоа бўлиб Мадинага келганлар. Уларнинг сони 32[23], 40[24], 60[25] ва 70[26] кишидан иборат бўлган жамоалардан иборат бўлгани келтирилади. Нажоший Асҳаманинг (ваф. 9/630) Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига 12 роҳибни жўнатгани ривоят қилинади[27]. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом юборган исломга даъват мактубига мусулмон бўлгани ҳақида ёзилган жавоб мактубини ва 60 кишидан иборат жамоа билан ўғли Арма (Арҳа) ибн Асҳама[28]ни Мадинага жўнатган, аммо улар минган кеманинг Қизил денгизда чўкиши натижасида барчалари ҳалок бўлган[29].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратларидан кейин (622), яҳудийлардан мусулмон бўлган Абдуллоҳ бин Саломнинг (ваф. 43/663) воситачилигида дастлаб 6-7 кишидан иборат яҳудийлар жамоаси исломни қабул қилгани маълум[30]. Бани Қурайза юриши (5/627) олдидан яҳудийлардан, Миср Муқовқисига юборилган (7/628) Исломга даъват мактуби натижасида қибтийлардан, Яманга ислом даъвати етганидан кейин (10/63) Абнодан гуруҳ-гуруҳ бўлиб мусулмон бўлганлар ҳақида ривоятлар мавжуд, аммо уларнинг аниқ сони ҳақида хабар берилмаган.
Кўриниб турганидек, умумий саҳобалар сони ҳақида аниқ рақам берилмагани каби, араб бўлмаган саҳобалар ҳақида ҳам аниқ рақам келтирилмаган. Шунинг учун, саҳобаларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган асарларга мурожаат қилиниши керак.
Саҳобаларнинг таржимаи ҳолларини ўз ичига олган ва топиш мумкин бўлган барча асарлар кўриб чиқилиб, бир натижага эришишга ҳаракат қилинди. Аниқланган 120 кишидан иборат рўйхат шубҳасиз, аниқ рақам эмас. Бу рақам саҳоба бўлган ва араб бўлмагани аниқ бўлган шахсларни ўз ичига олади. Шубҳали кўрилганлар, аниқланмаганлар, бирорта асарларда келтирилмаганлар ва исми берилмай ҳабаший[31], ажамий[32], ҳабаший чўри[33] ва нубийлик кекса аёл[34] каби нисбалар билан келган кўплаб кишилар инобатга олинса, бу рақам янада кўпайиши аниқ.
Асли ҳабаш бўлган саҳобалар. Исми билан танилганлар
Осим Ҳабаший розияллоҳу анҳу
Асли ҳабашистонлик бўлган саҳоба[35]. Ҳабашистондан Араб ярим оролига қул қилиб олиб келиниб, сотилгани эҳтимолдан йироқ эмас. Туғилган санаси ва ёшлиги ҳақида маълумот йўқ.
Ривоят қилинишича, Осим розияллоҳу анҳу Мадина даврида Зуръа Шакарий[36] розияллоҳу анҳу исмли бир саҳоба томонидан қўйларига чўпонлик қилиши мақсадида сотиб олинган ва баракотли бўлиши учун дуо олиш мақсадида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб борилган[37]. Осимнинг қаерда ва қачон вафот этгани номаълум.
Баҳийра Роҳиб Ҳабаший Шомий розияллоҳу анҳу
Манбаларда Шомий[38] нисбаси билан зикр этилган саккиз роҳиблардан бири. Ёшлигида Ҳабашистондан Шомга роҳиб бўлиш мақсадида бориб қайтгани ёки Шомдан роҳиб бўлиб Ҳабашистонга келгани ва шу жойда истиқомат қилгани келтирилади.
Баҳийра Роҳиб розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг Ҳабашистонга қилган ҳижратидан кейин (615 йил) мусулмон бўлган. Бадр жанги (624 йил)дан кейин Нажоший Асҳама[39]дан рухсат олиб, 40 кишидан иборат бир гуруҳ сафида[40] Мадинага келган ва мусулмонлар билан Уҳуд жангида (625 йил) иштирок этган[41]. Пайғамбар алайҳиссаломнинг жиянлари Жаъфар ибн Абу Толиб[42] (ваф. 629) билан Ҳайбар жанги (628 йил)дан сўнг Мадинага келгани ривоят қилинган[43].
Қуръони каримнинг “Биз (Қуръондан) илгари Китоб (Таврот, Инжил) берган зотлар (яҳудий ва насронийларнинг мўминлари) унга (Қуръон)га имон келтирурлар”[44] мазмунидаги ояти каримаси Баҳийра ва унинг дўстлари ҳақида нозил бўлган[45].
Ибнул Асир (ваф. 630/1232) мазкур Баҳийра Роҳиб билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида Шомда учратган Баҳийрани[46] айни бир киши деб ўйлаган[47]. Ҳолбуки, улар икки алоҳида кишидир[48]. Ибн Ҳажарнинг (ваф. 852/1148) келтиришича, Ибн Адий Журжоний[49] (ваф. 365/975) Баҳийра Роҳибдан “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Киши бир қадаҳ хамр ичса…” лафзи билан бошланган ҳадисни эшитдим” деганини ривоят қилиб, бу ҳадиснинг заиф ва мункар эканини зикр қилган[50].
Баҳийра Роҳибнинг вафот этган жойи ва санаси маълум эмас.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими