Ўзбек халқининг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган айрим тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни яқин инсонлар, дўсту биродарлар иштирокида зўр хурсандчилик билан нишонлаш анъаналари мавжуд. Албатта бундай жамоавий тадбирлар инсонлар ўртасида ҳамжиҳатликнинг, қариндошлар орасида силайи раҳимнинг зиёда бўлишига, жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бироқ сўнгги йилларда тўй ва маърака маросимларни жойларда ортиқча дабдаба билан ким ўзарга ўтказиш орқали катта исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Буни одатда тадбир соҳиблари қариндошлар, қудалар ва қўшнилар томонидан бўладиган айблов мазмунидаги ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси деб билишмоқда. Айрим хотин-қизлар онгида тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларда қиз томоннинг сарф-харажатлари қанчалик юқори бўлса, қайнона-келин муносабатлари шунчалик яхши бўлади, деган нотўғри тасаввур шаклланган. Ачинарлиси, бундай катта сарф-харажатли тадбирлар ўтказилгандан сўнг яқин қариндошлар, қудалар, келин-куёвлар ўртасида турли ижтимоий зиддият ва келишмовчиликлар юзага келиб, оилалар пароканда бўлмоқда.
“Никоҳ тўй”, “хатна тўй” ва турли ёшларда нишонланадиган юбилей тўйларидан ташқари “чарлар”, “ақиқа”, “мучал тўйи”, “қиз мажлис”, “куёв чақириқ”, ҳайитда “келин кўриш” каби катта сарф-харажат талаб қиладиган турли тўй ва маросимлар ҳам ўтказилмоқда.
Бундай тадбирларни ўтказиш удуми оммалашиб, ҳашаматли тўйхона ва ресторанлар қурилишини авж олдириб, улкан бизнесга айланди. Аксарият тўйхона соҳиблари ихчам ва камхарж ўтказиш ниятида бўлган фуқароларни тўй ва маърака маросимларини ўтказишда белгиланган қоидаларга зид равишда эҳтиёждан ортиқча ноз-неъматларни дастурхонга қўйишга мажбур этиб, харажатларни сунъий равишда оширилишига ҳамда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотларининг исрофига йўл қўймоқда. Никоҳ тўйларидаги кортежларнинг тартибсиз ҳаракати инсонлар ҳаётига хавф солиб, рўй бераётган автоҳалокатлар натижасида хатто айрим тўйлар азага айланмоқда. Тўйдан сўнг бўлаётган мушакбозликлар тунги осудаликни бузяпти. Мазкур беқарор вазият минглаб оилаларнинг ҳаёти ва ижтимоий аҳволига, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатяпти.
Шу боис, тўй, оилавий тантана ва маърака маросимларни ўтказиш билан боғлиқ бундай вазиятни бартараф этиш мақсадида 2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори эълон қилинди[1]. Ушбу қарор асосида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги” Низом тасдиқланди. Мазкур Низом тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга ҳамда халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилди.
Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлаб, уни увол қилмасликка уринган. Аслида тўй ва маърака маросимларида ҳаддан ошиш ва исрофга йўл қўйиш савоб ўрнига гуноҳ орттиришга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларга Ер юзини макон қилиб берди ва беҳисоб неъматларни ато этди. Уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақирди. Зеро, исроф динимизда қаттиқ қораланади. Бу борада Қуръони каримда бундай буюрилган:
“…Шунингдек, енглар, ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди”[2].
Қуръони каримда исрофнинг зарари, исроф қилувчининг мазаммати ҳақида бир қанча оятлар бор. Аллоҳ таоло айтади:
“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”[3], деб ўртача йўл тутишни тавсия этади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”, “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”.
Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб, кўп ҳолларда тўй, маърака ва маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Ейишга яроқли кўплаб ноз-неъматлар увол қилиниб, хонадонлар бошига қарздорлик балоси тушмоқда.
Биргина наҳорги ошга бир неча юзлаб меҳмонга тўкин дастурхон ёзиш билан бирга, тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми, чарлар, чақириқ, ҳайит, ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй каби турфа янги маросимлар урфга айланмоқда. Шунингдек, қимматбаҳо мебель, ҳашаматли парда ва сарполар совға қилиш томонларнинг мажбурияти сифатида иддао қилинмоқда. Аслида тўй ва маросимларга сарфланаётган ортиқча маблағлар ёшларнинг келажак ҳаётида асқатадиган илм олишга, касб-ҳунар ўрганишга ва бошқа зарурий эҳтиёжларга сарфланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки Аллоҳ таоло инсониятга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби улкан неъматлар инъом этиш билан бирга, улардан тўғри фойдаланишга ҳам буюрган.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
“Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!”[4]
Аслида, ҳалол меҳнат ортидан топилган бойликнинг хайрли ишларга, аввало, муҳтожлар эҳтиёжига сарфланиши чинакам саховатдир. Бу ҳақда ҳазрат Навоий “Ҳурматга лойиқ одамлар муҳтожликка тушиб қолса ёки кексалик туфайли касб-ҳунар қила олмай қолса ва тиланишга тили бормаса, уларга раҳм қилмоқни ғанимат бил ва қўлингдан келганича эҳсон қил. Лекин йигит кишининг қўлидан кетмон чопиш келса, ўтин ташимоқни уддаласа, унга эҳсон қилган киши Аллоҳ молини зое қилган бўлади”[5], дейди. Яна таъкидлайдики, “Исроф қилиш саховат эмас, ўринсиз совуришни ақлли кишилар сахийлик демайдилар. Ҳалол молни куйдирганни девона дейдилар, ёруғ жойда шам ёққанни ақлдан бегона дейдилар”[6]. Мутафаккининг ушбу ҳикматли ўгитлари эҳсон ва хайр-саховатни амалдор ва пулдорларга эмас, балки мискин ва муҳтожларга қилиш лозимлигини эслатмоқда.
Никоҳ тўйи суннат маросимлардан бўлиб, тўй куёв томонидан келин шарафига уюштирилади ва уларнинг никоҳи эълон қилинади.
Чақалоқнинг туғилиши билан боғлиқ ақиқа маросими ҳам суннат амаллардандир. Мазкур маросим оилада янги туғилган фарзанд ва унинг онаси ҳақига шукроналик сифатида ўтказилади.
Ота-боболаримиз азалдан тўй ва маросимларни ихчам ва камтарона ўтказишни тарғиб этиб келган. Жумладан, Абдурауф Фитрат: “Никоҳ эр-хотиннинг ҳаётда шериклик қилишининг аҳду паймон битими бўлиб, уни шодонлик ва хурсандчилик билан ўтказиш лозим. Тўй муносабати билан бир қатор ёр-биродарлар йиғилиб хурсандчилик қилиб, самимий суҳбат қилса, албатта, улар ўртасида меҳр зиёда бўлади. Бунинг устига, қанча мискин ва муҳтож одамлар шу маврид билан тўй неъматларидан баҳраманд бўлади. Шу сабабли, тўй фойдали маросимдир. Лекин тўй фойдали бўлса ҳам уни ўтказишда чегарадан ошиш зарардан бошқа нарса эмас”[7], деб ёзади.
Халқимизда марҳумлар хотирасини ёд этиш билан боғлиқ уч, етти, йигирма, қирқ, йил, пайшанбалик ва якшанбалик каби маросимларни ўтказиш ҳам оммалашган. Тўйхона ва ресторанларда ўтказилаётган маърака маросимларида юзлаб меҳмонларга тўкин дастурхон ёзилади. Аслида бу каби маросимларни ўтказиш шариатда белгиланмаган.
Шунингдек, ҳаж ва умра зиёратини адо этиб қайтганлар орасида ош бериш ёки амри-маъруф ўтказиш одат тусига кирган. Лекин шариатда бирор ибодат амалини бажаргандан кейин ош берилиши лозимлиги айтилмаган. Ваҳоланки, ушбу амални бажариш орқали киши оддий бандалик вазифасини ўтайди, холос. Хулоса ўрнида улуғ мутафаккир Умар Ҳайёмнинг қуйидаги тўртлигини келтиришни лозим топдик:
Муҳтожлик куйида бир дилни овла,
Юракка яқинроқ маъқулни овла.
Минг каъба сафари бир дилча турмас,
Маккада нима бор, кўнгилни овла[8].