Садақаи жория – инсон вафотидан кейин ҳам узлуксиз ажру савоби етиб турадиган эзгу амалдир. Бошқача айтганда, киши бу дунёни тарк этганидан кейин ҳам номаи аъмолига савоб ёзилиб туришига сабаб бўладиган ўзига хос инвестиция.
Садақаи жориянинг фазилати ва аҳамияти кўплаб ҳадисларда зикр қилинган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلاَّ مِنْ ثَلَاثَةٍ: إِلاَّ مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ»[1].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этса, унинг уч нарсадан бошқа амаллари тўхтайди. Улар: садақаи жория (мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар), манфаат олинадиган илм, ҳаққига дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”, дедилар”.
Садақаи жория фақат пул бериш билан чекланмайди. Одамларга фойда келтирадиган ҳар қандай иш садақаи жория ҳисобланади. Илм ёйиш, китоб ёзиш, йўл, кўприк, боғча, мактаб, масжид, таҳоратхона, камбағалларга уй-жой, шифохона қуриш, қудуқ, ариқ ва анҳор қазиш, газ, сув ўтказиш ва боғ барпо қилиш каби ишлар ҳам садақаи жорияга мисол бўлади.
Садақаи жория учун бой бўлиш шарт эмас. Ҳар ким ўз имкониятига келиб чиқаверади. Ҳатто бир қултум сув ё бир дона хурмо бериш ҳам садақаи жория бўлиши мумкин. Бу турдаги садақаларнинг баъзилари замон ва макон танламайди, баъзилари маконга хос бўлса, баъзилари муайян бир мавсумда бажарилади. Шулардан бири кўчат ўтқазиш – боғ яратишдир.
Албатта, новдани ерга қадаш савобли ва хайрли иш бўлиб, унинг табиат ва жамиятга ижтимоий, иқтисодий, экологик жиҳатдан катта фойдалари бор. Жумладан, жамоат жойлар обод бўлади, шаҳар ва қишлоқлар манзараси янада гўзаллашади, мева-чева кўпайиб арзонлашади, ҳаво тозаланиб, аҳоли саломатлиги мустаҳкамлашади. Дарахт сув танқислигининг олдини олишга ҳам катта хизмат қилади.
Ота-боболаримиз қадимдан баҳор мавсумини зироатчилик ва янгиланиш фасли сифатида ўзгача меҳр кутиб олган. Шу кунларга соғ-саломат етиб келгани учун Яратганга шукроналар қилиб, эзгу умид ва тилаклар билан ерга уруғ қадаган, мевали ва манзарали дарахтлар эккан. Албатта, бу ишларни уларнинг фазилати нечоғли улуғ эканини билган ҳолда, қалб амри билан, савоб умидида қилинган.
Дарахт экишнинг фазилати ва аҳамияти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадисларда зикр қилинган.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ«[2].
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон бирор кўчат (дарахт), ёхуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосили – мевасидан инсон, қуш ё ҳайвон еса, бу унинг (эккан киши) учун садақа бўлади”, дедилар”.
Манбаларда қайд этилишича, бир куни одамлар кексайиб қолган, қошлари ўсиб, кўзларини тўсиб қўйган бир кишининг уриниб, кўчат экаман деб, қийналиб ҳаракат қилаётганини кўриб қолиб: “Отахон, қариб қолибсиз, сизга кўчат экишни ким қўйибди, дам олсангиз бўлмайдими!” дебди. У машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу экан. “Ҳабибим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга айтганларки…” деб мана бу ҳадисни ривоят қилибди:
عَنِ النَّبي صَلَّى الله عَلَيهِ وَ سَلَّم قَالَ: «إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَ فِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ حَتَّى يَغْرِسَهاَ، فَلْيَغْرِسْهَا»[3].
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, деганлар”.
Демак, ҳатто қиёмат қўпар пайт бўлса ҳам улгурган киши кўчат экиши керак экан.
عَنْ دَاوُدَ بْنْ أَبِى دَاوُدَ قَالَ: قَالَ لِي عَبْدُ اللهِ بْنِ سَلاَمٍ: «اِنْ سَمِعْتَ بِالدَّجِّالِ قَدْ خَرَجَ، وَأَنْتَ عَلَى وَدِيَّةٍ تَغْرِسُهَا، فَلاَ تَعْجَلْ أَنْ تُصْلِحَهَا، فَإِنَّ لِلنَّاسِ بَعْدَ ذَلِكَ عَيْشًا«[4].
Довуд ибн Абу Довуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кун Абдуллоҳ ибн Салом менга: “Хурмо кўчатини ўтқазаётганингда Дажжол чиққанини эшитсанг ҳам тўхтама. Шошилмай, уни ислоҳ қил (экиб ол). Ҳали ундан (Дажжолдан) кейин ҳам одамлар яшайди”, деди”.
Маълумки, хурмо энг секин ўсадиган дарахтлардан. У кўп йил мева қилмайди. Жуда кичкина бўлади, секин-секин, йилма-йил ўсиб бориб, жуда қийинчилик билан ҳосилга киради. Бу ерда айнан хурмо кўчатининг мисол келтирилиши бежиз эмас. Демак, қиёмат яқинлашиб, ҳатто Дажжол келаётган бўлса ҳам хурмо кўчатини шошилмай экавериш керак бўларкан.
Ривоят қилишларича, Амирул мўминин Ҳорун Ар-Рашид бир куни навкарлари билан овга отланиб, шаҳардан чиқиб кетаётганида, далада бир мўйсафиднинг кўчат экаётганига кўзи тушибди. Яқинлашиб: “Эй отахон, ўзингиз кексайиб қолган бўлсангиз-да, кўчат ўтқазишингизни қандай тушуниш мумкин? Ахир, бу новдалар мева бергунга қадар яшайсизми-йўқми, билмайсиз-ку?!” дебди. Мўйсафид: “Гапингиз тўғри, лекин шу ёшимгача мендан олдин кўчат ўтқазиб кетган инсонлар дарахтларининг мевасини еб келдим. Бу кўчатларимнинг мевасидан емасам-да, кейинги авлод ейди, деб экаяпман”, деб жавоб берибди. Амирул мўминин бу жавобдан завқланиб, хазинабонга деҳқонга бир ҳамён тилла беришни буюрибди. Шунда мўйсафид: “Мана, кўрдингизми, экаётган кўчатим ҳозирдан мева беришни бошлади”, дебди. Амирул мўмининга унинг бу сўзи ҳам ёқиб кетиб хазинабонга: “Яна бир ҳамён бериб юбор”, деб буюрибди. Шунда мўйсафид: “Ана, кўрдингизми, бошқаларнинг эккан дарахти бир йилда бир марта ҳосил берса, менинг кўчатим бир йилда икки марта ҳосил берди”, дебди. Бу гапдан сўнг амир вазирига: “Энди бу ердан тезроқ кета қолайлик, йўқса, бу қария хазинамизни қуритадиганга ўхшайди”, деб йўлида давом этган экан.
Деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган деҳқону боғбонлар бундай юксак ажр-савобли ишларни қилиш орқали мўл-кўлчиликка, фаровонликка, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Улар нафақат ўз манфаатини, балки атрофдаги барча инсонларнинг бахту камолини ўйлаб иш тутиб, шу каби эзгу амалларнинг кўпайишига ёрдам бермоқда.
Жаннатга қиёсланган юртимизнинг қай гўшасига бормайлик ранг-баранг боғларни, ҳосилга тўла экин майдонларни ва кўчаларни безаб турган манзарали дарахтларни учратамиз. Албатта, ўтган-кетган йўловчилар, болакайлар ғарқ пишган меваларни териб ейди, дарахтлар соясида дам олади. Шунда беихтиёр шу дарахтларни эккан инсонларнинг ҳаққига “Аллоҳ баракасини берсин”, “барака топсин”, “Аллоҳ охиратини обод қилсин” деб дуо қилади. Бу эса дарахт экканларнинг ҳаёти баракали ва фаровон, охирати обод бўлишига сабаб бўлади.
Юртимизга тўрт фаслнинг ибтидоси, йил келинчаги бўлган баҳор фасли кириб келмоқда. Биз ҳам мана шундай хайрли ишларни давом эттирган ҳолда ҳовлига, кўчаларга мевали ва манзарали дарахтлар экиб, халқимиз дастурхони мўл-кўл бўлишига, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларимизни кўркамлаштиришга, ёш авлод фаровон ҳаёт кечириши учун шароит яратишга ўз ҳиссамизни қўшиб, кўп қатори савобли ишларга шерик бўлайлик!